1447 йил 29 ражаб | 2026 йил 18 январь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Дўзахдан бир чўғ

11:16 / 16.10.2024 2105 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоху алайҳи васаллам ансорлардан бир кишининг қўлида тилла узук кўриб қолдилар. Уни ечиб олиб ерга ташладилар ва:

«Сизлардан бирингиз дўзахдан бир чўғни олиб, қўлига тақиб олади!», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кетганларидан сўнг бир киши унга:

- Узугингни олмайсанми? - деди.

У айтди: Аллоҳга қасамки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ташлаган нарсани олмайман!

Бу ривоятда Аллоҳ динига даъват қилишнинг ҳамда даъватга эргашишнинг гўзал намунаси бор!

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳолатлари (яъни тилла узук таққан ансорийга бўлган муомалалари) билан масжид ичида бавл қилган аъробийга қилган муомалаларини солиштиринг. Аъробийни масжиддагилар тергашган, Расулуллоҳ эса саҳобаларини унга нисбатан мулойим бўлишга чақирганлар, унга бақирмасликларини айтган эдилар.

Икки хил тасарруф икки хил иш ўртасидаги тафовутдан келиб чиқмаган. Бундан масжидда бавл қилиш енгил иш экан, деган хулоса келиб чиқмайди.

Икки иш ўртасидаги фарқ шуки, масжидда бавл қилган киши аъробий эди. У илмсиз эди. Саҳродан келган эди. Бу диндан ҳали ҳеч нарса билмасди. У ўзи одатланган, ўрганиб қолган ишини қилди.

Иккинчи киши эса Мадина аҳлидан, саҳобалардан эди.

Аъробийга юмшоқ муомала қилингани унинг исломга янги киргани учун эди. Бунга шу муомала фойдалироқ эди.

Ансорийга қаттиққўллик қилингани эса унинг саҳобалик шарафига эгалиги, иймон аҳли билан бирга яшаётгани учун эди. Унга шу муомала манфаатли эди.

Тўғри, барчага бирдай юмшоқлик қилиш матлуб иш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига нисбатан юмшоқ эдилар. Аммо юқоридаги ҳодиса нодир ҳолатлардандир. Бу билан Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга танбеҳ ҳам муҳаббат миқдорида бўлишини таълим беряптилар. Маломат эса, иймон ва пешқадамлик миқдорида бўлишини англатяптилар.

Динга чақирув дарси шудир.

Эргашиш дарси эса ансорийнинг Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам ерга ташлаган узукни олмагани, сотиб фойдаланишдан бош тортганидир. Аслида, эркак кишига тилла узукни тақиш ҳаром эди, сотиш эмас. Аммо у буюк иймони сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам отиб юборган узукни қайтиб ердан олмади.

Набавий амрга эргашишнинг энг гўзал намунаси бу! Бу ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ерга ташлаган узукни олишдан бош тортган эди.

Энди, биз-чи, биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ерга улоқтирган ёмон хулқларни ёмон кўрдикми?! Аслида, ансорий узукни ердан олиб, сотиб, ўзининг бошқа эҳтиёжига ишлатса, ҳалол бўлаверарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибони ерга улоқтирдилар. У ҳаром эди. Аммо биз уни тарк қила олдикми?! «Хўп бўлади!» дедикми?! Ҳалол оз кўринса-да, тўйдиради. Ҳаром кўп кўринса-да, етмайди. Биз силаи раҳмни боғладикми?! Ўзаро муҳаббат давомли бўлиши учун қариндошларимизнинг баъзи камчиликларига кўз юмдикми?!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онага оқ бўлишни ерга улоқтирдилар. Биз уларга яхши фарзанд бўла олдикми?! Ота жаннат эшиклари билан фарзанд ўртасида эканини англадикми?! Энг гўзал муомалага онамиз муносиблигини билдикми?!

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳдан сўрашибди:

– Киши ота-онаси билан хусуматлаша оладими?

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ дедилар:

– Ҳатто уларнинг ковушлари билан ҳам хусуматлаша олмайди!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшниларга ёмонлик қилишни ерга улоқтирдилар. Биз ёнимиздагиларнинг энг яхши қўшниси эканимизга ишонамизми?! Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшнилар ҳақида кўп васият қилганларини, ҳатто у зот уларни меросхўр бўлади, шекилли, деб ўйлаб қолганларини ёдимизга олдикми?!

Зотан Исломнинг номи ҳам Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига бўйсунишга, итоат этишга ишора қилади! Биз ҳар бир амрга «Хўп бўлади!» дея олдикми?!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Магистрлик илмий ишимни тайёрлаш учун университетга бораётганимда доим шу кўчадан ўтаман. Ҳар гал шу кўчада бир қизни салфетка сотаётганига, қоғозга бир давоми...

6870 18:30 / 09.06.2022
Абу Ҳафс Аббор деган зот ибн Шубрума роҳимаҳуллоҳ билан дўст эди. Абу Ҳафс Абборнинг бир куни ибн Шубрумага эҳтиёжи тушиб қолди. Ибн Шубрума унинг эҳтиёжини давоми...

2941 09:00 / 07.12.2021
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Аёлларга яхши муомалада бўлинглар, чунки аёл қовурғадан яратилган. давоми...

4760 11:00 / 21.02.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлислари доимо саодат мадрасаси эди. Буни тушуниш учун у зотнинг сийратларини ақл ила ўқиш кифоя қилади. давоми...

1590 10:40 / 16.05.2025