1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш

19:00 / 28 апрель 1172 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ

«Аллоҳга итоат қилинг ва Расулга итоат қилинг ва ҳазир бўлинг! Агар юз ўгирсангиз, билингки, Расулимиз зиммасида очиқ-ойдин етказиш, холос» (Моида сураси, 92-оят).

Бу мусулмон киши тушуниб, ўзига яхшилаб сингдириб олиши лозим бўлган қоидадир. Ҳар бир ишда фақат Аллоҳга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмоқ керак. Шунда одам икки дунё саодатига эришади. Бу итоатдан фақат банданинг ўзигина фойда топади. Пайғамбарнинг вазифаси – Аллоҳдан келган нарсани очиқ баён қилиб бериш, холос. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу вазифани мукаммал адо этдилар. Энди умматлар қиёматгача итоатда бўлишлари керак.

Хамрнинг ҳаромлиги ҳақидаги охирги оят нозил бўлгач, унинг ҳукми ҳаммага аён бўлди. Шунда баъзи шак-шубҳа қўзиб юрадиган одамлар: «Хамр ҳаром бўлса, тириклар-ку, тавба қилиб, қутулиб оладилар, аммо хамр ичиб юриб, ўлиб кетганлар, қорнида хамр билан вафот этганларнинг ҳоли нима бўлади?» – деган гап тарқатишди. Бу висир-висирлар баъзи ихлосли кишиларга ҳам таъсир қилди. Жамиятда бу гап катталашиб кета бошлади. Шунда Аллоҳ таоло бу саволга жавоб тариқасида ушбу оятни нозил қилди:

ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ

«Иймон келтирганлар учун, агар тақво қилиб, иймон келтириб, солиҳ амалларни қилган бўлсалар, сўнгра тақво қилиб, иймон келтирсалар, кейин тақво қилиб, яхшилик қилсалар, еб-ичганларида гуноҳ йўқдир. Зотан, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир» (Моида сураси, 93-оят).

Ушбу жавобдан Аллоҳнинг ҳукми келмасидан аввал қилинган ишларда жавобгарлик йўқ эканини тушунамиз. Яъни хамрнинг ҳаромлигини эълон қилувчи оят ҳижратнинг учинчи йилида нозил бўлган бўлса, унгача Исломда хамр ҳаром бўлмаган. Ўша лаҳзагача уни ичган одам ҳаром нарсани ичган бўлмайди. Бу хусусда ҳисоб-китоб ҳам қилинмайди. Унга гуноҳ ҳам бўлмайди. Ўлиб кетган бўлса, сўроқ-савол ҳам қилинмайди.

Шу билан бирга, ояти каримада бундай ишларда иймон ва тақво асосий аҳамият касб этишига алоҳида эътибор бериляпти. Диққат билан қаралса, қисқа бир оятда «иймон» ва «тақво» сўзлари уч мартадан такрорланяпти.

Аввало, бу ҳукм «иймон келтирганлар учун»лиги айтилмоқда. Албатта, емак-ичмагининг ҳалол бўлишини фақат иймонлилар – мусулмонлар суриштирадилар. Улардан бошқаларга нима еб-ичаётганларининг фарқи йўқ. Ҳалолми-ҳаромми, суриштириб ўтирмайдилар. Энг муҳими, есалар-ичсалар бўлди. Бу масалада улар чорва ҳайвонлари кабидирларки, буни ўзлари ҳам яхши билишади.

Кейин:

«…агар тақво қилиб, иймон келтириб, солиҳ амалларни қилган бўлсалар», – дейилмоқда.

Яъни ҳам иймон, ҳам яхши амал, ҳам тақводорлик зарур, буларсиз бўлмайди. Оғизда иймон даъво қилинса-ю, тақво бўлмаса, иймон йўқ ёки заиф бўлади. Шунингдек, яхши амаллар қилиб юрганини ёки энди қилмоқчи эканини даъво қилса-ю, тақвоси бўлмаса, бу ҳам ўрнига ўтмайди. Бундай амалларни яхши деб бўлмайди.

Оятда бундан кейин:

«...сўнгра тақво қилиб, иймон келтирсалар…» – дейилмоқда.

Аввалги жумлада иймон билан яхши амалларни қўшиб олиб бориш учун тақво зарурлиги ишоратан билдирилган бўлса, бу ерда иймоннинг алоҳида ўзига ҳам тақво зарурлиги таъкидланмоқда.

«...кейин тақво қилиб, яхшилик қилсалар…» жумласи билан эса яхши амалларнинг ўзига ҳам тақво зарурлиги таъкидланмоқда. Бу нарса ўз навбатида шуни кўрсатадики, тақво, яъни Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиш нақадар аҳамиятли иш экан. Албатта, тақво – киши қалбига ўрнашган малакадир, соҳибини яхшиликка йўллаб, ёмонликдан қайтариб турувчи, доимо Аллоҳдан қўрқитиб турувчи ҳолатдир.

Ароқнинг ҳаромлиги ҳақидаги оят нозил бўлишидан олдин ароқ ичиб юрган бўлса ҳам, иймони, яхши амали тақво асосида бўлган шахсларга еган-ичганида гуноҳ йўқ. Чунки у пайтда ароқ ҳаром қилинмаган эди. Аммо «Менинг иймоним қалбимда, тақвом қалбимда, эътиқод масаласи шахсий иш», деб ароқни ичаётганлар уни ҳалол десалар, кофир; ҳаром деб туриб, ичсалар, осий бўладилар.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Билингки, албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир ва албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир, Моида сураси, 98оят. Ҳалолҳаром ҳақидаги оятлардан сўнг бу давоми...

926 19:00 / 20 май
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган, бўғилиб давоми...

2188 19:04 / 25.07.2023
.Агар сенга уларнинг юз ўгиришлари оғир ботаётган бўлса, қодир бўлсанг, ер остидан ковак қилиб ёки осмонга нарвон қўйиб, уларга оят мўъжиза келтир. давоми...

644 19:00 / 21 октябрь
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қиладиАлбатта, Аллоҳнинг ҳузурида Ийсо худди Одамга ўхшайдир. Уни тупроқдан яратиб, сўнгра унга .Бўл, ndash деди, бас, у давоми...

5427 18:30 / 08.09.2021
Аудиолар

210862 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130127 14:35 / 11.08.2021