1446 йил 15 шаввол | 2025 йил 13 апрель, якшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фарзандларнинг мероси (тўртинчи мақола)

09:57 / 11.03.2019 2473 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар вафот этган кишининг моли қарзидан ортиб қолса, васияти молнинг учдан бирига ўтиши ҳақида аввал гапириб ўтганмиз.

Ояти кариманинг давомида яна қуйидагилар айтилади:

«Ота-оналарингиз ва болаларингиздан қайси бирлари сизга манфаатлироқ эканини билмайсизлар».

Инсон кўпинча инсонлигига бориб, ҳолатга қараб, турли нарсалардан таъсирланиб, турлича ҳукм чиқариши мумкин. Айниқса, у беморлик чоғида ёки ўлаётган вақтида яқин кишиларига кўпроқ яхшилик қилгиси келади.

Баъзан оталик меҳри устун келиб, болаларини кўпроқ ўйлаб, уларни бошқалардан устун қўяди. Жумладан, мерос ҳам фақат уларга бўлса эди, деб, бу масалада ҳам фарзандларини ота-онасидан устун қўйиб юбориши мумкин.

Баъзи бирлари эса одоб-ахлоқ, урф-одат ҳиссидан келиб чиқиб, ота-онасини устун қўйиб юбориши мумкин.

Шунинг учун ҳам мерос тақсимлашни Аллоҳ таолонинг Ўзи йўлга қўйди. Бу ишни ҳеч кимга, ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам тўлалигича қўйиб бермади.

«(Бу –) Аллоҳ томонидан фарз қилингандир».

Унга инсоннинг мутлақо алоқаси йўқ. Ҳеч ким меросни ўзича бўла олмайди. Меросдан кимга қанча улуш тегишини белгилаш Аллоҳнинг иши. Шунинг учун ҳам мерос қолдирувчиларнинг турли андишаларга боришларига ҳожат йўқ.

«Албатта, Аллоҳ Алийм ва Ҳакиймдир».

Жумладан, меросни қандай тақсимлашни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи яхши билади. Унинг тақсими эса албатта, ҳикматлидир.

Энди ушбу ояти каримада муолажа қилинган мавзу давомида болалар мероси ҳақидаги масалага оид келган баъзи ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқсак.

Ҳузайл ибн Шураҳбийл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Абу Мусодан қиз, ўғилнинг қизи ва сингил ҳақида сўралди. Бас, у: 

«Қизга ярим ва сингилга ярим, Ибн Масъудга борсанг ҳам мен айтганни айтади», деди. 

Сўнг Ибн Масъуддан сўралди ва Абу Мусонинг гапи ҳақида ҳам хабар берилди. 

«Ундай бўлса, адашибман. Мен ҳидоят топганлардан эмас эканман. Лекин мен бу масалада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ҳукмни қиламан. Қизга ярим, ўғилнинг қизига учдан иккини тўлдириш учун олтидан бир ва қолгани сингилга», деди у. 

Абу Мусога бориб, Ибн Масъуднинг гапини айтган эдик:

«Модомики, бу буюк олим ичингизда экан, мендан сўраманг», деди». 

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Шарҳ: Аввало ровий Ҳузайл ибн Шураҳбил розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Ҳузайл ибн Шураҳбил ал-Авадий ал-Куфий. У киши Арқам ибн Шураҳбилнинг иниси бўлганлар. Ҳадисларни акалари Арқам ибн Шураҳбийлдан, буюк саҳобалар –Усмон, Али, Толҳа, Саъд, Ибн Масъуд, Абу Зарр, Саъд ибн Убода, Қайс ибн Саъд, Ибн Умар Ҳамадоний, Масруқ розияллоҳу анҳумдан ривоят қилдилар.

Бу зот Жаможим воқеасидан кейин вафот этдилар.

Энди эса ҳадиснинг шарҳига ўтамиз.

Бир киши вафот этди. Ортидан битта қизи, ўғлидан бўлган битта қиз набираси ва битта синглиси қолди, холос. Кишилар меросни ушбу уч меросхўр ўртасида қандай тақсимлашни билишмади. Улуғ саҳобийлардан бири Абу Мусо ал-Ашъарийнинг олдиларига бориб, масалани ҳал қилиб беришларини сўрадилар. У киши бошқа далилларда қизга ярим, сингилга ярим берилиши зикр қилинганлиги учун меросни уларга бўлиб бериш керак, ўғилнинг қизига ҳеч нарса тегмайди, деб ҳукм қилдилар. Орқасидан эса «Мерос масаласини яхши билиши билан машҳур бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ҳузурига борсангиз, у ҳам мен айтган гапни айтади», дедилар.

Афтидан, сўровчилар жавобдан қониқмаган кўринадилар. Улар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг олдиларига бориб, масалани айтиб, ортидан Абу Мусо ал-Ашъарийнинг жавобларини ҳам қўшиб қўйдилар.

Шунда у киши «Агар мен бу масалада Абу Мусо ал-Ашъарийнинг гапини тасдиқласам, адашган, ҳидоят топмаганлардан бўламан, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалада бошқача ҳукм чиқарганлар. Мен сизларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чиқарган ҳукмларини айтиб бераман», дедилар ва:

«Қизга ярим, ўғилнинг қизига учдан иккини тўлдириш учун олтидан бир ва қолгани сингилга» мазмунидаги ҳадиси шарифни баён қилдилар.

Агар қизлар иккита бўлганларида, учдан икки қисмни олар эдилар. Ўғилнинг қизи ҳам қиз ўрнида. Ўғилнинг қизи ҳам ўз қизи билан қўшилса, икки қиз ўрнини босиб, икковлари учдан иккига ҳақдор бўладилар. Ўз қизи мероснинг ярмини олади. Ўғилнинг қизи узоқроқ бўлганлиги учун мероснинг олтидан бирини олади. Шунда икковининг олгани учдан икки бўлади. Қолган учдан бирни сингил олади.

Бундай ҳолатда мерос олтига бўлинади. Унинг ярми, яъни уч ҳиссаси қизга берилади. Бир ҳиссаси ўғилнинг қизига берилади. Икковиники қўшилганида мероснинг тўрт ҳиссаси, яъни учдан икки қисми бўлади. Сингилга эса икки ҳисса, яъни учдан бир қисми қолади.

Ушбу тақсимни Ибн Масъуддан ўрганиб келган сўровчилар яна Абу Мусо ал-Ашъарийнинг олдиларига қайтиб бориб, бўлган гапни айтиб берадилар.

Шунда у киши очиқ ва мардлик билан ўзлари хато қилганларини тан олиб:

«Модомики, бу буюк олим ичингизда экан, мендан сўраманг», дедилар.

Бу ҳақиқий инсоф билан айтилган гапдир. Ўзидан кўра илмли кишини тан олиш, буни кишилар олдида очиқ айтиш ва уларни ўша олимга йўллаш олимларнинг ҳақиқий одобидир.

«Мен фалончидан кўра яхши биламан», «Нимага мен туриб, пистончидан сўрадинг?» қабилидаги гап-сўзлар одобсизлик ҳисобланади.

(давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида намознинг қуйидаги одоблари мавжуд 1. Такбири таҳрима вақтида эркак киши қўлларини енгидан чиқариши. 2. Қиёмда саждагоҳга, давоми...

3803 19:00 / 27.01.2022
. . . . . . . . Намозда ундан аввал ёки унинг асносида пайдо бўлган беморлик сабабли тик туриш узрли бўлиб қолса, ўтирган давоми...

2348 19:00 / 18.08.2023
Бу тоифадаги китобларда давлат сиёсатини қандай юритиш ҳақида сўз юритилади.1. .Алаҳкомуссултонийя вал вилоятуддинийя,.Сиёсатушшаръийя китоблари ичида энг давоми...

5414 13:40 / 06.03.2019
Ҳозирги даврда ҳукм оятлари тафсири йўналишида ҳам янги китоблар ёзилмоқда. Уларнинг ичида Муҳаммад Али Соис раҳматуллоҳи алайҳининг .Тафсири оятил аҳком, ва давоми...

5075 16:40 / 21.08.2019