1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Қовуқни тозалаш

05:00 / 03.03.2017 7511 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Беш нарса соф исломий фитратдандир: мўйлабни қирқиш; тирноқларни олиш; қовуқни қириш; қўлтиқни юлиш; мисвок», дедилар». 


Шарҳ: Ҳақиқий инсоний одоб-аҳлоқ доирасига кирувчи бу бешта нарсанинг ғоятда муҳимлиги бугунги кунда диндан мутлақо хабари бўлмаган кишилар томонидан тасдиқланмоқда. Фитратдан бўлган бу бешта нарса ҳақида кўплаб ҳадислар келган. 

1. «мўйлабни қирқиш»

Яъни, мўйлабнинг лабнинг устига ўсиб тушган қисмини қирқиб, лабнинг қизғиш қисми яхшилаб очилиши, унга мўй-лабнинг туклари тушмаслиги керак. Шунингдек, бошқа тарафларга қараб ўсган, таритбсиз бўлиб кетадиган туклари ҳам қирқилиб турилади.

2. «тирноқларни олиш»

Бу ҳам инсоннинг соф табиати талаб қиладиган нарса. Тирноқни вақти-вақти ила қисқартиб турмаса бўлмайди. Тирноқ ўсганда тагига кир тўпланади. Бу нарса турли касалликларга сабаб бўлиши мумкин. 

Шунингдек тирноқни ўстириб юришнинг бошқа зарарлари ҳам бор. Фақатгина табиати бузуқ маданият, тирноқни ўстириб юриш маданиятдандир, демаса бошқа биров бу номаъқулчиликни айтмайди.

Олинган тирноқ ва сочларни кўмиб юбориш тавсия қилинади. Бирор овлоқроқ жойга ташланса ҳам бўлади. Лекин таҳоратхона ёки ғусл қилинадиган жойга ташлаб бўлмайди. 

3. «қовуқни қириш»

Бунда инсоннинг олд ва орқа жинсий аъзоси атрофидаги юнгларни кетказиш кўзда тутилган. Бунда ҳам ўша ҳаром юнгларни қириш шарт эмас, балки, ҳар қандай қулай услуб билан кетказилса бўлаверади. Мазкур жойларни озода тутиш ҳар бир эркагу аёлнинг соғлиги, ҳаёти учун нақадар муҳим эканлигидан динимизда бу масалага алоҳида эътибор берилган.

4. «қўлтиқни юлиш»

Қўлтиқ остида юнг ўсиши ҳар бир одам боласида бор нарса. Шу билан бирга қўлтиқ энг кўп терлайдиган ва энг кўп кирлайдиган жой. Шунинг учун шахсий озодалик масаласида бу жойга алоҳида эътибор берилади. Мусулмон одам қўлтиғи остидаги юнгни тез-тез тозалаб туриши лозим. Бу шариатнинг амри. Бир эмас, барча анбиё ва расулларнинг суннати. Аллоҳ таоло яратган асли хилқатнинг суннати. Аллоҳ таоло юборган самовий динларнинг суннати. Қўлтиқни тозалаш фақат унинг юнгини юлиш билан бўлмайди. Балки ўша юнгни қириш ёки бирор юнг туширадиган модда ила тушириш ҳам жоиз.

5. «мисвок»

Яъни, тишни ва оғизни тозалаб юриш.

Бизда мисвок қилиш, деб ишлатиладиган истилоҳ, тишни ишқалаб ювиш маъносидир. Ўша вақтда маълум бир буталарнинг, аниқроғи эса арок номли бутанинг учи юмшатилган новдалари билан тиш тозаланган. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисда умматларига машаққат бўлишини мулоҳаза қилганлари учунгина, ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этмаганларини таъкидлашларидан бу ишга қанчалик аҳамият берилганини билиб олса бўлади. 

Ғарблик олимларнинг таъкидлашларича, дунё тарихида кишиларни тишни тозалаб юришга биринчи бўлиб амр қилган шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. 

Ҳа, Ислом дини ҳали ҳеч ким тиш ювиш нима эканини билмасидан аввал, мусулмонларни тишларини тозалаб юришларини суннати муаккадага айлантириб қўйган эди. 

Уламоларимиз, таҳорат қилган одам мисвок қилмоғи суннати муаккада, деганлар. 

Баъзилари, бу иш-мустаҳаб, деганлар. Аммо нима бўлса ҳам уни қилишга ундаганлар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо мисвок қилар эдилар. Вафотларидан олдин ҳам мисвок қилиб турганлари маълум ва машҳур.

Мисвок кўпроқ арок дарахти шохларидан олинади. Уламолар ўша дарахт шохларини кимёвий таҳлил қилиб кўрдилар. Диққат билан олиб борилган кенг кўламдаги илмий ишлардан сўнг ўша дарахтдаги мавжуд моддалар ҳозирги мавжуд тиш маъжунларининг ҳаммасидан кўра тиш ва соғлик учун фойдалироқ экан, деган хулосага келинди. 

Ҳозир баъзи ширкатлар арок дарахтидан фойдаланиб, тиш маъжуни ишлаб чиқардилар. Бу ҳам ҳадиси шарифнинг илмий мўъжизаси ҳисобланади.

Бу борада келган бошқа ҳадиси шарифларда юқорида зикр қилинган ишлардан бошқа ҳам фитрат суннатлари борлиги айтилган.

Оиша розяллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўн нарса фитратдандир; мўйлабни қайчилаш, соқолни ўстириш, мисвок, бурунга сув олиб тозалаш, тирноқларни қисқартиш, баданнинг букиладиган жойларини яхшилаб ювиш, қўлтиқни юлиш, қовуқни қириш, сув ила истинжо қилиш, Мисъаб: «Ўнинчсини унитдим, менимча оғизни сув билан тозалаш бўлса керак» деди».

Бешовлари ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шариф ҳозирги ғарб маданияти Исломдан ўн беш аср кеч қолиб тарғиб қилаётган «шахсий тозалик ишлари» ҳақида сўз кетмоқда. 

Ислом бундоқ ишларни, «Фитрат суннатлари» - Аллоҳ таоло инсонни яратгандаги соф табиат ва Аллоҳ таоло инсонларга юборган соф динлар суннати, деб номлаган. 

Қаранг, номлашда ҳам қанча фарқ бор. Исломий номлаш инсоннинг Роббисининг кўрсатмаси ила бўлган. Ғарбий номлаш бўлса, маданиятни кечикиб англаган инсоннинг ўз фикридан чиққан номлашдир. Шунинг учун ҳам икки ном ўртасида осмон билан ерчалик фарқ бор.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдин «фитрат суннатлари» ўнта эканини эълон қилиб қўйиб кейин уларни бирма бир номлаб чиқмоқдалар.

6. «соқолни ўстириш»

Яъни, соқолни мўйлабга ўхшатиб қирқиб турилмайди, уни узун бўлишига қўйиб берилади. Аммо узун бўлиши қанча миқ-доргача бўлиши мумкинлиги ҳақида бир оз ихтилоф бўлган. Ўша ихтилофнинг ашаддийлашган кўриниши ҳозир ҳам баъзи-баъзида зоҳир бўлиб туради. 

Ҳанбалий мазҳаби асосида ўз фикрлари ила ижтиҳод қиладиган гуруҳлар умуман соқолга тиғ теккизиш мумкин эмас, дейдилар. Улар ўзларининг бу гапларига ушбу лафзни ва яна шу маънога яқин ҳадиси шарифларни далил қилиб келтирадилар. 

7. «Бурунга сув олиб тозалаш».

Буруннинг инсон ҳаётида тутган ўрнини гапириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Шундоқ муҳим аъзони яхшилаб, озода ҳолда тутиш ҳар бир мусулмон учун диний мажбуриятдир. Ҳар таҳоратда бурунга яхшилаб сув олиб, ичкарисига тортиб, сўнгра чиқариб ташлашни уч марта қилиш бор. Бу билан бурунга кириб қолган турли зарарли чанг-ғубор ва микроблар чиқарилиб юборилади ва инсон соғлиги учун муҳим иш амалга оширилади.

Яқинда олимлар бу борада илмий тажриба ўтказдилар. Бунинг учун бир гуруҳ намозхон ва бир гуруҳ бенамоз одамларни, яъни, бурнини доимо тозалаб юрадиган ва тозаламайдиган одамларни олдилар ва уларнинг бурунлари ичини ўрганиб чиқдилар. 

Намозхонларнинг бурунлари тоза, ичида ўз соғликлари учун зарарли нарсалар йўқлиги маълум бўлди. Бенамозларнинг бурунлари ичидан эса турли микроблар чиқди. Уларни исмлари ва миқдори рўйхатини туздилар. 

Сўнгра бурнини тозаламайдиганларда мавжуд беморликлар рўйхати тузилди. Бурнини тозалайдиганлар бу беморликлардан фориғ эканлиги аён бўлди. Агар гап чўзилиб кетиши истиҳоласини қилмаганимизда илмий нашрлардан бирида чоп этилган мақолани тўла таржима қилиб, мазкур китобга киритган бўлардик. 

Биргина шу мисолнинг ўзидан ҳам Ислом динимиз қанчалик улуғ дин эканини англаб олиш мумкин, деб ўйлаймиз.

8. «баданнинг букиладиган жойларини яхшилаб ювиш»

Бунда инсон баданининг кир тўпланиб қоладиган; бўғинлар, киндик, қўлтиқ каби жойлар кўзда тутилган. Албатта, бундоқ жойларни яхшилаб ювилмаса, кир тўпланиб одамдан нохуш ҳид чиқиши, тўпланган ифлосликлар касаллик келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

9. «сув ила истинжо қилиш»

«Истинжо» деб инсоннинг икки чиқарув        аъзосини сийдик ва ахлатдан тозалашга айтилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожатга чиқсалар, мен ва бир бола икковимиз ўзимиз билан сувли мешчани олиб келар эдик. Бас, у зот сув ила истинжо қилар эдилар», деди».  

Бешовлари ривоят қилишган.

Ҳазрати Анас айтган мешни араб тилида «Идаватун» дейилиб, теридан қилинган кичкина сув идишидир. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, албатта, олдин тош билан тозаланиб олиб, кейин сув билан истинжо қилганлар.

10. «Мисъаб: «Ўнинчсини унитдим, менимча оғизни сув билан тозалаш бўлса керак», деди».

Фитратда бор нарсаларнинг ўнинчисига келгач ҳадиснинг ровийлардан бирлари Мисъаб розияллоҳу анҳу аниқ эслаб қола олмаган эканлар. Шуни илмий омонат юзасидан, Аллоҳдан қўрқиб очиғини айтибдилар. Уламоларимиз у киши қандай айтган бўлсалар шундоқ нақл қилибдилар. 

Мисъаб розияллоҳу анҳу ўша ўнинчи нарса- «оғизни чайиш» экани эҳтимоли кучлилигини ҳам айтибдилар. Дарҳақиқат, оғизни чайиш ҳам таҳоратнинг суннатларидан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таомдан кейин, айниқса, гўштли ва ёғли таомлардан кейин оғизларини чайганлар. Оғизни доимо чайиб, тозалаб юриш қанчалик фойдали иш экани ҳаммага маълум ва машҳур. Шунингдек, вақтида оғзини чаймаслик оқибатида келиб чиқадиган ноқулайлик ва зарарлар ҳам ҳаммага маълум.

Аллоҳга ададсиз шукрлар бўлсинким, шариатимизда соғлигимиз, гўзаллигимиз, саришталигимиз учун зарур бўлган ишларни савоб ҳам оладиган ишимизга айлантириб, қўйибди.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамларни хайрли ишларга тарғиб қилишда энг аввало шу ишларга нисбатан уларнинг ҳимматини ошириш лозим бўлади. Бу эса биздан ҳар бир инсоннинг қилаётган ишларига давоми...

3022 05:00 / 06.03.2017
Исломда инсон ўзиниўзи толиқтириши ман қилинган. Агар бу толиқтириш ибодат орқали бўлса ҳам мумкин эмас. Мисол учун биров нафл намозни ҳаддан ташқари кўп ўқиб давоми...

2954 05:00 / 01.03.2017
Маддоҳлик баъзи жойларда ман қилингандир. Мадҳнинг ўзида олтита офат бор. Уларнинг тўрттаси мадҳ қилувчида, иккитаси мадҳ қилинувчидадир.Мадҳ қилувчидаги давоми...

7267 05:00 / 03.03.2017
1Аллоҳга итоат қилувчи ва дунёда бахту саодатга эришган. 2 Аллоҳга итоат қилувчи ва дунёда бахтсиз. 3Аллоҳга осий дунёда бахтли. 4Аллоҳга осий дунёда бахтсиз. давоми...

9755 13:04 / 13.01.2018