1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Инсонларнинг енгилликни яхши кўриши

11:00 / 18 январь 3357 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ Қуръонда Яъқуб алайҳиссаломнинг тилидан: «Фақат кофир қавмларгина Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлурлар», деган (Юсуф сураси, 87-оят).


Бошқа бир жойда Иброҳим алайҳиссаломнинг гаплари зикр қилинади:
«Фақат адашганларгина Роббининг раҳматидан ноумид бўлурлар» (Ҳижр сураси, 56-оят).


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тавбага оммавий очиқ даъват ила, унинг фазлини, кенглигини ва шомиллигини баён қилиш ила ҳоли танг бўлиб қолган инсониятни умидсизлик, шумланиш дардидан қутқариб қолдилар.


Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга тақдим қилган улкан хизматларнинг бешинчиси дин ва дунёни жамлаш ҳамда тарқоқ сафларни ҳамда тижорий жамоатларни бирлаштиришдир.


Қадимги диёнатлар, хусусан, насронийлик инсон ҳаётини икки қисмга – дин ва дунёга тақсимлаган. Улар ер куррасини икки лагерга – дин одамлари ва дунё одамларига бўлгандир. Бу икки тоифа иккига бўлинибгина қолмай, уларнинг орасида қалин тўсиқ ҳам бор эди. Икки томон бир-бири билан бардавом келишмовчиликда эди. Улардан ҳар бири дин билан дунё ўртасида хусумат бор деб эътиқод қилар эди. Агар инсон мазкур икки нарсадан бирини ихтиёр қилмоқчи бўлса, албатта, иккинчисидан воз кечиши, унга қарши уруш эълон қилиши керак эди. Уларнинг айтишларича, бир одам бир вақтнинг ўзида икки кемага миниши мумкин эмас эди. Моддий манфаат топиш учун ҳаракат қилиш ва бу соҳада муваффақиятга эришиш охиратдан ғофил қолиш ва осмонлару ернинг Холиқидан юз ўгириш туфайли бўлмоғи керак эди. Диний ва ахлоқий таълимотларни тарк қилмай туриб, ҳеч бир ҳукм ёки раҳбарликка эришиб бўлмас эди. Аксинча, таркидунё қилмай туриб диндорлик қилиб бўлмасди.


Инсоннинг енгилликни яхши кўриши маълум ва машҳур. Одатда, ҳалол ҳузур-ҳаловат, тараққиёт, иззат, куч-қувват ва раҳбарликка изн бермайдиган ҳар бир диний фикр башарият учун керакли бўла олмайди, чунки бундай иш соф инсоний табиатга қарши курашдан иборатдир. Ана ўша кураш натижасида кўплаб ақл-заковат ва илму ирфон соҳиби бўлган кишилар диндан юз ўгириб, дунёга юз тутган эдилар. Улар бу ишни ижтимоий эҳтиёж, воқеликдаги ҳақиқат деб билишган эди. Шунинг учун улар ҳаётни яхшилашга, унинг лаззатлари ортидан қувишга ўтиб кетдилар. Уларда диний ва руҳий тараққиёт учун имкон қолмаган эди.


Динни тарк этганларнинг кўпчилиги уни дунё билан чиқиша олмайди, деган гумон асосида тарк этган эдилар. Дунё вакили бўлган ҳукм ва сарой эгалари динга қарши исён қилдилар. Унинг қайдларидан ажраб чиқишга ҳаракат қилдилар. Дин билан дунё орасидаги ушбу ажралиш, дин арбоблари билан дунё асҳоблари орасидаги ўзаро душманлик худосизлик ва динсизликка кенг йўл очди. Бунинг биринчи қурбони ғарб бўлди. Кейинги қурбон унга фикр, маданият ва илмда қарам бўлган халқлар бўлди.


Ишнинг янада чигаллашишига насронийликнинг мутаассиб даъватчилари сабаб бўлдилар. Улар инсоний табиатни руҳий покланиш, осмон ила боғланиш йўлидаги энг катта тўсиқ ҳисоблар эдилар. Улар инсоннинг тўғри маънодаги хоҳишларини турли шафқатсиз ҳукмлар ва зулмкор таълимотлар ила хорлашда, азоблашда, пастга уришда барча куч-ғайратларини аямадилар. Улар динни иймон келтирганларнинг терилари жунжикиб кетадиган даражада ваҳшийлик сурати қилиб кўрсатишди. Охир-оқибатда диннинг ҳайбати йўқолди. Ҳавои нафсга ибодат қилиш ўз чўққисига чиқди. Дунё икки қарама-қарши тараф ўртасида чайқала бошлади. Ва ниҳоят, дин заифлашиб, дунё динсизлик ва ахлоқий бузуқлик жарига қулаб тушди.


Рисолаи Муҳаммадия амаллар ва ахлоқларнинг асоси улардан кўзланган мақсад эканини бутун оламга баралла эълон қилиб, унинг номини «ният» деб атади. У зот: «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади», дедилар.


Инсоннинг ихлос ила Аллоҳнинг розилиги учун, Унинг амрига бўйсуниб, қайтарганидан қайтиб қилган ҳар бир амали Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш воситасидир. Ана ўша восита ила иймоннинг олий мақомларига, диннинг юксак мартабаларига етиш мумкин бўлди. Агар ўша иш жиҳод, уруш, ҳукм, идора, ернинг пок нарсаларидан ҳузурланиш, нафснинг талабларини қондириш, ризқ талаб қилиш, вазифа бажариш, ҳалол йўл билан кўнгил ёзиш, оилавий ва эр-хотинлик ҳаёти бўлса ҳам, барибир.

Буларнинг барчаси ибодат ва диний хизмат ҳисобланади.
Аксинча, агар амал Аллоҳнинг розилигини талаб қилишдан, Унинг амрларига бўйсунишдан, қайтарганларидан қайтишдан холи бўлса, дунёвий ҳисобланади. Агар ўша амал фарз намоз, ҳижрат, жиҳод, зикр, тасбеҳ ва Аллоҳнинг йўлидаги уруш бўлса ҳам, барибир. Уларни қилган одам савоб олмайди, ўзига офат бўлиб қайтади.


Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга армуғон этган бешинчи улкан хизмат туфайли дин билан дунё орасидаги ажралиш йўқ бўлди. Доимий хусумат ва душманликда келаётган бу икки нарса бир-бири билан дўстлашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бирлик ва дўстлик Пайғамбаридирлар.
У зот инсониятни икки бир-бирига қарама-қарши жабҳадан олиб, иймон ва савоб, башариятга меҳр, Аллоҳнинг розилигини талаб қилиш жабҳасида бирлаштирдилар. У зот бизга қуйидаги жамловчи дуони ўргатдилар:
«Роббимиз! Бизга дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин» (Бақара сураси, 201-оят).


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримдаги «Менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир» ояти (Анъом сураси, 162-оят) ила мўминнинг ҳаёти бир-бирига зид бўлган турли-туман бўлакларнинг йиғиндиси эмас, балки ибодат ва савоб руҳи соҳиби бўлган яхлит бирлик эканини эълон қилдилар. У ҳаётни Аллоҳга иймон ва Унинг амрларига таслим бўлиш бошқариб боради. Бу нарса ҳаётнинг барча шўъбаларини, кураш майдонларини, ҳамма турдаги амалларни ўз ичига олади. Фақатгина ихлос, яхши ният ва Аллоҳнинг розилиги ирода қилинса ва пайғамбарлар келтирган тўғри йўналишда бўлса, бўлди. Мана шуларнинг ўзи у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирлик, иноқлик, жипслик, камолот Пайғамбари эканларига ёрқин далилдир. Шу билан бирга, у зотнинг башорат берувчи ва огоҳлантирувчи эканларига далолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дин билан дунёнинг орасидаги айрилишга барҳам бердилар. Ҳаётни борлигича ибодатга айлантирдилар. Ерни борлигича масжидга айлантирдилар.


У зоти бобаракот инсониятнинг қўлидан тутиб, бир-бирига қарама-қарши уришаётган жойларидан амали солиҳ, инсониятга фойдали хизматлар ва Аллоҳнинг розилигини изловчи жабҳага олиб келдилар. Бунда подшоҳларни фақирлар жандасида, зоҳидларни подшоҳлар зийнатида, ҳилм тоғларини, илм уммонларини, тунги обидларни, кундузги отлиқларни ажойиб бир уйғунликда кўрасан.


«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди


Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Раҳматнинг кўринишларидан энг улуғи ва олий чўққиси бир кишининг бутун бошли инсониятни ҳалокатдан сақлаб қолишидир. Ҳалокат билан ҳалокат, хатар билан хатар давоми...

1492 15:28 / 10.11.2022
ЎРТА ШАРҚ НАСРОНИЙЛАРИ ВА МУСУЛМОНЛАРИ. Арабистон ҳудудидан ташқарига чиқишда араблар икки халқ ndash Ғарб насронийлари ва Форс зардуштийлари билан жанг қилишга давоми...

9527 05:00 / 24.02.2017
Аллоҳнинг фаришталарига бўлган иймон ҳам катта ҳикматларга эга. Фаришталарга иймон ҳар бир шахс, жамият ва барча инсоният учун кони фойдадир. Аллоҳнинг инсон давоми...

1914 09:44 / 15 январь
АМИР МУОВИЯ 661680 йиллар. Биз яна сал орқага қайтишимиз лозим. Эсласангиз, Амир Муовия халифаликнинг Имом Хасан халифа деб эътироф этган шарқий қисми чегараларидан давоми...

8024 05:00 / 24.02.2017
Аудиолар

137675 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57734 14:35 / 11.08.2021