1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳдан ўзганинг фармонига юрмоқчи бўласизларми?

19:00 / 02 сентябрь 631 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕﭖ ﭗ ﭘﭙ ﭚ ﭛ ﭜﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭﭮ ﭯ ﭰ ﭱﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ

«Айтгин: «Қайси нарса гувоҳликда улуғроқдир?» Айтки: «Аллоҳ сиз билан менинг ўртамизда гувоҳдир. Менга ушбу Қуръон Унинг ила сизларни ва у етиб борганларни огоҳлантиришим учун ваҳий қилинди. Сизлар «Аллоҳ билан бирга, албатта, бошқа олиҳалар ҳам бор», деб гувоҳлик берасизларми?» «Гувоҳлик бермайман», – дегин. Сен: «Албатта, Угина ягона Илоҳдир ва мен сиз келтираётган ширкка алоқадор эмасман», – дегин» (Анъом сураси, 19-оят).

Аллоҳни қўйиб ўзгани валий тутган мушриклар билан тортишув давом этмоқда. Юқорида келтирилган далил-ҳужжатлар кор қилмаса, энди бундай ҳолларда ишлатиладиган яна бир иш қолди. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига ҳар кимнинг ўз даъвоси ҳақлигига гувоҳ келтиришини сўрашни амр қилмоқда:

«Айтгин: «Қайси нарса гувоҳликда улуғроқдир?»

Яъни «Энг катта, асосий гувоҳни келтирайлик-да, муаммони бир йўла ҳал қилиб қўяқолайлик. Яна ундан каттароқ гувоҳни ахтариб юрмайлик».

Хўш, мушриклар бунга нима деб жавоб беришлари мумкин? Уларнинг «худолари» бўлмиш гунг, ҳиссиз ёғоч бут ва тош санамлари гувоҳ бўла олмайдилар. Аллоҳни қўйиб, ўзларига валий тутган бошқа нарсалари ҳам гувоҳлик бера олмайди. Шунинг учун Аллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга гувоҳ ҳақида савол беришни амр қилди. Энди эса у кишини жавоб беришга ҳам амр қилиб:

«Айтки: «Аллоҳ…» – демоқда.

Ҳа, Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким бу улкан ишга гувоҳ бўла олмайди. Ҳа, фақатгина Аллоҳ

«...сиз билан менинг ўртамизда гувоҳдир».

Демак, баҳсли масалага Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳакам бўлди. Унинг Ўзи гувоҳ бўладиган бўлди. Унинг шаҳодати Қуръони Каримдир. Унда мазкур баҳсли масала ҳам бор.

«Менга ушбу Қуръон Унинг ила сизларни ва у етиб борганларни огоҳлантиришим учун ваҳий қилинди».

Демак, ушбу Қуръон кимга етиб борган бўлса, унга гувоҳ муқаррар келган ҳисобланади. Ушбу гувоҳга – Қуръонга амал қилмаса, унинг огоҳлантиришидан ҳушёр тортмаса, азобга дучор бўлади. Қуръонда ягона Аллоҳни валий тутиш лозимлиги уқтириляпти-ю:

«Сизлар «Аллоҳ билан бирга, албатта, бошқа олиҳалар ҳам бор», деб гувоҳлик берасизларми?»

Аллоҳдан ўзганинг фармонига юрмоқчи бўласизларми? Ундан бошқанинг қонунига амал қилмоқчимисизлар? Ундан бошқага хизмат этмоқчи бўлдиларингизми?

«Гувоҳлик бермайман», – дегин.

Яъни «Мен ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ борлигига гувоҳлик бермайман. Мен ягона Аллоҳнинг фармонидан ўзгага юрмайман. Мен ягона Аллоҳнинг қонунидан бошқанинг қонунига амал қилмайман. Мен ягона Аллоҳнинг ҳукмидан бошқанинг ҳукмини татбиқ этмайман. Мен ягона Аллоҳдан бошқага хизмат қилмайман».

«Албатта, Угина ягона Илоҳдир...»

Мушриклар баъзи диний масалаларда аҳли китобларга ҳурмат назари билан қарар, бу борада улар билан маслаҳатлашар эдилар. Уларнинг назарида аҳли китоблар ўзига хос илм соҳиблари ҳисобланар эдилар. Шунинг учун ҳам мушриклар уларга Ислом, Қуръон ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида ҳам саволлар беришарди. Улар эса тўғри жавоб бермас эдилар. Қуйидаги оятда бу борадаги ҳақиқат баён этилмоқда:

ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ

«Биз китоб берганлар уни ўз фарзандларини танигандек танирлар. Ўзига ўзи зиён келтирганлар, ҳа, улар иймон келтирмаслар» (Анъом сураси, 20-оят).

Яъни Аллоҳ китоб берган қавмлар, яъни аҳли китоблар – яҳудий ва насоролар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни худди ўз фарзандларини танигандек танийдилар. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфлари уларга Аллоҳ томонидан берилган илоҳий китобда зикр этилган. Ривоят қилинишича, ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ушбу ояти карима ҳақида яҳудийларнинг мусулмон бўлган олимларидан бири Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан:

– Аллоҳ таоло Маккада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай оят нозил қилган. Бу қандай таниш? – деб сўраган эдилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу:

– Мен уни кўришим билан худди ўз ўғлимни кўргандек танидим, балки мен Муҳаммадни ўғлимдан кўра яхшироқ биламан, – деди. Ҳазрати Умар:

– Қандай қилиб? – деб сўрадилар.

– Чунки мен аёллар нима қилганини билмайман. Аммо у зотнинг Аллоҳнинг ҳақ Пайғамбари эканига шаҳодат келтирганман, – деди Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу.

Бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Аҳли китоблар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни, Қуръонни ва Исломни жуда яхши билар эдилар. Айниқса, бугунги кунда жуда ҳам яхши биладилар. Бу тўғрида сон-саноқсиз китоблар ёздилар. Аммо улардаги мутаассиблик ҳақиқатни бузиб кўрсатишдан бошқа нарса эмас. Улар одамларга Исломни бузиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Бу билан ўзларига зиён келтирадилар, холос.

«Ўзига ўзи зиён келтирганлар, ҳа, улар иймон келтирмаслар».

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У ўта иззатлидир, ўта давоми...

3432 13:00 / 28.12.2020
Мусулмонлар Ислом даъватининг бошланишида оз сонли бўлиб, кўплари камбағаллардан эди. Кофирларнинг сони, молдунёси, қуввати жуда кўп эди. Муҳаммад соллаллоҳу давоми...

2101 19:00 / 05.11.2023
Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони давоми...

5163 11:48 / 04.01.2019
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Эй аҳли китоблар Тавротга, Инжилга ва сизга Роббингиздан нозил қилинган нарсага тўлиқ амал қилмагунингизча давоми...

1660 19:00 / 07 январь
Аудиолар

210860 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130125 14:35 / 11.08.2021