1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳ мақталган Зотдир

16:08 / 31.05.2020 3005 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Эй иймон келтирганлар! Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан нафақа қилинглар. Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олувчи эмассиз. Ва билингки, албатта, Аллоҳ беҳожатдир, ўта мақталгандир». (Бақара сураси, 267-оят).

Маълумки, ўзи топган мол-мулкни садақа қилиб юбориш осон эмас. Ҳар бир одам кўпроқ мол-дунёга эга бўлишни хоҳлайди. Садақа қилиш учун маълум даражада фидокорлик, ўзидан, нафсу ҳавосидан кечиш талаб этилади.

«Садақа» сўзи «тасдиқлаш» маъносини англатади, яъни молидан садақа қилувчи киши қалбидаги иймонини амалий жиҳатдан тасдиқлаган бўлади.

Шунинг учун ҳам мол-мулкдан садақа қилишга тарғиб қилувчи оятни Аллоҳ таоло мўминларга маҳбуб сифат билан бошламоқда:

«Эй иймон келтирганлар!» демоқда. Бу сифат билан нидо қилинганда, мўмин киши ҳар қандай оғирликни ҳам писанд қилмай адо этишга киришади.

Сўнгра нималардан садақа қилиш кераклиги баён қилинмоқда:

«Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан нафақа қилинглар».

Бу таъриф мўминларнинг қўлига тушадиган барча турдаги молу мулкни – аввало, ўзлари касб қилиб топган ҳалол, пок ризқларини, сўнгра Аллоҳ ердан чиқариб берган зироатлар, конлар ва бошқаларни ўз ичига олади.

Пок нарсадан садақа қилишга амр қилинди, лекин масала ниҳоятда аҳамиятли бўлганидан яна таъкидланмоқдаки:

«Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг».

«Нопок» дейилганда фақат «ҳаром»ни тушунмаслик керак, балки паст, арзимаган, киши назарига илмайдиган нарсаларни ҳам тушуниш лозим. Қисқа қилиб айтганда, «пичоқни ўзингга ур, оғримаса, бировга» қабилида иш қилиш керак. Садақа бераётган киши ўзини садақани олаётган кишининг ўрнига қўйиб кўрсин. Берилса, ўзи олмайдиган нарсани бировга ҳам садақа қилиб бермасин. Шунга ишора қилиб:

«Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олувчи эмассиз», – дейилган.

Яъни «Биров паст нарса берса, оласизми? Йўқ, олмайсиз. Олсангиз ҳам, кўзингизни юмиб, ижирғаниб, ноиложликдан оласиз. Шундай экан, бошқага ҳам яхшисидан раво кўринг».

«Ва билингки, албатта, Аллоҳ беҳожатдир, ўта мақталгандир».

Аллоҳ бой бўлганидан кейин Унинг йўлида қиладиган садақангиз ўшанга ярашгудек бўлсин. Аллоҳ мақталган Зотдир, Ўзининг йўлида садақа қилганларни У ҳам мақтайди.

Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши ҳақида ҳадис илми имомларидан Ибн Аби Ҳотим раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши: «Бу оят биз ҳақимизда нозил бўлган, – деганлар. – Хурмоларимиз бор эди. Ҳар бир киши хурмосининг оз-кўплигига қараб, олиб келиб, шингили билан масжидга осиб қўяр эди. Супа аҳлининг таоми йўқ эди. Улардан бирорталари оч қолса, ҳассаси билан қоқиб, ранг тортган ва пишиб етилган хурмоларни олиб, ер эди. Яхшиликка рағбати йўқ баъзи кишилар бўлмағур, ёмон шингилларни ҳам осиб қўйишар эди. Шунда Аллоҳ таоло «Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олувчи эмассиз…» оятини нозил қилди. Шундан сўнг биздан ҳар биримиз ўзида бор хурмонинг энг яхшисини келтирадиган бўлди».

Садақа қилмаслик ёки нопок – паст нарсалардан садақа қилиш ушбу садақа эгасининг қалбида иймон сустлигининг ва бирор шубҳа ёки касаллик борлигининг далолатидир.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Айтгин .Қайси нарса гувоҳликда улуғроқдир, Айтки .Аллоҳ сиз билан менинг ўртамизда гувоҳдир. Менга ушбу Қуръон Унинг ила сизларни ва у етиб давоми...

765 19:00 / 02.09.2025
Аллоҳ таоло Жума сурасида марҳамат қилади .Аниқки, сиз қочаётган ўлим, албатта, сизга йўлиқувчидир. Сўнгра ғайб ва шаҳодатни Билувчининг ҳузурига давоми...

3280 13:59 / 29.10.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Кечанинг баъзисида у ила бедор бўл. Сенга нофила бўлсин. Шоядки, Роббинг сени мақтовли мақомда давоми...

1623 19:00 / 04.07.2024
Аллоҳ таоло Мунофиқун сурасида шундай марҳамат қилади Ва бирингизга ўлим келиб .Роббим, агар мени озгина муддатга орқага сурсангу, садақа қилсам ва давоми...

3168 10:03 / 04.11.2018
Аудиолар

230216 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148795 14:35 / 11.08.2021