1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рўзанинг даражалари

08:10 / 05.05.2019 2512 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аҳли ҳақнинг наздида рўзанинг даражаси учтадир:

Биринчи даража омманинг рўзаси бўлиб, у қорин ва фаржнинг истак-хоҳишларидан тийилишдир.

Иккинчи даража хосларнинг рўзаси бўлиб, у биринчи даражага зиёда ўлароқ кўз, қулоқ, тилни, оёқ, қўл ва бошқа аъзоларни ҳам гуноҳлардан тийишдир.

Учинчи даража хослардан ҳам хосларнинг рўзаси бўлиб, у аввалги икки даражага зиёда ўлароқ қалбни беҳуда қизиқишлардан, дунёвий фикрлардан ва Аллоҳ таолодан бошқа нарсалардан тийишдан иборатдир. Шу ўринда хосларнинг рўзаси ҳақида бир оз сўз юритамиз.

Омманинг рўзасидан фарқли равишда хосларнинг рўзаси аъзоларни гуноҳлардан тийишни ҳам ўз ичига олади.

Хосларнинг рўзаси «солиҳлар рўзаси» деб ҳам номланади. Бу даражадаги рўзанинг мукаммал бўлиши қуйидаги омиллар билан рўёбга чиқади:

1. Барча ёқимсиз ва ёмон нарсалардан кўзни тийиш ҳамда қалбни Аллоҳ таолонинг зикридан тўсадиган нарсаларга машғул қилмаслик.

2. Тилни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, фаҳш-уят гаплар, жафо, хусумат, мақтанчоқликка ўхшаш нарсалардан тийиб, сукутни лозим тутиш. Уни Аллоҳ таолонинг зикри ва Қуръон тиловати билан машғул қилиш. Бу, тилнинг рўзасидир.

Бишр ибн Ҳорис раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинишича, Суфён Саврий: «Ғийбат рўзани бузади», деган. Мужоҳид шундай дейди: «Икки хислат – ғийбат ва ёлғон рўзани бузади». Бу гаплар омманинг эмас, солиҳлар рўзасининг бузилиши ҳақидадир, чунки ғийбатчининг рўзаси омманинг рўзасидек бўлади, аммо ғийбати туфайли солиҳлар рўзаси даражасидан тушади.

3. Қулоқни эшитиш макруҳ бўлган барча нарсалардан, бошқача қилиб айтганда, юқорида санаб ўтилган нарсаларнинг ҳаммасидан сақлаш. Чунки гапириш мумкин бўлмаган барча нарсани эшитиш ҳам мумкин эмас. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳаром еган билан ёлғон эшитган кишини тенг санаган.

4. Қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан сақлаш ҳамда ифтордан кейин қоринни шубҳали таомлардан сақлаш. Зотан, қоринни ҳалол нарсадан сақлаб рўза тутиб, кейин ҳалол бўлмаган нарса билан ифтор қилишнинг маъноси ҳам йўқ. Ҳаром нарсалар динни ҳалок қилувчи заҳардир. Ҳалол эса дори каби ози фойдали, кўпи зарарлидир.

5. Ифторда ҳаддан ташқари кўп еб, қоринни тўйдириб юборишдан сақланиш. Бундай қилиш билан рўзадан кўзланган мақсад амалга ошмайди. Чунки рўзадан кўзланган мақсадлардан бири очликнинг машаққатини ҳис қилишдир. Мазкур мақсадга эришиш эса, рўзадан бошқа вақтларда нонуштада тановул қиладиган таомни саҳарликда ва кечки овқатда тановул қиладиганини ифторда истеъмол қилиш билан бўлади.

Ифтордан сўнг қалб хавф ва ражо орасида бўлиши лозим, чунки рўзаси қабул бўлиб, муқарраб бандалар қаторига қўшилдими ёки қабул бўлмай, ғазабга учраганлардан бўлдими, аниқ эмас. Ҳар бир ибодатдан фориғ бўлгандан сўнг шу ҳолатда бўлиш лозим.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ кулиб ўтирган қавм олдидан ўтаётиб, «Аллоҳ азза ва жалла Рамазон ойини Ўз бандаларини чиниқтириш учун, У Зотнинг тоатида мусобақа қилишлари учун жорий қилган. Бир қавмлар ўзиб кетиб, нажот топишди. Бошқалари эса ортда қолиб, ноумид бўлдилар. Ўзганлар нажот топиб, аҳли ботиллар ноумид бўлган кунда ўйнаб-кулганларга ҳайронман», деди.

Рўзадорлар дунёда Аллоҳ таолонинг маҳбуб бандалари, охиратда жаннат уйининг улуғ меҳмонлари бўлишади. Рамазон инсон нафсини жиловлаш, поклаш, чиниқтиришнинг энг қулай фурсатидир. «Марҳабо, эй бизларни покловчи! Рамазоннинг ҳамма вақти яхши: кундузи рўза, кечаси қиём, бу ойдаги нафақа Аллоҳ йўлидаги нафақа кабидир», деганлар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу. 

«Ҳар нарсанинг закоти бор, баданнинг закоти рўза тутишдир», деганлар Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.

Рамазон тақво ойидир. Бу ойда хулқимиз янада юксалиб, ҳаром ва шубҳалардан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ тийилишимиз зарур. Шундай табаррук ойда қиз-келинларимизни миллийлигимизга ёт бўлган ҳолатда кийиниб юришдан, эркакларимизни номаҳрамларга кўз тикишдан қайтаришимиз лозим. Ваҳоланки, ҳадисда «Кўнгилнинг тақвоси ҳаромга қарамасликдир», дейилган.

Рамазон ибодатларни кўпайтириш, гуноҳларга мағфират сўраш, Қуръон билан ошно бўлиш, Аллоҳга бандаликни юксак даражага кўтариш ойидир. Шундай бўлгач, Рамазонни тақво, ҳалоллик, ҳусни хулқ ва яхшиликлар ойига айлантириш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.

 «Мўминнинг қалқони» китобидан


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Вафот этган одамнинг қабрда фаришталар томонидан сўроққа тутилишига жазм ила эътиқод қилиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир. Бунга далиллар жуда ҳам кўп. давоми...

1905 10:45 / 01.08.2019
Асмаъий айтади .Калб қабиласига бордим. У ерда бир неча йиллардан бери қурғоқчилик ҳукм сурар, чорва ҳайвонлари қирилиб кетган, осмондан бир томчи ҳам ёмғир ёғмай, давоми...

2927 08:00 / 27.01.2019
СаволАссалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Сизга бир масала тўғрисида мурожаат қилмоқчи эдим. Жума кунида ҳар бир мўмин каби биз ҳам Аллоҳнинг байтига давоми...

2704 11:00 / 07.09.2020
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан одамларнинг олдига чиқдилар. Расулуллоҳ давоми...

1222 08:00 / 09.11.2020
Аудиолар

135322 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55572 14:35 / 11.08.2021