1447 йил 19 шаъбон | 2026 йил 07 февраль, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳга тақво қилинг!

18:00 / 03 февраль 68 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﯚ ﯛ ﯜ ﯝﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ

«Намозни қоим қилинг ва Аллоҳга тақво қилинг! У сизлар ҳузурига тўпланадиган Зотдир» (Анъом сураси, 72-оят).

Агар Аллоҳнинг ҳидоятини ҳақиқий равишда тутган бўлсангиз ва Унга бўйсуниб, мусулмон бўлган бўлсангиз, намозни қоим қилиб, тўкис адо этинг ҳамда Аллоҳга тақво қилинг. Бу нарса ҳидоятга тушганингиз ва мусулмон бўлганингизнинг шаҳодати бўлади. Агар ҳидоятга тушмайдиган, Аллоҳга таслим бўлмайдиган, намоз ўқиб, тақво қилмайдиган бўлсангиз, билиб қўйингки:

«У сизлар ҳузурига тўпланадиган Зотдир».

Қиёмат куни Маҳшар майдонига тўпланасизлар. Ана ўшанда ҳар бирингизга иймон-эътиқодингизга ва қилган амалингизга муносиб равишда мукофот ёки жазо берилади. Шу боис ҳозирдан тайёр бўлиб бориш керак.

Қиёматнинг қоим бўлиши, бандаларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида жамланиши шубҳасиз ҳақиқатлардир.

ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮﯯ ﯰ ﯱﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸﯹ ﯺ ﯻ ﯼﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ

«У осмонлару ерни ҳақ ила яратган Зотдир. «Бўл», деган куни бўладир. Унинг гапи ҳақдир. Дудга пуфланадиган куни подшоҳлик Уникидир. У ғайбни ҳам, шаҳодатни ҳам билувчидир. Ва У ўта ҳикматлидир, ўта хабардордир» (Анъом сураси, 73-оят).

Аллоҳ таоло бутун борлиқни, жумладан, осмонлару ерни ҳақ ила яратган Зотдир. Бу масала ҳақ. Бошқа гап-сўз ёки тахминлар ҳаммаси бекор. Ушбуларни яратган Зот учун қиёматни қоим қилиб, ҳамма одамларни Ўз ҳузурида жамлаб, ҳисоб-китоб қилиши ва мукофот ёки жазо бериши жуда ҳам осондир.

«Бўл», деган куни бўладир».

Яъни бир амр кифоя. У Зот бирор ишга, ҳатто қиёматни қоим қилишга ҳам ортиқча уринмайди. «Бўл», деса, бўлаверади.

«Унинг гапи ҳақдир».

Ҳақ таолонинг иши ҳақ бўлганидек, гапи ҳам ҳақ.

«Дудга пуфланадиган куни подшоҳлик Уникидир».

Сур сурнайга ўхшаб чалинадиган асбоб бўлиб, Исрофил алайҳиссалом ўша асбобни чалганларидан сўнг қиёмат қоим бўлади. Шунинг учун ҳам қиёмат куни – «сур чалинадиган кун» деб ҳам номланади.

Ўша куннинг Молики Аллоҳ таоло у Кунда хоҳлаганини қилади.

«У ғайбни ҳам, шаҳодатни ҳам билувчидир».

Яъни, махфийни ҳам, ошкорани ҳам билувчи Зот ўша билими асосида бандаларига мукофот ёки жазо беради.

«Ва У ўта ҳикматлидир, ўта хабардордир».

Барча ишни ҳикмат ила бажаради. Барча нарсадан хабардор.

Кейинги оятларда сураи кариманинг асосий мавзуси бўлмиш улуҳият ва убудият (худолик ва бандалик) ҳақиқати ўтган умматлар тақдири мисолида баён қилинади. Ўтган умматлар орасида Аллоҳга ширк келтиришда ғоят машҳур бўлган қавмлардан бири Иброҳим алайҳиссаломнинг умматларидан эди. Бунинг устига, Қуръони Карим нозил бўлаётган пайтдаги араб мушриклари – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга юзма-юз қарши турган мушриклар ўзларини Иброҳим алайҳиссаломнинг миллати ва у зотнинг йўлида юрганлар деб ҳисоблашар, бу билан фахрланишар эди. Хўш, аслида Иброҳим алайҳиссаломнинг динлари қандай бўлган? У зотнинг ақийдалари бўйича, худолик ва бандалик масалаларига қандай қаралган?

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ

«Иброҳимнинг ўз отаси Озарга: «Санамларни олиҳалар қилиб оласанми? Мен сени ва сенинг қавмингни, албатта, очиқ-ойдин адашувда кўрмоқдаман», – деганини эсла» (Анъом сураси, 74-оят).

Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмлари – Ироқ халдонийлари орасида ўсиб-улғайди. Ақлини танигач, қараса, отаси ҳам, қавмнинг бошқа аҳли ҳам тошдан, ёғочдан ўзлари йўниб-ўйиб ишлаб олган бут ва санамларга сиғинмоқдалар.

Иброҳим алайҳиссалом соф қалби ва онги ила бу иш нотўғри эканини, жонсиз тош ёки жонсиз ёғоч одамлар томонидан бир оз ишлов берилгани билан худога айланиб қолмаслигини тушуниб етди. Жонсиз тош ва жонсиз ёғоч, одамлар қанча ишлов берса ҳам, жонсизлигича қолади.

Ўзи жонсиз бўлган нарса ўзгаларга қандай қилиб жон ато қила олсин?! Ўзи ақлсиз нарса қандай қилиб ўзгаларга ақл беради?! Ўзидан зарарни қайтара олмайдиган нарса қандай қилиб ўзгалардан зарарни қайтара олади?!

Ушбу ҳақиқатни англаган ёш Иброҳим алайҳиссалом отасининг ва унинг қавмининг очиқ-ойдин адашувда эканини ҳам англаб етди. Бу тушунчани уларнинг вакили бўлган ўз отасига очиқчасига айтди:

«Санамларни олиҳалар қилиб оласанми? Мен сени ва сенинг қавмингни, албатта, очиқ-ойдин адашувда кўрмоқдаман», – деди.

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ана ўша тарихий ҳодисани эслатиш ила Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссаларини бошламоқда. Мазкур қиссанинг тафсилоти қуйидагича:

ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ

«Ана шундай қилиб, аниқ ишонувчилардан бўлиши учун Иброҳимга осмонлару ернинг ажойиботга тўлиқ мулкини кўрсатурмиз» (Анъом сураси, 75-оят)

Яъни Иброҳимга худди отаси ва унинг қавми очиқ-ойдин адашувда эканини соф қалби ва онги ила кўрдирганимиздек, унга осмонлару ердаги мулкларни, улардаги сиру асрорларни ҳам ушбу соф қалби ва онги ила кўрдирамиз. Шунда у бут ва санамларга ибодат қилишни инкор этиш даражасидан Аллоҳга шаксиз ишонувчилик даражасига кўтарилади.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Ёсин сурасида шундай марҳамат қилади .Улар .Воҳ, шўримиз қурисин Бизни ётган жойимиздан ким қўзғатди Бу Роҳман ваъда қилган ва юборилган давоми...

3511 10:03 / 28.11.2018
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .У ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканингизни синаш учун яратди. У ўта иззатлидир, давоми...

11266 15:14 / 17.10.2020
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва .Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, давоми...

1931 19:00 / 21.02.2024
Мусулмонларга фатҳу нусрат келиб, қалбларида касаллик борлар кофирларни дўст тутганларига афсуснадомат қилиб турганларида .Иймон келтирганлар давоми...

1054 19:00 / 29.10.2024
Аудиолар

228576 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

147258 14:35 / 11.08.2021