1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Қуръонда лаънатланган дарахтни фақат одамлар учун синов қилдик

19:00 / 21 май 1079 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ

«Сенга: «Албатта, Роббинг одамларни қамраб олгандир», – деганимизни эсла. Биз сенга кўрсатган нарсаларни ва Қуръонда лаънатланган дарахтни фақат одамлар учун синов қилдик, холос. Ва уларни қўрқитамиз. Бас, бу улар учун катта туғёндан бошқани зиёда қилмас» (Исро сураси, 60-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга таскин бериб, мушриклар талаб қилган мўъжизаларни юбормаса ҳам, барибир хотиржам бўлишга ишора қилмоқда.

«Сенга: «Албатта, Роббинг одамларни қамраб олгандир», – деганимизни эсла».

Ўша гап доимо ўз кучида туради. Аллоҳ доимо Ўз илми ила одамларни иҳота қилиб – ўраб туради. Жумладан, мўъжиза келтиришни талаб қилиб, сафсата сотаётган мушрикларни ҳам ўраб туради. Уларнинг нима деяётганлари-ю, нима қилаётганларини яхши билади.

«Биз сенга кўрсатган нарсаларни ва Қуръонда лаънатланган дарахтни фақат одамлар учун синов қилдик, холос».

Биз «кўрсатган нарсаларни» деб таржима қилган ибора Қуръони Карим матнида «кўрсатган рўё» деб келган. Рўё – туш маъносини англатгани учун, кўпчилик «Бу ерда гап Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрган туш ҳақида кетаётибди», деб ўйлаб, «Аллоҳ бу оятда қайси тушни ирода қилмоқда?» деган саволни берганлар. Бу саволга баъзилар: «Макка фатҳи тўғрисидаги тушлари», – десалар, бошқалар: «Бадр жангидан олдин кўрган тушлари ирода қилинмоқда», – деганлар. Лекин бу гапларни айтган азизлар Макка фатҳи ва Бадр ҳодисалари, шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ҳақида туш кўришлари ҳам ушбу биз ўрганаётган оят нозил бўлганидан кейин содир бўлганини унутиб қўйганлар. Бу оят Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Маккада, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилишларидан олдин нозил бўлган. Мазкур икки ҳодиса ва улар ҳақидаги тушлар эса Мадинада, ҳижратдан кейин юз берган.

Баъзи бир кишилар «кўрган рўё»ни «туш» деб тушуниб, «Исро тушда бўлган» дейишгача бориб етган ва фитнага учраган.

Эътиборли уламоларимиз «кўрган рўё»нинг маъносини Исро ва Меърож пайтида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларига кўрсатилган нарсалар, деб таъвил қилганлар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро ва Меърожда кўплаб нарсаларни кўрсатди. Ўша «кўрган нарсалари» кўпларга синов бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро ва Меърож кечасининг эртасига кўрган нарсаларини одамларга айтиб берганларида, мўмин бўлиб юрган баъзилар муртад бўлиб, диндан қайтдилар. Оятда айнан ана ўша иймон синови ҳақида сўз кетмоқда. Исро ва Меърож ҳодисаси ҳақиқий иймон синови эди. Иймони заифлар бу синовдан ўта олмай, диндан қайтиб, кофир бўлдилар. Иймони кучлиларнинг иймонлари янада зиёда бўлди. Зарра ҳам шубҳа қилмаган Абу Бакр розияллоҳу анҳудек шахс «Сиддиқ» унвонига эришди. Аллоҳ одамларни Ўз илми ила иҳота этиб туриши яна бир бор намоён бўлди. У Зот мушрикларнинг талабларига биноан мўъжиза туширмаётгани бежиз эмас экан. Агар туширганида ҳам, иймонга келмасликлари аниқ экан. Мана, Исро ва Меърож ҳодисалари қайси мўъжизадан кам? Ҳар қандай мўъжизадан юқори ҳодиса! Ҳеч бир пайғамбарга бундай воқеа насиб этмаган. Агар мушрикларнинг мўъжиза талаб қилаётганлари сидқидилдан бўлганида, яъни пайғамбарлик тасдиғини кўриб, сўнгра иймон келтириш ниятида бўлганларида эди, Исро ва Меърождан сўнг сўзсиз иймонга келар эдилар. Воқеъликда эса тескариси бўлди, яъни улар иймондан янада узоқлашдилар. Бу ҳам етмагандек, баъзи иймонли кишилар иймондан юз ўгирдилар.

«...ва Қуръонда лаънатланган дарахтни фақат одамлар учун синов қилдик, холос».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Исро ва Меърожда кўрган нарсалари одамлар учун синов бўлганидек, Қуръонда лаънатланган дарахт ҳам синов бўлди.

Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар ривоят қилишларича, Қуръонда лаънатланган дарахтдан мақсад заққум дарахтидир. Ушбу заққум дарахти ҳақида «Соффаат» сурасида: «...ёки заққум дарахтими? Албатта, Биз уни золимлар учун фитна қилдик. Дарҳақиқат, у бир дарахт бўлиб, жаҳийм қаъридан чиқур. Унинг тугунчаси худди шайтонларнинг бошларига ўхшар. Бас, албатта, улар ундан еувчилардир ва ундан қоринларини тўлдирувчилардир. Сўнгра, бунинг устига, улар учун ўта қайноқ сувдан аралаштирма ҳам бор», – дейилган. Ушбу оятдан ҳам заққум дарахти нима учун Қуръонда лаънатлангани аниқ кўриниб турибди.

Яна заққум дарахти ҳақида «Духон» сурасида қуйидагилар зикр қилинади: «Албатта, заққум дарахти сергуноҳнинг таомидир. У худди эритилган маъдан каби, қоринларда қайнар. Қайноқ сувнинг қайнаши каби», – дейилган. Бу оятлар ҳам заққум дарахти ҳақида маълумотлар бермоқда. Ҳамда унинг нақадар ёмон нарса эканини янада ойдинлаштирмоқда.

Қуръони Каримнинг «Воқиъа» сурасида ҳам заққум зикр қилинган. Аллоҳ таоло ўша сурада: «Сўнгра сиз, эй адашганлар, ёлғонга чиқарувчилар. Албатта, заққум дарахтидан еювчисизлар. Бас, ундан қоринларни тўлдирувчисизлар», – дейди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро ва Меърож кечасининг эртасига одамларга заққум дарахтини ҳам кўрганларини айтиб бердилар. Мушриклар бу гапни ёлғонга чиқардилар. Абу Жаҳл бўлса: «Муҳаммад сизларни тошларни ҳам куйдириб юборадиган дўзах ўти билан қўрқитаётган эди. Энди эса ўша олов ичида заққум дарахти ўсади, демоқда», – деди.

Кейин хурмо ва қаймоқ олиб келишни буюрди. Буйруғи ижобат бўлгач: «Биз заққум деганда мана буни тушунамиз, бундан бошқа заққум йўқ. Келинглар, заққумга марҳамат», – деб, хурмо ва қаймоқни тановул қила бошлади. Бу иши ўтакетган беодоблик ва истеҳзо эди.

Шундай қилиб, Қуръонда лаънатланган заққум дарахти ҳам одамлар учун синов бўлди. У тўғридаги хабар туфайли баъзи кишилар иймондан янада нафратланиб, узоқлашдилар. Заққум дарахти билан кофирларни қўрқитиш уларнинг янада туғёнга кетишларига сабаб бўлди. Шу билан Аллоҳ таоло одамларни иҳота қилиб (ўраб) туришини яна бир бор исбот этди. У Зот шунинг учун ҳам Макка мушриклари талаби ила пайғамбарликни тасдиқловчи оят – мўъжиза туширишни истамай турган экан. Демакки, мўъжизани туширган чоғида ҳам, кофирлар иймонга келмас, балки ундан янада кўпроқ нафратланар эканлар. Заққум дарахти туфайли бир қанча одам диндан чиққанлиги ҳам шуни кўрсатади. Кофирлар ва иймони заифлар ҳар нарсани ўз тарозиси билан ўлчайдилар. Уларнинг фикрича, ўт-олов бор жойда дарахт ўсиши мумкин эмас. Нега? Чунки олов билан дарахт табиатан бир-бирига зид нарсалар эмиш. Лекин улар Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодир эканини унутиб қўйишган. Зотан, ҳўл, сувли ёғочга ёниш қобилиятини берган ҳам Аллоҳнинг Ўзи. Иброҳим алайҳиссаломга оловни совуқ ва саломатлик қилиб қўйган ҳам Аллоҳнинг Ўзи. Аслида, бунга ўхшаш мисоллар жуда кўп, тафаккур қилсалар, топар эдилар. Аммо уларнинг ниятлари бузуқ, кўнгиллари пок эмас, шунинг учун мўъжизалар ҳам уларга тескари таъсир қилади.

«Ва уларни қўрқитамиз. Бас, бу улар учун катта туғёндан бошқани зиёда қилмас».

Хўш, талаб қилинган мўъжизалар келтирилди ҳам дейлик. Уларни қандай қаршилар эдилар? Мана, Исро ва Меърож ҳодисаси рўй берди. Нима бўлди? Уларни заққум дарахти ила қўрқитиш нима берди? Кофир ва мушрикларнинг яна ҳам кўпроқ туғёнга кетишларига сабаб бўлди, холос. Агар Аллоҳ таоло уларнинг талабларига биноан мўъжиза юборганида, уларни ҳалок қилиши керак бўлар эди. Аммо юбормади. Бу ҳам одамларни иҳота қилиб (ўраб) олганлигидандир. Чунки келажакда ўша мўъжиза талаб қилган мушрикларнинг кўплари яхши мусулмон бўлдилар. Қолганларининг зурриётларидан мусулмонлар чиқди.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ва уни англамасликлари учун қалбларига пардалар ва қулоқларига оғирлик қилиб қўйдик. Қачон Қуръонда Роббингнинг давоми...

904 19:00 / 16 апрель
Эй иймон келтирганлар Куфр келтирган ва Аллоҳ уларнинг қалбларида ҳасрат қилиши учун, ер юзида кезиб юрган ёки ғозий бўлган биродарлари ҳақида давоми...

4554 18:30 / 15.03.2022
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди ҳар бошоқда юзтадан дони бор, етти давоми...

1883 14:00 / 03.05.2020
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ва Қуръонни одамларга астасекин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлакбўлак қилиб нозил қилдик, Исро сураси, давоми...

612 19:00 / 10 сентябрь