1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Бу ҳам Қуръонми? (еттинчи мақола)

13:30 / 02.12.2021 3466 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу маънодаги далилларни яна бир неча саҳифа давом эттириш мумкин. Аммо мана шу далилларнинг ўзиёқ иймон ва инсофи бор киши учун етарли бўлса керак. Шу билан бирга, агар воқеъликка назар ташласак, динимизнинг бу борадаги ҳукми ҳам нақдар ҳақ ва ҳикматли эканининг гувоҳи бўламиз.

Ушбу мақоланинг ёзилишига туртки бўлган китобни қўлга олиб варақлар эканман, унинг «жисми исмига мос» бўлмаганидан ажабландим. У муаллифнинг асарлари тўпламининг учинчи жузи экан. Муаллиф унда «Қуръон табдили»га киришишдан олдин Қуръони Карим тарихи ҳақида қисқача тўхталибди. Афсуски, унда талайгина яхши маълумотлар бериш билан бирга бир қанча хато ва чалкашликларга ҳам йўл қўйган.

Ундан кейин янги «Қуръон ёзуви»нинг истилоҳлари билан таништирилган. Унда аввало ҳарфларнинг номлари хато берилган. Қолаверса, фақатгина айрим нутқ товушлари ҳақида тўхталган, холос, аксар нутқ товушлари борасида эса умуман ҳеч гап йўқ. Бунинг устига нутқ товушлари борасида берилган ўша узди-юлди маълумотлар ҳам хатога тўла. Баъзиларида тамоман тескари таърифлар ҳам топилади. Умуман олганда, истилоҳлар жуда ҳам оз ва чала бўлгани яққол кўриниб турибди.

Муаллиф ишнинг савийясини пайқаганданми ёки масъулиятни ўзидан узоқлаштириш мақсадидами, ўқувчиларга араб имлосини билган кишиларга мўлжалаб ёзилган тажвид китобларини тавсия қилибди. Ахир, уларни ўқий оладиган одамга Қуръонни кирилл алифбосида ёзиб беришнинг нима кераги бор? Қуръонни кирилл алифбосида ўқийдиган кишига эса, у китобларнинг умуман аҳамияти йўқ.

Буларнинг ҳаммасини бир четга қўйиб, асосий мақсадга ўтдим.  Биринчи бўлиб кўзим Фотиҳа ва Бақара сураларига тушди. Қарасам сураларнинг номлари хато ёзилибди. Бунга ҳам майли, чунки сура номлари Қуръон ҳисобланмайдику, дедим. Кейин басмалани ўқидим. Унинг ҳаммаси битта сўзми ёки бир нечта сўзми, қайси ҳарф қайси сўзга тегишли, мабода тўхтамоқчи бўлсам, қаерда тўхташ мумкин, ‒ буларнинг бирортасини билишнинг умуман иложи йўқ эди. Бунинг имконини топа олмабди-да, дедим­у, ўқишга киришдим. Қарасам, шу биргина қисқа жумланинг ўзида учта хато турибди. Хато десам, сиз уни умумий маънодаги хато деб тушунманг, мен бу ерда муаллиф ўзи қабул қилган истилоҳларга нисбатан содир бўлган хатоларни назарда тутмоқдаман. Кейин пастга қараб ўқиб тушдим. Уларда хатоларнинг адади қуйидагича эди: Иккинчи оятда учта, учинчи ва тўртинчида иккитадан, бешинчида битта, олтинчида бешта ва ниҳоят суранинг охирги оятида тўртта. Энди ҳар намозда ўқиладиган, кўпчилик биладиган ушбу етти оятли қисқагина сурада 20та хато бўлгач, 50, 100, 200 оятли бошқа катта сураларда нима бўлиши мумкин?

Келинг, гапимиз қуруқ бўлмасин учун бошқа сураларга ҳам бир назар ташлаб кўрайлик. Маълумки, айрим суралар махсус суратда ўқиладиган маълум ҳарфлар билан бошланади. Жумладан, Бақара сураси ҳам. Унинг биринчи ояти «алиф», «лам» ва «мим» ҳарфларидан таркиб топган. Уларнинг қандоқ ўқилиши одатда устоздан ўрганилади ва қоидасини тажвид китобларидан топилади. Нима бўлганда ҳам, ёзув нутқнинг ифодаси бўлгандан кейин, сўзни ҳеч бўлмаса қабул қилинган истилоҳлар асосида тўғри ифодалаш керак. Китобда суранинг ушбу биринчи оятидаги учала ҳарф ҳам хато ёзилган. Мен Бақарадан ташқари яна бешта сура ҳам айнан ушбу ҳарфлар билан бошланишини ўйладим-да, дарҳол уларни очиб қарадим. Ишонасизми йўқми, ушбу уч ҳарф олти сурада уч хил ифодаланган, лекин уларнинг бирортасида ҳам бирорта ҳарф тўғри ифода этилмаган. Ҳолбуки барчасининг ўқилиши бир хил. Суранинг биринчи энг қисқа ва содда ояти мана шу ҳолатда ёзилгандан кейин, бошқа узун, мураккаб оятларда нима ҳам бўлиши мумкин? Булар, юқорида айтилганидек, қабул қилинган истилоҳлар татбиқидаги хатолар, холос.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу мавзу Улуми Қуръондаги энг нозик мавзулардан бири ҳисобланиб, уламоларимиз унга катта аҳамият берганлар. Бу мавзуга киришдан олдин ушбу икки нарса ndash муҳкам давоми...

3780 13:00 / 23.06.2020
Эй иймон келтирганлар Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун давоми...

6931 05:00 / 23.01.2017
биринчи мақолаҚуръони Карим ва Суннатдаги насх тўрт турли бўлади. Қуйида мазкур турлар ҳақида батафсил сўз юритишга ҳаракат қиламиз.Биринчи қисмҚуръоннинг давоми...

4693 11:20 / 14.04.2020
Қуръони карим Аллоҳ таолонинг башариятга юборган Муқаддас Китобидир. Раббимиз уни ўқишимиз, унда ёзилганлари тўғрисида фикр юритишимиз ва шу тарзда умримиз давоми...

7422 08:58 / 21.09.2019