1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари ва насаблари

09:10 / 06.09.2019 2535 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қайс ибн Махрама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фил йили туғилганмиз».

«Усмон ибн Аффон Қубос ибн Ашям Лайсий розияллоҳу анҳудан: «Сиз каттамисиз, Расулуллоҳми?» деб сўради.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан катталар. Мен у зотдан туғилишда қадимгироқман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фил йили туғилганлар. Онам мени ўша жойга кўтариб борганида филнинг чириб кетган яшил тезагини кўрганман», деди».

Иккисини Термизий ҳасан санад ила ривоят қилган.

Ушбу икки ривоятда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фил йилида таваллуд топганлари таъкидланмоқда. Арабларда тарихни йилнинг машҳур ҳодисаси билан белгилаш одати бор эди. Фил ҳодисаси энг машҳур ҳодисалардан бири бўлган.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари: У зот – Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фиҳр ибн Молик ибн Назр ибн Кинона ибн Хузайма ибн Мудрика ибн Илёс ибн Музар ибн Низор ибн Маъадд ибн Аднон».

Бухорий ривоят қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ота бўлиш бахтига сазовор бўлган Абдуллоҳ Қурайш қабиласи, Бану Ҳошим уруғининг бошлиғи Абдулмутталибнинг Ҳорис, Зубайр, Абу Толиб, Абу Лаҳаб, Ғайдоқ (ёки Ҳажл), Муқаввим (ёки Абдулкаъба), Зирор, Аббос ва Ҳамза исмли ўғиллари орасида энг маҳбубидир. Абдуллоҳ ўн нафар ўғил ичида энг кичиги эмас, чунки Абдуллоҳнинг укаси Ҳамза розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бор-йўғи 2 ёш катта бўлгани, ҳатто эмикдош бўлгани маълум ва машҳурдир. Абдуллоҳ ота-она бир ўғиллар ичида энг кичиги бўлган, холос. Улар Зубайр, Абу Толиб ва Абдуллоҳ бўлиб, Фотима онадан туғилганлар.

Абдуллоҳ вояга етганида отаси унга муносиб келин топиш пайига тушди. У ўғлига қаллиқ излаб, Маккадаги оилаларнинг қизларини саралай бошлади. Охири ўз хотинларидан бири Ҳоланинг (Ҳамзанинг онаси) амакисининг қизи Оминани маъқул топди.

Абдуллоҳнинг отаси Абдулмутталиб Бану Ҳошимнинг улуғи бўлганидек, Оминанинг отаси Ваҳб ҳам Бану Зуҳранинг улуғи эди.

Омина одобли, сабрли ва гўзал қиз эди. Унинг ҳақидаги хабарларга қараганда, Омина худди Биби Марямнинг сифатларига эга бўлган. Қисқа­си, Омина ўша вақтнинг ҳамма жиҳатдан устун бўлган қизи эди.

Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбарини ана шундай ажойиб васфга эга икки улуғ ва пок наслнинг вакили ва вакиласи бўлмиш ота-онадан дунёга келишини ирода қилди. Абдуллоҳ ва Оминанинг оила қуришларини таъминлади.

Бу икки ёшнинг тўйларидан кўп ўтмай, янги куёв ўз қавмига керакли хизмат юзасидан, хурмо олиб келиш учун отасининг тоға юрти – Ясрибга (Мадинага) жўнаб кетди. Кўп ўтмай, Абдуллоҳ ўша ерда вафот этди.

Ўша пайтда Оминанинг ҳомиладор бўлганига кўп бўлмаган эди. Ўн гулидан бир гули очилмаган ёш келин ҳомиладор ҳолида маҳбуб эридан ажраб, бева қолди.

Оминанинг ҳомиласи оддий ҳомила эмас, хайр-барака ҳомиласи эди. Аллоҳ таоло ана шу ҳомиланинг баракасидан Каъбани бузиб ташлаш ниятида Маккага бостириб келган Абраҳа бошлиқ фил эгаларини ҳалок этди. Ана шу фил воқеасидан салкам икки ой ўтиб, Оминани тўлғоқ тутди. Бу тўлғоқ оддий тўлғоқ эмас эди. Одатдаги ҳолатлардан тамоман ўзгача ҳолатда Оминанинг ҳомиласи ёруғ дунё­га келди.

Дунёни нурга тўлдирган, бутун мавжудотни бахт­га чўмдирган бу улуғ кун машҳур ривоятга кўра, рабиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни, (милодий 571 йил 22 апрель), душанба куни эди.

Омина янги туғилган гўдакнинг суюнчилик хабарини бериш учун Абдулмутталибга одам юбориб: «Набирангиз туғилди, келиб уни бир кўринг», деди.

Эҳтимол, у киши бу билан янги куёвлик чоғидаёқ вафот этган ўғлининг кўйида ўртаниб юрган кекса отанинг кўнглига бир оз қувонч киришини истагандирлар.

Абдулмутталиб қувончдан тўлиб-тошиб, шошганча етиб келди. Мурғак набирасини қўлига олиб, меҳр билан ўпди. Уни авайлаб кўтариб, Каъбаи муаззаманинг ичига олиб кирди. Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, дуои хайрлар қилди. Сўнг набирасига Муҳаммад деб исм қўйди. Араблар ичида бу исм унчалик тарқалмаган эди. Одамлар ҳайрон қолишди.

Араб тилининг хусусиятларидан келиб чиқиб, тилшунос уламолар: «Айни шу – «Муҳаммад» сийғасидан мақтови тинмай янгиланиб турувчи, деган маъно чиқади», дейдилар.

Тарихчиларнинг ривоят қилишларича, Омина онамиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳомиладорлик вақтларида туш кўрибдилар, унда фарзандлари туғилганда уни Муҳаммад деб аташлари лозимлиги айтилган экан.

Шунингдек, Абдулмутталиб ҳам тушида ўз пуштидан одатдагидан бошқа, улуғ мақомга сазовор бўладиган ўғил бола туғилишига ишора қилувчи ҳолатни кўрган экан. Икки тушнинг таъсирида Абдулмутталиб набирасига Муҳаммад деб исм қўйди.

«Ислом тарихи» биринчи китоб

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сабаъ Арабистон яриморолининг жанубида, Яманда жойлашган бир мамлакат эди. Ҳудҳуд ана ўша ердан ўта муҳим ndash ҳам пайғамбар, ҳам подшоҳ, ҳам инсу жин ва қушлардан давоми...

6094 15:00 / 07.04.2019
Жангчи давлат арбоби бўлиши шарт эмас. Сиёсатнинг ўз ҳисоби бор. Жангни моҳирлик билан бошқарадиганлар ҳамма вақт ҳам давлатни моҳирлик билан бошқара олишмайди. давоми...

1734 13:00 / 16.12.2021
Ушбу жангда мусулмонларнинг енгилишлари улардаги энг олий сифатларнинг рўёбга чиқишига сабаб бўлди. Улардан собит турганлари, ўзларини қурбон қилганлари кучли давоми...

1840 17:00 / 01.12.2020
Қуръони карим тарихда ўтган бир неча қавмлар ҳақида хабар беради quotУларга ўзларидан илгари ўтган кишилар бўлмиш Нуҳ, Од, Самуд қавмларининг ва Иброҳим қавмининг, давоми...

9614 05:00 / 06.01.2017
Аудиолар

135084 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55361 14:35 / 11.08.2021