1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Қуръоннинг жамланиши

14:22 / 28.12.2025 1794 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида Қуръонни тўлиқ ёд биладиган саҳобаларнинг Ридда урушларида шаҳид бўлиб кетаётганликлари сабабли Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг таклифлари билан унинг оятлари ёзилган тарқоқ саҳифаларни жамлаб қўйишга қарор қилинган эди.

Халифанинг амрига биноан, Зайд ибн Собит ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо машаққатли уринишлардан сўнг Қуръонни кийик терисидан ишланган саҳифаларга ёздилар. Уни белидан боғлаб, Абу Бакрнинг уйига қўйиб қўйдилар. У киши оламдан ўтганларидан кейин саҳифалар ҳазрати Умарнинг уйларида, у кишидан сўнг эса қизлари ва Пайғамбаримизнинг хотинлари Хафса онамиз ҳузурларида қолди.

Вақт ўтиши билан Ислом жамиятининг чегараси кенгайиб, кўплаб халқлар мусулмонликни қабул қила бошладилар. Мусулмонларнинг сони кўпайгач, Қуръонни ўқишда турли келишмовчиликлар чиқа бошлади. Орада катта фитна чиқиш хавфи туғилди. Бу хавфни биринчи бўлиб Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу англаб етдилар. У киши халифани бундан огоҳ қилиб, фитнанинг олдини олиш учун чора кўришни таклиф қилдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу чора кўришга киришдилар.

Бу ҳақда имом Бухорий «Саҳиҳ»ларида ибн Шиҳобдан, у киши Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«Ҳузайфа ибн Ямон Усмоннинг олдига келди. У Шом аҳли билан Армения фатҳида, Ироқ аҳли билан Озарбайжон фатҳида урушда эди. Ҳузайфани уларнинг қироатдаги ихтилофлари қўрқинч­га солган эди. Ҳузайфа Усмонга:

«Бу умматнинг Китоб тўғрисида насоро ва яҳудларнинг ихтилофига ўхшаш ихтилоф қилишининг олдини ол!» деди.

Бас, Усмон Ҳафсага одам юбориб, «Бизга саҳифаларни бериб тур, ундан мусҳафларга нусха кўчириб олайлик, кейин уларни ўзингга қайтариб берамиз», деди.

Ҳафса уларни Усмонга юборди. У Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъийд ибн Осс ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомларга амр қилди. Улар мусҳафларга нусха кўчирдилар. Усмон қурайшлик учлик гуруҳга:

«Агар сизлар Қуръоннинг бирор нарсасида Зайд ибн Собит ила ихтилоф қилиб қолсангиз, ўшани Қурайш лисони ила ёзинглар. Чунки у уларнинг лисонида нозил бўлгандир», деди.

Улар амрни бажо келтириб, саҳифалардан мусҳафларга нусхалар кўчирдилар. Усмон саҳифаларни Ҳафсага қайтариб берди. Улар насх қилганлардан кейин ҳар томонга биттадан мусҳаф юборди. Ундан бошқа саҳифаларда ва мусҳафда Қуръондан бўлса, куйдириб юборишга амр қилди».

Халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг бу ишларини барча Ислом уммати катта қувонч ва қўллаб-қувватлаш билан кутиб олдилар. Унга катта ғайрат билан амал қилишга киришдилар. Фақат Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзларининг шахсий мусҳафларини юборишга бир оз кўнмай турдилар. Кейин Аллоҳ таоло кўнгилларига солиб, у киши ҳам жумҳурга қўшилдилар.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу марказларга биттадан мусҳаф юбориш билан кифояланмадилар. Ҳар бир мусҳаф билан бирга уни одамларга ўқитадиган қорини ҳам юбордилар.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни Мадина мусҳафига қори этиб тайинладилар.

Абдуллоҳ ибн Соибни Макка мусҳафига қори этиб тайинладилар.

Муғийра ибн Шиҳобни Шом мусҳафига қори этиб тайинладилар.

Абдурраҳмон ибн ас-Силмийни Куфа мусҳафига қори этиб тайинладилар.

Омир ибн Абдул Қайсни Басра мусҳафига қори этиб тайинладилар.

Шундай қилиб, Аллоҳ таолонинг Китоби йўлида мислсиз улкан хизмат қилинди. Ҳозирги ҳар бир Қуръон нусхасига: «Бу нусха Усмон нусхасига мувофиқдир» деб ёзиб қўйилишининг ўзи ҳам бу ишда ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг фазллари қанчалик буюк эканини кўрсатади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом шундай деганлар .Кийимларингиздан оқ ранглисини кийинглар, зеро, у давоми...

2652 11:00 / 10.05.2021
еттинчи мақола Хандақ урушидаги энг оғир вазиятда Бани Қурайза яҳудийлари Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузган аҳдларини бузиб, душман томонга давоми...

2463 14:00 / 11.08.2023
Бир куни Абу Муслим Хавлонийга хотини деди Уйда ун қолмаганАбу Муслимнинг ёнида пул йўқ эди. Шу боис, унга Мабодо, уйда ҳеч қандай пул қолмаганмиди деди. Йигирган давоми...

5430 15:03 / 28.05.2021
олтинчи мақола . . Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хандақ куни одамларни давоми...

2212 16:00 / 01.08.2023
Аудиолар

230199 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148777 14:35 / 11.08.2021