1446 йил 4 жумадул аввал | 2024 йил 06 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Хамр ҳақида ворид бўлган нарсалар

05:00 / 03.03.2017 5565 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:  «Ва хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оят-белги бордир», деган (Наҳл, 67).

Шарҳ: Наҳл сурасидаги ушбу ояти карима Қуръони Каримдаги хамр ҳақида нозил бўлган оятларнинг биринчисидир. Хурмо ва узумларни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи яратгани ҳаммага маълум. Эътибор қилган одам уларда ҳам улкан илоҳий мўъжизаларни кўради. Ҳозир у мўъжизаларни бир томонга қўйиб турайлик-да, ушбу оятда зикр қилинган нарсага эътибор берайлик.

«...хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз».

Хурмонинг ҳам, узумнинг ҳам меваси бор. Ўша мевага маълум бир усулда ишлов берилса, ундан маст қилувчи ичимлик олинади. Яна ўша меванинг ўзидан бошқачароқ йўсинда яхши ризқ олиш ҳам мумкин. Бу мевага бундай қобилиятни—турли ҳолатни қабул қилиш истеъдодини ким берди? Албатта, Аллоҳ таоло берди.

«Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оят-белги бордир».

Бу нарсаларнинг мўъжизалигини ва уларни яратган Зот–Аллоҳнинг Ўзигина ибодатга сазовор маъбудлигига белги эканини тушуниб етиш учун ақл бўлиши лозим. Ана шу ақл эгалари хурмо ва узумлар мевасидан маст қилувчи ичимлик эмас, яхши ризқ олишга ҳаракат қиладилар.

Ушбу ояти карима аввал айтиб ўтганимиздек, Қуръони Каримда маст қилувчи ичимлик ҳақида нозил бўлган тўрт оятнинг биринчисидир. Кўриниб турибдики, бу оятда маст қилувчи ичимлик ҳақида муайян бир ҳукм йўқ. Аммо унинг яхши ризққа қиёсан ёмон эканига ишора бор. Бу ишора мусулмонлар ичида маст қилувчи ичимликка қарши қуръоний тарғиботнинг бошланишидир.


Яна У Олий Зот: 

«Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз», деган (Моида, 90).

Шарҳ: Араб тилида «хамр»» сўзи «тўсиш», «беркитиш» маъноларини англатади. Тановул қилган кишининг ақлига таъсир этадиган, унинг ақлини тўсадиган, беркитадиган, бошқача айтганда, маст қиладиган ҳар бир нарсага «хамр» дейилади. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида: «Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир», дейилган. Бундан англашиладики, «Ароқдан бошқа нарсаларни ичса бўлаверадими? Ичмаса-ю, чекса бўладими?» каби саволлар, шунингдек, «Ароқнинг ўзи ҳаром эмас экан-у, маст қилиши ҳаром экан», деганга ўхшаш «шарҳ»ларнинг ҳаммаси ўринсиз ва мантиқсиз гаплардир.

«Қимор» аслида арабча сўз, аммо оятда айнан «қимор» сўзи эмас, балки унинг муродифи «майсир» сўзи келтирилган. Бу эса, осонлик билан мол топиш маъносини билдиради. Яъни, қиморнинг ҳақиқий маъносига далолат қилади.

Бут ва фол очадиган чўплар ҳақида аввалги оятлар тафсирида етарли маълумотлар берилган.

Аллоҳ таоло ушбу оятда хамр тановул қилиш ва қимор ўйнаш каби амалий гуноҳларни бутга чўқиниш ва фолбинга ишониш каби куфр ва ширк саналган улкан маънавий жиноятларга тенглаштирмоқда. Баъзи одамлар бутга чўқинишдан қаттиқ ҳазар қиладилар, ўлиб кетса ҳам бу ишни қилишга кўнмайдилар. Аммо ароқни ичаверадилар, қиморни ўйнайверадилар. Фолбинга бориш ҳақида ҳам шу фикрни айтса бўлади. Аллоҳ таоло бу ишларнинг барчасини қўшиб-жамлаб туриб, бир хил баҳо бермоқда.

«Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир», демоқда. 

Сўнгра иймон келтирган бандаларига хитоб қилиб: 

«Бас, ундан четда бўлинг», демоқда.

Яъни, мўмин бандаларнинг нажот топишларига шояд ушбу ифлосликдан ва шайтоннинг ишидан четда туриш сабаб бўлса, демоқда.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Абу Убайда, Абу Талҳа ва Убай ибн Каъбларга хурмо ғўраси ва пишган хурмодан қилинган хамрни қуйиб берар эдим. Бас, уларнинг ҳузурига биров келиб:
«Хамр ҳаром қилинди», деди.
Шунда Абу Талҳа:
«Эй Анас, тур, уни тўкиб юбор!» деди.
Мен уни тўкиб юбордим
».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Жоҳилият вақтида ҳамма хамр ичишга мубтало бўлган, бу ишга ёшу қари муккасидан кетган эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу нарсани аста-секин ҳаром қилди. Ушбу ривоятда Абу Убайда ибн Жарроҳ, Абу Талҳа ва Убай ибн Каъб каби улкан саҳобийлар ҳам хамр ҳаром қилинмай туриб уни ичганлари, ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эса, косагуллик қилганлари зикр этилмоқда.

Бу ривоятда саҳобаи киромларнинг шариат амрига қандоқ муносабатда бўлганлари ҳам яққол васф қилинмоқда. Одатда хамр тановул қилган одам баъзи нарсаларга бепарво қарайди. Энг муҳим ишлар бўлса ҳам мастлиги тарқагандан кейин қилиш учун орқага суради. Аммо саҳобаи киромларга хамр ҳаром қилингани ҳақидаги хабар келиши билан уни шу заҳоти ҳаётга татбиқ қилишга ўтганлар. Ичмай қўйиш билан кифояланмай, идишлардаги хамрларни ҳам тўкиб ташлашга ўтганлар. Ривоятларда келишича, хамрнинг ҳаромлигини баён қилувчи ояти карима нозил бўлганда кўчаларда хамр ариқ бўлиб оққан экан. Баъзи хамр ичиб ўтирган одамлар ўзларини мажбур қилиб уни қусиб юборган эканлар. Ҳа, дастлабки ихлосли мусулмонлар шариат амрини амалга оширишга ана шундоқ улкан эътибор берганлар.

Ушбу ривоятда ҳам мазкур ҳолатдан бир кўриниш васф қилинмоқда.

«Бас, уларнинг ҳузурига биров келиб: 

«Хамр ҳаром қилинди», деди. 

Шунда Абу Талҳа: 

«Эй Анас, тур, уни тўкиб юбор!» деди. 

Мен уни тўкиб юбордим».

Ҳозирги мусулмонларда шариат амрларини адо этишда айнан ана ўша ихлос ва бардавомлик етишмаслиги кўплаб мусибатларга сабаб бўлаётгани ҳаммага маълум.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Умар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарларида туриб хутба қилиб:
«Хамрнинг ҳаром қилингани нозил қилинган пайтда у беш нарсадан олинар эди: узумдан, хурмодан, буғдойдан, арпадан ва асалдан. Ақлни тўсган нарса хамрдир. Уч нарса борки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биздан ажрамасдан туриб, улар ҳақида бизга аҳднома беришларини истардим: бобо, калола ва рибонинг баъзи боблари», деди
».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Улкан саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар ўз оталари халифалик вақтларида масжидда қилган хутбасида айтган гапларини ривоят қилмоқдалар. 

Бу ривоятда икки хил масала: хамр ва саҳобалар ҳал қилишда қийинчиликка учраган баъзи масалалар ҳақида сўз кетмоқда.

«Хамрнинг ҳаром қилингани нозил қилинган пайтда у беш нарсадан олинар эди: узумдан, хурмодан, буғдойдан, арпадан ва асалдан».

Яъни, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда хамрнинг ҳаромлигини баён қилувчи ояти каримани нозил қилган пайтда Арабистон ярим оролида хамр беш нарсадан олинар эди. Лекин бундан мазкур беш нарсадан бошқа нарсалардан олинган маст қилувчи ичимликлар хамр эмас, деган гап чиқмайди. Чунки,

«Ақлни тўсган нарса хамрдир».

Яъни, истеъмол қилинганда истеъмол қилувчининг ақлига таъсир қилиб, уни маст қилувчи ҳар бир нарса «хамр» дейилади. «Хамр» сўзининг луғавий маъноси ҳам тўсишни англатади. Арабларда аёл киши бошига ўраб юрадиган тўсқич-рўмолни ҳам химор дейилади.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу гаплари умумий қоида сифатида ишлатилади ва хамрнинг ҳаромлиги нозил бўлганда Арабистонда хамр ҳисобланадиган беш турдан бошқа барча ақлни тўсувчи нарсалар ҳам хамр ҳисобланади. Уларнинг қайси нарсадан, қайси услубда олиниши ёки суюқ-қуюқ бўлиши эътиборга олинмайди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бошқа бир ҳадисларида:

«Ҳар бир маст қилувчи ва ҳар бир бўшаштирувчи хамрдир», деганлар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бошқа бир ҳадисларида:

«Ҳар бир маст қилувчи хамрдир. Ҳар бир хамр ҳаромдир», деганлар.

Шунинг учун «водка»ми, «виски»ми, «вино» ёки «пиво»ми–барибир ҳаром. Шунинг учун «морфи»ми, «наша»ми, «кокаин»ми, «кўкнори»ми–ҳаммаси ҳаром.

Энди ривоятдаги иккинчи тур, биз ўрганаётган фаслга оид бўлмаган масалаларни тушунишга ҳаракат қилайлик.

«Уч нарса борки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биздан ажрамасдан туриб, улар ҳақида бизга аҳднома беришларини истардим: «бобо», «калола» ва «рибо»нинг баъзи боблари».

Яъни, ушбу уч нарсанинг ҳукмини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин бизларга худди аҳднома ёзгандек қилиб, баён этиб беришларини орзу қилардим, деганлари.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг бу гапларни айтишига сабаб бўлган нарса бобо ака-укалар билан бирга меросхўр бўлиб қолганда мероснинг қанчасини олиши ҳақида аниқ гап бўлмагани учун саҳобалар бу масалани ечишда дастлаб анча қийналишган. Шунингдек, мерос масалаларидан бири бўлмиш «калола» масаласида ҳам анча тортишувлар бўлган.

Ҳазрати Умарнинг «рибонинг баъзи боблари» деганларида «рибо ал-фазл» деб номланган рибо ҳақида ҳам тортишувлар бўлиб, анча қийинчиликка дуч келинган. Аммо вақти-соати келиб, бу масалалар ечилди. Уларни ўтган китобларда батафсил ўргандик ҳам.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Абдулқайснинг ҳайъати Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва У зотдан набийз ҳақида сўрадилар. Бас, У зот уларни қовоқда ва ёғочдан қилинган идишда, смола суртилган ва сирғанчиқ модда суртилган кўзада набийз тайёрлашдан қайтардилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Абдулқайс арабларнинг машҳур қабилаларидан бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарлари тарқалгандан кейин уларнинг кўзга кўринган арбобларидан иборат бир гуруҳ У зотнинг ҳузурига келган, икки тараф ораларида давомли суҳбат бўлган ва абдулқайсликлар Пайғамбар  соллаллоҳу  алайҳи  васалламдан  бир  қанча масалаларни, жумладан, қандоқ идишларда набийз тайёрлаш мумкинлигини сўрашган.

«Набийз»дан мурод хурмо ёки майизни сувга солиб ивитганда ҳосил бўладиган хуштаъм, маст қилмайдиган ичимликдир. Аммо набийз тайёрлашда хатога йўл қўйилса ичимлик хамрга айланиб қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун бу ичимлик ҳақида саволлар кўп бўлади. Набийзнинг соф ва шубҳасиз бўлишида идиш ҳам муҳим ўрин тутади. Шу маънода ушбу ривоятда зикр қилинган тўрт хил идишда набийз тайёрлаш мумкин эмас.

1. Қовоқдан қилинган идишда.

Авваллари қовоқ пишганда ичидаги моддани таомга ишлатилгандан кейин сиртидан идиш сифатида фойдаланилган. Уламо аҳли, қовоқда набийз қилишнинг манъ этилиши ундаги мавжуд хусусият туфайли набийз тезда хамрга айланиб қолиши учундир, дейдилар. 

2. Ёғочдан қилинган идишда.

Арабларда асосан, хурмо ёғочидан ичимликлар сақланадиган идишлар қилиш одати бор эди. Бундоқ идишларда қилинган «набийз» ҳам тезда хамрга айланиб қолиши тажрибада кузатилгани учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларда «набийз» тайёрлашдан қайтардилар.

3. Смола суртилган идишда.

Турли нарсалардан тайёрланган идишга қуйилган суюқлик сингиб кетмаслиги учун унга худди қайиқларга суртилгани каби смола суртилган. Смола моддаси ҳам набийзни хамрга айлантирувчи омиллардан бири бўлгани учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам смола суртилган идишларда набийз тайёрлашдан қайтармоқдалар.

4. Сирғанчиқ модда суртилган кўзада.

Аввалги вақтларда лойдан қилинган кўзаларда ҳам суюқликлар сақланган ва ташилган. Ана ўша идишларнинг суюқликларни тутиб туриш қобилиятини кучайтириш ниятида уларга турли моддалар суртилган. Ўша вақтда мазкур мешкобларга суртиладиган сирғанчиқ моддаларда «набийз»ни хамрга айлантиришга омил бўладиган хусусият борлиги учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларда набийз тайёрлашдан қайтармоқдалар.

Бу ҳадиси шарифдан ичимликларни тайёрлашда, уларни сақлашда ҳам ўта ҳушёр бўлишимиз зарурлигига ундов бор. Қайси бир ичимликда хамрга айланиш хусусияти бўлса, унга нисбатан ўта аҳамият бермоғимиз лозим бўлади.


Ибн Умарга: 

«Бизга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган ичимликларни ўз тилингда айтиб, бизнинг тилимизда тафсир қилиб бер», дейилди.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «ҳантам» (лой кўза)дан, «дуббо»(ошқовоқдан), «музаффат» (смола суртилган идиш)дан ва «нақийр» (хурмонинг пўсти шилиб ташланиб, ичи ковланиб қилинган идиш)дан қайтардилар. Ҳамда мешкобларда «набийз» тайёрлашга амр қилдилар
», деди у.

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ривоятда асосан, аввалги ўтган ривоятдаги масала муолажа қилинмоқда. Лекин сиз билан биз алоҳида эътибор беришимиз лозим бўлган бир умумий қоида ҳам бор. «Набийз» тайёрлаш мумкин бўлмаган идишлар ҳақида қайта шарҳнинг ҳожати йўқ, деб ўйлаймиз. «Набийз» тайёрлаш рухсат берилган мешкоблар нималигини ҳам биламиз. Аммо алоҳида эътибор беришимиз лозим бўлган умумий қоида нима? Бу қоида ривоятнинг бошида келган жумладан олинади.

«Ибн Умарга: 

«Бизга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган ичимликларни ўз тилингда айтиб, бизнинг тилимизда тафсир қилиб бер», дейилди».

Демак, саҳобаи киромларнинг вақтларидаёқ баъзи бир истилоҳлар ҳамма ҳам тушунавермайдиган ҳолга етиб, уларни замонавий иборалар билан шарҳлаб бериш эҳтиёжи туғилиб қолган. Бу ҳолат ҳар бир тилда, ҳар бир маданиятда бўлиши табиий бир ҳол. 

Чунки тил ҳам худди тирик жисм кабидир. Ундан ишлаб вазифасини ўтаб бўлган ҳужайралар тушиб кетади ва уларнинг ўрнига янгилари пайдо бўлади. Ана ўша тилдаги ва истилоҳлардаги ўзгаришлар бошқа соҳаларда бўлса ҳамда уларда хато содир бўлса, тузатиш бир оз енгил кўчиши мумкин. 

Аммо мазкур ўзгариш ва хатолар дину диёнатга оид бўлса, оқибати оғир бўлиши турган гап. Шунинг учун бу масалада жуда ҳам эҳтиёт бўлмоқ лозим. 

Агар ушбу ўрганаётган масаламизни оладиган бўлсак, эски истилоҳдаги идишнинг номини тўғри тушунмай, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган идишда набийз қилинса, хамрга айланиб қолиши, уни мусулмонлар ичиб гуноҳкор бўлиши эҳтимоли бор.

Ҳозирда ана ўша истилоҳлардаги фарқни тўғри тушуниб етмаслик, тилдаги содир бўлган янгиликларни тўғри фаҳмламаслик оқибатида содир бўлган хатолар ҳам бор. 

Мисол учун, қадимда русларнинг пиймасига ўхшаш оёқ кийимини араблар «жавраб» деганлар. Таҳорат бобида ўрганганимиздек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур жаврабга масҳ тортишга изн берганлар. Ҳозирда эса, ип ёки унинг ўрнини босувчи юпқа нарсалардан тайёрланган юпқа пайпоққа «жавраб» дейилади. Баъзи кишилар орадаги фарқни тушунмасдан ҳозирга пайпоқларга ҳам масҳ тортса бўлаверади, деб фатво бермоқдалар.

Умуман, шариатимиз таълимотларини кенг халқ оммасига англатиш учун доимий равишда ушбу масалада иш олиб бориш лозим. Исломий илмларга мутахассис бўлган кишилар вақт топиб, имкон топиб мазкур эски сўз ва истилоҳларни ўрганишлари мумкин. Аммо кенг халқ оммаси учун бу борада на вақт ва на имкон бор. Шунинг учун, уламо аҳли диний адабиётларни халқ тушунадиган тилда баён қилиб туришлари, китоблар битишлари лозим.

Айниқса, бизнинг Мовароуннаҳр диёри шароитида турли омилларга кўра, бу масала ўта долзарб масалага айланиб қолган. Биз исломий адабиётимизни бутун боши ила қайта тузишимиз лозим.


Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен сизларни уч нарсадан қайтарган эдим. Энди мен сизларни уларга амр қилурман. Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Бас, энди уларни зиёрат қилаверинглар. Чунки уларни зиёрат қилишда эслатма бор. Мен сизларни тери идишлардан бошқадаги ичимликлардан қайтарган эдим. Бас, энди барча идишдан ичаверинг, фақат маст қилувчини ичмасангиз бўлди. Мен сизларни уч кундан кейин қолган қурбонлик гўштидан қайтарган эдим. Бас, энди уни енг ва сафарларингизда ҳам ундан ҳузурланинг», дедилар
».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда биз ўрганаётган фаслга тегишли маълумотлар ҳам, тегишли эмас маълумотлар ҳам бор. Лекин худди ўтган ривоят каби бунисида ҳам шариат руҳини тушунишимизга хизмат қилувчи ажойиб умумий қоида ҳам бор. 

Бу қоида шаръий ҳукмлар бир-бирини насх қилиши қоидасидир. Бу қоидага биноан, оят ёки ҳадисдан иборат бирор шаръий далил ила собит бўлган маълум ҳукм ундан кейин келган бошқа бир оят ёки ҳадисдан иборат шаръий далил ила ҳукмдан қолдирилишидир. 

Ушбу ҳолатда шаръий далил ҳадис орқали бўлмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадислари орқали ушбу ривоятда зикр қилинган уч ҳукмни жорий қилган эдилар. Вақт ўтиб мазкур ҳукмдан кўзланган ҳикмат собит бўлиб, мақсад ҳосил бўлгач, у ҳукм амалдан қолдирилиб, асосий ҳукм собит этилмоқда. Келинг, масалани тўлиғича ўрганиб чиқайлик.

«Мен сизларни уч нарсадан қайтарган эдим. Энди мен сизларни уларга амр қилурман».

Яъни, мен сизларни келажакда зикр қилинадиган уч ишдан ўз ҳадисларим ила қайтарган эдим. Энди ўша ҳукмларни амалдан қолдириб, мазкур қайтарилган ишларни қилаверишингизга буюраман.

«Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Бас, энди уларни зиёрат қилаверинглар. Чунки уларни зиёрат қилишда эслатма бор».

Жоҳилият даврида бутпарастликнинг авж олишига асосан қабрларни зиёрат қилишдаги хатолар сабаб бўлган эди. Ўтган аҳли солиҳ кишиларни эъзозлаш мақсадида уларнинг қабрларини зиёрат қилиб, сўнг суратларини қўйиб, кейинроқ келган авлодлар уларни яна ҳам муболағали равишда ҳурматлашлари оқибатида бора-бора ўлганлардан баъзиларини илоҳийлаштириш даражасига етиб борганлар. Шунинг учун ҳам Ислом ўзининг дастлабки босқичида, кишиларни бутпарастликдан тавҳидга чорлаш даврида қабрларнинг зиёратини ман қилган. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бир неча ҳадиси шарифлар айтганлар. Кейинчалик Ислом ақидаси кишилар қалбига мустаҳкам ўрнашиб, одамлар ширк билан тавҳид орасидаги фарқни яхши тушуниб қабр зиёрати ширкка сабаб бўлмайдиган даражага етганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадис ила аввалги ҳадисларида собит бўлган ҳукмни насх қилганлар. Қабрларни зиёрат қилишга қайтадан рухсат берганлар. Фақат рухсат берибгина қолмай ул ишга тарғиб ҳам қилганлар. «Чунки уларни зиёрат қилишда эслатма бор», деб қабр зиёратидан кўзланган асосий мақсадни ҳам баён қилганлар. 

Агар биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларнинг зиёратини манъ қилувчи ҳадиси шарифларини ўқиш билан тезда ҳукм чиқариб юборсак, ушбу ҳадисни ўқимаган бўлсак, хато қилган бўламиз. Шунинг учун шариат илмларини ўрганувчи, жумладан, ҳадис ўрганувчи киши насх ҳақида маълумотга эга бўлмаса, ўзи ҳам адашиб қолиши, ўзгаларни ҳам адаштириб қўйиши ҳеч гап эмас.

«Мен сизларни тери идишлардан бошқадаги ичимликлардан қайтарган эдим. Бас, энди барча идишдан ичаверинг, фақат маст қилувчини ичмасангиз бўлди».

Бу ҳадиси шарифдаги ичимликдан мурод «набийз» экани ҳаммамизга маълум. Чунки, аввал ўрганиб ўтганимиздек фақат «набийз»гина хамрга айланиб қолиши эҳтимоли бор ичимликдир. Арабларда юқорида айтиб ўтилганидек, хурмо, буғдой, узум, арпа ва асални сувга аралаштириб маълум идишларга солиб қўйиш ила «хамр» тайёрланар эди. Худди шу усул билан «набийз» ҳам тайёрланар эди. «Набийз» билан «хамр» орасида идиш ва унда туриш муддатида фарқ бор эди, холос. Оз муддат тургани «набийз» бўлиб, ҳалол ичимлик саналар, узоқ муддат тургани ачиб «хамр»га айланар эди. Жоҳилиятда ҳалол-ҳаромнинг фарқига борилмагани учун «набийз» билан «хамр»нинг, уларнинг орасидаги фарқларни англаш ҳам йўқ эди. 

Ислом бу нарсаларни фарқлагани учун мусулмонларга уларнинг орасидаги фарқни ўргатиш ҳам лозим эди. Бунинг учун эса маълум вақт керак эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша вақт давомида маълум бир «набийз»нинг тезда «хамр»га айланишига сабаб бўладиган идишларда набийз қилишни манъ қилдилар. Бу масала ўзлаштириб бўлинганидан кейин эса, ушбу ҳадис ила олдинги ҳукмни насх қилдилар.

«Мен сизларни уч кундан кейин қолган қурбонлик гўштидан қайтарган эдим. Бас, энди уни енг ва сафарларингизда ҳам ундан ҳузурланинг».

Ислом шариатига қурбонлик қилиш ҳукми янги киритилган пайтда жамиятда очлик ҳукм сургани сабабли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонликка сўйилган ҳайвон гўштидан қурбонлик қилувчининг уйида уч кундан ортиқ қолмаслигини, барча гўштни муҳтож кишиларга тарқатиб юбориш зарурлигини таъкидлаган эдилар. Мусулмонлар ушбу шаръий ҳукмга маълум муддат амал қилиб турдилар. 

Кейинчалик эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу биз ўрганаётган ва шунга ўхшаш бошқа ҳадиси шарифлари ила бу ҳукм насх қилинди. Мусулмонларга ўзлари сўйган қурбонлик гўштларидан уч кундан кейин ҳам фойдаланишга ижозат берилди.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Мен сизларни идишлардан қайтарган эдим. Албатта, идиш бир нарсани ҳалол ҳам қилмайди, ҳаром ҳам қилмайди. Ҳар бир маст қилувчи ҳаромдир», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари аввал маълум идишларда набийз қилишдан қайтариб чиқарган ҳукмнинг насх бўлиб амалдан қолганини эълон қилмоқдалар.  Идиш  бирор  нарсани  ҳалол  ёки  ҳаромга айлантирмайдиган нарса эканини таъкидламоқдалар. Фақатгина одамлар ўз амаллари ила набийзни ўз вақтида олмай ўтказиб юбориб хамрга айланишига сабаб бўлишларига ишора қилмоқдалар.

Демак, ичимликнинг ҳалол-ҳаромлиги унинг қандоқ идишда сақланганлигига қараб эмас, балки, унинг маст қилувчи ёки маст қилмайдиган эканига қараб бўлар экан. Шунинг учун мусулмон кишилар маст қилувчи ичимликларни ҳеч қачон ичмасликлари керак.


Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Битъ» ҳақида сўралди. У асалнинг «набийзи»дир. Бас, у зот:
«Ҳар бир ичимлик маст қилса, ҳаромдир», дедилар
».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ўша вақтда асалга сув аралаштириб маълум муддат идишда сақлаб хуштаъм набийз қилиб ичилар эди. Афтидан набийз қилаётганда вақти ўтиб кетиб «Битъ», яъни асалнинг набийзи хамрга айланиб қолиш ҳоллари ҳам тез-тез учраб турганга ўхшайди. Шунинг учун баъзиларда асалнинг набийзини ичса бўладими-йўқми, деган савол пайдо бўлиб қолган ва бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, бу саволга бевосита жавоб бермасдан умумий қоида бўладиган жавобни бердилар.

«Ҳар бир ичимлик маст қилса, ҳаромдир», дедилар.

Мана шу қоидани ҳар бир мусулмон киши яхшилаб ўрганиб олмоғи ва унга амал қилмоғи лозим. Ичимликнинг номи, қандоқ идишда сақлангани ва яна бошқа сифатлари эмас, маст қилиш-қилмаслиги эътиборли. Ҳар қандай маст қилувчи ичимлик ҳаромдир.


Ториқ ал-Жўъфий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан «хамр» ҳақида сўраганида, У зот ул кишини у нарсадан қайтардилар ёки у нарсани тайёрлашини ёқтирмадилар. Шунда у:
«Мен уни даво учун қиламан», деди.
«У даво эмасдир. У дарддир», дедилар
».

Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Саҳобалардан Ториқ ал-Жўъфий розияллоҳу анҳу хамр тайёрлаш иши билан шуғулланар эканлар. Хамрнинг ҳаром қилингани ҳақида ҳукм собит бўлганидан кейин ҳамма нарса аён бўлди. Хамрга оид ишларни қилиш ҳам ҳаром қилинди. Лекин Ториқ ал-Жўъфий розияллоҳу анҳу яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан хамр тайёрлаб сотиш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида сўрадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ториқ ал-Жўъфий розияллоҳу анҳуни хамр тайёрлашдан қайтардилар. Аммо мазкур саҳобий розияллоҳу анҳу хамрни мастлик учун ичишга тайёрламас эканлар, шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: 

«Мен уни даво учун қиламан», деди».

Демак, Ториқ ал-Жўъфий розияллоҳу анҳунинг саволи дардга даво учун хамр тайёрласа бўладими, деган маънода экан. 

Худди шу савол ҳозиргача одамлар орасида тез-тез такрорланиб туради. Баъзилар даво учун бир оз хамр истеъмол қилса бўлар экан, деган гапларни айтган ҳоллари ҳам бўлган. Хамр ҳақидаги бу саволнинг ҳақиқий тўғри жавоби эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жавобларидир.

«У даво эмасдир. У дарддир»

Демак, даво учун бир оз хамр истеъмол қилса бўлар экан, деган гап мутлақо асоссиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «хамр» даво эмаслиги ҳақидаги гаплари уни даволаниш мақсадида ҳам истеъмол қилиб бўлмаслигини англатса, «хамр»нинг дард эканини баён қилувчи гаплари илмий мўъжиза бўлиб чиқди. Хамрнинг кўпи ҳам, ози ҳам, маст бўлиш учун ичилгани ҳам, даво учун ичилгани ҳам дарддан иборат эканини илмий тажрибалар собит қилди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа бир ҳадиси шарифларида: 

«Аллоҳ умматимнинг шифосини унинг учун ҳаром бўлган нарсада қилмас», дейилган.

Ушбу ҳақиқатни ҳаммамиз яхшилаб англаб олмоғимиз лозим.


Дайлам ал-Ҳимайрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга савол бериб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, биз совуқ ерда яшаймиз. У ерда оғир иш бажарамиз. Биз мана бу буғдойдан ичимлик қилиб олганмиз. У билан ишларимизга ва юртимизнинг совуғига қувватланамиз?» дедим.
«Маст қиладими?» дедилар.
«Ҳа», дедим.
«Ундан четда бўлинглар!» дедилар.
«Одамлар уни тарк қилувчимаслар», дедим.
«Агар уни тарк қилмасалар, уларга қарши уруш қилинглар», дедилар.

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган баҳоналар ароқхўрликка мубтало бўлган шахс ва халқларда ҳозиргача такрорланиб келади. Аввалги жоҳилият одамлари ўзларининг илмсизликлари туфайли бу ноўрин баҳонани айтган бўлишлари мумкин. Аммо ҳозирги жоҳилият одамлари ароқ кони зарар эканини илмий равишда тушуниб етдилар-ку! Қандоқ қилиб ароқ оғир ишни енгиллатиши мумкин?! Аксинча, ароқ ичиб унча-мунча нарсанинг фарқига бормайдиган ҳолга тушиб олган одам иш ҳодисаларига учраб ҳалок ёки майиб бўлиши мумкин, холос. Ёхуд ўзининг соғлигига зарар бўлаётганини сезмай мастликда ишни сифатсиз бажариши мумкин. Нима бўлганда ҳам, ароқ ичиб олиб оғир иш қилган одам ҳам ўзига, ҳам жамиятига зарар етказади, холос. Оғир ишларни осонлик билан бажариш учун маст қилувчи ичимликлар қувват бўла олмайди. Бунинг учун иймон қуввати, Ислом таълимоти бўлиши керак.

Шунингдек, маст қилувчи ичимликлар об-ҳавонинг совуғига чидаш омили ҳам эмас. Аксинча, ичиб олиб, мастлик оқибатида совуқни сезмай ҳалок бўлганлар, турли беморликларга чалинганлар ҳар қадамда учрайдилар. Совуқ ёки иссиқнинг шиддатини сабот ила кўтариш учун ҳам иймон-эътиқод ва Исломга амал қилиш керак. Иймон ила иродаси мустаҳкам бўлмаган одамни ҳеч нарса оғирликларга чидамли қила олмаслиги очиқ ва равшан нарса.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кўпи маст қилган нарсанинг ози ҳам ҳаромдир», дедилар
».

Сунан эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам баъзи кишилар орасида тез-тез кўтарилиб турадиган ва фитнага сабаб бўладиган тушунмовчиликка узил-кесил жавоб бўлиб келган. Баъзи нафсининг кўйига кирган кишилар ўзларича озгина ичса маст қилмайдиган ичимликларни ичса бўлаверса керак, деган шубҳали гап тарқатиб юрадилар. Биз ёшлик пайтимизда бу нарсага мисол қилиб, пиво номли ичимликни келтирар эдилар. Уларнинг айтишича, пивони маълум миқдорда ичган одам маст бўлиб гандираклаб қолмас эмиш. Шунинг учун пивони озроқ миқдорда ичса, бўлаверар эмиш.

Ҳолбуки озгина бўлса ҳам маст қилувчи модда қўшилган ҳар қандай ичимлик ҳаромлигини ушбу ҳадиси шарифдан билиб олдик. Энди унга амал қилмоғимиз лозим. Бу ҳукмни билмаган кишиларга ҳам билдирмоғимиз зарур. Бу борада ҳар хил, билиб-билмай сўз юритадиган кишиларнинг гапига мутлақо қулоқ солмаслигимиз вожибдир.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир маст қилувчи ҳаромдир. Қайси нарсанинг бир фарақи маст қилса, унинг бир сиқими ҳам ҳаромдир», дедилар
».

Абу Довуд ва Термизий яхши санад ила ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Фарақ» ўн олти қадоқ миқдоридаги нарсани ўзига сиғдирадиган ўлчов идишидир. Бир қадоқ 449, 28 грамм. Бир сиқим эса бир кафтга сиғадиган нарсадир. Демак жуда кўп миқдорда истеъмол қилгандагина маст қиладиган нарсанинг жуда оз миқдорини истеъмол қилиш ҳам ҳаром бўлар экан.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Абу Маҳзурадан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг Расули Менга азоннинг суннатини ўргатинг,, давоми...

4078 19:00 / 19.08.2021
Интернетrdquo сўзи ажнабий тилдаги қисқартирилган жумла бўлиб, тилимизда халқаро маълумотлар тўриrdquo деган маънони англатади. Аммо бу ном ихтиёр қилинганидан давоми...

5964 05:00 / 04.03.2017
Мусулмон халқларнинг доимий равишда фатвога эҳтиёжлари тушиб туради. Халқ оммасини уламолар билан боғлаб турадиган кучли омиллардан бири ҳам фатводир. давоми...

4981 17:00 / 14.07.2019
Фиқҳ илмининг тарихига назар соладиган бўлсак, Исломнинг аввалги даврида тафсир, ҳадис, усулул фиқҳ ва бошқа илмлар каби, фиқҳ илми ҳам алоҳида илм шаклида ажралиб давоми...

4493 14:22 / 02.01.2020