Амир Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Иброҳим ас-Симажурий ақлли инсон ва фозил амирлардан бўлиб, лақаблари «Носир ад-давла» (Давлат ёрдамчиси) эди. Бу киши таълимни Абу Қурайш Муҳаммад ибн Жума ал-Ҳофиз ал-Қуҳистоний ва Абу Туроб Муҳаммад ибн Саҳл ал-Воиз ал-Қаҳастонийдан олганлар. Бу зот ҳақларида Абу Абдуллоҳ ал-Ҳофиз ал-Ҳоким «Тарих» китобларида зикр қиладилар: «Амир ибн амир ибн амир «Носир ад-давла», яъни Абул Ҳасан донишманд ва ақлли амирлардан эдилар. Давлат сиёсатини қўллари, тиллари, қаламлари ва қиличлари билан юргизар эдилар. Нишопур, Ҳирот ва Сижистонда (Кобулдаги машҳур шаҳарда) ўттиз йилдан кўпроқ ҳукмдор ва султон хизматида бўлганлар. У кишидан рози одамлар: «Олимларнинг қалби – дунё сирларининг қабри» деб айтар эдилар».
Маккаи Мукаррамада ўз асрининг ягона ва улуғ олими бўлган Абул Ҳасан ал-Ҳoшимий айтар эдилар: «Лақад манналлоҳу алайкум, ё аҳла Хуросон, бил-амир ал-одил Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Иброҳим ва жаъала лано фийҳи авфар ал-ҳузуз» (Эй Хуросон аҳли! Дарҳақиқат Аллоҳ сизларга одил амир – Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Иброҳимни туҳфа қилди ва Аллоҳ уни биз учун Хуросонга бахтларнинг мукаммали қилди).
Абу Бакр ал-Қаффол аш-Шоший айтадилар: «Лав ла ал-амир Абул Ҳасан ламо истақарра лий ватаний биш-Шош» (Агар амир Абул Ҳасан бўлмаганларида эди, ватаним Шошда муқаррар яшай олмас эдим).
Қози Абу Саъид Халил ибн Аҳмад айтар эдилар: «Лав ла ал-амир Абул Ҳасан ма салима лий руҳий инда хуружий мин Сижистон ва ма васалту ила Бухоро» (Агар амир Абул Ҳасан бўлмаганларида эди, Сижистондан чиқаётганимда кўнглим тинчимасди ва Бухорога етиб боролмасдим.)