1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Абдулқуддус амакининг сабоқлари (7-қисм)

05:00 / 16.02.2017 4408 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдулқуддус амакининг сабоқлари (7-қисм)

ЭНГ МУҲИМ УЧ НАРСА

    Ассалому алайкум, менинг ҳамма нарсадан азиз болажонларим! Бугун сизларга ҳақиқий мусулмон бўлишингиз учун зарур бўлган яна уч нарсани маълум қилиб қўймоқчиман. Шунинг учун диққат билан қулоқ солинг. Ҳа, айтгандай, дарсга келишдан олдин таҳорат қилиб покланиб олдингизми?

Яхши, кўп яшанг!

Ота-оналарингиз кўпинча «бу дунёда», «у дунёда», «охиратда» деган сўзларни ишлатишади. Улар нимани англатишини билмасангиз керак, тўғрими? Мана сиз неча ёшга кирдингиз? Бешгами, еттигами? Демак, бу дунёда сиз шунча йил яшабсиз. Чунки чақалоқ туғилиши билан унинг бу дунёдаги умри, ҳаёти бошланади. Кейин мактабда ўқийсиз, уни битириб институтгами, мадрасагами ёки ҳунар мактабига кириб, билим оласиз ёки касб-ҳунарли бўласиз. Тўй бўлади, Аллоҳ насиб этса, фарзандларингиз туғилади. Ана шу яшашни бу дунё ҳаёти дейилади. Бу дунёда овқатланасиз, ишлайсиз, уйлар қурасиз, дам оласиз. Аллоҳга ёқадиган яхши ишларни, ибодатларни қиласиз. Гоҳо билибми ёки билмайми гуноҳ ишларни ҳам қилиб қўясиз. Шу аҳволда бир куни 70-80 йил ёки ундан ҳам кўпроқ яшаб қарийсиз ва вафот этасиз. Энди сизнинг ана шу ҳамма ишларингизни ўғил-қизларингиз давом эттиришади. Улар ҳам кексайиб, бир куни вафот этишгач, бу ишлар энди невара-чевараларингизга қолади. Шунақа қилиб, бу дунёдаги ҳаёт давом этаверади. Бу қиёмат кунигача давом этади («Қиёмат» дегани ер юзидаги ҳаёт тугаб, ҳамма ўладиган ва қайта тирилиб Аллоҳга қилган ишлари тўғрисида ҳисоб-китоб топширишни бошлайдиган кун).

Инсон ўлгандан кейин унинг жасади қабрга қўйилади. У Аллоҳ таоло қиёматда қайта тирилтиргунча ўша ерда кутиб ётади. Кейин қиёматда ҳаммага яна жон киритилади. Қиёматдан кейинги ҳаёт «у дунё ҳаёти», «охират ҳаёти» дейилади. Ҳамма одам Аллоҳ таолонинг олдида ҳисоб беради. Бу дунёда яхши, савобли ишларни қилганлар, Аллоҳга бўйсуниб яшаганлар у дунёда, «Жаннат» деган жуда чиройли соя-салқин боғларда хилма-хил ширин мева ва овқатларни еб, мазза қилиб юришади. Бу дунёда ёмон, гуноҳ ишни қилганлар, Аллоҳ таолонинг ғазабига учраганлар «Дўзах» деган ёмон жойга ташланиб, роса иссиқ оловда куйдирилади. Уларни илон-чаёнлар тинмай чақиб туради. Чанқаб сув сўрашса, заҳарли дарахтнинг суви ичирилади. Доим шунақа азоблар остида қийналаверишади.

Ана шу қиёмат кунига, ўлгандан кейин тирилишга, охират дунёсида одамларнинг яхши ва ёмон ишларига, савоб ва гуноҳларига қараб жаннат ёки дўзахга тушишига ишониш мусулмонлар билиши ва амал қилиши зарур бўлган икки муҳим вазифадир.

Энди учинчи «тақдир» деган нарсани тушунтириб берай. Тақдир («қадар» ҳам дейишади) – дунёдаги ҳамма яхшию ёмон воқеа-ҳодисалар Аллоҳнинг буйруғи билан, Унинг хоҳишига кўра бўлади, дегани. Масалан, бизнинг туғилишимиздан то ўлишимизгача, ҳаётда қандай яшашимиздан то қандай касал бўлишимизгача, дарахтнинг мева тугишидан тортиб дарёнинг то тошиб кетишигача, қушларнинг учишидан ер қимирлашигача – ҳаммаси Аллоҳ олдиндан белгилаб қўйганидек бўлади. Инсон нимани хоҳласа, Аллоҳ уни қилишга ижозат беради. Бирор ишни бажарадиган бўлсак, Аллоҳнинг Ўзига таваккал қиламиз. Аллоҳ ҳаммасини олдиндан белгилаб қўйган экан-ку, деб барча ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш ёки гуноҳ ишларни қилиш мусулмон одамга тўғри келмайди. Демак, охират дунёсига, ўлгандан кейин қайта тирилишга, ҳамма яхши-ёмон ишлар Аллоҳнинг тақдирига боғлиқ эканлигига ишонишимиз керак. Шунда ҳақиқий мусулмон бўламиз. Бу гаплар хийла мураккаброқ. Агар бирор нарсани тушунолмай қолган бўлсангиз, катталардан сўраб, аниқлаб олинг, бўптими?

 

ETTINCHI SABOQ

UCHTA ENG MUHIM NARSA

 

Assalomu alaykum, mening hamma narsadan aziz bolajonlarim! Bugun sizlarga haqiqiy musulmon bo’lishingiz uchun zarur bo’lgan yana uch narsani ma’lum qilib qo’ymoqchiman. Shuning uchun diqqat bilan quioq soling. Ha, aytganday, darsga kelishdan oldin tahorat qilib poklanib oldingizmi?

Yaxshi, ko’p yashang!

Ota-onalaringiz ko’pincha «bu dunyoda», «u dunyoda», «oxiratda» degan so’zlarni ishlatishadi. Ular nimani anglatishini bilmasangiz kerak, to’g’rimi? Mana, siz necha yoshga kirdingiz? Beshgami, yettigami? Demak, bu dunyoda siz shuncha yil yashabsiz. Chunki chaqaloq tug’ilishi bilan uning bu dunyodagi umri, hayoti boshlanadi. Keyin maktabda o’qiysiz, uni bitirib institutgami, madrasagami yoki hunar maktabiga kirib bilim olasiz yoki kasb-hunarli bo’lasiz. To’y bo’ladi, Alloh nasib etsa farzandlaringiz tug’iladi. Ana shu yashashni bu dunyo hayoti deyiladi. Bu dunyoda ovqatlanasiz, ishlaysiz, uylar qurasiz, dam olasiz. Allohga yoqadigan yaxshi ishlarni, ibodatlarni qilasiz. Goho bilibmi yoki bilmaymi gunoh ishlarni ham qilib qo’yasiz. Shu ahvolda bir kuni 70-80 yil yoki undan ham ko’proq yashab qariysiz va vafot etasiz. Endi sizning ana shu hamma ishlaringizni o’g’il-qizlaringiz davom ettirishadi. Ular, keksayib bir kuni vafot etishgach, bu ishlar endi nevara-chevaralaringizga qoladi. Shunaqa qilib, bu dunyodagi hayot davom etaveradi. Bu qiyomat kunigacha davom etadi («Qiyomat» degani yer yuzidagi hayot tugab, hamma o’ladigan va qayta tirilib Allohga qilgan ishlari to’g’risida imtihon topshirishni boshlaydigan kun).

Inson o’lgandan keyin uning jasadi qabrga qo’yiladi. U Alloh taolo qiyomatda qayta tiriltirguncha o’sha yerda kutib yotadi. Keyin qiyomatda hammaga yana jon kiritiladi. Qiyomatdan keyingi hayot «u dunyo hayoti», «oxirat hayoti» deyiladi. Hamma odam Alloh taoloning oldida hisob beradi. Bu dunyoda yaxshi, savobli ishlarni qilganlar, Allohga bo’ysunib yashaganlar u dunyoda, «Jannat» degan juda chiroyli soya-salqin bog’larda xilma-xil shirin meva va ovqatlarni yeb mazza qilib yurishadi. Bu dunyoda yomon, gunoh ishni qilganlar, Alloh taoloning g’azabiga uchraganlar «Do’zax» degan yomon joyga tashlanib, rosa issiq olovda kuydiriladi. Ularni ilon-chayonlar tinmay chaqib turadi. Chanqab suv so’rashsa zaharli daraxtning suvi ichiriladi. Doim shunaqa azoblar ostida qiynalaverishadi.

Ana shu qiyomat kuniga, o’lgandan keyin tirilishga, oxirat dunyosida odamlarning yaxshi va yomon ishlariga, savob va gunohlariga qarab jannat yoki do’zaxga tushishiga ishonish musulmonlar bilishi va amal qilishi zarur bo’lgan ikki muhim vazifadir.

Endi uchinchi «taqdir» degan narsani tushuntirib beray. Taqdir («qadar» ham deyishadi) – dunyodagi hamma yaxshiyu yomon voqea-hodisalar Allohning buyrug’i bilan, Uning xohishiga ko’ra bo’ladi degani. Masalan, bizning tug’ilishimizdan to o’lishimizgacha, hayotda qanday yashashimizdan to qanday kasal bo’lishimizgacha, daraxtning meva tugishidan tortib daryoning to toshib ketishigacha, qushlarning uchishidan yer qimirlashigacha – hammasi Alloh oldindan belgilab qo’yganidek bo’ladi. Inson nimani xohlasa, Alloh uni qilishga ijozat beradi. Biror ishni bajaradigan bo’lsak, Allohning o’ziga tavakkal qilamiz. Alloh hammasini oldindan belgilab qo’ygan ekan-ku, deb barcha ishlarni o’z holiga tashlab qo’yish yoki gunoh ishlarni qilish musulmon odamga to’g’ri kelmaydi. Demak, oxirat dunyosiga, o’lgandan keyin qayta tirilishga, hamma yaxshi-yomon ishlar Allohning taqdiriga bog’liq ekanligiga ishonishimiz kerak. Shunda haqiqiy musulmon bo’lamiz. Bu gaplar xiyla murakkabroq. Agar biror narsani tushunolmay qolgan bo’lsangiz, kattalardan so’rab, aniqlab oling, bo’ptimi?


Ahmad MUHAMMAD



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қадим замонда йўлтўсар ўғрилар одамларнинг йўлини тўсиб уларни асир олиб бозорда қул қилиб сотардилар. Кунларнинг бирида қароқчиларнинг қўлига бир катта ёшли давоми...

2980 05:00 / 16.02.2017
Барча самовий динларда бўлганидек, Ислом шариатида ҳам ўзига хос маросим ва тантаналар мавжуд. Биз қисқача баён қилмоқчи бўлган Ақиқаrdquo ҳам шариатимизда мақбул давоми...

26312 05:00 / 15.02.2017
Ниҳод ярамас хулқли бола. У ўзининг охири йўқ ёмон қилиқлари, уришишлари билан акаукаларига жароҳатлар етказарди. Онаси унинг бу ҳолидан қаттиқ ранжиб кўнгли давоми...

2722 05:00 / 16.02.2017
...Ислом дини кишилик жамиятида қарор топа бошлаган дастлабки кунларданоқ душманлардан қўлга тушган асир ҳаётини сақлаб қолиш, унинг инсонлик ҳуқуқини ҳурмат давоми...

5478 05:00 / 15.02.2017