1446 йил 3 рабиъус сони | 2024 йил 06 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Эр ва хотиннинг мероси

11:05 / 04.12.2019 2394 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Сизларга хотинларингиз қолдирган нарсанинг – агар уларнинг боласи бўлмаса – ярмидир. Агар уларнинг боласи бўлса, сизга улар қолдирган нарсанинг чораги. Улар қилган васият ёки қарз (адо этилган)дан сўнг. Уларга – агар болангиз бўлмаса – сиз қолдирган нарсанинг чораги. Агар болангиз бўлса, уларга сиз қолдирган нарсанинг саккиздан бири. Сиз қилган васият ёки қарз (адо этилган)дан сўнг», деган («Нисо» сураси, 12-оят).

Ушбу ояти каримадан қуйидаги ҳукмлар олинади:

1. Агар ўртада фарзанд бўлмаса, хотин вафот этган тақдирда ундан қолган мероснинг ярмини эр олади. Бунда фарзанд шу эрданми ёки бошқа эрданми – фарқи йўқ. Хуллас, бу оилада бола бўлмаса бўлди.

2. Хотин вафот этса, ўртада фарзанд бўлса, эрга мероснинг чораги тегади.

3. Агар ўртада фарзанд бўлмаса, эр вафот этган тақдирда ундан қолган мероснинг чорагини хотини олади. Бунда фарзанд шу хотинданми, бошқасиданми – фарқи йўқ.

4. Эр вафот этса, ўртада фарзанд бўлса, хотин мероснинг саккиздан бирини олади.

Барча ҳолатлардаги каби, мерос маййитнинг қарзи ва васияти адо қилинганидан сўнг тақсимланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Лаҳёнлик бир аёлнинг тушиб қолган ҳомиласи учун бир қул ёки чўрининг баҳоси берилишига ҳукм қилдилар. Сўнгра ўша қул ёки чўрининг баҳоси берилишига ҳукм қилинган аёл вафот этди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг мероси болаларига ва эрига бўлиши, дия эса унинг асабаси зиммасига бўлиши ҳақида ҳукм чиқардилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Ҳузайл қабиласидан икки аёл бир-бирлари билан уришиб қоладилар. Улардан бири Умму Афийф бинти Масруж исмли аёл Бани Лаҳёнлик Малийка бинти Уваймир исмли аёлни тош билан уради. Малийка ҳомиладор эди. Жанжал оқибатида унинг ҳомиласи ўлик ҳолда тушиб қолади. Бу масала Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилинганида тушиб қолган ҳомиланинг тўловига бир қул ёки чўрининг нархи берилиши ҳақида ҳукм чиқарадилар.

Ўшанда оқ танли қул ёки чўрининг нархига ҳукм қилинган экан. Дия (тўлов) тўлаши лозим бўлганлар «Бу бизда йўқ», дейишганида у зот «Ўнта туя берасизлар», деганлар. Улар «Бунга ҳам имконимиз йўқ», дейишганида «Бир юз йигирмата қўй берасизлар», деганлар.

Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жиноятчи аёл ўлганида унинг мероси болаларига ва эрига бўлиши, дия (хун тўлови)ни эса ота томонидаги қариндошлар – асабалар тўлашлари ҳақида ҳукм чиқарган эканлар.

Чунки у аёлнинг ҳомиласини ўлдириш мақсадида уни тош билан урмаган эди. Бир одам бошқа одамни билмасдан, хато туфайли ўлдириб қўйганида хун тўловини асабалар тўлайдилар.

Шунинг учун ҳам улар меросга ҳақли бўладилар. Яъни, тириклик чоғида қариндошларининг оғир ҳолида ёнига кирганлари ёки киришга тайёр турганлари учун у ўлганидан кейин қолган меросидан олишга ҳақли бўладилар.

Бу ҳадисни ушбу фаслда келтиришдан асосий мақсад эса ўлган аёлнинг меросидан эрига ҳам бериш ҳақидаги ҳукмни маълум қилишдир.

Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар:

«Дия (хун тўлови) «оқила»гадир. Хотин ўз эрининг дияси (хуни)дан ҳеч нарса олмайди», дер эди.

Ҳатто унга Заҳҳок ибн Суфён:

«Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ашям аз-Зибобийнинг хотинига эрининг хун тўловидан мерос бер», деб ёздилар», деганидан кейин Умар розияллоҳу анҳу (ўз сўзидан) қайтди».

«Сунан» эгалари саҳиҳ санад ила ривоят қилганлар.

«Оқила» сўзи «асаба» дегани бўлиб, ота томонидан бўлган эркак қариндошларни англатади. Бировни хатолик билан ўлдириб қўйган одамнинг «оқила»лари – асабалари хун тўлайдилар. Ана шу эътибордан Ҳазрати Умар ўз ижтиҳодлари билан «Ўлдирилган қариндош учун олинган дия (хун) пулини ўша асабалар оладилар, хотиннинг ҳаққи йўқ, чунки у хун тўлашда иштирок этмайди», деб юрар эдилар.

Лекин Заҳҳок ибн Суфён бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бош­қача ҳукм қилганликларини айтадилар.

Заҳҳок паҳлавон киши бўлиб, юзта отлиққа тенг кўрилар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларида қилич ушлаб, қўриқчилик қилар эдилар. Кейинчалик Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини ўз қавмига волий қилиб юборган эдилар.

Ашям аз-Зибобий розияллоҳу анҳу ҳам саҳобалардан бўлиб, хатолик туфайли ўлдирилган эдилар. Ўшанда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Заҳҳок ибн Суфёнга мактуб юбориб, «Ашям аз-Зибобийнинг хотинига унинг диясидан, яъни хун пулидан мерос бер», деган эдилар.

Заҳҳок ибн Суфён бу ҳақда маълум қилганларидан кейин Ҳазрати Умар ўз ижтиҳодлари хато эканлигини тушунганлар ва ундан қайтганлар.

Хотин киши эрининг хун пулидан мерос олиши ҳақида ҳукм қилганлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Хилоф, фиқҳий илмлардан бири бўлиб, у орқали шаръий далилларни келтириш, шубҳаларни даф қилиш ва хилофга сабаб бўлган далилларни солиштириб кўриш кайфияти давоми...

4917 13:30 / 20.03.2019
Аслида Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мумкин бўлган ҳар қандай ибодатни ҳам назр қилиш мумкин, бироқ бу ерда фақат жонлиқ сўйишни назр қилиш ҳақидаги ҳукмларни баён давоми...

10059 05:00 / 19.01.2017
Намоздами ёки намоздан ташқаридами, тиловат қилаётганда сажда оятининг ўзини қолдириб, ундан кейинги оятга ўтиб кетиш макруҳдир. Бунда саждадан, Аллоҳ таолонинг давоми...

1554 19:00 / 10.08.2023
Ақийда бўйича Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг йирик намояндалари бўлган фиқҳий мазҳаблар имомларининг ҳар бири ўзларига хос фиқҳий ижтиҳод қилганлари ва қуйида давоми...

4078 13:16 / 23.01.2020