1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Эркак меросхўрлар

11:05 / 27.01.2020 1635 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Бобо, агар катта боболари, яъни бобонинг отаси бўлса ҳам

Мерос илмида «бобо» деганда отанинг отаси кўзда тутилади. У «саҳиҳ бобо» ёки «собит бобо» деб ҳам аталади. Унинг маййитга улашишида аёл киши бўлмайди.

Онанинг отаси «фосид бобо» ёки «ғайри собит бобо» деб аталади. У фарз эгаси ҳам, асаба ҳам эмас.

Бобо отага ўхшаб, уч ҳолатда мерос олади. Аммо ота бор бўлса, у ҳеч нарса олмайди. Бу ҳол «Маййитга бирор восита билан улашадиган шахс ўша восита мавжуд бўлганда ҳеч нарса олмайди» деган қоидага тўғри келади.

Саҳиҳ бобонинг мерос олишига мисоллар:

а) маййитнинг ортидан ўғли ёки ўғлининг ўғли қолса, бобо фарз эгаси сифатида мероснинг олтидан бирини олади.

Агар бир киши ўлиб, унинг ортидан хотини, ўғли ва бобоси қолса, хотинга фарз соҳибаси сифатида саккиздан бир, бобога фарз соҳиби сифатида олтидан бир ва ўғилга асаба сифатида мероснинг қолгани тегади.

Агар бир киши ўлиб, унинг ортидан ўғлининг ўғли ва бобоси қолса, бобога фарз соҳиби сифатида олтидан бир ва ўғлининг ўғлига асаба сифатида мероснинг қолгани тегади.

б) ўлган кишининг ортидан фарзанд меросхўр қолмаса, собит бобо ёки мероснинг ҳаммасини олади ёки фарз соҳибларидан қолганини олади.

Агар бир киши ўлиб, ортидан хотини ва бобоси қолса, хотин мероснинг тўртдан бирини олади, бобо асаба сифатида қолган мероснинг ҳаммасини олади.

Агар бир эркак ўлиб, ортидан фақат бобоси қолган бўлса, у мероснинг ҳаммасини олади.

в) баъзи ҳолатларда бобо ҳам фарз эгаси бўлиб, ҳам асаба бўлиб, мерос олади.

Агар бир эркак ўлиб, ортидан қизи ёки ўғлининг қизи билан бирга бобоси қолса, бобо мероснинг олтидан бирини фарз соҳиби сифатида, қиздан ёки ўғилнинг қизидан қолганини асаба сифатида олади.

Бир эркак ўлиб, ортидан хотини, ўғлининг қизи ва бобоси қолди.

Мерос қолдирувчининг фарзанди бўлмагани учун хотинига мероснинг тўртдан бири тегади.

Ўғилнинг қизига эса ярми тегади.

Бобога фарз эгаси сифатида олтидан бир ва асаба сифатида қолгани тегади.

«Нисо» сурасининг 11-оятида отанинг отаси бўлган бобонинг мерос олишга ҳаққига далил келган. Аллоҳ таоло мазкур ояти каримада:

«… ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир», деган.

Бобо луғатда ҳам, урфда ҳам мажозий йўл билан отанинг ўрнига ўтади.

Имом Аҳмад ва Абу Довудлар Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг олдиларига бир киши келиб:

«Менинг ўғлим ўлди. Унинг меросидан менга нима тегади?» деди. У зот:

«Сенга олтидан бир», дедилар.

Ота бўлмаганда бобо мероснинг олтидан бирини олишига саҳобалар ҳам ижмоъ қилганлар.

Юқорида бобонинг худди ота каби мерос олиши ҳақида сўз юритдик. Энди ота билан бобонинг мерос олишлари ихтилофли бўладиган ҳолатларни ўрганамиз.

1. Ота отанинг онасини ҳажб қилади. Аммо бобо уни ҳажб қила олмайди. Демак, ота ҳаёт бўлса, отанинг онаси мерос олмайди. Аммо отанинг онаси бобо ҳаёт бўлса ҳам мерос олади.

2. Агар ўлганнинг ортидан унинг ота-онаси ва хотини қолса, хотинининг насибасидан сўнг ортиб қолган мероснинг учдан бирини маййитнинг онаси олади.

Аммо отанинг ўрнига бобо қолса, она мероснинг учдан бирини олади.

3. Ота ҳаёт бўлса, ота бир, она бир ҳамда ота бир ака-укаларни ҳажб қилади. Бобо уларни ҳажб қилмайди.

4. Бир киши қул озод қилди. Қул вафот этди. Агар ўша кишининг ўғли бор бўлса, ўзи қулнинг меросидан олтидан бирни олиб, қолган қисмини ўғли олади, чунки у асаба. Агар ўғилнинг отаси бўлмай, бобоси бўлганда, мероснинг ҳаммасини ўғил оларди. Бобо эса мерос олмаган бўлар эди.

Бир киши вафот этиб, ортидан бобоси, ака-укаси, опа-сингиллари ҳам қолган бўлса, мерос фақат бобога тегади. Чунки бобо маййитнинг ака-ука, опа-сингилларини ҳажби ҳирмон қилади.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мусулмон кофирдан мерос олмайди. Кофир мусулмондан мерос олмайди,, дедилар,. давоми...

3363 15:48 / 26.01.2019
биринчи мақола . .Уни вожиб қилувчиси ажралиб чиқаётганда отилиб, шаҳват билан келадиган манийни тушириш, закарнинг боши олд ёки орқа фарж ичига давоми...

5479 13:00 / 27.08.2020
Кофирлик ҳақида фатво бериш Динда ғулувга кетиш оқибатида асримизнинг долзарб масаласига айланган муаммолардан бири мусулмонларни .кофир, деб фатво давоми...

3351 05:00 / 06.03.2017
...Ҳайвоннинг сўйиш пайтидаги қаршилигини синдириш учун сўйишдан олдин уни баъзи бир кимёвий моддаларни бериб хушидан кетказиш жоиз. Бу ишда ҳайвонга азоб бериш давоми...

6658 05:00 / 18.01.2017