1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Кимки Қуръонга иймон келтирса, Исломга кирса, қоронғиликдан нурга чиқади

19:00 / 29.08.2023 1454 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ

«Аллоҳ Ўзининг розилигини истаганларни у билан салом йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарур. Ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилур» (Моида сураси, 16-оят).

Ўша ойдин Китоб – Қуръон билан Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини истаб мусулмон бўлган бандаларини салом (тинчлик) йўлларига бошлайди. Ислом тинчлик динидир. Ислом туфайли, Қуръон туфайли инсоннинг кўнгли тинч бўлади, ўзи тинч бўлади, оиласи, қишлоғи, шаҳри, жамияти, давлати ва бутун дунё тинч бўлади. Мусулмон инсоннинг ҳаёти тинч бўлади. У ўзи яшаётган борлиқ билан тинч алоқада бўлади. Атроф-муҳит тинч бўлади. Умуман, шомил ва комил тинчлик бўлади. Фақат мусулмон бўлган, Аллоҳ таолонинг розилигини истаган бандаларгина У Зот томонидан тинчликнинг барча йўлларига ҳидоят қилинадилар. Шунинг учун ҳам ер юзида ҳақиқий тинчлик ўрнатилиши учун бутун инсоният мусулмон бўлиши шарт.

«…уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарур».

Ушбу жумладаги «зулматлар» сўзига алоҳида эътибор бериш керак. Зулматлар кўпликда, нур эса бирликда келмоқда. «Нур»дан мурод Исломдир. Яъни, кимки Қуръонга иймон келтирса, Исломга кирса, қоронғиликдан нурга чиққан бўлади. Нурга соҳиб бўлганлар эса адашмайдилар. Чунки Аллоҳнинг Ўзи уларни зулматдан нурга чиқаради:

«...ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилур».

Тўғри йўлга бошлайди. Бинобарин, аҳли китоблар ҳам ўзларининг бузуқ ақийда ва шариатларини қўйиб, Аллоҳ уларга юборган Пайғамбарга – Муҳаммад алайҳиссаломга, Қуръонга иймон келтиришлари ва Исломга амал қилиб, куфр ва жоҳилият зулматларидан иймон нурига чиқишлари лозим. Сироти мустақим шудир. Бошқаси куфрдир. Жумладан:

ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜﯝ ﯞ ﯟ ﯠﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ

«Аллоҳ – бу Масиҳ ибн Марямдир», деганлар, батаҳқиқ, кофир бўлдилар. Уларга: «Агар Аллоҳ Масиҳ ибн Марямни, унинг онасини ва ер юзидаги барча кишиларни ҳалок этишни ирода қилса, ким У Зотдан бирор нарсага молик бўла олур? Ҳолбуки, осмонлару ер ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг подшоҳлиги Аллоҳникидир. У нимани хоҳласа, яратадир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир», – деб айт!» (Моида сураси 17-оят).

Насоролар Аллоҳга берган аҳдларида вафо қилмаган энг бош масала – Аллоҳнинг тавҳидини қўйиб, ширкка бурилишлари эди. Уларнинг залолатга кетишларининг асосий масаласи шу бўлган.

«Аллоҳ – бу Масиҳ ибн Мар­ямдир», деганлар, батаҳқиқ, кофир бўлдилар».

Аслида Ийсо алайҳиссалом пайғамбар бўлиб, тавҳидни, якка илоҳликни олиб келган эдилар. У кишига иймон келтириб, эргашганлар ҳам худди шу ақийдада эдилар. Аммо вақт ўтиши билан бошқа қавмларнинг, хусусан, бутпарастлик динидагиларнинг насронийлар динига кириши туфайли бу соф ақийдага футур ета бошлади. Аста-секин бошланган ихтилофлар кейинчалик авж олиб кетди. Баъзилари Ийсо – Масиҳ алайҳиссаломни Аллоҳнинг пайғамбари, дейишса, бошқалари: «У Расул бўлса ҳам, Аллоҳга алоҳида яқинлиги бор», – дейишди. Учинчилари эса: «У Аллоҳнинг ўғлидир», – деб даъво қилишди. Яна бошқалари: «У Аллоҳнинг ўғли бўлса ҳам, махлуқ эмас, қадимдан бор», – дейишарди. Бунга ўхшаган ихтилофлар жуда ҳам кўпайган пайтда 325 милодий санада ихтилофларга чек қўйиш мақсадида қирқ саккиз минг нафар диний билимдонлар иштирокида «Никия кенгаши» номли йиғилиш бўлиб ўтди. Бу кенгашда ҳам хилофлар авж олди. Охири бутпарастлик динидан насроний динига ўтган Рум императори Константин, ўзи насроний динидан бехабар бўлса ҳам «Масиҳ ибн Марям худодир» деган гапни маҳкам тутди ва бошқа фикрдагиларни қувғин қилишга тушди. Шундай қилиб, бутпарастлик ақийдаси насронийликка ўтди. Сўнгра яна бошқа ихтилофлар кучайди. Масиҳий динининг бузилишида вақти-вақти билан чақириб туриладиган «Муқаддас кенгашлар» катта вазифани бажарди. Кўнгиллари тусаганда бундай кенгашларни ўтказиб, ўзларига мос қарорларни чиқариб, мана шу дин, деб юраверадиган бўлишди. Шу билан бирга, бу қарорларга, хусусан, Масиҳ ибн Марямни «худо» деб эътиқод қилиш ҳақида чиққан қарорга норозилар ҳам бўлган. Ийсо алайҳиссалом худо эмас, худонинг пайғамбари деувчи насоролар ҳозирги пайтда айниқса, кўпайиб бормоқда. Энг қизиғи – улар Ийсо тўғрисидаги ақийданинг энг тўғриси Қуръонда эканини ҳам англаб етмоқдалар. Қуръони Карим эса бу масалани оддий мантиқни ишга солиб, муолажа қилган. Аллоҳ Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб этиб:

«Уларга: «Агар Аллоҳ Масиҳ ибн Марямни, унинг онасини ва ер юзидаги барча кишиларни ҳалок этишни ирода қилса, ким У Зотдан бирор нарсага молик бўла олур?..» – деб айт», – демоқда.

Жавоб, албатта, аниқ: ҳеч ким! Ҳеч ким, ҳеч қандай зот Аллоҳнинг иродасига қарши чиқа олмайди. Аллоҳ таоло нимани хоҳласа, шуни қилади.

«Ҳолбуки, осмонлару ер ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг подшоҳлиги Аллоҳникидир».

Унинг Ўзи ягона Молик, ягона Холиқ, ягона Шоҳ. Шу жумладан, Масиҳ ибн Марям ва унинг онасига ҳам Молик, Холиқ ва Шоҳдир. Аллоҳ таолонинг иродасига ҳеч ким монеъ бўла олмайди.

«У нимани хоҳласа, яратадир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир».

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Шундай бўлган тақдирда сенга ҳаёт азобини ҳам икки ҳисса, мамот азобини ҳам икки ҳисса тоттирган бўлардик. Сўнгра давоми...

1197 19:00 / 26 июнь
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади .Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу давоми...

2954 11:11 / 23.10.2018
Ҳа, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари шу даражада эътиборга сазовордирлар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафлари худди шуни тақозо қилади. давоми...

4103 20:20 / 06.11.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Уларнинг ҳидояти сенинг зиммангда эмас. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоят қиладир. Нимаики яхшиликни давоми...

3174 19:30 / 19.07.2020