1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон

12:30 / 07.02.2021 1330 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(учинчи мақола)

Ибн Ҳиббон Имрон ибн Ҳусайн айтган ҳадисни келтирганлар:

ان النبي قال لرجل اصمت من سرر شعبان شيئا قال لا قال اذا افطرت فصم يومين

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишидан: «Шаъбоннинг охирида бирор кун рўза тутдингизми?» – деб сўрадилар. У киши: «Йўқ», – деди. У зот: «Рамазондан кейин икки кун рўза тутинг», – дедилар».

Бу хабар билан бажарилмай қолган ишнинг бажарилиши жоиз эмаслигини эслатганлар. Бу гўё Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша деворга сўзана илганларида: «Деворни ҳам тўсасизми?!» – деган гаплари кабидир. Шавволдан икки кун рўза тутишга буюришлари билан шаъбоннинг охирида рўза тутиш жоиз эмаслигига ишора қилганлар.

Агар бу иш зарур бўлганида, унинг қазосини тутишга буюрардилар.

Ибн Ҳиббон «Мен Мусо алайҳиссаломнинг олдиларидан ўтдим. У киши қабрда намоз ўқиётган эдилар» ҳадисини изоҳлаб: «Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни қабрларида тирилтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у ердан ўтганлар. У кишининг қабрлари Мадина билан Қуддус ўртасидаги Мадян деган жойда», – деганлар.

Анасдан ривоят қилинган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кечада барча аёлларини айланиб чиқар эдилар. У кишининг тўққизта хотинлари бор эди», – дейилган. Дастувоийнинг Қатодадан айтган ҳадисида: «Ўн битта аёлларини айланиб чиқар эдилар», – дейилган.

Ибн Ҳиббон айтадилар: «Қатода Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага илк бор келганларида ўн битта аёллари бўлганлигини ривоят қилганлар. Анас биринчи ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги марта Мадинага келганларида тўққизта аёллари бўлганлигини ҳикоя қилганлар. Бу иш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида бир неча марта содир бўлган».

Биз айтамизки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага дастлабки келганларида, Савда онамиздан бошқа аёллари йўқ эди. Сўнгра ҳижрий тўртинчи йилгача у кишининг аёллари тўрттадан кўп бўлган эмас. Ҳафса ва Умму Саламага ҳижрий учинчи йилда уйланганлар. Бундан олдин Савда ва Оишаларгина никоҳларида эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг никоҳларида бир вақтнинг ўзида ўн битта аёл жамланганини билмаймиз.

Ибн Ҳиббон айтадилар: «Одамлар: «Исмоил ва Довуд ораларида минг йил бор эди», – дейиш билан Абу Зарр айтган: «Мен Расулуллоҳдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, Масжиди Ҳаром билан Масжиди Ақсо ўртаси қанча йил?» – деб сўраганимда, у зот: «Қирқ йил», – деб жавоб бердилар», – дейилган ҳадиснинг нотўғрилигини исботлаганлар».

Ибн Ҳиббон Ибн Умарнинг: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида умра қилдилар», – деган ҳадислари ҳақида: «Катта олим ҳам (Ибн Умар) баъзида унутиши мумкин. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт марта умра қилганлар: аввалгиси – қазо умраси (Ҳудайбиядан кейинги Рамазон ойидаги умра); иккинчиси – Макка фатҳ қилинган йилнинг Рамазон ойидаги умра; учинчиси – Ҳавозандан қайтаётганда Жиъронадаги шаввол ойи умраси; тўртинчиси – ҳажлари билан қилган умралари», – деганлар.

Ўқиганингиздек, Абу Ҳотим баъзи хатоларга йўл қўйганлар.

Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ»ларида Анасдан ривоят қилишган:

اعتمر نبي الله اربع عمر كلهن في ذي القعده إلا التي من حجته عمره الحديبية وعمرته من العام المقبل وعمرته من الجعرانة

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўртта умра қилдилар. Ҳаммаси зулқаъдада эди. Фақатгина ҳаж билан бирга қилган умралари зулҳижжада эди. Ҳудайбия умраси, ундан кейинги йилдаги умра, Жиъронада қилган умралари».

Ибн Ҳиббон: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки хутба ўртасида ўтирганларида бир нарса ўқир эдилар», – деб айтганлар, аммо у нарса нима эканини зикр қилмаганлар.

Ибн Ҳиббон 354 йили 80 ёшда Сижистоннинг Буст шаҳрида вафот этганлар. У кишининг ҳадислари менга олий санад билан етиб келмаган.

Менга Мусаллам ибн Муҳаммад Аллоний ёзиб бердилар. У кишига Абул Юмн Киндий, у кишига Абу Мансур Шайбоний, у кишига ҳофиз Абу Бакр, у кишига Абу Муъоз Абдурраҳмон ибн Муҳаммад 413 йили ҳажга келганларида, у кишига Абу Ҳотим Тамимий хабар берганлар. У кишига Абу Халифа, у кишига Қаънабий Шуъбадан, у киши Мансурдан, у киши Рибъийдан, у киши Абу Масъуддан ҳадис айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

ان مما ادرك الناس من كلام النبوة الاولى اذا لم تستحي فاصنع ما شئت

«Одамларга «Уялмасанг, хоҳлаганингни қилавер» деган ҳикматли сўз ўтган пайғамбарлардан етиб келган», – дедилар».

Бизга Аҳмад ибн Ҳибатуллоҳ, у кишига Абу Равҳ Абдул Муъиз ибн Муҳаммад, у кишига Зоҳир ибн Тоҳир, у кишига Абу Бакр Байҳақий, у кишига Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Мансур Нуқоний, у кишига Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон хабар берганлар. У кишига Аҳмад ибн Ҳасан Суфий айтиб берганлар (ҳадис қуйида келади).

Бошқа санад: Бизга Аҳмад ибн Исҳоқ, у кишига Аҳмад ибн Сурмо ва Фатҳ ибн Абдуллоҳ, уларга Муҳаммад ибн Умар, у кишига Ибн Нақур, у кишига Али ибн Умар Ҳарбий хабар берганлар. У кишига Суфий, у кишига Яҳё ибн Маъийн, у кишига Абда Ҳишом ибн Урвадан, у киши Мусо ибн Уқбадан, у киши Абдуллоҳ ибн Амр Авдийдан, у киши Ибн Масъуддан ҳадис айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

يحرم على النار كل هين لين قريب سهل

«Дўзах ҳар бир вазмин, мулойим, меҳр-муҳаббатли, мурувватли кишиларга ҳаромдир», – дедилар».

Термизий бу ҳадисни Абда ибн Сулаймондан ривоят қилганлар ва: «Бу ҳасан ҳадис», – деганлар.

Мен қози Сулаймон ибн Ҳамзага ўқиб бердим. У кишига ҳофиз Муҳаммад ибн Абдулвоҳид, у кишига Абдул Муъиз ибн Муҳаммад, у кишига Тамим Журжоний, у кишига Али ибн Муҳаммад Баҳҳосий, у кишига Муҳаммад ибн Аҳмад Завзаний, у кишига Муҳаммад ибн Ҳиббон хабар берганлар. У кишига Ҳасан ибн Суфён, у кишига Язид ибн Солиҳ ва Муҳаммад ибн Абон Воситий, уларга Жарир ибн Ҳозим айтиб берган эканлар. У киши Абу Ражо Аторидийдан эшитганлар. У киши Ибн Аббоснинг минбардан туриб: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

لا يزال امر هذه الامة موائما او مقاربا ما لم يتكلموا في الولدان والقدر

«Ёш болалар(нинг охиратдаги манзили) ва қазои қадар тўғрисида гапирмаса, бу умматнинг иши ҳақиқатга яқин, хатардан холи бўларди», – дедилар», – деганларини эшитганлар.

Бу саҳиҳ ҳадис. Лекин олти машҳур ҳадис китобида келтирилмаган.

Бизга Яҳё ибн Абу Мансур, у кишига ҳофиз Абдулқодир, у кишига Масъуд ибн Ҳасан, у кишига Абу Амр ибн Манда, у кишига оталари, у кишига Абу Ҳотим ибн Ҳиббон хабар берганлар. У кишига Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр, у кишига Ибн Сарҳ, у кишига Ибн Ваҳб, у кишига Бакр ибн Музор ровий Авзоъийдан айтиб берган эканлар: «Бизга шу хабар етдики, Аллоҳ таоло бир қавмга ёмонлик истаса, уларнинг устига тортишув, жанжал, баҳс-мунозарани ташлаб, уларни билганига амал қилишдан чалғитиб қўяди».

Бизга Ҳасан ибн Али, у кишига Ибн Латий, у кишига Абул Вақт, у кишига Абу Исмоил Ансорий, у кишига Абдусамад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Солиҳ, у кишига оталари, у кишига Муҳаммад ибн Ҳиббон хабар берганлар: «Мисрда Усома ибн Аҳмаддан эшитдим. У киши Ибн Сарҳдан, у киши Абдурраҳмон ибн Қосимдан, у киши Моликдан: «Мен кимлардан илм ўрганган бўлсам, улар кейинчалик диний масалаларни ўзимдан сўраб олдилар», – деб айтганларини эшитганлар».

 (Тамом)

«Машҳур даҳолар сийрати» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф хотиралари Устоз Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф 1954 йил 17 май куни Андижон вилояти Марҳамат тумани Қорақўрғон қишлоғида дунёга келди. У давоми...

1418 15:28 / 19 апрель
Илмий ndash адабий меросиШоир Мажзуб ўзбек ва форс тилларда қалам тебратган мутасаввиф шоир бўлиб, асарлари алоҳида тўплам ҳолида чоп этилган. Ундан бизга илмий ndash давоми...

1579 14:00 / 28.09.2021
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида ўзбек қориларидан бири бўлмиш Зоҳидхон қори Азимбоевнинг уйларига ташриф буюрдик.Зоҳидхон қори давоми...

11149 13:40 / 10.01.2018
20асрларда яшаб, ўзидан ўчмас из қолдирган ва кўплаб қориларни етиштирган олим, фозил ва мударрис бўлиб танилган Мавлон қори Муҳаммад Қатродхўжа ўғиллари мелодий давоми...

4781 09:09 / 29.09.2021
Аудиолар

137285 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7535 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57356 14:35 / 11.08.2021