1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Пайғамбарлар қандай вазифаларни бажарадилар

14:00 / 31.07.2019 3202 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло одамлар орасига нима учун пайғамбарлар юборганининг ҳикматини ва уларнинг вазифаларини баён қилиб, Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:

«Одамлар бир уммат эдилар. Аллоҳ хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ ила Китоб нозил қилди» (213-оят).

Аслида инсон Одам Ато ва Момо Ҳавво ҳамда уларнинг фарзандларидан иборат бир уммат эди. Улар бир оиланинг аъзолари бўлиб, аста-секин кўпайиб бордилар. Кўпайишлари билан бирга фикр-мулоҳазалари ҳам, ихтилофлари ҳам ортиб борди, чунки ҳар кимнинг ўз табиати, ўз ақли, ўз қизиқиши бор. Ҳар ким ўз шароити ва ҳолатидан келиб чиқиб, фикр баён қилади. Бу ҳар кимнинг фитратидаги хусусиятдир, чунки ер юзининг ободлигини Аллоҳ шу турли-туманлик, шу тортишувларга боғлиқ қилиб қўйган. Ҳамманинг фикри, табиати, истаги бир хил бўлганида, ер юзи обод бўлмас эди...

Демак, одамлар ўртасида ихтилоф, келишмовчилик чиқди. Ҳар ким ўзини ҳақ деб билмоқда. Бундай вазиятда ким ҳақ эканини қаердан биламиз? Одамларнинг ўзларига қўйиб берилса, ҳар ким ўзиникини маъқуллайди ва ихтилоф яна ҳам кучаяди.

Агар улардан бир гуруҳини танлаб олиб, ўша танланганларга топширилса, улар ҳам одам. Ҳар қанча ақлли бўлсалар-да, барибир уларда ҳам бошқа одамлардаги заифликлар бор. Бир кунмас бир кун адашади. Заифлиги тутиб, бир тарафга ён босади ёки ҳамма нарсани қамраб олувчи илмга эга бўлмайди. Нафси заифлик қилиб, пора олиши мумкин, ўз қавми чегарасидан чиқа олмай қолиши мумкин ва ҳоказо минглаб сабаблар борки, улар бу йўлда тўсиқ бўлиб, ишни бузиши аниқ.

Демак, «Бундай ихтилофларнинг қай бири тўғри? Қайси чегарагача ихтилоф қилса бўлади?» каби саволларга жавоб бериш учун ихтилоф қилаётганлардан устун турувчи, инсондаги бор заифликдан таъсирланмайдиган, ҳамма нарсани қамраб олувчи илм эгаси, ҳеч нарсага ҳожати тушмайдиган, бекаму кўст, тамадан холи, нуқсонсиз, баркамоллик сифатига эга бир зот керак бўлади. Ана ўша зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир! У ҳамма нарсани билувчи Зот, шунинг учун ҳам Ўзи яратган бандалари ихтилоф қилган ва қилаётган масалалар ҳақида қандай ҳукм чиқаришни Ўзи билади.

«Аллоҳ хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ ила Китоб нозил қилди».

Аллоҳ юборган пайғамбарларнинг биринчи вазифалари мўминларга хушхабарлар, кофиру осийларга огоҳлантиришларни етказишдир.

Улар мўминларга савоб, ажр ва жаннатнинг хушхабарини етказадилар. Кофирларга эса азоб, уқубат ва жаҳаннамнинг хабарини бериб, огоҳлантирадилар.

Шу билан бирга, Энг муҳими, одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳақ китоб билан ҳукм қилиб, ҳақни ҳаққа, ботилни ботилга ажратадилар, адолатли ҳукм чиқарадилар. Ҳақ китобнинг ҳукми ҳақ бўлади.

Ҳамма пайғамбарлар бир дин билан, ҳақ китоб билан келганлар. Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига, ўз даврига мос шариат билан келган.

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг асосий вазифаларидан бири – Аллоҳ таолога иймон келтириб, У Зотга ибодат қилишга даъват этишдир. Аллоҳ таоло Анбиё сурасида бу борада қуйидагиларни айтади:

«Сендан илгари юборган ҳар бир расулга: «Мендан ўзга илоҳ йўқ. Менга ибодат қилинг», деб ваҳий қилганмиз» (25-оят).

Ибодатга сазовор Зот ягона Аллоҳ таоло эканини англатиш, Унга иймон келтиришга даъват қилиш ва фақат Унга сиғинишга чақириш барча илоҳий динлар ва пайғамбарларнинг иши бўлган. Тавҳид ақийдаси ҳеч қачон ўзгармаган.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида қуйидагиларни айтади:

«Батаҳқиқ, ҳар бир умматга «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», деб расул юборганмиз. Улардан Аллоҳ ҳидоят қилганлари ҳам бор ва устларига залолат ҳақ бўлганлари ҳам бор» (36-оят).

«Ҳеч шубҳа йўқки, Биз ҳар бир умматга пайғамбар юбордик. Ҳар бир пайғамбарнинг ўз умматига айтадиган гапи:

«Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», дейишдан иборат бўлди.

Яъни «Бу дунёда фақат Аллоҳнинг кўрсатмаси ила яшанг. Унинг айтганини қилинг, қайтарганидан қайтинг, фақат Унгагина сиғининг. Шу билан бирга, тоғутдан четланинг. Унга ибодат қилманг».

«Тоғут» сўзи араб тилида Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган нарсани ифода этади. У шайтон, фолбин, буту санам, турли тузумлар ёки шахслар, табиатдаги махлуқотлар ёки ҳайвонлар бўлиши мумкин. Демак, Аллоҳдан ўзганинг айтганини қилиб яшаш, ўшанинг таълимотларига амал қилиш, унга сиғиниш тоғутга ибодат қилиш бўлади. Аллоҳ таоло эса бандалари фақат Ўзига ибодат қилиб, тоғутдан четланишини истайди. У Зот ушбу хоҳиш-иродасини одамларга пайғамбарлари орқали етказди. Аммо одамлар ўзларини турлича тутдилар.

«Улардан Аллоҳ ҳидоят қилганлари ҳам бор ва устларига залолат ҳақ бўлганлари ҳам бор».

Ҳидоят йўлини ихтиёр қилиб, унга интилганларни Аллоҳ таоло ҳидоятга йўллади. Залолат – куфр йўлини ихтиёр этиб, ўша томонни кўзлаганларга залолат ҳақ бўлди.

Бу икки тоифанинг ҳеч бирини Аллоҳ мажбурлагани йўқ. Улар ўз ихтиёрлари билан иш тутишди. Шунингдек, икки тараф ҳам Аллоҳнинг қамровли, умумий ихтиёридан чиққанлари йўқ, чунки дунёдаги ҳар бир нарса фақат У Зотнинг иродаси, жорий қилган қонун-қоидаси билан бўлади.

Аллоҳ таоло ҳидоятни танлаб, шу йўлда юраётган кишиларнинг ҳидоятга келишини ихтиёр этган ва шуни жорий қонун-қоидаларга айлантирган. Шунингдек, залолатни танлаб, шу йўлга интилаётган кишиларга залолат ҳақ бўлишини ихтиёр қилган ҳамда буни жорий қонун-қоидаларга айлантирган. Ана шу қонун-қоидаларга биноан, ҳар бир инсоннинг ҳидоят ёки залолатга кетиб, яхшилик ёки ёмонлик қилиши Аллоҳнинг хоҳишига мувофиқ бўлади, дейилади.

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг вазифаларидан яна бири Аллоҳ таолонинг амр ва наҳийларини бандаларга етказишдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда Аҳзоб сурасида қуйидагиларни айтади:

«Улар Аллоҳнинг рисолатларини етказадиган, Ундангина қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиганлардир. Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб-китоб қилишга кифоядир» (39-оят).

Ҳеч қандай тангликсиз Аллоҳнинг йўлига эргашиб юрган зотлар, пайғамбарлар қуйидаги сифатларга эга бўлганлар:

«Улар Аллоҳнинг рисолатини етказадиган» зотлардир.

Аллоҳ таоло уларни ўз элчиси – пайғамбари қилиб юборган. Улар одамларга Аллоҳнинг хабарларини етказувчилардир. Албатта, Аллоҳ таолонинг рисолатида У Зотнинг Ўз бандаларига йўллаган амрлари ва наҳийлари бўлади. Пайғамбарлар ана ўшаларни ўз умматларига етказадилар.

Аллоҳ таоло бу борада Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, қуйидагиларни марҳамат қилади:

«Эй Расул! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар (шундай) қилмасанг, Унинг рисолатини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан сақлар. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас» (Моида сураси, 67-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло у зотга ҳар қандай шароитда, одамларнинг қабул қилиш-қилмаслигига қарамай, даъват қилавериш, Аллоҳ таолонинг амрлари ва наҳийларини етказавериш лозимлигини буюрмоқда:

«Эй Расул! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ».

Зотан, пайғамбарлик вазифаси ўзи шундан иборат. Бошқа оятларда одамларга Аллоҳдан нозил қилинган нарсани қандай етказишнинг таълими ҳам берилган. Жумладан, ҳикмат ва яхши мавъизалар билан етказиш таълими. Демак, нима қилиб бўлса ҳам, Аллоҳдан нозил қилинган нарсани етказиш вазифаси мавжуд.

«Агар (шундай) қилмасанг, Унинг рисолатини етказмаган бўласан».

Яъни «Агар Роббингдан нозил қилинган нарсани етказмасанг, Аллоҳнинг элчилиги – пайғамбарлиги вазифасини адо этмаган бўласан».

«Аллоҳ сени одамлардан сақлар».

Уларнинг ёмонликларидан асрайди.

«Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас».

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг вазифаларидан яна бири одамларга яхши ўрнак бўлишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида қуйидагиларни айтади:

«Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» (21-оят).

Аллоҳ таоло яна Мумтаҳана сурасида шундай марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, сизларга Иброҳимда ва у билан бирга бўлганларда яхши ўрнак бор» (4-оят).

“Ислом тарихи” биринчи китоб

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга тақдим қилган улкан хизматларидан бири дин ва дунёни жамлаш ҳамда тарқоқ сафларни ҳамда тижорий жамоатларни давоми...

2005 14:00 / 26.07.2023
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламга тақдим қилган улкан хизматларидан иккинчиси инсоният бирлиги ва башарият тенглиги тасаввуридир. Авваллари давоми...

1401 11:00 / 12.07.2023
Аллоҳнинг фаришталарига бўлган иймон ҳам катта ҳикматларга эга. Фаришталарга иймон ҳар бир шахс, жамият ва барча инсоният учун кони фойдадир. Аллоҳнинг инсон давоми...

1914 09:44 / 15 январь
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ алайҳиссалом бизнинг ичимизда бир мақомда турдилар. У зот ўша мақомларида қиёмат қоим бўлгунча бўладиган давоми...

5483 05:00 / 06.01.2017
Аудиолар

137661 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57723 14:35 / 11.08.2021