1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Ҳайит намози ўқилмайдиган бўлди. Ўрнига уйда Зуҳо намози ўқиш тавсия этилди

23:37 / 16.07.2021 5321 pdf Ўқиш режими + -

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг Қурбон ҳайити намози юзасидан фатвоси эълон қилинди. Қуйида фатво матни тўлиқ ҳолда келтириб ўтилади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм,

Муҳтарам мўмин-мусулмон биродарлар, азиз юртдошлар!

Жаҳон оммавий ахборот воситалари тарқатаётган хабарларга кўра, қарийб бир ярим йилдан бери инсониятга синов, имтиҳон бўлиб келган вабо – коронавирус пандемияси учинчи, айрим мамлакатларда тўртинчи тўлқин тарзида намоён бўлмоқда. Аллоҳга шукрки, ўтган йили ҳукуматимиз ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси амалга оширган қатор чора-тадбирлар сабаб ушбу касалликнинг оқибатлари бирмунча енгил кечди. Аммо бу йилги ёз чилласи кириб келиши билан вируснинг тарқалиши яна авж олди.

Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим асослардан биридир. Уларга зарар етадиган ҳолатларда шариат ўз талабларини инсониятга енгиллатади.

Мамлакатимизда касалликнинг кенг ёйилиб кетиши олдини олиш, унинг асоратларини енгиллатиш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жамоат жойларида тўпланмаслик, йирик тантана ва тадбирлар ўтказмаслик, ниқоб тақиш, ўзаро масофа сақлаш ва вакцина олиш бўйича чора-тадбирлар шулар жумласидандир.

COVID-19 вабоси асосан, ҳаво-томчи, қўл бериб сўрашиш каби ҳолатларда юқади. Шундай экан, жамоа бўлиб тўпланиш ҳолатлари ушбу хатарли вируснинг тарқалишига асосий сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўрадир” (Бақара сураси, 195-оят).

Бу оятда мўмин-мусулмонлар ҳалокатга сабаб бўладиган ишлардан тийилишга буюрилган.

Абу Саъид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ислом динида зарар бериш ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар.

Демак, ҳадиси шарифда инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлишга буюрилган.

Мўътабар фиқҳий китобларимизда:

“Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”; яъни: “Қийинчилик енгиллатишни жалб қилади” каби фиқҳий қоидалар келтирилган. Шулардан келиб чиқиб, шариат инсон ҳаётига зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ўз талабларини енгиллатади ва одамларга бир қанча рухсатлар беради.

Шариатимиз кўрсатмаларига биноан, фавқулодда вазиятлар юз берганда, масалан, қаттиқ ёмғир, изғирин совуқ бўлганда масжид жамоатига чиқмаслик узр ҳисобланади. Бунга қуйидаги ҳадис далил бўлади:

Абдуллоҳ Ибн Ҳорис разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Ибн Аббос разияллоҳу анҳу қаттиқ ёмғир ёққан кунда муаззинларига: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ”, “Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ”ни айтганингиздан кейин “Ҳаййа ъалас солаҳ”(намозга келинглар)ни айтманг, балки (соллу фий буютикум)“уйингизда намоз ўқинглар” деб айтинг”– дедилар.

Шунда баъзи одамлар бундан норози бўлишди. У зот: бу гапимдан ажабландингизми? Ваҳоланки, бу нарсани мендан кўра яхшироқ Зот (яъни, Расулуллоҳ) қилганлар. Албатта, жамоат намози қатъий ҳукмдир, лекин мен сизларнинг уйларингиздан чиқиб, лой ва балчиқларни босиб юришингизни хуш кўрмайман” дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Ҳадиси шарифда вабо чиққан жойга кирмаслик, агар ўша ерда бўлса, у ердан чиқиб кетмаслик буюрилган. Бу – касалликнинг олдини олишнинг энг яхши чорасидир. Бунинг устига, жамоат жойлари ва бошқа катта тадбирларда бу вируснинг тарқалиш эҳтимоли катта бўлади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши қуйидаги фатвони эълон қилади:

1. Қурбон ҳайити намозида катта жамоат бир жойда жамланишини инобатга олиб, пандемия янада авж олмаслиги, вабо оқибатларини юмшатиш мақсадида шу куни ийд намози адо этилмайди, ўрнига уйда Зуҳо намозини ўқиш тавсия этилади.

2. Жума намозларидан (юқоридаги сабабларга кўра вақтинча ўқилмайди) бошқа намозлар барча карантин талабларига риоя қилган, яъни ниқоб таққан ва оралиқ масофани сақлаган ҳолда, масжидларнинг очиқ саҳнларида адо этилади. Масжидларда қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришиш қатъиян таъқиқланади.

3. Иситма, йўтал каби касаллик аломатларини ўзида ҳис қилганлар, кексалар ва кичик ёшдаги болаларга жамоат намозларида иштирок этиш тавсия этилмайди.

4. Ёши улуғ кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олиш ҳамда ҳайит билан табриклаш ва бошқа миллий урф-одатлар билан боғлиқ анъаналарни алоқа воситалари орқали амалга ошириб туриш тавсия этилади.

5. Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида, хонадонларда ўқилади. Марҳумларнинг ҳақларига қилинадиган дуои фотиҳаларни қатъий равишда юртдошларимиз ўз хонадонларида, оила даврасида бажарсинлар, фотиҳагарчиликларга боришдан ҳамда ўтганларнинг қабрларини зиёрат қилишдан сақланиб турсинлар.

6. Мўмин-мусулмонлар имкон қадар касалликнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида қурбонлик гўшти эҳсонларини тарқатишда карантин талабларига қатъий риоя этсинлар.

7. Пандемия вазиятида озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларнинг нархини ошириш, бозорлар ва дўконларда сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаромдир.

8. Вакцина олмаслик, унинг таркиби тўғрисида бўлмағур гапларни тарқатиш дуруст эмас. Давлатимиз барча талабларга жавоб берувчи вакциналар воситасида оммавий равишда эмлаш ишларини амалга ошираётган экан,барча юртдошларимиз ўзларини ва оила аъзоларини, шифокорлар билан келишган ҳолда, эмлатишлари мақсадга мувофиқ бўлади.

9. Эҳтиёжмандлар, ногиронлиги борлар, вақтинча ишсизларга эҳсон кўрсатишнинг айниқса ушбу кунлар ва ойларда савоби улуғдир. Хайрия ва эҳсон тадбирларини “Вақф” жамғармаси орқали ёки бевосита амалга ошириш тавсия этилади.

10. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, унинг вилоятлардаги вакилликлари ходимлари ва имом-хатиблар ушбу фатво мазмун-моҳияти бўйича аҳолининг кенг қатламлари орасида батафсил тушунтириш ишларини амалга оширсинлар.

Аллоҳ таоло ушбу касалликни тез кунларда бартараф этишини ҳамда халқимизнинг ҳаёти тинчлик ва осойишталикда давом этишини Яратгандан илтижо қилиб қоламиз!

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
6 август куни .Вақф, хайрия жамоат фонди ва Islom.uz портали ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.Англашув меморандумини фонд бошқарув раҳбари Жалолиддин давоми...

4003 09:59 / 07.08.2018
Мамлакатимизда фуқароларнинг бошқа ҳуқуқ ва эркинликлари қатори виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.Ана шундан давоми...

1961 22:06 / 20.10.2021
Сўнгги етти йил мобайнида Диний ишлар вазирлиги МRА мутасаддилари аҳолининг катта қисми жойлашган мамлакатда қанча масжид ва намозхоналар фаолият давоми...

1921 13:55 / 30.03.2021
2023 йил 11 декабрь куни .Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, жомеъ масжидига Ҳиндистон бош муфтийси, машҳур олим, .Сунний маданият маркази, раҳбари, фазилатли шайх Абу давоми...

2268 17:39 / 11.12.2023
Аудиолар

210823 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130086 14:35 / 11.08.2021