1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Ислом беш нарсага бино қилингандир

11:47 / 18.03.2017 29200 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ислом беш нарсага бино қилингандир: «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар».

Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифни баён қилишда истиъора ишлатмоқдалар. Яъни, у зот Ислом динини бир бинога ўхшатмоқдалар. «Бино қилинди» деб, бино қилувчини мажҳул қолдирмоқдалар. Чунки арабларда ишнинг бажарувчиси жуда аниқ-равшан бўлса, шундай услуб ишлатилади. Исломнинг бино қилувчиси Аллоҳ таоло бўлиб, бу маълум ва машҳур эканидан «Ислом бино қилинди» дейилмоқда. Лекин бу ҳадисда тўлиқ, мукаммал бино ҳақида эмас, бинонинг асосини ташкил қилувчи беш рукн ҳақида сўз кетмоқда. Шунинг учун ҳам: 

«Ислом беш нарсага бино қилинди», дейилмоқда. Демак, Ислом биносининг қаддини кўтариб турадиган асосий рукнлар ушбу ҳадисда зикр қилинаётган беш нарсадир:

1. Аллоҳ таолонинг ибодатга сазовор ягона Зот экани ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам    Аллоҳнинг Пайғамбари экани ҳақида шаҳодат бериш.

2. Фарз қилинган беш вақт намозни ўз вақтида тўла-тўкис адо этиш.

3. Моли нисобга етса, закотини бериш.

4. Қодир бўлганда Байтуллоҳни ҳаж қилиш.

5. Рамазон ойи рўзасини тутиш. 

Ушбу беш рукннинг ҳар бири ҳақида китобимизда алоҳида ҳадислар тўплами келиши туфайли улар ҳақидаги батафсил сўзни кейинга сурамиз.

Мазкур нарсалар Ислом биносининг асосий рукнлари бўлганлиги учун Ислом ўша беш нарсага бино қилинган, дедик. Аммо бу Ислом фақат беш нарсадан иборат, дегани эмас. Улар асос ва устундир. Ҳар бир бинонинг асоси ва устуни унинг ўзагини ташкил қилганидек, бу беш нарса ҳам Исломнинг ўзагини ташкил қилади. Бино мукаммал бўлиши учун асос устига, устун атрофига девор урилади. Сўнг шифт қилиш ва бошқа зарур ишларни бажариш лозим бўлади. Исломнинг бошқа фарз ва вожиблари ҳам шунга ўхшайди.

«Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» иймон рукнининг ўзаги бўлса, фаришталарга, пайғамбарларга, илоҳий китобларга, яхшию ёмон қадар Аллоҳдан эканига ва бошқа лозим бўлган нарсаларга иймон келтириш унга тобеъ бўлади.

«Намоз» амалий, баданий-жисмоний, руҳий ибодатларнинг рукнидир. Бошқа шунга ўхшаш ибодатлар эса унга тобеъ бўлади.

«Закот» молиявий ибодатларнинг рукнидир. Бошқа молиявий ибодатлар унга тобеъ бўлади.

«Ҳаж» ҳам молиявий, ҳам жисмоний ибодатларнинг рукнидир. Бошқа молиявий, жисмоний ибодатлар унга тобеъ бўлади.

«Рўза» тарк қилиш (ўзини тийиш) ибодатлари рукнидир. Бошқа ўзини тийиш ибодатлари унга тобеъ бўлади.

Буларнинг ҳаммаси қўшилганда Ислом биноси мукаммал ҳолатга келади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Азза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ бандага бирор ерда ўлишни қазо қилса, унинг учун ўша ерга бир ҳожат ҳосил давоми...

4215 15:44 / 20.07.2017
. ,. . .67311. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни .Ким подшоҳини хўрласа, Аллоҳ ҳам уни хўрлайди,, деб давоми...

2102 09:19 / 15.02.2019
. , . ,. .93. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳнинг одамлардан бўлган аҳли бор,, дедилар. .Улар давоми...

2439 08:05 / 23.12.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закотини садақасини рўзадордан содир бўладиган лағв беҳуда гапсўз ва рафас фаҳш гаплар ёки жинсий яқинликни покловчи давоми...

4298 05:51 / 26.06.2017
Аудиолар

210894 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130157 14:35 / 11.08.2021