1446 йил 6 жумадул аввал | 2024 йил 08 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ал-Жаббор

15:32 / 29 май 1244 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ал-Жаббор» сифатининг маъноси олий қадар улуғ Зот, ҳузурида ҳамма ўзини хор тутадиган Зот демакдир. У зот камбағалларни беҳожат қилади, ҳар бир қийналганни енгилликка чиқаради, мусибатга учраганларни сабот ва сабрга муваффақ қилади, агар мажбуриятларини адо қилишса, мусибат эвазига улкан ажрга мушарраф қилади. Синиқ қалблар у Зот сабабли тузалур. Дуодаги «Аллоҳумма ужбурний» сўзи банданинг ислоҳи ва унга зарар берувчи барча нарсани даф қилиш ҳақиқатидир.

Ал-Жаббор сўзи Қуръони Каримда бир жойда, Ҳашр сурасининг 23-оятида зикр қилинган.

Маълумки, Аллоҳнинг исми зот, исми сифат, исми феъл, исми танзиҳ ва исми таъзим каби исмлари бор. Ал-Жаббор исми исми таъзимга тааллуқлидир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: «Иззат изоримдир, кибриё эса ридомдир. Ким уларни Мен билан талашса, уни азоблайман», деган (Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло баъзан махлуқотларини қийин бир имтиҳонга солади. Ушбу имтиҳонда Аллоҳнинг душманлари кучли бўлади. Улар айтган нарсаларини амалга оширадилар. Шунда иймони заифлар уларни илоҳ деб ўйлаб, улар олдида тиз чўкишади. Аслида Аллоҳ таоло Ал-Жаббор исмини ҳам, ал Қаҳҳор исмини ҳам, ал Азиз исмини ҳам ҳеч кимга топшириб қўймайди. Аксинча, бу мақомларга даъвогарлик қилишга уринганларни яксон қилади. Аммо У Зот бирор умматни йўқ қилиш учун маълум муддатни тайин қилиб қўйган бўлиб, ўша муддат келгунча қўйиб беради, холос. Кишилар ёки миллатлар ҳар қанча умр кўрмасин, агар зулм ва туғёнга кетиб, бошқаларга жабр-зулм қилишса, Аллоҳ белгиланган муддатда уларни яксон қилади.

Ал-Жаббор сифати Аллоҳга нисбатан ишлатилганда комиллик маъносини англатиб, Унинг азаматига далолат қилади. Аммо инсонга нисбатан «Фалончи жаббор», яъни жабр-ситам қилувчи десак, бу исмда нуқсон бўлади, чунки у инсонда ноқис васф билан аталади.

«Аллоҳ шундай қилиб, ҳар бир мутакаббир ва зўравон қалбга тамға босар» (Ғофир сураси, 35-оят).

Банда нима қилса ҳам барибир бандадир, Робб эса Роббдир. Банданинг иши муҳтожликдир. Башариятнинг энг олий чўққиси бўлган пайғамбарлар ҳам «таом ер ва бозорларда юрар эдилар» (Фурқон сураси, 20-оят).

Инсон такаббурлик қилишга ҳақли эмас, чунки у аслатан заиф, фақир ва жоҳилдир. Унинг такаббурлиги ботилдир. Аммо Аллоҳ таолони буюк десак, У Зотнинг азаматини ҳар қанча билмайлик, У Зот биз ўйлагандан ҳам буюкдир. У Зотнинг қудратини биламиз десак, У Зот биз ўйлагандан ҳам қудратлидир. Ҳақиқий Ал-Жаббор сифатига эга бўлган Зот Аллоҳ таолодир. Уни идрок қилишга ақл ожиз, уни кўз қамраб ололмайди. Аллоҳни ҳар қанча васф қилмайлик, У Зот биз ўйлагандек эмас. Чунки Уни ердаги бирор томон қамраб олиши, тўлиқ билиши мумкин эмас. Ҳатто пайғамбарлар ҳам Аллоҳни нисбий маърифат орқали танишади. Аллоҳнинг Зотини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади.

Ал-Жаббор сўзи нафс учун маҳбуб сўзлардандир. Аллоҳ мазлумга ҳам жаббордир (ёрдамчидир), камбағалга ҳам жаббордир, беморга ҳам жаббордир, маҳрумга ҳам жаббордир, муаммога учраган кимса учун ҳам жаббордир.

«Ал-Жаббор» сўзининг биринчи маъноси етишиб бўлмайдиган даражада олий деганидир. Инсонга нисбатан «жаббор» сифатини ишлатиш фақат салбий маънода бўлади, чунки у убудият устидан олий бўлмоқда. Аслида инсон Аллоҳга ва Аллоҳнинг ҳукмига бўйин эгиши керак эди. Агар бир инсонни жаббор, яъни қудратли ва бешафқат десак ҳам, Аллоҳ таоло уни албатта яксон қилади, деган маъно тушунилаверади.

«Ал-Жаббор» сўзининг иккинчи маъноси ишларни ислоҳ қилувчидир. Аллоҳ синганларни созлайди, заифларга қувват ато қилади. Демак, Аллоҳ бирор кишининг аҳволини ислоҳ қилса, ўша банда эмас, У Зотнинг Ўзи Ал-Жаббор бўлади, чунки заифни кучли қилган, жоҳилни илмли қилган, мазлумга ёрдам берадиган ҳам У Зотдир.

«Ал-Жаббор» сўзи заиф банда томонидан еру осмонларнинг Холиқига нисбатан ишлатилса, ўзига хос маънони ифода қилади. Масалан, моли сотилмаётган тижоратчи «Эй Жаббор! Унинг сотилишида ёрдам бер!» деса, Аллоҳ таоло унинг бозорига ривож ато қилади, хавфга тушган киши: «Эй Жаббор! Менга омонлик бер!» деса, унга хотиржамлик ато қилади, мазлум: «Эй Жаббор! Менга ёрдам қил!» деса, уни қутқаради, камбағал: «Эй Жаббор! Мени беҳожат қил!» деса, уни бой-бадавлат қилади.

«Ал-Жаббор» сўзининг учинчи маъноси золимга зарба бериб, мазлумга нажот берувчи Зотдир.

«Ал-Жаббор» сўзининг тўртинчи маъноси хоҳлаган ишини бажарувчи Зот деганидир.

«Ал-Жаббор» сўзининг бешинчи маъноси синган қалбларни жойига келтирувчи Зотдир.

«Ал-Жаббор» сўзининг олтинчи маъноси Ўзи ирода қилган нарсага йўлловчи Зотдир. Сен бир нарсани хоҳлайсан, мен бошқа нарсани хоҳлайман, Аллоҳ эса Ўзи хоҳлаганини амалга оширади. Аллоҳ истаган эди, оловни салқин қилиб қўйди, уни омонликка айлантириб қўйди.

«Эй олов, сен Иброҳим учун салқин бўл, саломатлик бўл!» дедик. Улар унга (Иброҳимга) ёмонлик ирода қилган эдилар. Биз эса уларни энг зиён кўрганлардан қилиб қўйдик» (Анбиё сураси, 69-оят).

Бу ҳақда бир рамзий қисса бор. Бир киши хотини билан товуқ еб ўтирган эди, эшик тақиллаб қолди. Хотини бориб қараса, тиланчи экан. Хотин тиланчига ўша овқатдан бермоқчи эди, эри уни жеркиб, «Уни ҳайдаб юбор», деди. Хотин уни ҳайдаб юборди. Кейинчалик эр-хотинни орасига совуқлик тушиб, эр хотинини талоқ қилди. Сўнгра бошқа киши келиб, совчи қўйиб у хотинга ўйланди. Кунларнинг бирида у иккинчи эри билан товуқ еб ўтирган эди, эшик тақиллаб қолди. Хотин эшикни очиш учун борса, тиланчи экан. Хотин тиланчини кўргач, қийин аҳволга тушиб қолди. Эри: «Эшикни тақиллатган ким экан?» деган эди, хотин: «Аввалги эрим экан» деди. Шунда иккинчи эри: «Аввалги тиланчи мен эдим!» деди.

Аллоҳ Жаббор Зотдир, катта ва баландпарвоз гапларни гапиришдан ҳазир бўл!

«Ал-Жаббор» сўзининг еттинчи маъноси инсон тасаввури ета олмайдиган Зотдир. Аллоҳни қандай тасаввур қилмайлик, У Зот ундай эмасдир. Хаёлимизга Аллоҳ ҳақида нима фикр келса, Аллоҳ ундай эмасдир.

Аллоҳ таолонинг барча исми бу дунёда амалга намоён бўлади. Аммо «ал-Адл» исми жузъий ҳолда амалга ошади. Аллоҳ таоло барча золимларни эмас, уларнинг баъзиларини қолганлар зулмдан тўхташи учун азоблайди. Баъзи яхши одамларни эса қолганларни шижоатлантириш учун мукофотлайди. Лекин мукофотнинг нақди Қиёмат куни бўлади. Аллоҳ бу ҳақда: «Қиёмат куни ажрларингизни тўлиғича олурсиз», (Оли имрон сураси, 185-оят) деган.

Энг кучли Зот билан бирга бўлишни хоҳласанг, Ал-Жаббор сифатли Зот билан бирга бўл!

Аллоҳ таоло барчамизни жаббор бўлишдан асрасин ва бизнинг фойдамизга ал-Жаббор сифати билан тажаллий қилсин!

 

Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг «Аллоҳнинг гўзал исмлари» китобидан Анвар Аҳмад таржимаси.

«Ҳилол» журнали 12(57) сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ҳар нафас олибчиқарганингда, албатта, У Зот сенга қадарини жорий қиладир,. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ Сен ҳар нафас олганинг ва нафас давоми...

1328 15:51 / 05 август
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар Кишилар ўзаро муносабатда мулойим сўз, очиқ юзли бўлиши керак. Яхшига ҳам, ёмонга ҳам, бидъатчига ҳам, суннатга давоми...

1787 09:10 / 07 январь
Маҳмандорул араб исми билан машҳур бўлган амир Сайфуддин Абул Маъолий ибн Рамоҳнинг ўғли амир Бадруддин Юсуф Маҳмандордан ривоят қилинади .Менга Қоҳирага 630 давоми...

3063 13:00 / 01.01.2022
Бир киши ҳазрат Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳга шундай деб ёзди.Жуда кўп зикр ва тиловат қила бошлаганман. Таҳажжуд ҳам хуфтондан кейин кечанинг охирги кечасида давоми...

3431 09:16 / 18 март
Аудиолар

133783 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54115 14:35 / 11.08.2021