1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Калола зурриёти ва аждоди йўқ одамдир

09:05 / 11.09.2019 2729 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

قَالَ اللهُ تَعَالَى:

ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ.

 

Аллоҳ таоло:

«Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса, унинг биродари ёки синглиси бўлса, улардан ҳар бирига олтидан бир. Агар бундан кўп бўлсалар, улар учдан бирига шерикдирлар...» деган (Нисо сураси, 12-оят).

Шарҳ: Бу ерда она бир қариндошлар кўзда тутилган бўлиб, «биродар» сўзи ака-ука, «сингил» эса «опа-сингил» маъносини ифода этади.

Ояти каримада «ахун» ва «ухтун» деб келган сўзлар араб тилида «ака-ука» ва «опа-сингил» маъноларини англатади. Шунинг учун бундан буён ушбу китобда биродар дейилганда «ака-ука», «сингил» дейилганда «опа-сингил» кўзда тутишга қарор қилдик.

Шу ўринда «калола» сўзини ҳам бир оз шарҳлашга тўғри келади. Бу ҳақда уламоларимиз ҳам анчагина баҳс юритганлар. Бизнинг тилимизда «калола» сўзини айнан ифода этадиган ибора йўқ. Шунингдек, араб тилида ҳам бу сўзнинг бошқа муродифи (синоними) йўқ.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан одамлар калола ҳақида сўраганларида:

«У ҳақда ўз фикримни айтаман. Тўғри бўлса, Аллоҳдан, хато бўлса, мендан ва шайтондан, яъни Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг бунга алоқалари йўқ. Калола зурриёти ва аждоди йўқ одамдир», дедилар.

Яъни ўлган пайтида орқасидан бола-чақаси, набира-чеваралари ҳам, ота-она, бобо-момолари ҳам қолмаган одам калола ҳолида ўлган ҳисобланади.

Демак, оятнинг ҳукмига кўра, «калола» ҳолида вафот этган одамнинг ортидан она бир ака-ука ёки она бир опа-сингил қолса, улар ёлғиз бўлса, мероснинг олтидан бирини олади. Агар она бир ака-ука ва опа-сингиллар иккита ва ундан кўп бўлсалар, улар мероснинг учдан бирида шерик бўладилар. Ушбу ҳолатда эркак-аёл тенг насиба оладилар. Бунда ҳам ўша калола ҳолида мерос қолдирган эркак ёки аёлнинг қарзи ва васияти адо этилганидан кейин мерос тақсимланади. Васият эса зарар қилмайдиган бўлиши керак. Бу мерос бобидаги ҳамма васиятларга тегишлидир.

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: دَخَلَ عَلَيَّ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم وَأَنَا مَرِيضٌ لَا أَعْقِلُ، فَتَوَضَّأَ فَصَبُّوا عَلَيَّ مِنْ وَضُوئِهِ، فَعَقَلْتُ فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّمَا يَرِثُنِي كَلَالَةٌ، فَنَزَلَتْ- ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖﭗ-. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен бемор бўлиб, ўзимни билмай ётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга кирдилар. Бас, таҳорат қилдилар. У зотнинг таҳорат сувларидан устимдан қуйишди ва мен ҳушимга келдим-да:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мендан фақат калола мерос олади, холос», дедим. Шунда «Сендан фатво сўрайдилар. «Сендан фатво сўрарлар. Айтгинки: «Аллоҳ сизга калола ҳақида фатво берур...» нозил бўлди».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоят аввал ҳам бошқа иборалар билан келган эди. Унда Жобир розияллоҳу анҳунинг «Эй Аллоҳнинг Расули, молимни қандай қиламан?» деганлари ва Аллоҳ таоло мерос оятини нозил қилганлиги ҳақида сўз кетган эди.

Бу ривоят эса ана шу олдинги ривоятнинг узвий давомидир. Кейин Жобир розияллоҳу анҳу ўзларидан қоладиган меросни фарзандлар ёки ота-она эмас, балки фақат калолалар олишини айтганлар ва бундай ҳолда мерос қандай бўлинишини сўраганлар. Бошқа ривоятлардан аниқланишича, у кишининг ортларида еттита ёки тўққизта сингил қолган экан. Жобир розияллоҳу анҳунинг мана шу саволлари калола оятининг нозил этилишига сабаб бўлган.

قَالَ عُمَرُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: مَا رَاجَعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم فِي شَيْءٍ مِثْلَ الْكَلَالَةِ، وَمَا أَغْلَظَ لِي فِي شَيْءٍ مَا أَغْلَظَ لِي فِيهِ حَتَّى طَعَنَ بِإِصْبَعِهِ فِي صَدْرِي وَقَالَ: يَا عُمَرُ، أَلَا تَكْفِيكَ آيَةُ الصَّيْفِ الَّتِي فِي النِّسَاءِ؟ رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

«Умар розияллоҳу анҳу:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч нарсада калола ҳақида мурожаат қилганимдек мурожаат қилмаганман. У зот ҳам менга бу нарсада дағаллик қилганларидек ҳеч дағаллик қилганлари йўқ. Ҳатто бармоқлари билан кўксимга туртиб:

«Эй Умар! Сенга «Нисо»даги «ёз ояти» кифоя қилмайдими?» деганлар», деди».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Аввал айтиб ўтилганидек, кўпгина баҳсларга сабаб бўлган бу масалани яхшироқ тушуниб олиш мақсадида Ҳазрати Умар билан бўлиб ўтган воқеани кўриб чиқамиз. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу масалани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қайта-қайта сўрайвериб, у зотни ўзларига нисбатан шундай муомала қилишга мажбур этган эканлар. Албатта, бу ердаги дағаллик сўзи ҳозирги кун тушунчасидаги дағаллик эмас.

Жобир розияллоҳу анҳу савол берганларида ва калола ҳақида оят нозил бўлганида ёз фасли экан, шунинг учун бу оят «ёз ояти» деб номланиб қолган.

Биз ушбу фаслнинг бошида ўрганган калола ҳақидаги бошқа оят қиш фаслида нозил бўлиб, у «қиш ояти» деб номланган.

وَجَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، يَسْتَفْتُونَكَ فِي الْكَلَالَةِ، فَمَا الْكَلَالَةُ؟ قَالَ: تُجْزِئُكَ آيَةُ الصَّيْفِ، فَقُلْتُ لِأَبِي إِسْحَقَ: هُوَ مَنْ مَاتَ وَلَمْ يَدَعْ وَلَدًا وَلَا وَالِدًا قَالَ: كَذَلِكَ ظَنُّوا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сиздан калола ҳақида фатво сўрарлар. Калола нимадир?» деди.

«Ёз ояти сен учун етарли», дедилар у зот.

Мен Абу Исҳоққа:

«У – ўзи ўлиб, бола ҳам, ота-она ҳам қолдирмаган-да!» дедим.

«Шундай деб билишарди», деди.

Абу Довуд ривоят қилган.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маййитни дафн қилиш фарзи кифоядир. Жон узилиши билан уни дафн қилишга тайёрлашга шошилиш керак. Мақбарага дафн қилиш афзал. Мақбараларнинг афзалига дафн қилиш давоми...

1924 19:00 / 14 март
. . . . Мусулмон, тоҳир пок, балоғатга етган, зулм ила қатл қилинган, ўша қатл ила мол вожиб бўлмаган ва тириклик ҳукмлари давоми...

1301 19:00 / 02 май
7. Ота бир опасингил.Ота бир опасингиллар мерос илми истилоҳида .авлодул аллот, деб ҳам аталади.Ота бир опасингилларнинг мероси олти хил бўладиБиринчисиМаййитнинг давоми...

1482 10:36 / 09.03.2020
.Ҳисоб, сўзи луғатда .санаш, маъносини англатади.Уламолар истилоҳида ҳисоб деб мажҳул ададларни чиқаришга олиб борадиган илмга айтилади. Худди шу илм меросда ҳам давоми...

1721 11:02 / 06.04.2020