Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(иккинчи мақола)
5. Суянган нарсаси олиб ташланса, йиқилиб тушувчининг уйқуси.
Яъни бир одам бир нарсага суяниб ўтирган ҳолида ухламоқда. Агар ўша суянган нарсани олиб ташланганда йиқилиб тушса, таҳорати кетган бўлади.
عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «الْعَيْنُ وِكَاءُ السَّهِ، فَمَنْ نَامَ فَلْيَتَوَضَّأْ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَأَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кўз ортнинг боғичидир. Бас, ким ухласа, таҳорат қилсин», дедилар».
Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Агар киши мақъади – думбасини босмай ухласа, таҳорати кетади. Мисол учун, ёнбошлаб, чалқанча тушиб, ерга кўксини бериб ёки мақъадини ерга босмаган ҳолда бир нарсага суяниб ўтириб ухласа, таҳорати кетади.
Агар орқасини ерга босиб (яъни ўтириб) ёки улов устида ухласа, таҳорат кетмайди.
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ أَصْحَابُ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَنْتَظِرُونَ الْعِشَاءَ الْآخِرَةَ حَتَّى تَخْفِقَ رُؤُوسُهُمْ، ثُمَّ يُصَلُّونَ وَلَا يَتَوَضَّؤُونَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари хуфтонга интизор бўлиб ўтирардилар, хатто (мудроқ босганидан) бошлари эгилиб кетарди. Сўнг намоз ўқирдилар. Таҳорат қилмасдилар».
Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Агар бир нарсага суяниб ухлаб қолган бўлса, ўша нарсани олиб юборилганда йиқилиб тушса, таҳорати кетади.
Намоздаги ҳолатлардан бирида ухлаб қолса, таҳорат кетмайди. Бунда намозда бўлиш ёки бўлмасликнинг фарқи йўқ.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «لَيْسَ عَلَى مَنْ نَامَ سَاجِدًا وُضُوءٌ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَأَبُو يَعْلَى.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сажда қилган ҳолида ухлаган кимсага таҳорат қилиш йўқ…» дедилар».
Имом Аҳмад ва Абу Яъло ривоят қилишган.
Бунда ел чиқиш хавфи бўлмасагина таҳорат синмайди.
Ўтирган ҳолида ухлаётган одам йиқилиб кетса, ёнбоши ерга теккунча ўзини ўнглаб олса, таҳорати синмайди.
Қўлини ерга тираб ухласа ҳам таҳорати синмайди.
Орқасини ерга, бошини тиззасига қўйиб ухлаган одамнинг таҳорати ҳам синмайди.
Бемор ёнбошлаб намоз ўқиди. Сўнг ухлаб қолди. Таҳорати синади.
Ёнбошлаб ётиб, енгил мудраб қолди. Атрофидаги одамларнинг гапларини эшитса ва тушунадиган бўлса, таҳорати синмайди.
6. Ҳушидан кетиш.
Бу ҳолат беморлик ҳолатидир. Уни уйқуга қиёс қилинади. Ухлаб қолган одам ўзидан нима чиққанини билмагани каби, ҳушидан кетган одам ҳам билмайди.
7. Жинни бўлиб қолиш.
Жиннилик ҳолати ҳам худди уйқу ва ҳушдан кетиш ҳолатлари каби ақлнинг заволи туфайли юзага келади.
Бу ҳолат маст қилувчи нарсаларни қабул қилиш ила маст бўлганлар ҳолатига қиёс қилинади ва уларнинг ҳам таҳорати кетади.
Ароқ ичиш, наша чекиш, томирга гиёҳванд модда юбориш каби ҳолатлар ила ақлий тавозинни йўқотганларнинг таҳорати кетиши шундандир.
8. Балоғатга етган кишининг тўла-тўкис намозда қаҳқаҳали кулиши.
Бунда қасдан кулса ҳам, ихтиёрсиз кулса ҳам, барибир.
Қаҳқаҳа ўзига ва яқинида турганларга эшитиладиган кулгидир. Тиши кўринса ҳам, кўринмаса ҳам, барибир.
Агар сажда ва рукуъси бор намоз ўқиётган одам қаҳқаҳа ила кулса, таҳорати ҳам, намози ҳам бузилади. Бундан жаноза намози ҳамда тиловат саждаси мустаснодир. Жаноза намозида қаҳқаҳа отиб кулган кишининг таҳорати синмайди.
Бу ҳақда бир неча ҳадислар келган.
رَوَى ابْنُ عَدِيُّ فِي الْكَامِلِ عَنِ ابْنِ عُمَرَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ ضَحِكَ فِي الصَّلَاةِ قَهْقَةً فَلْيُعِدِ الْوُضُوءَ وَالصَّلَاةَ».
«Ибн Адий «Комил»да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким намозда қаҳқаҳа отиб кулса, таҳорат ва намозни қайтарсин», деганлар».
Кулганда овозни ўзи эшитиб, бошқа эшитмаса, «зеҳк» дейилади ва бундай кулги ила намоз бузилади-ю, таҳорат бузилмайди.
Ҳеч кимга эшитилмайдиган, овозсиз кулги табассум дейилади. Табассум ила таҳорат ҳам, намоз ҳам бузилмайди.
9. Кийимсиз ҳолда уят жойларнинг бир-бирига тегиши.
Яъни эркак кишининг қўзғалган ҳолдаги жинсий аъзоси аёл кишининг жинсий аъзосига тегса, икки тарафнинг ҳам таҳорати синади. Бу ҳолат бир хил жинсдаги шахслар ўртасида бўлса ҳам шундай. Чунки бу каби ҳолатларда жинсий аъзолардан «мазий» деб аталган суюқлик чиқиши турган гап.
Аёлни ва закарни ушлаш ила таҳорат синмайди.
Бу жумлани келтиришдан мақсад, бошқа мазҳабларга раддия маъносидадир. Шофеъий мазҳабида эр кишининг қўли номаҳрам аёлга тегса ёки закарини ушласа, таҳорат кетади.
Ҳанафий мазҳабининг далиллари қуйидагилар:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم كَانَ يُقَبِّلُ بَعْضَ أَزْوَاجِهِ ثُمَّ يُصَلِّي وَلَا يَتَوَضَّأُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи аёлларини ўпар, сўнгра таҳорат қилмай намоз ўқир эдилар».
Абу Довуд, Насоий, Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шу маънодаги бошқа ҳадислар ҳам бор.
عَنْ طَلْقِ بْنِ عَلِيٍّ قَالَ: قَدِمْنَا عَلَى نَبِيِّ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَجَاءَ رَجُلٌ كَأَنَّهُ بَدَوِيٌّ فَقَالَ: يَا نَبِيَّ اللهِ، مَا تَرَى فِي مَسِّ الرَّجُلِ ذَكَرَهُ بَعْدَ مَا يَتَوَضَّأُ؟ فَقَالَ صلى الله عليه وسلم: «هَلْ هُوَ إِلَّا مُضْغَةٌ مِنْهُ أَوْ بَضْعَةٌ مِنْهُ». رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.
Толқ ибн Алидан ривоят қилинади:
«Набиюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борган эдик, бадавийга ўхшаш бир одам келиб:
«Эй Набиюллоҳ! Эр киши таҳорат қилганидан кейин закарини ушлаши ҳақида нима дейсиз?» деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, у анинг бир парчасидан ёки гўштидан бошқа нарса эмас», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Умар, Али, Ибн Масъуд, Ибн Аббос, Зайд ибн Собит, Имрон ибн Ҳусойн, Ҳузайфа ибн Ямон, Абу Дардо ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳум закарни ушлашни бетаҳоратлик деб билмасдилар.
Таҳоратни кетказмайдиган нарсалар:
1. Ўз жойида оқмай туриб қолган қон.
2. Гўшт узилиб тушса-ю, қон оқмаса.
3. Жароҳатдан, қулоқдан ёки бурундан чиққан қурт.
4. Закарни ушлаш.
5. Аёл кишининг баданини ушлаш.
6. Оғизни тўлдирмаган қайт.
7. Балғам, агар кўп миқдорда бўлса ҳам.
8. Ўтириб ухлаётган кишининг у ёқ-бу ёққа мойил бўлиши.
9. Яхшилаб ўтириб олиб ухлаш.
10. Намоз ўқиб туриб ухлаб қолиш.
(Тамом)
«Кифоя» китобидан