1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Мол-дунё ва шуҳрат ҳирси оч бўридан ҳам ёмондир

09:25 / 18.06.2019 2363 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кишининг мол ва шуҳратга бўлган ҳирси унинг дини учун қўйлар ичига қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ёмондир», дедилар».

Термизий ва имом Аҳмад ривоят қилганлар.

Мол-дунё ва шуҳратга бўлган ҳирс ўз эгасини ҳеч қандай ёмонликлардан қайтмайдиган қилиб қўяди. Оқибатда у ўша икки нарса ортидан тушиб, динини барбод қилади. Шунинг учун динимни бўрилар еб кетмасин, деган банда дунёга ва шуҳратпарастликка ҳирс қўймаслиги лозим бўлади.

Рағбат қилувчи қалбни дунёнинг муҳаббати эгаллаб олади ва уни ерга томон тортиб туради. Унинг табиатидаги Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатни сўндириб, унинг ўрнига мол-дунё, шаҳват ва айш-ишратга ўхшаш нобакорликларнинг муҳаббатини ўрнаштиради. Ушбу қалбнинг эгаси унинг талабларига жавоб беришга уринади. Қалбининг талаби асосида кечаю кундуз елиб-югуради, ҳориб-чарчайди, бориб-келади ва ўзини ҳалок қилади. Роғиб қалб эса эгасининг бу ҳолатидан ҳузурланади. Ушбу ҳолат давомли бўлса, мазкур роғиб қалбнинг эгаси қуйидаги оятда зикр қилинган шахсга айланиб қолади.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Агар хоҳласак, уни улар билан кўтарар эдик. Лекин у ерга ёпишиб олди ва ҳавойи нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир ит мисолига ўхшайдики, унга ҳамла қилсанг ҳам тилини осилтириб тураверадир, тек қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверадир. Бу оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Қиссаларни айтиб бер, шоядки, тафаккур қилсалар» (176-оят).

Шу каби сифатга эга бўлган қалб соҳибидан содир бўладиган амалнинг қиймати қанчалик бўлиши мумкин? У одам ўқиган намоз, тутган рўза, қилган ҳаж ва берган закотнинг руҳий қиймати нимадан иборат бўлади? Албатта, дунё ва унинг матоҳларига роғиб қалб эгаси намоз ўқиётганида ҳам хаёли ўзи рағбат қилган нарсаларга боғланиб туриши турган гап. Қолган тоат ва ибодатларни бадани билан адо этса ҳам, қалби дунё ва унинг матоҳлари билан тўлиб-тошиб турган бўлиши турган гап.

Албатта, бу каби тоат ва ибодатларнинг сони ва ҳажми қанчалар катта бўлса ҳам, сифати паст ҳамда савоби оз бўлиши турган гап. Чунки роғиб қалб эгаси бадани ёки молу дунёси билан ибодат қилса ҳам ўша ибодат чоғида унинг қалби дунёнинг ишқи билан тўлиб-тошган бўлади. Унинг қалбида дунёнинг матоҳларига бўлган муҳаббатдан бошқа муҳаббатга жой қолмаган бўлади. Айнан шу сабаб асосида унинг қилган тоат-ибодати қанчалар кўп бўлса ҳам, савоби оз бўлади.

“Зуҳд ва ҳаё” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одобларидан бири ҳаромдан сақланиш ва кўзни тийишдир.Зотан, шариатда ҳаром қилинган нарсаларнинг барчаси ҳамма учун ўта зарарли давоми...

6513 10:03 / 25.06.2020
Солиҳ Муррий Нумайрийдан ривоят қилади .Тушимда бир киши олдимга келиб, .Эй Зиёд, одат қилган таҳажжудинг учун, кечаси ибодатда қоим бўлиш учун ўрнингдан тур давоми...

2773 08:00 / 27.12.2019
Энг яхши аср Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асрshyлари ndash .асри саодат, эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бинобарин, ўша даврда яшаб ўтган саҳобаи киромлар давоми...

2526 12:03 / 18.07.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу сажда қила туриб, зино, ўғрилик, куфр келтириш ва бошқа гуноҳи кабиралардан паноҳ сўрардилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудек буюк давоми...

3702 09:30 / 24.04.2019