1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида Президент Қарори

11:42 / 12.01.2025 1697 pdf Ўқиш режими + -
 
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
 
Ватанимиз тарихида ғоят мураккаб ва синовли давр бўлган XX аср бошида майдонга чиққан Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси ҳисобланади. У миллий озодлик ҳаракатининг буюк намояндаси сифатида илм-фан, таълим ва тарбия, адабиёт ва санъат, матбуот соҳаларини ривожлантириш, жаҳондаги илғор тараққиёт ютуқларини ўзлаштириш орқали халқимизнинг онгу тафаккурини юксалтириш ҳамда ҳурриятга эришиш йўлида ўз ҳаётини бахш этган фидойи зотдир.

Маҳмудхўжа Беҳбудий чор ҳукумати ва маҳаллий мутаассиб кучларнинг мислсиз қаршилигига қарамасдан, юртимизда биринчилар қаторида илк замонавий мактаблар ташкил қилиш, улар учун зарур дарсликлар яратиш, нашриёт ва театрлар барпо этиш ишларига бош-қош бўлди. Моҳир публицист сифатида ўз даврининг долзарб муаммоларига бағишланган қатор салмоқли асарлар ва икки юздан ортиқ мақолалар яратди. Шу билан бирга, “Самарқанд” газетаси ҳамда “Ойина” журналига асос солди. 1914 йилда “Турон” театрида саҳналаштирилган “Падаркуш” пьесаси орқали ўлкамизда театр санъатининг тамал тошини қўйди. Афсуски, атоқли адиб ва жамоат арбоби бўлган бу мутафаккир зот 44 ёшида ёвуз кучлар қурбони бўлди.

Мустақиллик даврида Маҳмудхўжа Беҳбудий хотирасини абадийлаштириш, ҳаёти ва фаолиятини чуқур тадқиқ қилиш, илмий ва бадиий асарларини кенг оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, кейинги йилларда Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонида унинг муаззам ҳайкали ўрнатилгани, Самарқанд шаҳрида уй-музейи ташкил қилингани мамлакатимиз ҳаётида катта воқеа сифатида эътироф этилди. Истеъдодли драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот таъсис қилингани шу йўлдаги янги амалий қадам бўлди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий асарларининг ёш авлодимиз интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш, шу асосда уларни Янги Ўзбекистон бунёдкорлари, чинакам ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш борасидаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб ҳамда унинг бебаҳо меросини янада кенгроқ ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида:

1. Маданият вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда жамоатчилик вакилларининг 2025 йилда Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

3. Ташкилий қўмита (А. Арипов) икки ҳафта муддатда Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини нишонлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин.

Ушбу дастурда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:

мутафаккир адибнинг “Танланган асарлар” тўплами, унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий-оммабоп китобларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;

Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида спектакллар саҳналаштириш ҳамда  бугунги кунга қадар яратилган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” киносериали ва “Халқ юраги” бадиий-публицистик фильмларининг оммавий намойишларини ташкил қилиш;

Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар залида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижоди, шунингдек, Туркистон жадидлик ҳаракати намояндаларининг фаолиятига оид тасвирий санъат асарлари кўргазмасини уюштириш;

умумий ўрта таълим муассасалари, ижод мактаблари ўқувчилари, “Темурбеклар мактаблари” курсантлари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Маҳмудхўжа Беҳбудий сабоқлари” мавзусида иншолар танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш;

барча бўғиндаги таълим муассасалари, кутубхоналар, меҳнат жамоалари, маҳаллалар ва ҳарбий қисмларда таниқли олимлар ва адиблар иштирокида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижодига бағишланган ижодий учрашувлар, адабиёт ва китобхонлик кечаларини ташкил қилиш;

замонавий рақамли ва тарғибот технологиялари асосида Маҳмудхўжа Беҳбудий асарларини ёшлар ўртасида кенг оммалаштириш;

2025 йил октябрь ойида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида “Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси ва жадидлик ҳаракатини ўрганишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил қилиш;

2025 йил ноябрь ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган тантанали адабий-маърифий хотира кечасини ўтказиш;

Самарқанд шаҳридаги Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи ҳудудини ободонлаштириш ҳамда музей экспозициясини бойитиш;

Қарши шаҳридаги кўчалардан бирига Маҳмудхўжа Беҳбудий номини бериш ҳамда унга бағишланган ёдгорлик лавҳасини ўрнатиш;

Интернет ва ижтимоий тармоқлар учун мўлжалланган аудиовизуал асарлар яратиш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида туркум материалларни эълон қилиш.

Ташкилий қўмитага Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказиладиган тадбирларни юксак савияда уюштириш, мазкур қарорга асосан белгиланган чора-тадбирларнинг
ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ амалга оширилишини мувофиқлаштириб бориш вазифалари юклатилсин.

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги,  Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

5. Белгилансинки, мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар ташкилотчиларга Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида, уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари О.Қ. Абдурахманов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев

Манба
president.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугун, 25 ноябрь куни Қозоғистоннинг НурСултон шаҳрида Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси томонидан мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган давоми...

2120 16:00 / 25.11.2021
Сер Алфред Честер Битти мис савдосидаги улкан бойлиги билан мис қироли сифатида танилган. У Ўрта Шарқда кўп саёҳат қилган ва ислом санъатини йиғишга давоми...

2507 13:30 / 29.07.2021
Куни кеча Ҳажrdquo ва Умраrdquo тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.Унда Умра тадбири билан давоми...

2030 14:33 / 19.03.2022
Бангладешда қўним топган аракан муҳожирларига АҚШ томонидан БМТ билан ўзаро ҳамкорлик лойиҳаси доирасида 60 млн. долларлик гуманитар ёрдам кўрсатилди, деб хабар давоми...

2195 16:15 / 18.02.2019