1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аср алломалари: Муҳаммад Саъид ибн Рамазон Бутий

19:30 / 28.01.2020 6360 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Доктор, шайх, аллома, ҳаким, мураббий, муаллим... Бу таърифларнинг ҳаммасини умумлаштириб, Муҳаммад Саъид ибн Мулла Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳга бериш мумкин. Бу зот Ислом оламида катта нуфузга эга, кўплаб илмий ташкилотларга аъзо, олиму уламолар ва омма мусулмонлар қалбидан юксак ўрин олган асримизнинг энг кўзга кўринган уламоларидан эди.

Муҳаммад Саъид Бутий 1929 йил Ироқнинг шимолида, Сурия-Туркия чегарасида жойлашган Бутон (Ибн Умар) оролчасидаги, ҳозирда Туркия ҳудудига кирувчи Жилко қишлоғида туғилган ва тўрт ёшида оталари мулла Рамазон раҳматуллоҳи алайҳ билан Сурия пойтахти Дамашққа кўчиб ўтган.

Муҳаммад Саъиднинг илк ва асосий устози отаси Мулла Рамазон Бутий ҳазратлари бўлган. У киши илмга чанқоқ ўғилчаси Муҳаммад Саъидга Ислом асослари, ақида илми, араб тили грамматикаси, мантиқ ва бошқа илмлардан дарс беради. Муҳаммад Саъид ўрта таълим босқичини тугаллагач, 1953 йили Дамашқдаги «Ат-тавжиҳул исломий» маъҳадини тамомлайди ва шу йилнинг ўзида Қоҳирага бориб, «Ал-Азҳар» университетининг шариат факультетида ўқишни давом эттиради. 1955 йили «Усулу шариатил исломия» бўйича докторлик дипломини олиб, Дамашққа қайтади. Шу йиллардан у масжидда хатиблик қилишни бошлайди. Ўшанда у ҳали ўн еттига тўлмаган эди. 1956 йили «Ал-Азҳар» университети тавсияси билан араб тили факультетининг «Тарбия» дипломини қўлга киритади.

1955 йили Муҳаммад Саъид Дамашқ университетининг шариат факультетига мударрис этиб тайинланди. Ушбу факультетда вакил, кейинчалик проректор вазифасида фаолият юритади. Сўнг Дамашқ университетининг «Ақида ва дин» кафедрасининг раҳбари вазифасида ишлайди. Кейинроқ Дамашқдаги «Ал-жомеъул умавий» масжиди имоми-хатиби ва Шом уламолари бирлиги раиси этиб тайинланди.

У киши Дамашқ масжидларида кунлик ва ҳафталик ваъз-иршод мажлислари ўтказар, уларда минглаб эркагу аёллар ҳозир бўлишар эди. Бундан ташқари, у кишининг турли мавзулардаги газета-журналларда ўнлаб мақолалари чоп этилган. Интернетда шахсий сайтлари ҳам бўлиб, унда шайхнинг жума маърузалари, мақолалари ва турли мавзудаги саволларга жавоблари бериб борилар эди.

Бутий ҳазратлари араб, турк ва курд тилларини мукаммал билар, инглиз тилида сўзлаша олар эди. Араб тили балоғати фани бўйича кўзга кўринган уламолардан эди.

Муҳаммад Саъид Бутий раҳматуллоҳи алайҳ Иорданиянинг Уммон шаҳридаги Ислом маданияти тадқиқот маркази академиясининг аъзоси, шунингдек, Оксфорд академиясининг Олий мажлиси аъзоси эди. У киши кўплаб халқаро анжуман ва конференцияларда иштирок этиб келди.

Устоз Муҳаммад Саъид Бутий раҳматуллоҳи алайҳ асосан ёзган китоблари билан машҳур. У киши турли фанларга доир олтмишдан ортиқ китоб таълиф этган. Бу асарлар кенг қамровлиги, чуқур асосларга таяниши ва мўътадил, холислиги билан ажралиб туради.

Муҳаммад Саъид Бутийнинг машҳур китоблари:

– «Фиқҳус-сийратин-набавия».

– «Куброл яқийнийётил кавния».

– «Шарҳул ҳикамил атоия».

– «Ҳаза Волидий».

– «Шахсийётун иставқофатний».

– «Ал-мазоҳибут тавҳидия вал фалсафатул муъосира».

– «Ал-мазҳабул иқтисодий байнаш-шуюъияти вал Ислом».

– «Нақзу авҳамил моддийятил жадалия».

Доктор Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ҳазратлари ҳижрий 1434 йил 9 жумодул аввал, милодий 2013 йил 21 март пайшанба куни кечки пайт Дамашқдаги «Иймон» масжидида дарс ўтаётган пайтида содир этилган портлаш натижасида шаҳид бўлди. Жаноза шанба куни пешинда «Ал-жомеъул умавий» масждида ўқилди. Жанозани ўғиллари Тавфиқ Муҳаммад Бутий ўқиди. Меҳроб шаҳидининг муборак жасади шу масжид яқинидаги машҳур саркарда Салоҳиддин Айюбий қабри ёнига қўйилди.

Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳнинг вафотлари бутун Ислом оламини ларзага солди. Дунёнинг барча бурчакларидан турли мавқедаги инсонлар бу воқеага муносабат билдириб, чуқур таъзия изҳор қилишди.

Мисрдаги «Ал-Азҳар» университети таъзиясини билдирар экан, Муҳаммад Саъид Бутий раҳматуллоҳи алайҳни Шом алломаси дея таърифлади ва Аллоҳнинг уйларига қарата қилинган бу жиноятни қаттиқ қоралади.

Замонамизнинг кўзга кўринган даъватчи уламоларидан бири шайх Ҳабиб Алий Жифрий ўзларининг таъзияларида жумладан қуйидагиларни эслайди: «Муҳаммад Саъид Бутий раҳматуллоҳи алайҳ билан икки ҳафта олдин телефон орқали гаплашган эдим. У кишининг менга айтган сўнги сўзлари қуйидагилар бўлди:

«Умримнинг саноқли кунлари қолди. Мен жаннатнинг ҳидини сезяпман. Биродарингни дуода унутма».

Усома Саййид Азҳарий айтади: «Бутий ҳазратлари масжидда Оли Имрон сурасининг: «Албатта, куфр йўлини тутган кимсаларнинг молу дунёлари ҳам, бола-чақалари ҳам уларни Аллоҳ(нинг азоби)дан қутқара олмайди. Ана ўшаларнинг ўзлари дўзахнинг ўтинларидирлар», 10-оятини тафсир қилиб турганларида шаҳид бўлдилар. Портлаш содир бўлганда Мусҳафи шарифни бағриларига босиб, маҳкам қучоқлаб олган эканлар. Таналарини қимирлатишган эди, сажда қилган ҳолатда, тиз чўкиб минбардан йиқилдилар. Аллақачон вафот этиб бўлган эканлар. Бир муддат жуссаларини кўтара олишмади».

Бутий ҳазратларининг ҳаётлари каби вафотлари ҳам ҳикмат ва ибратга тўла бўлди. Аммо буни кимлар билди, кимлар билмади.

Аллоҳ таоло олимимизни Ўз раҳматига олиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин! У кишининг қолдирган бой меросидан Ислом умматини то қиёматгача манфаатлантирсин! Аллоҳнинг динига қилган холис хизматларини ўзларига ҳамроҳ қилиб, қиёмат кунида тарозуларининг яхшилик палласи оғир келишида улуғ насиба этсин!

Аллоҳим! Мусибатимизда ажр бер ва йўқотган нарсамиз ўрнига яхши эвазлар қил!

Кўзлар ёш тўкади, қалблар маҳзун бўлади, аммо биз Аллоҳ рози бўладиган сўзларнигина айтамиз. Устоз, фироқингиздан ғоятда маҳзунмиз!

Абдул Азим Зиёуддин

Имом Бухорий номидаги Тошкент

Ислом институти катта ўқитувчиси.

«Ҳилол» журнали 10-сонидан

 

Мавзуга оид мақолалар
Муътамир ибн Сулаймоннинг мажлисида бир аъробий одобни шундай васф қилди .Ҳақиқий одоб дин одобидир. У тавфиққа чақиради, саодатга сабаб бўлади ва тақвони зиёда давоми...

2190 08:18 / 19.08.2020
Абу Умома розияллоҳу анҳу айтадилар .Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Қуръон ўқинглар, чунки у қиёмат куни ўз соҳибларига шафоатчи бўладиrdquo давоми...

3172 20:10 / 20.05.2019
Кераксиз сўзга кетган вақт ҳақидаЭй, куну тунини майда гапга, Жазоловчининг буйруқларига хилоф ишларга, гуноҳу маишатга сарфлаган банда Фурсат сенга айтади .Эй, давоми...

2811 16:00 / 23.07.2019
Тожир савдо молини мақташ учун ёлғон гапириш ҳаром эканини зинҳор унутмаслиги зарур. Шунингдек, ваъдага вафо қилмай, сўнг ёлғон гапириш, нарсаларнинг баҳосини давоми...

2703 19:00 / 27.06.2019
Аудиолар

230199 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148777 14:35 / 11.08.2021