1446 йил 21 жумадул аввал | 2024 йил 23 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Муҳаммад ибн Жазарий -

У кишининг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Юсуф Жазарий Дамашқий. Куняси Абулхайр. У киши илмий доираларда Ибн Жазарий номи билан машҳур бўлган. 

Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 751 сана, Рамазон ойининг йигирма бешинчиси, жумадан шанбага ўтар кечаси (м. 1350 йил 30 ноябрь) Дамашқ шаҳрида таваллуд топди. Имом Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи курд миллатига мансубдир. 

Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳининг отаси тожир бўлган. У киши қирқ йил бола кўрмаган. Сўнг ҳажга бориб, замзам сувидан ичиб туриб, Аллоҳ таолодан олим фарзанд тилаб, астойдил дуо қилган. Унинг илтижо ила қилган дуоси қабул бўлиб, таровиҳ намозидан кейин ўғли Муҳаммад туғилган. 

Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи Дамашқ шаҳрида катта бўлди. Худди шу шаҳарнинг ўзида Қуръони Каримни ўн уч ёшида тўлиқ ёд олди. Ўн тўрт ёшида намозда хатмга ўтди. 

У киши раҳматуллоҳи алайҳи бой-бадавлат бўлиб, хушбичим, кўркам, гўзал, оқ-қизғиш рангли ва фасоҳатли зот эди.

ИЛМ ТАҲСИЛ ҚИЛИШИ

Имом Жазарий раҳматуллоҳи алайҳининг отаси солиҳ, илмга берилган, аҳли Қуръон киши эди. Шунинг учун ҳам тилаб олган фарзандини дуода сўраганидек инсон бўлиши учун ёшлигиданоқ Қуръон устозларининг, замона уламоларининг ҳузурига олиб бориб, улардан илм олишини таъминлади. Имом Жазарийни отаси биринчи бўлиб, ўзига Қуръондан таълим берган устози шайх Ҳасан Саружийнинг олдига олиб борди.

Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи ёшлигидан қироат илмларига қаттиқ қизиқди ва ўз асрининг катта устозларидан дарс олди. Шом, Миср ва Ҳижоз уламоларидан «Шотибия», «Тайсир», «Кофий», «Унвон», «Эълон», «Мустанийр», «Тазкира», «Тажрийд» ва бу соҳадаги бошқа она китобларни ўқиб ўрганди.

Имом Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи Қуръон билан бирга ҳадис илмини ҳам ўрганиб борди. Дамашқда Фахр ибн Бухорийнинг асҳоблари ва бошқалардан ҳадис тинглади. Муҳаммад ибн Исмоил Хаббоздек катта шайхлардан ҳадис илмида ижоза олишга эришди. Хаббоз имом Жазарийнинг бобосининг тоғаси эди.

Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи нафақат тажвид, қироат ҳамда ҳадис илмларида, балки тафсир, фиқҳ, усули фиқҳ, ақийда, балоғат, наҳв, сарф ва бошқа илмларда ҳам етук олим бўлиб ўсди.

Ўз ватанининг машойихларидан қироат илмининг машҳур китобларини ўқиб бўлганидан сўнг Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳининг нафси олий санадларга эришиш учун Шомдан бошқа жойларга илм талабида сафар қилишни тусаб қолди. Унинг ўзи Андалусга сафар қилмоқчи бўлди. Унинг нияти ўша ернинг шайхи, Ғарнотанинг хатиби Муҳаммад ибн Юсуф ибн Абдуллоҳ Андалусийдан дарс олиш эди. Чунки мазкур шайх ўша замоннинг санади энг олий қориси эди. Аммо ота-онаси сафарнинг машаққати ва йўлнинг хатаридан қўрқиб, у томонга сафар қилишдан уни ман этдилар. 

Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳининг биринчи сафари ҳижрий 768 санада ҳаж ниятида Ҳижозга бориш бўлди. Мадинаи Мунавварада у ернинг шайхи, Ҳижоздаги энг олий қироат санадининг эгаси шайх Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Солиҳ Муқрийдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзалари ва минбарлари орасида «Кофий» ва «Тайсир» китобларини ўқиди.

Ундан сўнг Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи Мисрга уч марта илмий сафар қилди. Сўнгра яна турли мақсадларда Мисрга кўплаб сафарлар уюштирди.

Биринчи илмий сафар ҳижрий 769 санада бўлган. Унда Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи Мисрнинг учта катта шайхларидан қироат илми бўйича дарс олган.

1. Ибн Жундий номи билан машҳур бўлган Абу Бакр ибн Ойдуғди ибн Абдуллоҳдан унинг «Ал Бўстон фий қироатис саласата ашар» китобини ўқиди ва вафотидан олдин у кишидан ижоза олди.

2. Ўша йили Абулҳасан Муҳаммад ибн Абдурроҳман ибн Али ибн Соиғдан «Шотибия», «Тайсир» ва «Унвон» китоблари асосида етти қироатни жамлаб ўқиди. Сўнгра яна 771 йили унинг ҳузурига сафар қилди.

3. Абу Муҳаммад Абдурроҳман ибн Аҳмад ибн Али Бағдодий ҳузурида қироатларни жамлаб икки марта хатм қилди. Биринчи хатм «Шотибия», «Тайсир» ва «Унвон» китоблари асосида бўлди. Сўнг ҳижрий 771 санада иккинчи марта бориб, иккинчи хатмни қилди. Ўша сафари давомида Қоҳирада «Ат-Тамҳид фий улумит тажвид» номли китобини ёзди.

Иккинчи илмий сафар ҳижрий 771 санада амалга оширилди.

Унда Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи Қоҳирада туриб қироатлар, ҳадис ва фиқҳ илмларидан дарслар олди. Юқорида айтиб ўтилган икки устозидан қироат илмини олди ва хатмлар қилди.

Учинчи илмий сафар 778 ҳижрий санада бўлди. Унда Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи қироат, усул, маъоний ва баён илмлари бўйича дарслар олди. Сўнгра Искандарияга сафар қилиб, у ердаги шайхлардан илм олди.

Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи Мисрга қилган сафарларидан қайтиб борганида Дамашқдаги шайхларнинг ҳузурида турли илмлардан, хусусан, қироат илмидан кўп дарс олар эди.

Замонасининг бир қанча уламолари Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳига фатво ва дарс бериш ҳамда Қуръони Карим қироатини ўргатиш бўйича изожатлар берган. Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи Шом ва Қуддусдаги бир неча мадрасаларда дарслар берди. Сўнгра ўзи Дамашқнинг Ақабтул Каттон номли мавзесида «Дорул Қуръон» номли мадраса қурди. Унда одамларга қироат илмидан дарс берди.

Шомда яшаса ҳам доимо Мисрга қатнаб турди. Ҳижрий 793 санада Шомга қози бўлди. Аммо бу борада иши юришмади. Тезда бу ишни тарк этди. Сўнгра амир Қутлубекнинг баъзи идора ишларини бажарди. Аммо бу ердаги фаолият унинг бошига кўп қийинчиликлар келишига ва ҳаётининг тамомила бошқа йўналишга бурилиб кетишига сабаб бўлди.

Ҳижрий 798 сананинг жумадул аввал ойида Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи Рум диёри томонга қочиб кетди. Бунга Мисрда унинг мол-мулки зулм ила тортиб олингани сабаб бўлган эди.

Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи Бурса шаҳрида қарор топди. У Султон Боязид ибн Усмон ҳузурида яшай бошлади. Ўша пайтларда Бурса усмоний Султон Боязид ибн Мурод ибн Ўрхон ибн Усмоннинг пойтахти эди. Унга 791 ҳижрий санада байъат қилинган бўлиб, у илм ва уламоларни, Қуръони Карим аҳлини жуда ҳам севар ва ҳурмат қиларди.

Аллоҳ таолонинг инояти билан Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи ўша ерларда ўзининг Шайх Ҳожи номи билан танилган, Дамашқда унда дарс олган эски шогирди билан учрашиб қолди. Ўша шогирд уни султонга таништирди. Султон эса уни улуғлади, иззат-икром кўрсатди. Унга ҳар кунига икки юз дирҳам маош тайин қилди. Яна бир нечта отлар ва хизматкорлар берди.

Шунингдек, бу ерда Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг эски шогирдларидан бири Мўмин ибн Али ибн Муҳаммад Румий Фалакободий билан учрашиб қолди. У ҳам Дамашқда имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳидан дарс олган эди. У ўша шогирдиникига жойлашди.

Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи Бурсада яшаб, усмонийларнинг лашкари билан жангларда иштирок этди ва илмий ишлар билан машғул бўлди. Ўша диёрнинг аҳли ундан қироатларни, ҳадисни ўрганди. Улар у кишидан жуда кўп фойда олдилар. Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи бу ерда дарс бериш билан бирга китоб таълиф қилиш билан ҳам машғул бўлди. Ҳижрий 799 санада ўзининг машҳур китоби «Ан-Нашр фий қироатил ашр» номли китобини ёзди. Ўша йили «Тийбатун Нашр» деган назмий асарини ҳам ёзди.

Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи ўша ерда доимий яшаб қолишни ният қилган бўлса керак, унинг болалари ҳам у ерга кела бошладилар. У ҳам отаси билан бирга туриб, одамларга фойда бера бошлади. Шунингдек, бошқа бир ўғли Абулхайр Муҳаммад ҳам келиб, намозда Қуръони Каримни хатм қилди. «Муқаддима» ва «Жавҳара» китобларини ёд олди. Учинчи ўғли Абулфатҳ Муҳаммад Дамашқда қолиб, отасининг ишларини давом эттирди.

Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳининг бу ерларда яшаганига олти йилу бир неча ой бўлганида Амир Темур ўз аскарлари билан усмонийлар давлатига ҳужум қилди. Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи усмонийларнинг лашкари билан бирга ҳижрий 804 санада Анқара яқинида бўлган жангга чиқди. Усмонийларнинг лашкари енгилди. Султон Боязид асирга тушди. Шунингдек, Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи ҳам асирга тушди.

Амир Темур Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳидан хабардор бўлиб, унинг кимлигини англаб етди ва ўзи борган мусулмон юртлардаги катта уламоларга нисбатан қиладиган одатига биноан уни ўзи билан Мовароуннаҳрга олиб кетди.

Амир Темур Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳини Кеш – Шаҳрисабзга жойлаштирди. Катта олим бу ерда ўзининг илмий ишлари учун катта фурсат ва имконият топди. У одамларга Қуръони Карим бўйича таълим бера бошлади. Китоб ёзиш ишларига бутунлай ажраб чиқди. Кеш ва Самарқандда ундан жуда кўп одамлар дарс олдилар. Уларнинг ичида Абдулқодир ибн Тилла Румий, Ҳофиз Боязид Кеший, Кеш вилояти қироат шайхининг ўғли Ҳофиз Маҳмудлар ҳам бор эди. Шунингдек, Муҳаммад ибн Шиҳоб ал Хофий ал Ҳанафий, Муҳаммад ибн Фазлуллоҳ ал Хатибий каби олимлар имом Жазарийнинг қўлида ҳадис илмидан дарс олишди. «Ибн Арабшоҳ» лақаби билан машҳур бўлган аллома Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал Ҳанафий ҳам имом Жазарий раҳматуллоҳи алайҳидан ҳадис илмидан таҳсил олган ҳамда устознинг бир қанча китобларини унинг ўзидан дарс олган. Имом Жазарий Самарқандда «Боғи Худо» мадрасасида ҳам дарс берган.

Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи Мовароуннаҳр диёрида Аллоҳ таоло у кишига берган барака туфайли жуда ҳам самарали ҳаёт кечирди. Кўплаб олимлар билан суҳбат қуриш, сон-саноқсиз толиби илмларга турли илмлардан дарс бериш билан бирга, бир қанча илмий асарларни ҳам ёзиб битирди. Жумладан, қорилар тарихига оид «Ғоятул-маҳароҳ физ-зияда алал-ашароҳ», қироат илмидаги «Тоййибатун-нашр фил қироатил ашр», наҳвга доир «Ал жавҳароҳ», ҳозирги кунгача тажвид илмининг асоси бўлиб хизмат қилиб келаётган «Ал-муқоддима фии маа яжибу ъалаа қориил-Қуръани ан яъламаҳ» манзумаларини ҳам шу диёрда таълиф этди.

Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи ерлик аҳолининг эҳтиёжини эътиборга олиб, ҳадис илми бўйича китоблар ёзишга киришди. Аввал у «Масобийҳус сунна» китобини шарҳ қилди. Шунда ерлик аҳли илмлар ҳадис илми асослари бўйича бир китоб ёзишни илтимос қилишди. Уларнинг илтимосларига биноан Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи «Ал-Ҳидоя ъалаа Маъолимир ривоя» номли назмий асарини ёзди. Аммо бу китоб талабга жавоб бера олмади. Шунинг учун мусталаҳул ҳадис илми бўйича «Тазкиратул уламаа фий усули илмил ҳадис» номли китобини ёзди. Бу китоб ўзидан олдинги китобга муқаддима бўлди. 

Ушбу ишлардан кейин Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳининг обрўси яна ҳам ортди. Унинг шуҳрати етти иқлимга таралди. Саноғига етиб бўлмайдиган даражада кўп одамларга илм ўргатди.

Бир куни Амир Темур Самарқандда катта зиёфат берди. У ўзининг девонида ўтирди. Унинг чап тарафига амирлар ўтиришди, ўнг тарафида уламолар ўтиришди. Ана ўша мажлисда Амир Темур Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳини машҳур Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳидан юқорига ўтирғизди. У ўша вақтда Самарқандда мударрис эди. Амир Темурдан нима учун бундай қилгани ҳақида сўралди. Шунда у киши: «Қандай қилиб Қуръон ва Суннат бўйича олим ва мушкул масалани сўраган одамга дарҳол мушкулини ечиб берадиган одамни олдинга ўтирғизмай», деди.

Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Муқаддиматут-тажвид» номли машҳур назмий китобини айнан шу юртларда яшаган кезларида ёзгани аввал ҳам айтиб ўтилган эди. Бунга асардаги айрим ўзига хос ҳолатлар ҳам ишора қилади. Мазкур китобдаги байтлардан бирида шундай дейилади:

فَرَقِّقَنْ مُسْتَفِلًا مِنْ أَحْرُفِ  وَحَاذِرَنْ تَفْخِيمَ لَفْظِ الْأَلِفِ

Таржимаси:

Мустафил ҳарфларни ингичка қилгин,

Алифни йўғон айтишдан ҳазир бўлгин.

Араб нутқ товушлари талаффуз ҳолатига кўра иккита катта қисмга бўлинади: мустафил ва мустаълий. Мустафиллар очиқ, ингичка айтилади. Мустаълийлар оғиз тўлдириб, йўғон талаффуз этилади. Аммо айрим нутқ товушлари гоҳ ундай, гоҳ бундай ўқилади. Шулардан бири алиф, яъни чўзиқ «а» унлиси ҳисобланади. Алиф аслида ўзидан олдинги нутқ товушига тобе бўлади: мустафилдан кейин ингичка, мустаълийлардан сўнг йўғон айтилади. Демак, мазкур байтдаги «Алифни йўғон айтишдан ҳазир бўлгин» деган жумлани олдинги мисрага боғлиқ ҳолда тушуниш керак. Муаллиф айтмоқчики, «Мустафил товушларни ингичка ўқи, айниқса, уларнинг кетидан келган алифни йўғон айтишдан ҳазир бўл».

Ушбу байтни изоҳлаган айрим шарҳчилар муаллиф нега бундай деганини тушунишга ва тушунтиришга қийналганлар. Чунки бу ерда огоҳлантиралаётган хато – мустафил ҳарфлардан кейин алифни йўғон айтиш ҳолати арабларда кузатилмайди. Шу боис бу танбеҳни ўринсиз деб билганлар ҳам, «Буни қандай тушуниш мумкин, ахир алиф мустаълийлардан кейин йўғон айтилади‑ку?» деган маънода эътироз билдирганлар ҳам бўлган. Аслида эса муаллиф бу ерда ажамларда, жумладан, бизнинг юртларда кенг тарқалган хатога ишора қилмоқчи бўлган. Масалан, «бимаа», «иннаа» калималарини «бимоо», «инноо» шаклида ўқиш. Бу хато одамларимиз ўртасида ҳозир ҳам бор. Закариё Ансорий каби шориҳлар буни алоҳида таъкидлаб айтганлар.

Бундан имом Жазарий бу ерда кишиларга таълим берар эканлар, ушбу юрт аҳолисининг хусусиятларини ҳам кузатиб, ўз муносабатини билдиргани англашилади. У кишининг ерлик аҳоли билан қоришиб, уларнинг ҳаётларига аралашиб юргани билинади.

Амир Темурнинг вафотидан кейин Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи ўз ватанига қайтиб кетишни қасд қилди. У сафарга отланиб, Ҳирот шаҳрига етиб борди. У ерда ундан ўн қироат бўйича кўпчилик дарс олди. Улардан Жамолиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Иятихор Ҳиравий дарсларни охиригача тугаллади.

Сўнгра Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи Язд шаҳрига етиб келди. У ерда ҳам ундан ўн қироат бўйича кўпчилик дарс олди. Уларнинг ичида Шамсуддин Муҳаммад ибн Даббоғ Бағдодий ҳам бор эди. Лекин кўпчилик охиригача етказа олмади.

Кейин Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи Исфиҳонга кирди. У ерда ҳам ундан ўн қироат бўйича кўпчилик дарс олди, аммо ҳеч ким мукаммал қила олмади.

Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 808 санада Шерозга етиб борди. Бундан у кишининг йўлда жуда ҳам тез юргани билинади. Чунки Самарқанд билан Шероз орасидаги масофани бир ойда кесиб ўтган. Шу билан бирга, одамларга қироат илмидан ижозатлар ҳам берган.

Шерозда Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳини у ернинг султони Пирмуҳаммад тутиб қолди. У кишидан кўплаб одамлар ўн қироатни таълим олдилар. Сўнгра Шерознинг султони Пирмуҳаммад уни қози бўлишга мажбурлади. Ўзи истамаган ҳолда ушланиб қолган Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи бир муддат Шерозда қолиб кетди. Подшоҳлар ўзгарди. Кейин эса Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи Шерозда доимий равишда яшаб қолди. У ернинг аҳли у кишидан Қуръони Карим ва ҳадис илмларида кўп фойда олди. Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи ўша ерда «Дорул ­Қуръон» номли мадраса очди. Бозор яқинида ўзига уй-жой қурди. Оиласи билан бирга жамланди. Фарзандлари ва набиралари бу ерга келишди.

Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи Шерозда ўн беш йил яшаганидан кейин ҳижрий 822 санада ҳаж сафарига чиқди. Аввал Басрага, у ердан Унайзага борди. Унайзадан чиқиб, йўлда кетаётганида саҳро қароқчиларига дуч келди. Шу сабаб Унайзага қайтди. Ўша ерда «Ад-Дурратул Музийъа фий қироаатис саласа мурзийя» китобини назм ила таълиф қилди. Бўлиб ўтган ҳодисалар туфайли ҳаждан қолди.

Сўнгра Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи Янбуъда бир муддат турганидан кейин Мадина томон юзланди. Сўнгра Маккага борди. Ўша ерда Байтуллоҳга қўшни бўлиб турди. Ҳижрий 823 санада ҳаж қилди ва Ироққа қайтди. Мисрнинг подшоҳи Муайядга Қоҳирага кириш учун изн сўраб муктуб ёзган эди, ўша йили у вафот этиб қолди. Шунинг учун Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи тўғри Шерозга қайтди.

Сўнгра яна ҳаж ҳамда Миср ва Қоҳирани зиёрат қилиш ниятида йўлга отланди. Ўттиз йилдан сўнг аввал она шаҳри Дамашққа кирди. У ердан туриб Қоҳирага киришга изн сўраган эди, изн берилди. Қоҳирада одамларга Қуръони Карим ва ҳадисдан дарслар берди. Кейин ҳожилар билан бирга Маккага йўл олди. Сўнгра денгиз йўли билан тижорат мақсадида Яманга равона бўлди. У ерда ҳадисдан дарс берди.

Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 828 санада яна бир бор ҳаж қилди. Сўнгра Қоҳирага борди. У ерда унинг ҳузурига ундан илм олиш учун одамлар ёғилиб келишди. Ўша пайтларда етмиш етти ёшга кирган Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳининг қулоғи бир оз оғирлашиб қолган эди. Аммо кўзи жуда ҳам яхши кўрар, ниҳоятда чиройли хат ёзар эди.

Кейин Имом Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳи Шом ва Басра орқали Шерозга қайтиб кетди. У ерда яна бир неча йиллар яшаб, илмий хизматларни қилди.