Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Аҳмад ибн Комил ал-Бухорий ал-Варроқ - «Ғунжор ал-Ҳофиз» лақаби билан танилган эдилар. Юз мингдан кўп ҳадисни ёддан билар эдилар. Ёшликларидан юқорида номлари зикр этилган Исо ибн Мусо Ғунжордан ҳадисларни вараққа ёзиб, у кишининг ҳадисларига эргашганлари учун «Ғунжор» деган лақаб олганлар. «Тарихи Бухоро» ва «Фазоил ус-саҳоба ал-арбаъа» («Тўрт саҳоба фазилатлари») китобининг муаллифи. Абу Солиҳ Халаф ибн Муҳаммад ал-Хайём, Абу Амр Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Собир ал-Бухорий, Абу Ҳомид Аҳмад ибн Ҳусайн ал-Ҳамадоний ва бошқа жуда кўп уламодан таълим олганлар. Марвга бориб, у ернинг мaшойихларидан ҳадис ёзиб олганлар. Ўзларидан эса Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ал-Жаъфарий, Абул Музаффар Ҳаннод ибн Иброҳим ан-Насафий, Абул Валид Ҳасан ибн Муҳаммад ад-Дарбандий, Абу Ҳафс Умар ибн Аҳмад ал-Баззор, Абу Бакр Аҳмад ибн Абдураҳмон ал-Ҳофиз аш-Шерозий ва Абу Тоҳир Ҳусайн ибн Али ал-Ҳамадоний ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 412 (милодий 1022) йилда Бухорода вафот этганлар (қабрлари Исмоил Сомоний хиёбонининг ғарби-жанубий томонида).