1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жаннат райҳонлари

Чиройли ҳулққа илк қадам

16:07 / 05.08.2019 3315 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Гўзал тарбия олган фарзандларгина чинакамига «жаннат райҳонлари» деб мақталади. Инсонийликдан чекинган, тарбияси бузуқ болалар эса жамият зараркунандасига айланишади. Шу боис динимиз фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратади ва бу муҳим масалани жамият олдидаги энг зарур вазифалардан бирига айлантиради. Фарзандга тарбия беришда нималар қилиш, қайси усул ва тажрибалардан фойдаланган маъқул?

Таниқли олим Абдуллоҳ Муҳаммад Абдул Мутиънинг «Исломда тарбия» китоби бу йўлда муҳим дастур бўлиши мумкин. Қуйида ушбу китобдан айрим маслаҳат ва тажрибаларни сиз ўқувчиларга илиндик.

Тарбия болаликдан бошланади

Инсоннинг жисмоний, руҳий ва ақлий камолотига болаликда пойдевор қўйилади. Яхши, гўзал тарбия олган бола улғайгач, хуш ахлоқли, гўзал одобли инсон бўлиб етишади ва Аллоҳнинг ҳидоят йўлида юриб, икки дунё саодатини қўлга киритади. Тарбияси бўш ёки ёмон тарбия кўрган бола ношукр, ахлоқсиз кимса бўлиб улғаяди ва бундайлардан жамият катта зарар кўради.

Қуръони Каримда бундай марҳамат этилади:

«Биз ҳақиқатан унга тўғри йўлни кўрсатдик – у шукр қилувчи ё ношукр бўлди» (Инсон сураси, 3-оят).

Фарзандларини чинакам иймонли, солиҳ, диёнатли қилиб тарбиялашни истаган ота энг аввало унинг учун иймони бут, солиҳа, диёнатли, инсофли, гўзал ахлоқли она танлаши керак. Бу иш бола тарбиясига қўйилган илк қадамдир. Фарзанд туғилиши билан бу улуғ неъмати учун Аллоҳга кўп мақтов ва шукроналар айтиш, ушбу хурсандчиликни бошқалар билан баҳам кўриш, боланинг қулоғига азон айтиш, унга чиройли исломий исм қўйиш, биринчи кунданоқ уни ҳалол йўл билан ризқлантириш фарзанд тарбиясидаги асосий талаблардандир. Болангизнинг тили чиқиши билан унга «Аллоҳ», «Ла илаҳа иллаллоҳ», «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», «Ассалому алайкум» каби энг муҳим калималарни ўргатиш керак.

Атоқли олимлардан бири фарзанд тарбиясига бағишланган машҳур асарида бундай ёзган эди: «Болага энг аввал ахлоқий қоидаларни ўргатиш зарур. Бунга эътибор берилмаса, ўғил-қизингиз ғазаб, шалоқ сўзларни сўзлаш, лоқайдлик, ўйламай иш қилиш, бағритошлик ва очкўзлик каби ёмон иллатларнинг қурбонига айланади. У улғайгач, бу иллатлардан қутилиши оғир кечади. Чунки ахлоқсизликнинг ушбу кўринишлари унинг табиатига чуқур кириб кетган бўлади. Агар фарзандингиз барча воситаларни ишга солиб иллатлардан халос бўлиб олмаса, бир кун келиб жамиятда шарманда бўлади. Болалигида яхши тарбия олмаган кўплаб одамларнин улғайганда одобсиз ва ахлоқсиз кимсаларга айланиши кўп кузатилган».

Бола дин, чиройли хулқ ҳақидаги илк маълумотларни уйи ва оиласида олади. Ислом одоб ва ахлоқ қоидаларига риоя этишга буюради ва икки дунё саодатига эришиш учун бунга болалар ҳам, катталар ҳам масъуллигини алоҳида уқтиради. Мавзу янада тушунарли бўлиши учун ахлоқий низом ва исломий одоб қоидаларига яққол мисол сифатида Пайғамбар алайҳиссалом замонларига мурожаат қиламиз.

Сир сақлай олсин!

Собитнинг ривоят қилишича, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бундай деган: «Бир куни бошқа болалар билан ўйнаб турганимда Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга келдилар ва мени бир юмушга жўнатдилар. Шу туфайли онамнинг олдиларига кеч қайтдим. Уйга келсам, онам: «Нега кеч қолиб кетдинг?» деб сўраб қолдилар. «Аллоҳнинг Расули бир юмушни топширган эдилар», деб жавоб қилдим. Онам: «Нима юмушлари бор экан?» деб сўрадилар. «Бу – сир», дедим. Шунда онам: «Аллоҳ Расулининг сирларини ҳеч қачон ҳеч кимга айтма!» дедилар. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳнинг ўша сирларини кимгадир айтмоқчи бўлганимда, сенга айтиб берган бўлардим, эй Собит».

Анаснинг айтган сўзларини бир мулоҳаза қилиб кўрайлик: «Расулуллоҳнинг ўша сирларини кимгадир айтмоқчи бўлганимда, сенга айтиб берган бўлардим, эй Собит». Бу ёш боланинг сўзлари эмас, ёш шогирдига ўзининг болалик хотираларини сўзлаб бераётган кекса шайхнинг гапларидир. Биз Пайғамбар алайҳиссаломнинг улуғ саҳобалари, Басранинг хатиби сўзларини тинглаяпмиз. У бу тарихий воқеанинг тафсилотларини билиб олиш учун устоз атрофида ҳалқа бўлиб ўтирган ёш шогирдларига болалигидаги ўша ҳаяжонли бир тарихни, ҳозиргача ўзини тўлқинлантириб келаётган воқеани сўзлаб бераётир.

Йиллар ўтди ва Анас улғайиб ўсмир бўлди, кейин йигитга айланди, сўнг ўрта ёш, ортидан кексалик ёшига етди. У юз йил умр кўрди ва кўплаб давлатларнинг юзага келиши ва қулашига гувоҳ бўлди. Шуларга қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини ҳануз пинҳона сақлаб келяпти. У узоқ йиллар олдин болалар билан ўйнаб юрганида билган сирни ўшандан буён бирор марта очмади. Ҳатто энг ишончли шогирдига ҳам айтмади.

Ҳалолликни ўргатинг!

Абдуллоҳ ибн Биср розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Онам бир бош узумни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга элтиб беришимни буюрдилар. Мен эса уни йўлда еб қўйдим. Кейинроқ онам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни учратиб қолиб, у зотдан: «Абдуллоҳ сизга бир бош узумни элтиб бердими?» деб сўраб қолдилар. У зот: «Йўқ», деб жавоб бердилар. Кейинчалик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон мени учратиб қолсалар: «Хиёнат, хиёнат!» дер эдилар».

Муҳаммад Ҳусайн ушбу ривоятни қуйидагича  шарҳлайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болани айблаш ниятида эмас, шунчаки ҳазил йўли билан унинг эътиборини омонатга хиёнат қилмасликка қаратмоқчи бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзларини икки мартадан такрорлаганлари эса хатога йўл қўйган болани келгусида бундан эҳтиёт бўлишни эслатиш мақсадида бўлган. Бу иш ҳалоллик билан боғлиқ бўлгани  учун  Пайғамбар алайҳиссалом болани оғринтирмаган ҳолда сўзларни такрорлашдан фойдаланганлар».

Анвар Аҳмад таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Iymon besh burchli qal`aga o`xshaydi.Birinchi burji oltindan, ikkinchi burji kumushdan, uchinchi burji po`latdan, to`rtinchi burji tunj bronza, ruh dan, beshinchi burji misdan.Qal`a ichiga o`g`ri kirsa, qimmatli narsalarni o`maradi. Iymon qal`asining o`grisi ndash shayton.Mis burji ndash adabdir. давоми...

7215 18:00 / 05.12.2018
Ey, farzandOvqatlanishdan oldin ikki qo`lni yuvish sunnat. Bunga beparvo bo`lmaslik kerak.Dasturxon yerga yozilgan bo`lsa, o`ng tizza tik tutilib, chap oyoqqa o`tiriladi. Payg`ambarimiz sollallohu alayhi vasallam shunday qilgani rivoyat etilgan.Avval .Bismilloh, aytilib, ovqatlanish o`ng qo`l bilan давоми...

22822 14:10 / 31.01.2019
Muso alayhissalom Allohga duo qildi. Pok Parvardigor Bani Isrol qavmiga bir sigir so`yishni vahiy orqali buyurdi. Xuddi mana shu yerda masala chigallashdi. Bani Isroil yana masxaraomuz savollarini boshlagandi. .Eslang Muso o`z qavmiga .Alloh bir sigir so`yishlaringni buyurdi, deganda ular давоми...

5351 15:00 / 02.01.2023
Od qavmining kuchi, o`zlariga va insonlarga zararli bo`lib qoldi. Chunki ular, Allohga va oxirat kuniga ishonib, iymon keltirmadilar. Ularni nima zulmdan va dushmanchilikdan man qiladi Nima uchun insonlarga zulm qilmasinlarki, ular o`zlaridan yuqorida hech kimni kuchli deb ko`rmaydilar. Hisob давоми...

2972 15:00 / 19.12.2020
Аудиолар

213474 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132685 14:35 / 11.08.2021