1447 йил 2 шаъбон | 2026 йил 21 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Эркак меросхўрлар (тўртинчи мақола)

11:02 / 10.02.2020 2524 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Туғишган ака-уканинг ўғли.

2. Ота бир ака-уканинг ўғли.

3. Ўз амакиси.

4. Ота бир амаки.

5. Туғишган амакининг ўғли.

6. Ота бир амакининг ўғли.

Ушбу олти бандда зикр қилинган тоифалар ҳам мерос илмида асабаларга кирадилар. Улар ҳам ўзлари ёлғиз ҳолларида меросхўр бўлсалар, мероснинг ҳаммасини оладилар. Шунингдек, улар фарз соҳибларидан ортиб қолган мероснинг ҳаммасини ҳам оладилар.

Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, асабалар меросда ҳаққи ўлчовли миқдорда бўлмаган кишилардир. Улар фарз соҳибларидан ортиб қолган меросни оладилар. Агар ўзлари ёлғиз бўлсалар, мероснинг ҳаммасини оладилар.

— Эр.

Эрнинг мерос олиши икки турли бўлади:

Биринчиси:

Хотиннинг ортидан боласи ёки ўғлининг боласи қолмаган ҳолатда эр мероснинг ярмини олади.

Мисол учун, бир аёл ўлиб, унинг ортидан туғишган укаси ва эри қолса, эрига мероснинг ярми ва укасига мероснинг қолган ярми тегади.

Иккинчиси:

Хотиннинг ортидан боласи ёки ўғлининг боласи қолганда эр мероснинг тўртдан бирини олади. Бунда бола мерос олаётган эриданми ёки аввалги эриданми, бунинг фарқи йўқ.

Мисол учун, бир аёл ўлиб, унинг ортидан боласи ёки ўғлининг боласи ва эри қолса, эрига мероснинг тўртдан бири ва боласи ёки ўғлининг боласига мероснинг қолгани тегади.

Бунга ҳужжат Қуръони Каримнинг «Нисо» сурасида келган:

«Сизларга хотинларингиз қолдирган нарсанинг – агар уларнинг боласи бўлмаса – ярмидир. Агар уларнинг боласи бўлса, сизга улар қолдирган нарсанинг чораги. Улар қилган васият ёки қарз (адо этилган)дан сўнг» (12-оят).

— Мавло (қул озод қилган одам).

Қулни озод қилган кишининг меросда ҳаққи бўлади. Аммо дастлаб қул бўлиб, кейин озод қилинган кишининг меросини аввал унинг яқин қариндошлари олади. Агар унинг фарз соҳиблари ва асабалари бўлмаса, кейинги навбатда унинг меросига унинг мавлоси – уни озод қилган киши ҳақдор бўлади.

Ҳаммага маълумки, қуллар тўлақонли одам деб ҳисобланмаган. Шунинг учун қулнинг озод қилган киши гўё унинг дунёга қайтадан келишига сабаб бўлади, десак, муболаға бўлмайди. Шунинг учун шариатимизда қулни озод қилган кишига ҳам меросдан ҳақ бегиланган. Бу ҳукмнинг далили Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида келган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Вало пул берганга ва валинеъмат бўлганга», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Бу ерда «вало» дейилганда озод қилинган қулнинг мероси назарда тутилган.

Бу маънодаги меросга аввало қул озод қилган кишининг ўзи ҳақли бўлади. Сўнгра унинг ўғли, ўғлининг ўғли, отаси, бобоси ва ҳоказо.

Имом Табарий Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан, Ҳоким ва Байҳақийлар Ибн Умардан келтирган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«Вало ҳам худди насаб қаробатига ўхшаш қаробатдир. У сотилмас ва ҳиба ҳам қилинмас», деганлар.

Қул озод қилган эркакнинг аёл яқинларига қул бўлган кишининг валосидан, яъни меросидан ҳеч нарса тегмайди. Аёл киши ўзи озод қилган шахснинг валосини олади ва яна ўша ўзи томонидан озод қилинган шахс озод қилган одамнинг валосини ҳам олади.

Имом Ибн Абу Шайба, Абдурраззоқ ва Доримийлар Амр ибн Шуайб, у отасидан, у бобосидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«Вало мероси катта ёшли эркакларгадир. Аёллар валодан мерос олмайдилар. Улар фақат ўзлари озод қилган қулнинг ёки улар озод қилган қул озод қилган қулнинг валосидан олишлари мумкин», деганлар.

(Тамом)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сўнгги асрдаги кўзга кўринган фиқҳий ўзгаришлардан энг эътиборлиси Ислом Фиқҳи Академиялари бўлди. Авваллари фиқҳ шахсий уриниш, ўқув юртлари, маҳаллий фиқҳий давоми...

6042 15:05 / 10.10.2019
Пуллардан закот чиқариш фарз экани Қуръон, суннат ва ижмоъ ила собит бўлган 1. Қуръони Каримнинг Тавба сурасида .Олтин ва кумушни жамғариб, Аллоҳнинг давоми...

1949 19:00 / 26.09.2024
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр пиёда юриб Бани Саламага мени кўргани келиб, ўзимни билмай ётганимда давоми...

3090 13:49 / 19.02.2019
Уламолар ижмоъни ижмоъ билан, Қуръон ва суннатни қиёс билан насх қилиб бўлмайди, деганлар. Бу борада ихтилоф йўқдир. Насх бир қанча турларга бўлинадиndash Насх бир давоми...

4536 18:07 / 28.12.2017