1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ғазаб

05:00 / 01.03.2017 4637 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Байҳақий Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: 

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб,: «Эй Аллоҳнинг Расули! Менга шундай бир амал ўргатингки, у туфайли мен жаннатга кирай. У озгинагина бўлсин, токи мен уни англай олай», деди. Шунда у зот: «Ғазаб қилма!» дедилар».

Бу ҳадисни Имом Бухорий, Муслим ва бошқа кўплаб муҳаддислар ҳам ривоят қилишган. Уларга кўра, мазкур одам илтимосини бир неча бор такрорлаган ва ҳар гал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир хил жавоб олган: «Ғазаб қилма!»

Ҳа, ғазаб жуда кўплаб ёмонликларнинг, гуноҳу маъсиятларнинг, ҳиқду адоватларнинг, қотиллигу вахшийликларнинг бош сабабидир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ғазаб қилма!» демоқдалар. Лекин ожиз банда гоҳида шайтоннинг ҳамласига дош бера олмай, нафсининг ғалаёнини боса олмай қолади, ички туғёнларини енга олмай қолади. Натижада ғазаб отига миниб, ҳаддан ошишга, тажовузкорлик қилишга ўтади, яхшилик экинзорларини пайҳон қилишгача боради. Бироқ, барча ишларда ҳикматни истаган, фурсатни ғанимат билган руҳий тарбия уламолари ана шундай нохуш ҳолатдан ҳам унумли фойдаланиб қолишни тавсия қиладилар. 

Айтайлик, инсонгарчилик, бирор нимадан қаттиқ аччиқланиб, ғазаб оловида хатога йўл қўйдингиз. Сиз ўз ишингиздан афсус надомат қилиш билан бирга, ўша ҳолатни ўзингиз учун ташхис ўрни қилиб олинг. Буни қандай тушуниш мумкин?

«Ғазаб келганда, ақл қочади», дейди донолор. Ҳа, ҳақиқатан ҳам ғазабнок инсон ақл билан тасарруф қилишдан маҳрумдир. Аммо буни кўпчилик бир тарафлама тушунади: ғазабда айтилган сўз, ёзилган битик, қилинган иш, чиқарилган ҳукм ва бошқа ҳар қандай тасарруф ақл измидан чиқади, хатога маҳкум. Бу барчага маълум ҳақиқат. Бироқ, ушбу нохуш ҳолатнинг айрим «тортиқ»лари ҳам бор: ғазаб инсоннинг ички дунёсини, қалбининг тубида ётган, ҳатто инсон ўзи ҳам сезмай юрган яширин ўй фикрларини, қарашларини, сирли шуъурларини, махфий дилсўзларини, ҳақиқий ахлоқини, шахсиятини фош қилади.

Ғазабингиз келганда уят сўзлар билан сўкиняпсизми, демак, қалбингизда шу беҳаёлик бор. Тўғри, сиз оддий ҳаёт тарзида бундай уят гапларни ишлатмайсиз, чунки ақлингиз буни тўсиб, яшириб туради. Ғазаб ақлингизни суриб чиқаргач, аслингиз ошкор бўлади. Бу ҳолда ғазабни рўкач қилиб, ўзингизни оқлашингиз ўз ўзингизни алдашдан бошқа нарса эмас. Бунинг ўрнига ўзингиздаги ушбу ахлоқсизликни тузатиш керак. 

Нимадир сабаб бўлиб ғазабингиз авжига чиқди да, гуноҳга қўл урдингиз: ароқ ичдингиз, сигарет чекдингиз ё шунга ўхшаш бир маъсиятни қилдингиз. Сиз буни шунчаки ғазаб устида қилганингиз йўқ. Аксинча, қалбингизда шу гуноҳларга нисбатан майл бор, уларнинг қириндиси бор. Баҳона топилмай турган экан, холос. Чунки сиздан бошқалар ҳам ғазабланади, аммо улар сиз қилган гуноҳларнинг яқинига ҳам келмайдилар. Демак, муаммо ғазабда эмас, ўзингизда.

Айрим кишилар ғазаб устида куфр сўзларни айтиб юборишади, шаккоклик қилишади, Аллоҳ Ўзи асрасин. Улар бу лафзларни илк бор изҳор қилаётган бўлса-да, аслида бу қабоҳат улар учун янгилик эмас. Бу уларнинг қалбларининг қаърида чўкинди бўлиб ётган нажосатдир. Фақат ғазаб уни қалқитиб юборган.

Бировга яхшилик қилган эдингиз. Кутилмаганда у сизни ғазаблантирди. Шунда сиз бехосдан миннат қилишга ўтдингиз, қилган яхшиликларингизни санай кетдингиз. Билингки, қалбингизда миннатчилик иллати ҳам бор экан. Ўша инсонга қилган яхшилигингизнинг миннати дилингизда сақланиб ётган экан.

Бир кишини сиз доим ҳурмат қилиб юрасиз. Бир кун у сизни ғазаблантириб қўйди. Шунда сиз уни беҳурмат қилишга ўтиб, пастга уришни бошлайсиз. Билингки, қалбингиздаги унга бўлган ҳурмат ҳали ҳақиқий маъно кесб этмаган экан. Сиз қалбингизда ўзингизни ундан баланд олиб юрар экансиз. 

Арзимаган нарсадан ғазабланиб, хотинини ҳақорат қилиб, уни талоқ қўйишгача борган эр ёки куракда турмайдиган қандайдир бир гапга аччиқ қилиб эридан ажрашишни талаб қилаётган хотин бу ишни фақатгина ғазабдан қилаётгани йўқ, балки уларнинг дилида бир бирларига нисбатан аввалдан сақланиб келаётган норозилик ва нафрат бор.

Дўстингизни синамоқчимисиз? Унда уни ғазаблантириб кўринг (фақат эҳтиёт бўлинг!). Агар у устингиздан бошқаларга шикоят қилиб, сизни ёмонлай бошласа, билингки, у сизга ҳақиқий дўст эмас экан. Шунинг учун донишмандлар: «Дўстингни ғазаби чиққанда сина», дейдилар. 

Хулоса қилиб айтганда, ғазаб инсоннинг табиатига жойлаштирилган табиий хусусиятлардан биридир. У зарур ўринларда, меъёрда ишлатилсагина оқланадиган, бошқа пайтларда мазаммат қилинадиган сифатдир. Ҳар нима бўлганда ҳам, ғазаб инсонинг бир қатор яширин сирларини ошкор қиладиган, қалбининг тубида ётган «дафина»ларни очиб берадиган сирли омиллардан биридир. Сиз бундан «унумли фойдаланиб қолинг».



Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қасам ичиш турли миллатлар ва халқларда қадимдан қўлланиб келинган одатдир. Ҳар бир миллат, ҳар бир халқ бу борада ўзига хос услуб ишлатган. Кўпчилик иложи борича давоми...

3307 05:00 / 28.02.2017
.Зуҳд, сўзи аслида .оз нарса, маъносини билдиради. Зуҳд рағбатнинг тескарисидир. У бир нарсани тарк қилиш ва ундан юз ўгиришни англатади. Уламолар истилоҳида .зуҳд, давоми...

2234 19:00 / 13.03.2023
Ваҳдатул вужуд назариясининг дунёдаги таъсири кенгайиб борди. Сўфийлар, файласуфлар ва ёзувчию шоирларнинг тўқсон тўққиз фоизи бу назарияни ўзларининг мазҳаби давоми...

3675 14:00 / 05.08.2019
биринчи мақолаТасаввуфга оид бир мавзуни талқин қилишдан аввал тасаввуфrdquo нима эканлиги тўғрисида бир тушунчага, хулосага келиш лозим. Мен тасаввуф давоми...

9359 20:09 / 09.11.2018
Аудиолар

135066 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55345 14:35 / 11.08.2021