1446 йил 10 рабиъус сони | 2024 йил 13 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

ТАОМДАГИ АХЛОҚ...

05:00 / 28.02.2017 3145 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз таом еса, Алоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унитиб қўйса, «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва охираҳу» десин»-дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлариниг олтита саҳобалари билан таом емоқда эдилар. Бир аъробий келиб, икки марта олиб ҳаммасини еб қўйди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аммо, у тасмия айтганида, ҳаммангизга етар эди», дедилар». Термизий ривоят қилган ва, саҳиҳ, деган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз еса, ўнг қўли билан есин. Қачон бирингиз ичса, ўнг қўли билан ичсин. Чунки, шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон, ҳеч қандай таомни айбламадилар. Агар иштаҳалари тортса, ердилар. Кўнгиллари тусамаса, тарк қилар эдилар», деди». Учовлари ривоят қилган.

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ёнбошлаган ҳолимда емайман», дедилар». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни орқаларини ерга текказиб чўнқайиб ўтириб хурмо тановул қилаётганларини кўрдим». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар. Шунда: «Ейишчи?» дейилди.
«У яна ҳам ашаддийроқ», дедилар
».
Термизий ва Муслим ривоят қилган Унинг лафзида: «У яна ҳам ёмонроқ ёки чиркинроқ», дейилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз таом еса, лаганнинг уст томонидан емасин. Лекин, паст томонидан есин. Чунки, барака унинг уст томонидан нозил бўлур», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган ва унинг лафзида: «Барака таомнинг ўртасидан нозил бўладир. Бас, уни атрофидан енг. Ўртасидан еманг», дейилган.

Амр ибн Умаяядан ривоят қилинади: «У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз қўлларидаги қўй курагини пичоқ билан кесиб еяётганларини кўрган экан. Бас, намозга чақирилди. У зот уни ҳам, пичоқни ҳам ташлаб, турдилар ва намоз ўқидилар. Таҳорат қилмадилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учта бормоқлари билан ер эдилар ва қўлларини артишдан олдин ялар эдилар».

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, шайтон сизларнинг ҳар бирингизнинг ҳар бир ишида ҳозир бўлади; таомига ҳам ҳозир бўлади. Қачон бирингиздан луқма тушса, ундаги нолойиқ нарсани кетказиб, кейин есин. Уни шайтонга тарк қилмасин. Агар фориғ бўлса, бармоқларини яласин. Чунки, у таомининг қаерида барака бўлишини билмас», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «У зот лаганни бармоқларимиз ила сидириб ялашга амр қилдилар ва: «Албатта, сизлар таомингизнинг қаерида барака бўлишини билмассиз, дедилар», дейилган. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Сувайд ибн ан-Нуъмон розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Хайбарга чиқдик. Саҳбоога етганимизда У зот таом чақирдилар. Фақатгина толқон келтирилди. Бас, едик. Сўнг у зот намозга тураётиб оғизларини яхшилаб чайдилар. Биз ҳам чайдик». Бухорий ривоят қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз таом еса, қўлини яламай ёки ялатмай туриб артмасин», дедилар». Бешовларидан Фақат Термизий ривоят қилмаган.

Анас розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эскиб қолган хурмо келтирилди. Бас, у зот уни текшириб, қуртини чиқара бошладилар», деди». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон кечки таом қўйилганда намозга иқомат айтилса, кечки таомдан бошланглар», дедилар».
Бошқа ривоятда: «Қачон намозга иқомат айтилганда кечки таом ҳозир бўлса, кечки таомдан бошланглар», дейилган. Учовлари ривоят қилган.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз ичса, идиш ичига нафас олмасин», дедилар».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Туянинг ичишига ўхшаб бир мартада ичманглар. Икки марта, ич мартада ичинглар. Қачон сизлар ичсангиз, тасмия айтинг. Қачон ичиб битирсангиз, ҳамд айтинг», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сут ичдилар ва ундан оғизларини чайқадилар ҳамда: «Унинг мойи бор», дедилар». Бухорий ривоят қилган.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон дастурхонлари йиғиштирилса: «Аллоҳга кўп, пок, муборак ҳамд бўлсин. Ундан ўзга кифоячи йўқ. У тарк қилинган ҳам эмас. Ундан беҳожат ҳам бўлинмас. Роббимиз», дер эдилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Бухорийнинг ривоятида: «Бизга кифоя қилган ва бизни қондирган, Ундан ўзга кифоячи йўқ ва инкор ҳам қилинмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дейилган.
Муслим ва Термизийнинг ривоятида: «Албатта, Аллоҳ бандасининг таомни еб унинг учун У зотга ҳамд айтмоғидан ва шаробни ичиб унинг учун у зотга ҳамд айтмоғидан рози бўлур», дейилган.
Сунан соҳибларининг ривоятида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ўз таомларидан фориғ бўлсалар:
«Бизни таомлантирган, сероблантирган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дер эдилар
», дейилган.
Абу Довуд ва Насаийнинг ривоятида: «Қачон есалар ёки ичсалар: «Таомлантирган, сероблантирган, уни сингдирган ва унга чиқиш қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дер эдилар», дейилган.

Бир жамоа одамлар: «Эй, Аллоҳнинг Расули, биз еб тўймаймиз», дейишди.
«Эҳтимол, тарқоқдирсизлар?» дедилар.
«Ҳа», дейишди.
«Таомнингизга тўпланиглар ва Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар. Шунда сизларга унда барака берилур
», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган ва: «Бир маросимда бўлсанг, таом қўйилса, уй эгаси изн бермагунча ема», деган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир тикувчи одам таом тайёрлаб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни даъват қилди. Мен ҳам у зот билан бирга бордим. Бас, у арпа нон ва қуритилган гўштли, ошқвоқли шўрва қўйди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаган атрофидаги ошқовоқни териб еяётганларини кўрдим. Ўша кундан буён ошқовоқни яхши кўраман». Бешовлари ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хўл хурмони тарра билан тановул қилаётганларини кўрдим». Тўртовлари ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қовунни хўл хурмо билан ер эдилар ва: «Бунинг иссиғини манабунинг совуғи ила кесамиз, бунинг совуғини манабунинг иссиғи ила кесамиз», дер эдилар». Сунан эгалари ривоят қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир бурда нонни олиб унинг устига бир дона хурмони қўйдилар ва: «Бу, мана бунинг хурушидир», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Бусрнинг икки ўғли Суламийлар розияллоҳу анҳу молардан ривоят қилинади: «Ҳузуримизга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Бас, биз у зотга сарёғ ва хурмо тақдим қилдик. У зот сарёғни ва хурмони яхши кўрар эдилар». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.

Жобир розияллоҳу анҳудар ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларидан хуруш сўрадилар. Улар: «Бизда сиркадан бошқа ҳеч нарса йўқ»-дедилар. Бас, у зот уни келтиришни сўрадилар ва ундан еб туриб: «Сирка қандоқ ҳам яхши хуруш! Сирка қандоқ ҳам яхши хуруш!» дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени уйларига олиб бордилар ва: «Тушликка бирор нарса борми?» дедилар.
«Ҳа», дейишди. Сўнг учта нон келтирилди.
Бас, у зот битта нонни олиб ўз олдиларига қўйдилар. Бошқасини олиб менинг олдимга қўйдилар. Учинчисини олиб, синдириб, яримини ўз олдиларига, яримини менинг олдимга қўйдилар. Сўнгра:
«Хуруш борми?» дедилар.
«Йўқ. Фақат озгина сирка бор», дейишди. У зот: «Уни келтиринглар. У қандоқ ҳам яхши хуруш!» дедилар
».
Муслим ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ширинлик ва асални яхши кўрар эдилар». Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларининг бири фосиқликдир. Фосиқ сўзи луғатда қобиқни тешиб чиқиш маъносини давоми...

5440 05:00 / 28.02.2017
Аллоҳ таъоло сени сабаблар оламида турғазиб қўйган пайтда сенинг тажридни ихтиёр қилишинг, бу нафснинг махфий истакларидандир. Аллоҳ таъоло сени тажрид ҳолатида давоми...

3628 05:00 / 01.03.2017
1. Вараъ иймоннинг энг олий мартабаларидандир. 2. Вараъ эҳсоннинг энг афзал даражаларидандир. 3. Вараъ мўминни хотиржам қилади. 4. Вараъ мўминнинг қалбига роҳат давоми...

820 19:00 / 11 февраль
Ҳар бир инсон нафсини ислоҳ қилишга ва уни яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат қилади. Баъзилар бу ишни чорасиз деб, ноумидликка тушади. Қуйидаги сатрларда давоми...

3461 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

131684 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52151 14:35 / 11.08.2021