1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
16:49 / 29 август 1876 Кўриш режими

Истанбулда халқаро фиқҳий анжуман ўтказилди

Истанбул шаҳрида 2025 йил 16 август куни Ироқ фиқҳ мажмуаси ҳамда Туркиядаги мусулмон уламолар жамияти (мусулмон уламолар иттифоқи филиали) ҳамкорлигида илмий анжуман бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ал Иттиҳод манбаси хабар берди. Унда ироқлик таниқли, фиқҳшунос олимлар ва тадқиқотчилар қатнашди.

Мажлисга доктор Фозил Рубайъий раислик қилди. Тадбир Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Доктор Тоҳа Зайдий мажмуа номидан сўзга чиқиб, машҳур олим, шайх Аҳмад Ҳасан Тоҳанинг табригини етказди ва ташкилотчиларга ташаккурини изҳор қилди. Унинг таъкидлашича, фатвони тўғри йўналтириш ва замонавий масалаларни шариат мезонлари асосида ечиш кераклигини айтиб ўтди.

Биринчи куни доктор. Абдулваҳҳоб Акинжи «Тазкия (нафс поклиги, тасаввуф) роли ва унинг даъват ҳамда жамиятни йўналтиришдаги аҳамияти» мавзусида маъруза қилиб берди. У тазкия даъватчининг руҳий тарбияси ва жамият ислоҳида асосий пойдевор эканини Қуръон ва Суннат асосида далиллаб берди.

Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгашининг Бош котиби, фақиҳ, олим, доктор, шайх Али Муҳйиддин Қорадоғий ҳазратлари «Рақамли валюталар ва электрон савдо» мавзусида маълумот бериб ўтдилар. У замонавий иқтисодий муаммолар ва уларнинг фиқҳий жиҳатларини таҳлил қилиб бердилар.

Анжуманнинг асосий мақсадлари қуйидагилар:

- Замонавий фатвони шариат мезонларига кўра тартибга солиш;

- Жамоавий ижтиҳод методологиясини мустаҳкамлаш ва мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш;

- Мутахассис муфтийлар авлодини етиштириш;

- Жаҳон тажрибаларидан фойдаланиш ва илмий алмашинув;

Иккинчи куни доктор Ванис Муборак «Фатво чиқаришда ёндашувлар»,

доктор Солим Шайхий «Мақсадга асосланган сиёсий ижтиҳод кўникмалари – амалий қарашлар» мавзуларида маъруза қилиб беришди.

Тадбирда кўплаб фиқҳ олимлари, университет профессорлари, талабалар ҳамда илмий марказ вакиллари қатнашди. Мунозаралар замонавий масалаларга уйғун равишда, жамоавий ва илмий руҳда бўлиб ўтди.

Шунингдек, крипто валюталар ва оммавий молиялаштириш, рақамли акциялар ва облигациялар, сунъий интеллект орқали молиявий шартномаларни тартибга солиш, фатво чиқаришда замонавий ёндашувлар, сиёсий ижтиҳод кўникмалари ва бошқа муҳим мавзулар муҳокама қилинди.

 

Муаллиф
islom.uz
Манба
islom.uz
Калит сўзлар: Иймон Намоз