1445 йил 13 рабиъул аввал | 2023 йил 28 сентябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг зуҳди

11:22 / 25.06.2020 8608 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Халифа бўлиш, ўша вақтдаги дунёнинг энг қудратли жамиятини узоқ вақт бошқариб туриш ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг шахсий сифатларига заррача ҳам салбий таъсир кўрсата олмади. У киши аввал қандай бўлсалар, кейин ҳам шундай қолдилар. Ҳатто баъзи ҳолатларда яна ҳам яхшироқ даражаларга ўтдилар. Уламоларимиз ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг шахсий сифатлари ҳақида кўпгина ривоятлар келтирганлар. Келинг, шулардан баъзиларини ўрганиб чиқайлик.

Абу Нуъайм «Ҳилятул авлиё» китобида Абдулмалик ибн Шаддоддан ривоят қилади: 

«Усмонни жума куни минбар устида кўрдим. Эгнида қўпол, баҳоси тўрт дирҳам ёки беш дир­ҳамлик аданий изор ва титилган куфий ёпинчиқ бор эди».

Имом Аҳмад ҳамда «Сифатус-софва» китобининг соҳиби Ибн Жавзий шундай ривоят қиладилар: «Ҳасандан кундузи масжидда ухловчилар ҳақида сўрашди. У шундай деди: «Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг кундузи масжидда ухлашини кўрганман. У ўша пайт­да халифа эди. Турганида биқинига майда тошлар ботган бўларди. «Шу киши мўминларнинг амирими?! Шу киши мўминларнинг амирими?!» дейишар эди».

Шарҳабийл ибн Муслимдан ривоят қилинади: «Усмон розияллоҳу анҳу одамларга амирларнинг таомини егизар эди. Ўзи эса уйига кириб, сирка билан зайт (ёғ) ер эди».

Байҳақий Моликдан, у амакисидан, у отасидан ривоят қиладиларки, у киши Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумонинг Маккадан келсалар, Муъаррасда (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда тушиб, дам оладиган жойда) тушишларини, уловга минганларида ғуломни албатта мингаштириб олишларини ва ўша ҳолда Мадинага кириб боришларини кўрган экан. Унга: «Тавозе учунми?» дедим. «Ҳа. Одамларни мингаштириб олишлари бошқа подшоҳларга ўхшамаслик учун бўлган», деди, кейин одамларда ўзи улов миниб, ғуломлари ортларидан пиёда бориш одати чиққанини, бу эса айб эканлигини зикр қилди».

Абу Нуъаймнинг «Ҳилятул авлиё» китобида Маймун ибн Меҳрондан ривоят қилинади: 

«Менга Ҳамадонийнинг хабар беришича, у Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик вақтида хачирга миниб, ортига ғуломи Ноилни миндириб олиб кетаётганини кўрган экан».

Ибн Саъд, имом Аҳмад ва Ибн Асокирлар Абдуллоҳ Румийдан ривоят қиладилар: 

«Усмон розияллоҳу анҳу таҳоратига ўзи сув тайёрлар эди. Унга: «Баъзи ходимларга айтсанг-ку, тайёрлаб беришади», дейилди. У: 

«Йўқ. Кечаси дам олиш уларнинг ҳақлари», деди».

Ибн Саъд Амр ибн Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: 

«Усмон розияллоҳу анҳу фарзанд кўрганида, уни матога ўраб опкелтириб, ҳидлар эди. Унга:

«Нимага бундай қиласан?» дейилди.

«Мабодо унга бирор нарса бўлиб қолса, муҳаббати қалбимда қолсин, деб шундай қиламан», деди.

Бу, албатта, келажакда келиши мумкин бўлган мусибатга розилик ила тайёргарлик кўриш эди.

Имом Термизий Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг мавлоси Ҳонеъдан ривоят қилади: 

«Усмон қабрни кўрса, йиғлаб, соқоллари ҳўл бўлиб кетар эди. Унга:

«Жаннат ва дўзахни зикр қилсанг, йиғламайсан. Қабрни зикр қилсанг, йиғлайсан?» дейилди.

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қабр охират манзилларидан биринчи манзилдир. Ундан нажот топса, ундан кейингиси осондир. Ундан нажот топмаса, кейингилари бундан ҳам шиддатлидир», деганларини, яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қай бир манзарани кўрсам, қабр ундан кўра қўрқинчлидир», деганларини эшитганман», деди».

Ибн Саъд ва Ибн Асокир Абдурраҳмон ибн Ҳотибдан ривоят қиладилар: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан ҳеч кимнинг Усмон розияллоҳу анҳучалик ҳадисни батамом ва гўзал айтишини кўрмадим. Илло, у ҳадис ривоят қилишдан қўрқар эди».

Имом Аҳмад, Абу Яъло ва Баззор Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг шундай деганини ривоят қиладилар: «Менда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилишга монелик йўқ, ҳолбуки у зотнинг саҳобалари ичида энг яхши тушунгани менман. Аммо гувоҳлик бераманки, мен у зотнинг «Ким мен айтмаган нарсани айтди, деса, дўзахдаги ўрнини олаверсин», деганларини эшитганман».

Имом Аҳмад ва Ибн Асокир қилган ривоятда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: «Бирор наҳор ёки тунни Аллоҳнинг Китобига назар солмасдан ўтказишни истамайман», дедилар.

Яна ўшалар қилган ривоятда ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: «Агар қалбларингиз пок бўлса, Аллоҳнинг Китобидан тўймас эдингиз», дедилар.

 

 

  "Зуҳд ва ҳаё" китоби




Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қайс ибн Махрама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Мен ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фил йили туғилганмиз,..Усмон ибн Аффон Қубос ибн Ашям давоми...

2118 09:10 / 06.09.2019
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъб ибн Молик розиёллоҳу анҳудан сўрадилар Сен .Сахина Роббисини мағлуб қилишини айтди. Мутлақ Ғолиб бўлмиш Аллоҳни мағлуб давоми...

2124 15:10 / 25.01.2022
873ndash950Файласуфлар шайхи, ҳаким Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Тархон ибн Авзалағ Туркий Форобий Мантиқий. Заковат соҳибларидан бири.Машҳур асарлар давоми...

2338 18:00 / 30.01.2019
Шаъбон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Бану Мусталиқ қабиласининг у зотга қарши одам тўплаётгани ҳақида хабар келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи давоми...

1864 13:00 / 17.05.2021
Аудиолар

107356 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

31773 14:35 / 11.08.2021