1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Нафл рўзалар ҳақида ҳадислар

03:30 / 05.04.2023 1674 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазондан бошқа ойнинг рўзасини тўлиқ тутганларини кўрмадим. Шаъбонда тутганчалик кўп рўза тутганларини ҳам кўрмадим. Унинг озгина рўзасини тутмас эдилар, холос. Ҳаммасини тутар эдилар десак ҳам бўлаверади».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган.

Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига: «Бу ойнинг ўртасидан бирор нарса тутдингми?» дедилар. Ҳалиги киши: «Йўқ», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, Рамазондан кейин оғзинг очиқ бўлганда унинг ўрнига икки кун рўза тут», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир кундаги солиҳ амал Аллоҳ учун (зулҳижжадаги) ушбу ўн кунчалик маҳбуб эмас», дедилар...»
Термизий, Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Умму Салама ёки Ҳафса розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зул­ҳижжанинг тўққиз кунида ва Ашуро кунида рўза тутар эдилар».
Абу Довуд, Насоий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги йилнинг ва ундан ке­йинги йилнинг каффорати бўлур», дедилар».
Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан Арафа куни рўзаси ҳақида сўрашди. У шундай деди:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар ва Усмонлар билан бирга ҳаж қилганман. Улар Арафа куни рўза тутишмаган. Мен у куни рўза тутмайман, тутишни амр ҳам қилмайман, наҳий ҳам қилмайман».
Насоий ва Термизий яхши санад билан ривоят қилишган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Ҳар ойда уч кун рўза тут, чунки бир яхшилик ўн баробардир. Ана ўша йил давомидаги рўзага тенгдир», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилишган. Муслим ва Абу Довудларнинг ривоятида: «Ҳар ойда уч кун рўза тутиш Рамазондан Рамазонгача йил бўйи рўза тутганга тенгдир», дейилган.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳар ойда уч кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутганга тенгдир», дедилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла бунинг тасдиқини ўз Китобида нозил қилди: «Ким бир яхшилик қилса, унга ўшанинг ўн мисли берилур. Бир кун ўн кунга тенгдир».
Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ деган.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан душанба куннинг рўзаси ҳақида сўрашди. У зот: «Мен ўша кунда туғилганман. Қуръон ҳам менга ўша кунда нозил қилинган», дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ўз молининг талабида Водил-Қуро томон жўнади. У душанба ва пайшанба кунлари рўза тутар эди. Ходими унга: «Нима учун қари чол бўлатуриб душанба ва пайшанба кунлари рўза тутасиз?» деди. «Аллоҳнинг Пайғамбари бу икки куннинг рўзасини тутар эдилар. Бу ҳақда сўрашган эди, шундай деди: «Бандаларнинг амаллари душанба ва пайшанба кунлари арз қилинади. Менинг амалим арз қилинганда рўзадор бўлишни яхши кўраман», дедилар».
Сунан эгалари ривоят қилишган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Аллоҳга энг маҳбуб рўза Довуд алайҳиссаломнинг рўзасидир. У зот бир кун тутиб, бир кун очар эдилар. Аллоҳга энг маҳбуб намоз Довуднинг намозидир. У зот кечанинг ярмида ухлаб, учдан бирида бедор бўлар, сўнг олтидан бирида ухлар эдилар», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга менинг «То тирик эканман, умримни тунлари қоим, кундузи соим бўлиб ўтказаман», деганим етиб борибди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу гапни айтган сенмисан?» дедилар. «Ҳа, мен шундай дедим, эй Аллоҳнинг Расули», дедим. «Сен бунга қодир бўла олмайсан. Сен рўза ҳам тут, лекин оғзинг очиқ ҳам бўлсин. Ухлагин ҳам, лекин бедор ҳам бўл. Ҳар ойдан уч кун рўза тут, чунки бир яхшилик ўн мисли чадир. Ана шу йил бўйи рўзадек бўлур», дедилар. «Мен бундан афзалига ҳам тоқат қиламан», дедим. «Унда бир кун рўза тутиб, икки кун оғзинг очиқ юр», дедилар. «Мен ундан афзалига ҳам қодирман, эй Аллоҳнинг Расули», дедим. «Унда бир кун рўза тут, бир кун оғзинг очиқ бўл. Бу Довуд алайҳиссаломнинг рўзаси. У энг яхши рўзадир», дедилар. «Мен ундан афзалига ҳам тоқат қиламан», дедим. «Бундан афзали йўқ!» дедилар».
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айт­ган уч кунни қабул қилганим мен учун аҳлимдан ҳам, молимдан ҳам маҳбуброқ эди».
Бошқа бир ривоятда:
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Бундай қилма. Рўза ҳам тут, оғзинг очиқ ҳам бўлсин. Бедор ҳам бўл, ухлагин ҳам. Жасадингнинг ҳам сенда ҳаққи бор. Икки кўзингнинг ҳам сенда ҳаққи бор. Жуфти ҳалолингнинг ҳам сенда ҳаққи бор. Зиёратчингнинг ҳам сенда ҳаққи бор. Сенга ҳар ойда уч кун рўза тутишинг етади», дедилар» дейилган.
Яна бошқа бир ривоятда эса:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Сен доимий рўза тутиб, тунни бедор ўтказар эмишсан?» дедилар. «Ҳа», дедим. «Бундай қиладиган бўлсанг, кўзинг заифлашади, нафсингга ҳам малол келади. Ким йил бўйи рўза тутса, рўза тутмабди. Уч кун рўза тутиш йил бўйи рўза тутган кабидир», дедилар» дейилган.
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Макка фатҳ бўлганда Фотима келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чап томонларига, Умму Ҳониъ ўнг томонларига ўтирди. Чўри қиз бир идишда ичимлик келтириб, у зотга тутди. У зот ундан ичдилар, сўнгра Умму Ҳониъга тутдилар. У ҳам ундан ичди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, оғзимни очиб юбордим, рўзадор эдим», деди. «Бирор нарсанинг қазосини тутаётган эдингми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Агар нафл бўлса, ҳечқиси йўқ», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Нафл рўза тутувчи ўз нафсининг аминидир [ёки амиридир]. Хоҳласа тутади, хоҳласа очиб юборади», дедилар.
«Сунан» эгалари ва Имом Аҳмад ривоят қилишган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Менга ва Ҳафсага таом ҳадя қилинди. Икковимиз рўзадор эдик, оғзимизни очиб юбордик. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирган эдилар, у зотга: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ҳадя қилинган эди. Иштаҳамиз очилиб, оғзимизни очиб юбордик», дедик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳечқиси йўқ. Ўрнига бошқа куни рўза тутиб қўйинглар», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз таомга чақирилсаю, рўзадор бўлса, «Мен рўзадорман» деб айтсин», дедилар».
Бошқа ривоятда:
«Бирортангизни таклиф қилишса, қабул қилсин. Оғзи очиқ бўлса, еяверсин. Рўзадор бўлса, намоз ўқисин», дейилган.
Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан, у синглиси розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шанба куни сизга фарз қилинган рўзадан бошқа рўза тутманглар. Агар бирортангиз узум донаси пўчоғини ёки дарахт шохини топса ҳам шимиб олсин», дедилар».
Сунан эгалари ривоят қилишган. Ҳоким саҳиҳ деган.

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан шавволдан ҳам олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга кириб: «Бирор нарсангиз борми?» дедилар. «Йўқ», дедик. «Ундай бўлса, мен рўзадорман», дедилар. Сўнгра бошқа бир куни олдимизга келган эдилар, «Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ҳийс (таом) ҳадя қилинди», дедик. «Қани, кўрсат-чи, рўза ният қилган эдим», дедилар ва ундан едилар».
(Тамом)


«Мўминнинг қалқони» китоби асосида тайёрланган


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.
 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Барча гўзал хулқларнинг энг буюк асоси бу сабрдир. Сабр ndash барча разил хулқлардан покланишликдир. У нафсни Аллоҳнинг розилиги ва савобини талаб қилган ҳолда У Зот давоми...

4915 09:00 / 28.03.2023
Ҳақиқий рўза ёлғон ва ғийбатдан тийилишдир Рамазон рўзасини бизларга фарз қилган Аллоҳ азза ва жаллага ҳамдлар, тунларини ибодат билан бедор ўтказишни суннат давоми...

3914 03:30 / 02.04.2023
Маълумки, Рамазон ойида ҳилолни янги чиққан ойни кўриш билан рўза тутиш бошланади ва шавволнинг ҳилолини кўриш билан тугатилади. Рамазон арафасида, шаъбон давоми...

5582 19:43 / 13.05.2018
Саҳарлик этиш ва уни кечиктириш мустаҳаб. Имом Бухорий ва Муслим Зайд ибн Собит розийаллоҳу анҳудан ривоят этишларича, Зайд айтадилар .Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

6432 03:30 / 01.04.2023