1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Иcломда фарзанд ҳуқуқлари

05:00 / 15.02.2017 15478 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу китоб долзарб масалалардан бири – бола ҳуқуқ ларига бағишланган. Маълумки, мамлакатимиз Бутунжаҳон бола ҳуқуқлари конвенциясига аъзо бўлган ва унда кўрсатилган қонунларга амал қилади.

Исломда ҳам бола ҳуқуқлари ва фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор берилгани мазкур асарда кенг ёритилган. Жумладан, китобда насаб ҳақи, насабни сақлашда никоҳнинг ўрни, насабни сақлашда никоҳдаги тенглик эътибори каби масалалар муҳокама этилади.

Кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.


 

Сўзбоши ўрнида


Фарзанд туғилганида нафақат ота-она, балки яқинлар ҳам хурсанд бўлади. Жамиятда ҳар бир инсон фарзанд кўрган кунни энг қувончли кун деб билади. Фарзанд туққан аёл қадр топади. Оналик шарафига муяссар бўлади. Ўзини бахтиёр ҳис қилади. Ота, айниқса, биринчи фарзанди туғилганида еру кўкка сиғмайди. Мол-давлати, мансаб-мартабаси туфайли сезмаган ҳузурни ҳис этади. Фарзанд неъмати ота қалбини фахр туйғусига тўлдиради. Қасрининг бўғиқ ҳавоси жаннат райҳонининг иси билан тўлади. Хонадондан гўдак йиғиси ва яқинларининг кулгиси эшитилади. Яхши ниятда қилинган дуолар ижобат бўлди.

Неъмат қадри бизга шундай улкан қувонч беради. Халқимиз уй қуриб, тўй қилиб чарчамаган, фарзанд учун жонини берадиган, етимнинг бошини силаган халқ.

Албатта, дунё синов ва имтиҳондан иборат. Яратган зот баъзи оилаларга фарзанд неъматини бериб, бандасидан шукрини сўрайди. Баъзи оилаларга сабрини синаш учун фарзанд бермайди.

Халқимизнинг насл-насабга эътибори, элати ва шажаралари билан насл ва насаб суриштириб, бир-бирларини танишлари, айниқса, оила қуришда, қуда-андачиликда миллий қадриятга айлангандир.

Динимиз насл ва насабни сақлаш учун никоҳ ва унинг аҳкомларини баён қилиб берди. Никоҳ барча пайғамбарларнинг ҳалол билан ҳаромни ажратувчи суннат амалидир. Никоҳ билан ота-она келгуси авлодларининг асосий тамал тошини қўяди. Қиз ўзи учун муносиб жуфт танласа, келажакда фарзандларига рисоладагидек ота танлаган бўлади. Йигит ҳам ўзи учун яхши жуфт танласа, келажакда фарзандларига муносиб онани раво кўрган бўлади. Туғилган фарзандларда ота-она ва насл-насабидан фахр туйғуси бўлгани яхши. Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон ота-она ушбу тамал тошини қўйишда, албатта, диний ва миллий кўрсатмаларга қатъий амал этиши лозим. Динимиз отага бўлажак фарзанди учун яхши она танлашни буюради.


Фарзанд – Аллоҳ неъмати

Фарзанд қалб меваси ва дунё бўстонининг райҳонидир. Инсон фарзандсиз ўзини ёлғиз ҳис қилади. Инсоннинг тадбири ва хатти-ҳаракатига қараб Аллоҳ таоло унга неъматлар ато этади. Неъматга эга бўлиш имкониятларга боғлиқ. Фарзандга эгалик фақат илоҳий марҳамат. Ота-она қалбидаги меҳр-шафқат, муҳаббат фарзанд тарбиясидаги машаққатларни енгиллаштиради. Ота ва она фарзандига таълим-тарбия беришдан завқ олади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир. Раббингиз наздида эса, боқий қолувчи солиҳ амаллар савоблироқ ва орзу қилишга лойиқроқдир” (Каҳф, 46).

Мусулмон кишини фарзанди билан табриклаш мустаҳабдир. Бу қалбларни хурсанд қилиб, қариндошлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлайди.

Қуръони каримда дейилган: “Сўнгра, меҳробда туриб намоз ўқиётганида, фаришталар унга нидо қилдилар: “Аллоҳ сенга Яҳё (исмли фарзанд) хушхабарини берур ва у Аллоҳнинг сўзини тасдиқ этадиган, (ўз қавмига) пешво бўлиб, (шаҳватлардан) ўзини тиядиган солиҳ пайғамбарлардан (бўлур)” (Оли Имрон, 39).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилганларида Сувайба хожаси Абу Лаҳабга хушхабар етказди. Абу Лаҳаб бу хушхабар эвазига чўриси Сувайбани озод қилди. Аллоҳ бу шодликни зое қилмади. Аббос ибн Абдулмутталиб айтади: “Абу Лаҳаб вафотидан кейин туш кўрдим. Аҳволи ёмон эди. Айтдики: “Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилганида хурсанд бўлиб, Сувайбани озод этганим эвазига ҳар куни икки ҳисса азоб мендан енгиллашмоқда”.

Фарзанд туғилганида нафақат ота-она, балки яқинлар ҳам хурсанд бўлади. Жамиятда ҳар бир инсон фарзанд кўрган кунни энг қувончли кун деб билади. Фарзанд туққан аёл қадр топади. Оналик шарафига муяссар бўлади. Ўзини бахтиёр ҳис қилади. Ота, айниқса, биринчи фарзанди туғилганида еру кўкка сиғмайди. Мол-давлати, мансаб-мартабаси туфайли сезмаган ҳузурни ҳис этади. Фарзанд неъмати ота қалбини фахр туйғусига тўлдиради. Қасрининг бўғиқ ҳавоси жаннат райҳонининг иси билан тўлади. Хонадондан гўдак йиғиси ва яқинларининг кулгиси эшитилади. Яхши ниятда қилинган дуолар ижобат бўлди. 

Неъмат қадри бизга шундай улкан қувонч беради. Халқимиз уй қуриб, тўй қилиб чарчамаган, фарзанд учун жонини берадиган, етимнинг бошини силаган халқ. Европанинг айрим давлатларида туғилиш даражаси пасайиб кетди. У ердагилар: “Фарзанд ҳаёт завқига халал беради”, деган фикр дадирлар. Қолаверса, аборт қилдириш  қонунийлашгани ва ишлаётган аёллар фарзанд кўришни хоҳламаслиги кўҳна қитъада туғилишнинг тез камайишига сабаб бўлмоқда.

Ғарб давлатларининг ўн бештасида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, бир аёлга 1,3 бола тўғри келади. Хусусан, Европа Иттифоқига аъзо ўлкаларда туғилиш жуда кам. Чехия, Словения, Латвия ва Полша давлатлари туғилиш бўйича охирги 10 йилда энг паст кўрсаткичга тушган. Агар Чехияда ҳолат шу зайлда давом этса, 40 йилдан сўнг аҳоли сони 20 фоизга камаяди.

Ғарбий Европа давлатларида ҳам аҳвол яхши эмас. Ўн йилдан бери Греция, Италия ва Испанияда бир аёлга 1,3 бола тўғри келиши кузатилади. Францияда бир аёл бошига 1,8 бола бўлиб, бу Ғарбдаги энг юқори кўрсаткичдир. Агар ҳолат шундай сақланиб қолса, кўҳна қитъада 2030 йилга бориб, 20 миллион ишчига эҳтиёж туғилади. Бу ердаги мусулмон муҳожирларда фарзанд кўриш даражаси баланд бўлгани ҳолда, ҳар қандай рағбатлантириш ва моддий ёрдамлар ҳам маҳаллий аҳоли вакилларини фарзандли бўлишга кўндира олмаяпти. Европа иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда туғилишнинг энг баланд даражаси мусулмон ва камбағал давлатлар ҳисобига тўғри келади. Бу кўрсаткич Сомалида 6.91, Нигерияда 6.83, Афғонистонда 6.78, Яманда 6.7 фоизга етган.

Аллоҳ таоло бандаларига фарзанд неъматини инъом қилар экан, унинг вужудга келишини Ўз каломида баён қилди: “...(Аллоҳнинг қудратини) баён қилиш учун сизларни (отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (Одам наслини) манийдан, сўнгра лахта қондан, сўнгра (шаклланиб) битган ва битмаган парча гўштдан яратдик. Биз (сизларни) хоҳлаганимизча – муайян муддатгача бачадонларда қолдириб, сўнгра чақалоқ ҳолингизда (дунёга)

чиқарурмиз, сўнгра вояга етгунларингизгача (тарбия қилурмиз). Сизлардан (гўдаклик ва ёшликда) вафот этадиганлар ҳам бўлур, яна сизлардан билимларни билганидан сўнг ҳеч нарсани билмай қолиши учун энг тубан умрга (ўта кексаликка) қайтариладиганлар ҳам бўлур. Ерни қўриқ ҳолида кўрурсиз. Бас, қачонки, Биз унинг устидан (ёмғир) ёғдирсак, у ҳаракатга келиб кўпчир ва турли гўзал (наботот) жуфтларини ундирур” (Ҳаж, 5).

Яна бир оятда қуйидагича хабар берилади: “Қасамки, Биз инсонни (Одамни) лойнинг сарасидан яратдик. Сўнгра уни (инсон наслини, аввало) мустаҳкам қароргоҳ (бачадон)даги маний қилдик. Сўнгра (бу) манийни лахта қон қилиб яратдик, бас, лахта қонни парча гўшт қилиб яратдик, бас, парча гўштни суяклар қилиб яратиб, (бу) суякларга гўшт қопладик, сўнгра (унга жон киритиб, олдинги ҳолидан бутунлай) бошқача бир вужудни пайдо қилдик. Яратувчиларнинг энг гўзали – Аллоҳ баракотли-

дир!” (Мўминун, 12-14).

Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят: “Барча ишлари ва сўзлари рост ҳамда Аллоҳдан ҳақ ваъда олишга мушарраф бўлган зот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга бундай айтганлар: “Ҳақиқатда сизлардан ҳар бир кишининг яратилиши онасининг қорнида қирқ кун ичида томчи сув (нутфа) ҳолида амалга ошади. Сўнг шунча муддат ичида лаҳта қон (алақа) ҳолида бўлади. Сўнгра яна шунча вақт ичида бир парча гўшт (музға) ҳолида бўлади. Кейин унга бир фаришта юборилади ва ўша фаришта унга жон пуркайди. Сўнг фариштага шу инсоннинг тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани – ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади”.

Ушбу ҳадис фарзанднинг она қорнида ҳар бири қирқ кун дан иборат уч босқични босиб ўтишини билдиради. Шундай қилиб, ҳомила биринчи қирқ кунда “нутфа”, иккинчисида “алақа”, учинчисида “музға” ҳолида бўлади. Бир юз йигирма кун ўтгач, фаришта унга жон пуркайди ва ҳадисда зикр қилинган тўрт нарсани ёзиб қўяди.

Одамзот бир оз фикр юритса, ўзининг қандай пайдо бўлганига қойил қолади. Одам боласи ўзининг яратилиши ҳақида ақлга сиғмас даражада туғёнга шўнғиган даврлар ҳам бўлди. Расулуллоҳдек (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюк зот чиққан инсон наслини олиб бориб ҳайвон наслига тақашди. Бундай фикрлар асоссиз, уйдирма гаплар экани маълум бўлди.

Аллоҳ таоло бандаларига нимадан яратилгани ҳақида хабар бермоқда.

Эркак ва аёлни бола дунёга келишига сабаб қилиб қўйди. Инсон йўқ эди. У дунёга келди. Араб тилида “алақа” деб, аслида, зулукка айтилади. Яқингача “алақа” “қотган лахта қон” деб тушунтириб келинган. Америка ва Канада олимлари ҳомила хусусидаги энг тўғри илм Қуръон илми деб таъкид-

ладилар. Уни илоҳий китоб деб тан олдилар.

Ҳомила ривожланиб, лахта қон шаклидан бир парча чайналган гўшт ҳолига ўтади; шаклга киради. Шаклланмай қолса, бачадондан тушиб кетади. Ҳомила нутфа, алақа ва музға босқичларидан ўтгандан кейин ҳам ҳали одам бўлиши аниқ эмас. Аллоҳ хоҳласагина, чақалоқ ҳолида дунёга келади. Аллоҳнинг инояти бўлмаса, чақалоқнинг туғилиши ўзича рўй бермайди. Ана шу бир бўлак эт ота-она учун буюк бир туҳфа ва улуғ неъмат бўлди.

Шу билан бирга, ота-она зиммасига фарзандининг бир қанча ҳақлари юкланади. Бу ҳақларга риоя қилинса, фарзанд баркамол бўлиб етишади.


Насаб ҳақи

Насл – бу фарзанд. Насаб эса қариндошликдир. Насл собитлиги ота, насабнинг тўлиқ бўлиши бобо билан бўлади.

Яқин қариндошлик алоқалари Ўзбекистон Республикаси Оила кодекснинг 57-моддасида ўз ифодасини топган:

“Бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. Икки шахс ўртасидаги тўғри шажара бўйича қариндошликнинг яқинлиги қариндошлик даражаси, яъни туғилиш сони билан белгиланади.

Болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобоси ва бувисига нисбатан иккинчи, эвара катта бобоси ва катта бувисига нисбатан учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо.

Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади ва ҳоказо.

Туғишган ака-ука ва опа-сингил қариндошликнинг иккинчи даражасида, тоға ва амаки, амма ва хола ўз жиянлари билан қариндошликнинг учинчи, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар эса тўртинчи даражасида турадилар”.

Динимиз, қонунларимиз ва миллий қадриятларимиз ҳаммаси насл ва насабни пок сақлашда ўзаро уйғун келади.

Ота-она бурчларидан бири туғилажак фарзанднинг насл-насабини ойдинлаштиришдир. Фарзандларнинг насаби аниқ бўлиши лозим. Бу ҳолат уларнинг келажагига таъсир кўрсатади.

Насл ва насаб тушунчаси ўз-ўзидан оилага боғланади. Оила жамиятнинг асосий қисми бўлиб келган. Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”, дейилади.

Динимизнинг бош мақсадларидан бири наслни ҳимоя қилиш саналади. Шу мақсадда никоҳ, талоқ ва идда аҳкомлари батафсил баён қилинган.

Яна исломда “табанний”, яъни насаби бошқага тегишли болани: “Менинг фарзандим”, деб айтиши ёки бола бегона одамни: “Менинг отам”, дейиши жоиз эмас.

Албатта, дунё синов ва имтиҳондан иборат. Яратган зот баъзи оилаларга фарзанд неъматини бериб, бандасидан шукрини сўрайди. Баъзи оилаларга сабрини синаш учун фарзанд бермайди. Улар бошқаларнинг фарзандини сўраб ёки насаби номаълум гўдакларни олиб, асраб тарбиялайдилар. Бу билан бегуноҳ гўдаклар яна насабсиз бўлиб, келажакда

катта қийинчиликда қолади.

Халқимизнинг насл-насабга эътибори, элати ва шажаралари билан насл ва насаб суриштириб, бир-бирларини танишлари, айниқса, оила қуришда, қуда-андачиликда миллий қадриятга айлангандир.


Насабни сақлашда никоҳнинг ўрни

Динимиз насл ва насабни сақлаш учун никоҳ ва унинг аҳкомларини баён қилиб берди. Никоҳ барча пайғамбарларнинг ҳалол билан ҳаромни ажратувчи суннат амалидир. Никоҳ билан ота-она келгуси авлодларининг асосий тамал тошини қўяди. Қиз ўзи учун муносиб жуфт танласа, келажакда фарзандларига рисоладагидек ота танлаган бўлади. Йигит ҳам ўзи учун яхши

жуфт танласа, келажакда фарзандларига муносиб онани раво кўрган бўлади. Туғилган фарзандларда ота-она ва насл-насабидан фахр туйғуси бўлгани яхши. Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон ота-она ушбу тамал тошини қўйишда, албатта, диний ва миллий кўрсатмаларга қатъий амал этиши лозим. Динимиз отага бўлажак фарзанди учун яхши она танлашни буюради.

Қуръони каримда мусулмон эркак ва муслима аёл турмуш қуришига эътибор берилади. Зеро, никоҳ инсоний алоқалар ичида энг муқаддас ва аҳамиятлисидир. Бу алоқа одам боласининг кўплаб хоҳиш-истакларига жавоб беради. Никоҳланувчилар бир-бирига энг яқин шахслар ҳисобланади.Бу ҳолга эришиш, аввало, қалблар яқинлигини, ақида бирлигини тақозо этади. Чунки ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўлини белгилайдиган ўлчови, эътиқодий нуқтаи назари бўлади. Шу боисдан динимизда ғайридин аёлларга уйланиш, мушрик эркакларга турмушга чиқиш ман қилинади. Лекин аёл ўз динини тарк этиб, мўмина бўлса, шундан кейин уйланса бўлади. Бу ҳукмдан аҳли китоб вакиллари, яъни яҳудий ва масиҳий динидаги аёллар мустасно. Улар ўз динларида турсалар ҳам, мусулмон эркак уларга уйланиши мумкин.

Шунингдек, мўмина аёлларнинг мушрик ҳамда мусулмон бўлмаган эркакларга турмушга чиқишлари асло мумкин эмас. Ҳатто эркаклар яҳудий ва масиҳий бўлсалар ҳам, муслима аёлларнинг уларга никоҳланишлари ҳаром ҳисобланиади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Биз аҳли китобларнинг аёлларига уйланамиз, улар бизнинг аёлларимизга уйланмайдилар”, деганлар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг. Магар илгари ўтган бўлса (улар кечирилади). Албатта, бу қабиҳ, жирканч ва ёмон йўлдир” (Нисо, 22).

Жоҳилият даврида ўгай онага уйланиш одати бор эди. Бу кўпинча аёлларни зулм билан тутиб туришга сабаб бўларди. Чунки боланинг вояга етишини, сўнгра отасининг хотинига – ўгай онасига уйланишини кутишга тўғри келар эди. Ушбу оятдан сўнг отаси никоҳидаги аёлга ўғлининг уйла-

ниши ҳаром қилинди. Ҳаром этганда ҳам, айтиб қўйиш билан кифояланмай, бу иш ғазабнок экани ҳам таъкидланди. Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган иш нақадар ёмон йўл, деб таърифланди.

Имом Аҳмад ва “Сунан” деб номланган тўрт машҳур китоб соҳиблари Барро ибн Озибдан (розийаллоҳу анҳу), у киши ўз тоғалари Абу Бурдадан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам) у киши (Абу Бурда)ни жоҳиллардан, отаси вафот этгач, ўгай онасига уйланган бир одам олдига юборганлар, уни ўлдириб, молини олиб келишга амр қилганлар.

Демак, бу ишни қилган одам диндан қайтган ҳисобланиб, унга ўз ҳолига яраша муомала этилади. Яъни, унга динига хиёнат қилган хоин сифатида қаралади.

Никоҳлари ҳаром аёллар Қуръони каримда очиқ-ойдин баён қилинган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Сизларга (никоҳи) ҳаром қилинган (аёллар) – бу оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингил

ларингизнинг қизлари, эмизган “она”ларингиз, эмишган “опа-сингил”ларингиз, қайноналарингиз, жинсий яқинликда бўлган хотинларингизнинг қарамоғингизда бўлган қизлари – жинсий яқинликда бўлмаган бўлсангиз, сизларга гуноҳ бўлмас – яна, ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларидир. Икки опа-син-

гилни қўшиб (никоҳлаб) олишингиз (ҳам ҳаром қилинди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва марҳаматли зотдир” (Нисо, 23).

Эркак ўзига мос жуфт танлаши зарур. Бунда никоҳнинг ҳалол бўлиш шартига эътибор бериш фарздир. Шунингдек, насл ва насабнинг собит бўлишида эмикдошлик масалалари ҳам оятда батафсил баён қилинади. “Гўдак бола икки ярим ёшнинг ичида бир маротаба сўриши билан эрнинг оталиги, эмизувчи аёлнинг оналиги болага собит бўлади”. 

Аёллар ҳар бир эмизган болага она бўлиб, эр ота бўлади, эр бундан хабардор бўлиши лозим. Уни қайд қилиб қўйиб, “ўғлимиз” ёки “қизимиз” деб муомала қилишлари керак. Қуръони каримда никоҳлари маълум сабаблар туфайли ҳаром қилинган аёлларнинг кимлар экани ҳам баён қилинган:

“Яна, эрли хотинлар (никоҳи ҳам ҳаром қилинди), магар қарамоғингиздаги жориялар (бундан мустасно). Бу (мазкурларнинг ҳаммаси) Аллоҳнинг битиги (фарзи)дир. Анна шулардан бошқа аёлларга зинокорона эмас, (балки) молларингиз (маҳр) билан уйланишингиз сизларга ҳалол қилинди. Улар билан (никоҳ орқали) яқинлик қилишингиз биланоқ, белгиланган маҳрларини берингиз. (Маҳр) белгилангандан кейин ўзаро келишсангиз (хотин ўз маҳридан кечса), сизлар учун гуноҳ йўқдир. Албатта, Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир” (Нисо, 24).

Яъни, эри бор аёлга уйланиш ҳаромлиги Қуръони каримда эълон қилинган. Эри ўлиб ёки эридан ажрашиб идда ўтирган аёллар ҳам идда муддати давомида эрлик аёллар қаторига киради. Буларнинг ҳам никоҳи вақтинча ҳаромдир. Қуръони каримда инсонлар яхшиликка тарғиб қилиниб, илоҳий адолат сифатида яхши эркаклар учун яхши хотинлар, ёмон эркаклар учун ёмон хотинлар тўғрилаб қўйилиши эълон қилинган.

Ҳа, яхши аёлга уйланишни хоҳлаган эркак, аввало, ўзи яхши бўлиши лозим. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “ Нопок аёллар нопок эркаклар учун (лойиқ)дир, нопок эркаклар нопок аёллар учун (лойиқ)дир. Покиза аёллар покиза эркаклар учун, покиза эрлар покиза аёллар учундир. Айнан ўша (покиза эрлар ва покиза аёллар) уларнинг айтаётган бўҳтонларидан покдирлар. Улар учун мағфират ва фаровон ризқ (жаннат неъматлари) бордир” (Нур, 26).

Яхши аёлга уйланиш ҳар бир йигитнинг энг олий мақсадидир, десак муболаға бўлмайди. Бунга эришиш учун йигит, ояти каримада айтилганидек, “покиза эркак” бўлиши лозим. Акс ҳолда халқимизда нақл қилинганидек, “Ўхшатмасдан учратмас” бўлади...

Юқоридаги оятлардан мусулмонларнинг турмуш қуришдаги мезонлари маълум бўлади. Бу кўрсатмаларга амал қилмаганлар аянчли оқибатларга йўлиқади. Натижада наслу насаблари бузилиб кетади. Уларнинг бундай хатолари нафақат ўзларига зарар, балки жамиятнинг ҳам пароканда бўлишига олиб келади.

Ҳозир дунё халқлари орасида “демократия” дея илоҳий қонунларга зид никоҳни жорий қилаётганлар турли балоларга гирифтор бўлмоқда. Ўзларининг келгуси насл ва зурриётларига улкан хавф солмоқда.

Ислом никоҳ алоқасини инсоний алоқалар ичида энг муқаддас даражага кўтарди. Зеро, бу Аллоҳнинг амри, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатлари ва мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлиги билан қуриладиган муқаддас алоқадир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бундай ёзади: “Аллоҳ таоло ҳаётни маълум низом, иффат ва поклик, ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида бўлиши учун аввало никоҳга амр этган. Қолаверса, У зот инсон ҳаётини турли тартибсизлик ва келишмовчиликлардан, ҳаром-хариш ва ифлосликдан, ҳамда улар оқибатида келиб чиқадиган бало-офатлардан сақлаш учун шундай қилган. Аллоҳ таоло никоҳни барча пайғамбарлари суннати қилиб қўйган. Аллоҳ таоло инсон наслининг кўпайиши учун никоҳни муқаддас робитага айлантирди. Эркак ва аёл ўртасидаги никоҳ алоқаси туфайли кишилар қуда-анда бўладилар, ораларидаги дўстлик ва меҳрибонлик ришталари мустаҳкамланади.

Никоҳ туфайли инсон майли жиловланади, унинг хотиржамлик ва саодати таъминланади. Шунингдек, никоҳ ёрдамида инсон ўз насл-насабининг поклигини ҳам сақлаб қолади. Никоҳ бўлмаса, кимнинг кимдан дунёга келганини билиб бўлмас эди.

Никоҳ туфайли оила, деб номланган муҳташам ошён қурилади. Унда эр-хотин, улардан пайдо бўлган ўғил-қизлар, набира-чеваралар бир-бирлари билан муқаддас робита орқали боғланиб яшайдилар”.

Аллоҳ таоло башариятга қанча пайғамбарларни жўнатган бўлса, барчаларининг насл-насабларини покиза ҳолатда юборди. Бу эса насл-насабнинг поклиги қанчалар муҳим эканини кўрсатади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менинг боболаримнинг биронтаси беникоҳ бўлмаганлар ва уларнинг орасида қуллик ҳам бўлмаган”, деб айтганлар.

Аллоҳ таоло ўз элчиларининг насабларини покиза сақлаб, буни бандалари учун то қиёматгача ибрат ва намуна қилиб қўйди.


Насабни сақлашда никоҳдаги тенглик эътибори

Насабни сақлашнинг яна бир эътиборли жиҳати – никоҳдаги тенглик. Ҳар қандай эркак ва аёл наслу насабини сақлаш мажбуриятига эга. Ушбу жиҳатларда улар ўзаро му носиб эканларини билишлари зарур:

1. Дин жиҳатидан тенглик.

2. Насабда тенглик.

3. Мол-мулкда тенглик.

4. Касб-ҳунарда тенглик.

“Никоҳда насабдаги тенглик эътиборга олинади. Қурайшликларнинг баъзилари баъзиларига тенгдир. Арабларнинг баъзилари баъзиларига тенгдир. Ажамларда Ислом эътибор қилинади”.

Ота-онаси Исломда бўлган билан ота-онаси Исломда бўлмаган ўзаро баробар эмас. Аслида, тенглик динига қараб бўлади. Мусулмонларнинг барчаси бир-бирларига тенг. Аммо уламолар никоҳдаги тенгликка диндан бошқа нарсаларни ҳам қўшганлар.

Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Абу Ҳинд Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошларидан қон олди. Шунда у Зот: “Эй бани Баёза, Абу Ҳиндга қиз бериб, ундан қиз олинглар”, дедилар. Ва:”Даволанаётган нарсаларингнинг бирортасида яхшилик бўладиган бўлса, у қон олишдир”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).

Абу Ҳинднинг (розийаллоҳу анҳу) исмлари Ясар бўлиб, Бани Баёза қабиласида қул эди. Касби қон олиш бўлган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга бошларидан қон олдирганлар. Шу билан бирга, Абу Ҳинднинг хожалари бани баёзликларга қуда-анда бўлишини маслаҳат берганлар. Демак, никоҳланувчилар мусулмон бўлиши лозим. Аслининг эътибори йўқ. Асли хожами, қулми фарқ қилмайди.

Фотима бинти Қайс (розийаллоҳу анҳо) Қурайш қабиласидан бўлса ҳам, Усома ибн Зайдга – асли қул кишига турмушга чиққанлар. Бу иш Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) маслаҳатлари билан бўлган. Абдураҳмон ибн Авфнинг (розийаллоҳу анҳу) сингиллари Билол ибн

Рабоҳ билан турмуш қурганлар.

Ихтиёрий тенгликни ҳеч қандай нарса билан чеклаб бўлмайди. Масалан, никоҳланувчи: “Мен диний ёки дунёвий илмда билимли бўлган ёки насабида қул, қамалган, отаси телба ёки соқовлар бўлмаслигини, мол-мулкка эга, касб-ҳунарда амалдор хонадон ва ҳоказо каби жиҳатларини инобатга оламан”, деса, уни ҳеч ким айб санамайди.

Лекин ҳозирги давр тили билан айтганда, хўжа, эшон, ўқиган, ўқимаган каби томонларини инобатга олиш билан кифояланиш жоиз эмас.

Гоҳида никоҳлар ота-оналарнинг қистови билан амалга ошади. Қиз билан йигитнинг истаклари инобатга олинмайди. 

Ҳозирда шу каби ёмон иллатлар сабабидан қанча нохушликлар юзага келмоқда. Баъзан катталар ёш оилаларнинг бузилишига сабабчи бўлмоқда. Натижада: “Икки ёш шундай ҳам бир-бирларига муносиб эмасди, энди бўлар иш бўлди, оилани сақлаб қолиш керак”, дейиш ўрнига уларни тезроқ ажратиш йўлларини излаб қолишади.

Агар ўртада битта эмас, икки ёки уч фарзанд бўлсачи? Болаларнинг ҳақлари хусусида ким қайғуради? Хонадонининг бир гулини бор ифори билан тақдим этган ота-онанинг ҳоли не бўлади? Ғам-алам юки қаддини букиб юбормайдими? Орзулари осмон отанинг ғурури ерга кўмилмайдими? Она таҳқирланмайдими? Ўзлари ҳам қиз тарбия қилган қайнота ва қайнона бир ўйлаб кўрсинлар!

Ажралишларда асосан қиз тараф азият чекади. Тўйда ҳам қарийб икки баробар кўп сарф қилади. Уй жиҳозлари, парда, гилам, идиш-товоқ, қўйингки, барча-барчасини келиннинг оталари олиб беради. 

Келин олишнинг қиз узатишга нисбатан енгиллиги бугун асосий ажралишларга сабаб бўлмоқда. Бу каби иллатлар бугуннинг аччиқ ҳақиқати.

Эркак ажрашиш оқибатида ўз насли кимлар қўлида қолаётганини ўйлаб кўриши лозим. Оила барбод бўлса, ёш гўдаклар етим қолади. Ҳеч бир тасаввурга сиғмайдиган савдолар пайдо бўлади.

Биз ёшларнинг тасаввурларини ўнглаб, келажак оилавий ҳаёти хусусида маслаҳат этиб, тўғри хулоса қилмас эканмиз, фаровон оила тўғрисида асло гап бўлиши мумкин эмас.

Хулоса шуки, динимиз таълимоти ва халқимиз анъаналарига кўра, ёшларнинг оила тўғрисидаги билим савияларини оширишимиз лозим. Бир сўз билан айтганда, иккала томон нафақат бу дунё, балки охиратлари обод бўлишини ҳам анг лаб етади.

Муносиб келин ва куёв танлаш насабни сақлашдаги биринчи омилдир. Динимиз бу борада ҳам нажотбахш кўрсатмалар берган. Унинг улуғвор таълимотларига амал қилганлар насллари поклигидан доимо хотиржам бўлиб, масрур ҳаёт кечиради. Улардан бебаҳра қолганлар инсон зотига номуносиб разил ишларни одат тусига киритганлар.

Масалан, насл-насаби тўғри келмаса ҳам, агар йигитга келин ёқиб қолса, қизни “олиб қочади”, сўнг қизнинг уйидагиларга хабар жўнатади. Шу билан улар ҳам чорасиз ҳолда тўйга розилик беради. Акс ҳолда, қизлари эрдан қайтган жувон бўлиб қолади. Оқибатда, мажбурий бир оила вужудга келади.

Яна бошқалари эса, қизларга ёқиш учун қандай шарт ҳамда вазифалар бўлса, ҳаммасини бажаради.

Динидан, миллатидан узоқлашган инсон оила қадрини ҳам, насаб масъуллигини ҳам ҳис қилмайди.


Насабни сақлашда ота танлови

Насабни сақлашда келин ҳам муносиб куёв танлаши лозим. Чунки юқорида айтилганидек, оила эр-хотин орасида бўладиган маънавий-руҳий алоқадир. Бунда икки томон бирдек иштирок этмаса, яхшиликка эришиб бўлмайди. Оила учун эрнинг мақоми қанчалик муҳим бўлса, аёлнинг мақоми

ҳам шунчалик аҳамиятли. Шунинг учун динимизда келиннинг сифатларига қанчалик эътибор қаратилса, куёвга ҳам шу даражада аҳамият берилади.

“...Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир...” (Ҳужурот, 13).

Динимиз кўрсатмалари нуқтаи назаридан, инсоний сифатларнинг энг афзали тақводорликдир. Аллоҳ таоло ҳузурида энг ҳурматли, энг азиз ва энг мукаррам инсон тақводор инсондир. Шунинг учун куёв танлашда унинг тақвосига эътибор бериш лозим. Чунки оила тутумини ушлаб туриш эркак зиммасида бўлади.

Насабни сақлашда она танлови

Оила қуриш учун, одатда, эркак томон муносиб келин излашга киришади. Қандай келин энг муносиб келин ҳисобланади? Бу саволга турли халқлар турли вақтларда турлича жавоб берганлар. Мусулмонлар бу нозик масалада ҳам Ислом дини кўрсатмаларига амал қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида муносиб келин қандай бўлишини баён этганлар. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аёл тўрт нарсаси учун никоҳланади: моли, жамоли, ҳасаби ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур”, дедилар” (Муттафақун алайҳ).

Келин танлашда унинг сифатларига қаралади. Ҳадисда яхши сифатлардан тўрттаси ҳақида айтилмоқда.

Агар ушбу тўрт сифат – мол, жамол, ҳасабу насаб ҳам, дину диёнатга қўшилиб, бир қизда мужассам бўлса, албатта, яхши. Бу сифатлар орасида диндорликка тенг келадигани йўқ – ҳеч бири шу сифатга ета олмайди. Чунки бойлик вақтинча, қолаверса, мол-мулкнинг кўплиги келиннинг ҳовлиқишига,

куёв ва унинг яқинларини менсимасликка сабаб бўлиши мумкин. Гоҳида динсиз бойлик бахтсизлик келтиради. 

Насабига кўра танланган келин, албатта, яхши. Лекин насабнинг ўзи билан кифояланиш ҳам эзгуликка олиб келмайди. Яхши, ота-она, бобо-момолар ўз уйларида қолади. Куёвнинг уйига келин келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасабу насаби билан мақтаниб, бошқаларни хижолатга қўйиши мумкин. Жамоли ҳам ўзича яхши сифат, лекин бу ҳам ўткинчи. Диндаги гўзаллиги эса аълодир. Диндорлик ҳақиқий ҳасаб ва насабдир.

Бир улуғ зот фарзандларига: “Сизларга туғилма синглардан олдин ҳам, кейин ҳам кўп яхшиликлар қилганман”, деди. Фарзандлар: “Отажон, туғилганимизда катта қилдингиз, таълим-тарбия бердингиз, уйлантириб, эл-юртга қўшдингиз. Аммо туғилмасимиздан олдин қандай яхшилик қилдингиз?” дедилар. Ота шундай жавоб берди: “Ўғилларим, туғилмасинглардан аввал сизларга муносиб она танладим”.

Отанинг муносиб танлови фарзандлар салоҳиятининг гарови бўлди.

Абдуллоҳ ибн Амрдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Дунёнинг ҳаммаси ҳузурланишдир ва дунёнинг энг яхши ҳузури солиҳа аёлдир” (Байҳақий ривояти).

Ҳадиси шарифда бу дунёдаги нарса-матоларнинг энг яхшиси “солиҳа аёл” экани ҳақида сўз кетмоқда. Фасод ва ёмонликнинг тескариси – солиҳлик дунё ва охират ишларида яхши бўлишни англатади. Демак, келин танлашда унинг солиҳалигига қараш керак.

Маъқал ибн Ясордан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Бир киши Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули, бир жамолли ва ҳасабли аёл топдим, аммо туғмас экан, унга уйланаверайми?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ”, дедилар. Кейин иккинчи бор келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна қайтардилар. Сўнгра учинчи бор келганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингизни кўз-кўз қилувчиман”, дедилар” (Байҳақий ривояти).

Туғмайдиган аёлга, агар у гўзал ва аслзода бўлса ҳам, уйланмаган маъқул. Туғадиган ва эрига муҳаббатли аёл энг муносиб номзод. Қизнинг бу сифатлари унга яқин аёллар (она, амма ва хола) ҳолини ўрганиш билан билинади.

Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги маълумотлар ислом шариатига мувофиқ келин танлаш ва унинг одоблари ҳамда афзалликлари ҳақидаги зарҳал сўзлардир. Бу кўрсатмаларга амал қилганлар танловларидан доимо рози бўлиб, яхши ҳаёт кечиради. Ушбу таълимотдан узоқ юрганларнинг келин танлашларига назар солинса, мусулмонлар бахтли ҳаётининг сабаби аён бўлади.


Тарбия ҳақи

Ҳар бир ниҳол парваришга муҳтож. Фарзанд райҳондир. Уларда жаннат ифори бор. Ҳазрати Умарга (розийаллоҳу анҳу) қиз фарзанд кўрганлари хушхабарини етказилганда: “Ҳидлайдиган райҳоним”, дедилар.

Фарзанди кетидан эл орасида ҳурмат топганлар ҳам, шарманда бўлганлар ҳам бор. Бугун кўпгина ёшлар илми, ҳунари ва спортдаги муваффақиятлари билан нафақат юртимизда, балки дунё миқёсида ота-онаси, юртига олқишлар келтирмоқда. Баъзилари эса турли оқимлар домига тушиб қолишдан ташқари, эл юзига оёқ қўймоқда ёки гиёҳвандликка берилиб, иснодга қолиб, турли касалликларга учрамоқда.

Маълумки, тарбия ҳақи ҳам фарзандлик ҳақларидан саналади. Аҳли аёли ва фарзандларини яхши тарбиялаш – оила бошлиғининг Аллоҳ таоло, қолаверса, жамият олдидаги бурчи.

Одамлар орасида “Ўзингни бил, ўзгани қўй”, деган номаъқул гап юради. Қиёматда ота Аллоҳ таоло ҳузурида жавоб беради.

“Фарзандларингиз ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар, уларга одоб ўргатинглар” (Абдурраззоқ ва Саид ибн Мансур). “Ота фарзандига гўзал одобдан кўра афзал нарса бера олмаган” (Имом Термизий). Ҳазрати Али (розийаллоҳу анҳу): “Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар”, деб айтганлар.

Демак, ҳар биримиз ўғил-қизимиз, оила аъзоларимизнинг имон-эътиқоди, одоб-ахлоқи ва бошқа жиҳатларига мунтазам аҳамият бериб туришимиз керак. Мўмин бандада ота-онасининг ҳақи бўлганидек, фарзандининг ҳам ҳақи бор.

Бола – ота-онаси ҳузуридаги омонат, унинг қалби покиза гавҳар. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, тарбияли фарзанд бўлиб камол топади. Унинг савобига ота-онаси ва мураббийи шерик бўлади. Агар ёмонликка одатлантирилса, тарбиясиз ўсади. Унинг гуноҳи валийсига бўлади. Тадқиқотлардан жиноят кўчасига кирганлар болалигида тарбия кўрмаган ва ноқобил оила муҳитида ўсгани маълум бўлмоқда.

Боланинг табиати беш ёшигача шаклланади. Бу даврда бола ота-она қучоғида бўлади. Ноаҳил ота-онанинг салбий ҳаракатлари бола фитратига муҳрланади. Ота-она шундай андоза мактаби бўлсинки, ўғил: “Катта бўлсам, отамдек инсон бўламан”, қиз эса: “Онамдек аёл бўламан”, десин. Фарзандлар

кўз ўнгида ота-онанинг нолойиқ ҳаракати содир бўлмасин. “Энг яхши одам ким?” деганда, “Менинг отам ва онам”, десин.

Демак, ота-оналар фарзандига гўзал таълим-тарбия бермоғи лозим. Уни ёмон болалардан сақласин. Неъматларга қизиқишга одатлантирмасин. Уни зеб-зийнатга ружу қўйишга ҳаваслантирмасин. Токи, катта бўлганда зеб-зийнат ортидан юриб, умрини зое кетказмасин.

Ота-она болани кичиклигидан, умрининг илк кунларидан эҳтиёткорлик билан кузатиб бориши керак. Болада дастлаб таомга ўчлик пайдо бўлади. Шунинг учун ота-она унга овқатланиш одобларини ўргатсин. Баъзи вақтларда фақат нон ейиш таомилини шакллантирсин. Токи нонга бошқа нарсани қўшиб емоқ лозим, деган хаёлга бормасин.

Ота-она боласига кўп овқат ейишнинг ёмонлигини сингдириб, бу ҳайвонлар иши эканини тушунтирсин. Маълумки, маърака-маросимларда овқатланиш одоби ўзгача. Таомни бошлаш ва тугатишда зийрак бўлиш керак. Бу ҳақда сўз очишдан мақсад баъзан катта давраларда айрим ёшлар чайналиб, ҳаммани интизор қиладиган ҳолатлар кўзга ташланади.

Ўғил болаларга оқ рангли кийимлар кийиш яхши экани, рангдор ва ипак кийимлар аёлларга хослигини тушунтириш керак. Вақти келганда болани мактабга бериб, таълим жараёни назоратга олинади. Мактабдан бошқа вақтларда ота-она унга яхши одамларнинг эзгу ишларини тез-тез айтиб туриши керак. Шу тариқа унинг қалбига аҳли солиҳларнинг муҳаббати солинади. 

Боладан яхши хулқ ва мақтовга лойиқ сифат намоён бўлса, уни тақдирлаш ва оила даврасида эътироф этиш лозим. Баъзан арзимас беадаблик қилса, билмаганга олиб, айбини ошкор айтмаслик керак. Агар ўша номаъқул ишни яна такрорласа, ҳеч кимга билдирмай жазолаган ва одамлар билиб қолса, уят қилишларини уқтирган яхши. Аммо жазо кўпайтириб юборилмасин. Чунки бу нарса боланинг бетини қотиради. Кейин уялмай ҳар нарсани қилишга одатланиб қолади. Ота боласи олдида ўз салобатини сақлаб туриши керак.

Она боласини ота ҳайбати билан огоҳлантириб турсин. Фарзандлар шуурида ота салобатини оширадиган киши муҳтарама она бўлади. Арзимас ишларда ҳам отани воқиф қилиш ва изн сўраш лозимлигини уқтирсинлар. Кундузи бевақт ухлашга болани одатлантирмаслик керак. У дангаса бўлиб қолади. Бола ётоқ, кийим ва таомда дағалликка одатлансин. У ялқов бўлиб қолмаслиги учун пиёда юриш, кўп ҳаракат қилиш ва бадантарбияга кўнгил қўйсин. Ота-онасининг бойлиги, таоми ва кийими билан тенгдошлари олдида мақтанишга ўрганмасин. Ота-она олиб берган нарсани қадрласин. Ота-она фарзандлар олдида бировларни ғийбат қилмасин. Бола ўзи билан бирга яшайдиганларни ҳурматлашга одатланиши лозим. Унинг ўзига ўхшаган болалар нарсасини тортиб олишига йўл қўйилмайди. Бу одат пасткашлик экани тушунтирилади.

Болага тилло ва кумушга муҳаббат қўйиш ёмонлигини тушунтириш лозим. Унга ўтирган жойида тупурмаслик, бурун тозаламаслик, бировнинг олдида эснамаслик, бир оёғининг устига иккинчисини қўймаслик ва кўп гапирмаслик кабилар таълим берилади. Камгап бўлиш, бошқаларнинг гапини диққат билан тинглаш, ўзидан катталарни ҳурмат қилиш, улар келганда ўрнидан туриб, кутиб олиш ва одоб билан ўтириш каби жиҳатлар ўргатилади. Уят сўзлар гапириш ва беҳаё кишиларга қўшилишдан қайтарилади. Зотан, болани муҳофаза қилиш уни ёмон улфатлардан сақлашдан иборат.

Мактабдан келганидан кейин чиройли ўйинлар ўйнашга шароит яратиб бериш керак. Бу билан у ўқишдаги чарчоғини ёзади. Бола ота-онаси ва устозига итоат қилишга кўниктирилиши, У ёлғон ва хиёнатга яқин келмасликка одатлантирилиши жуда ҳам зарур. Ўсмирлик чоғида ундан ёшига мос нарсалар талаб қилинади.

Бола ёшлигидан солиҳ бўлиб ўсишига аҳамият бериш кераклигини ҳар бир мураббий билиб олиши лозим. Болани ота-она ва хонадонига меҳрибон, ватани ва халқига муҳаббатли этиб тарбиялаш керак. Агар бу иш амалга ошса, яхшилик ва меҳр-муҳаббат бола қалбидан мустаҳкам ўрин олади. Шу билан бирга, фарзандни гўзал тарбиялаган ота-она ва устозларга Аллоҳ таоло улкан ажрлар ваъда қилган.

Тарбия борасида ўтган солиҳ салафлардан ўрнак бўларли тажрибалар кўп қолган. Саҳл ибн Абдуллоҳ бундай дейди: “Чамаси уч ёшли бола эдим. Кечаси уйғониб, тоғам Муҳаммад ибн Сиворнинг намоз ўқишига назар солардим. Бир куни тоғам менга: “Сени яратган Аллоҳни зикр қиласанми?” деди. “Уни қандай зикр қиламан?” дедим. “Тилингни қимирлатмасдан, қалбингда уч марта “Аллоҳ мен билан, Аллоҳ менга назар солиб турибди, Аллоҳ менинг гувоҳим”, дегин”, деди. Мен у сўзларни бир неча кеча айтдим ва тоғамга хабарини бердим. У менга: “Энди уларни ҳар кеча ўн бир мартадан айт”, деди. Мен уни ҳам қилдим. Бир муддатдан сўнг қалбимда унинг ҳаловатини сездим. Яна анча ўтиб тоғам: “Мен сенга ўргатган нарсани

ёдлаб олгин-да, то қабрга киргунингча уни айтишни давом қил”, деди. Мен шу ишни йиллар давомида узлуксиз қилиб юрдим. Унинг ҳаловатини ичимда топдим. Сўнгра тоғам менга: “Эй Саҳл! Аллоҳ бирга бўлган, назар солиб турган ва устидан гувоҳ бўлган одам У Зотга осийлик қиладими? Маъсиятдан ҳазир бўл!” деди. 

Саҳл ибн Абдуллоҳдан келтирилган бу ривоят бола тарбиясига, хусусан, руҳий тарбияга кичиклигидан аҳамият бериш қанчалар муҳим эканини яққол кўрсатиб турибди. Ҳар бир ота-она учун фарзандларини ҳалол ва пок, имон эътиқодли қилиб тарбиялаш ҳам фарз, ҳам қарз. Айниқса, ўсмирлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишда оиладаги тарбия муҳитига, ундаги ҳуқуқий тарбияга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Оила – мадраса, она – мударрис, ота эса – назорат этувчи мудир. Мадраса нақши-нигорли бўлмасин, имон ҳовлиси бўлсин. Устоз эса андоза олгудек, мудир жаноблари эса қўрғон султони, аъёнлар эзгулик тимсоли бўлсин.


Тарбияда муомала

Фарзанд тарбиясида ота-онанинг муомаласи муҳим ўрин тутади. Аслида, бола ота-онасини қумсаб туриши лозим. Лекин агар бола ота-она ва мураббий томонидан қўпол, дағал сўзлар эшитиб, калтак еб катта бўлса, бу унинг табиатига салбий таъсир қилади. Танбеҳ ва дашном бола руҳиятини сўндириб, ота-онага, хонадонига меҳрини йўқ қилади. У ота-онадан узоқ юришни хоҳлаб қолади. Бирор ишни яширин қилишга интилади. Уйидан узоқларда бўлишни истайди. Чунки шу уй уни дашном ботқоғига ботирган. Хоҳиш-истаклари билан ҳисоблашмаган. Хонадонидан ҳузур топмаган ҳар бир инсоннинг фикри, зикри ёхуд қадами бузилади. Муқаддас динимиз гарданида тарбия масъулияти бор ҳар бир устоз, мураббий ва ота-онага латиф муомалада бўлишни тавсия қилади.

“Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад) уларга (саҳобаларга) мулойим бўлдингиз. Агар дағал, тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон, 159).

Ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Аллоҳ ҳар бир ишда мулойимликни яхши кўради”.

Қайси хонадонда илм-маърифат бўлса, шу хонадонда хотиржамлик бор.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда аввалидан охирига қадар инсонларга тарбия ва одоб ўргатади. Динимиз одоб ва тарбияни савоб, тарбиясизликни гуноҳ ҳисоблайди. 

Бир киши Умарнинг (розийаллоҳу анҳу) ҳузурларига келиб, ўғлини оқ этганини шикоят қилди. Ҳазрати Умар (розийаллоҳу анҳу) ўғилни чақиртириб: “Отангга оқ бўлишликда Аллоҳдан қўрқмайсанми? Отанг ҳақини поймол қилибсан”, деди. Ўғил айтди: “Эй мўминлар амири! Ўғилнинг отада ҳаққи йўқми?” Ҳазрати Умар: “Ҳа, бор!” дедилар. Ўғил айтди: “Нима у

ҳақлар?” Ҳазрати Умар: “Ўғилнинг отадаги ҳақи – ота ёмон хотинга уйланмаслиги, шу билан фарзанд айбланмаслиги учун яхши исм қўймоғи ва Қуръонни ўргатмоғидир”, деди. Ўғил: “Эй мўминлар амири, Аллоҳга қасамки, отам онамни танлаб олмаган, у мажусий эди, уни тўрт юз дирҳамга сотиб олган. Исмимни чиройли қўймади, яъни, менга Жуъал деб исм қўйди (кўршапалак эркагининг исми), Аллоҳнинг оятларидан биронтасини ҳам ўргатмади”, деди.

Бундай ривоятлар ҳар бир инсонни сергак қилади. Масъуллик ҳиссини оширади. Фарзандлари камолотини орзу қилган ҳар бир ота-она, уларга ўзлари ўрнак бўлиши керак. Уларни тўғри йўлга солмоқчи бўлган одам, авва-

ло, ўзи тўғри юриши лозим. Акс ҳолда, ота-она фарзандларида гўзал ахлоқ шаклланишига муваффақ бўла олмайди.

Қонунчилигимизда ота-она ўз мақомларини суиистеъмол қилган тақдирда уларни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этишгача борилади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 82-моддасига мувофиқ судлар ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъволарни кўришда ота-оналарнинг хулқ-атвори ва турмуш тарзи ўзгарган-ўзгармаганини, уларнинг болаларини тарбия қила олиш-олмасликларини синчиклаб текширишлари лозим. Ота-оналик ҳуқуқини тиклашга, агар бу болаларнинг манфаатларига мос келса, йўл қўйилади. Чунки ҳар бир киши, жамият, эл-юрт бахтли бўлиши учун фарзандли бўлишнинг ўзигина етарли эмас. Баъзида фарзандлар ота-онага етти ухлаб тушига кирмаган мусибатларни келтиради, эл-юрти, Ватанига хиёнат қилади. Ўз халқини машаққатли ҳалокатга туширади.

Ҳужжатул Ислом – Имом Ғаззолийнинг “Эй фарзанд” китобида бешикдан қабргача бўладиган исломий тарбия баён қилинади. Аллома солиҳ инсонларга хос вазифаларни баён этиб, бундай дейди: “Бола бир асалари муми кабидир. Мураббий уни истаган шаклга солиши мумкин. Бола ота-онасининг ёнида бир пок саҳифа кабидир. Унинг қалбига ҳеч бир нақш ё сурат солинмаган. Аммо бундай қалб ҳар қандай нақшни олишга ҳозир, яъни ҳамма нарсага мойилдир. Шунинг учун ҳам уни гўзал амаллар билан банд этиши лозим. Бу қалб эзгуликлар ва билимлар билан тўлдирилса, фарзанд баркамол инсон бўлиб етишади”. 

Бундай фарзандлар етишиб чиқишининг гарови ота-она ва мураббийлар масъулиятни тўлиқ адо этишларидадир. Динимиз эса фарзанднинг баркамол бўлиб етишиши учун барча улуғвор кўрсатмаларни берган.


Тарбияда ота-она ва устоз масъулияти

Фарзанд камолоти учун ота-она ва устозлар ҳам ахлоқли, баркамол бўлишлари лозим. Фарзанд тарбияси фақатгина унинг ўзига эмас, балки тарбиячиларга ҳам боғлиқ. Чунки фарзанд кўз ўнгида кўрганини ўзига олади. Шу боис уламолар ота-она ва устозлардаги беш фазилатга урғу берганлар: 1. Ихлос. 2. Тақво. 3. Илм. 4. Ҳилм. 5. Масъулият.

1. Ихлос. Фарзанд қалбида ихлосни уйғотиш учун устоз холис ниятли бўлиши керак. Тарбия борасида ҳаракатларини холис Аллоҳ учун деб қилмоғи лозим. Бу ишлари хоҳ буйруқ бўлсин, хоҳ қайтариқ, хоҳ насиҳат, хоҳ таъзир бўлсин, Аллоҳ учун деб, савоб талабида қилсин. Чунки сўз ва ишдаги ихлос иймоннинг асоси, исломнинг тақозосидир. Аллоҳ таоло ихлоссиз қилинган амални қабул этмайди. 

Бу ҳақда Қуръони каримда ва Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларида таъкидлаб айтилган: “(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: “Дарҳақиқат, мен ҳам сизлар каби бир башардирман. (Фақат) менга илоҳингиз ёлғиз Илоҳ экани ҳақида ваҳий этилмоқда. Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф, 110).

Абу Довуд ва Насаийдан ривоят қилинган бир ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ азза ва жалла амалдан фақат холис У учун бўлганини ва шу (амал) билан Унинг юзи (розилиги) талаб қилинганини қабул этади”. Шундай экан, ота-она ҳар бир ишни Аллоҳнинг розилиги учун пок ният ва ихлос билан бажаришлари лозим.

2. Тақво. Тарбиячига лозим бўлган фазилатлардан бири тақводир. Олимлар тақвога шундай таъриф берадилар: “Аллоҳ ўзи қайтарган жойда сени кўрмаслиги ва Ўзи буюрган жойда сени йўқотмаслигидир”.

Баъзилар тақвони шундай таърифлаганлар: “Аллоҳнинг азобидан солиҳ амал билан ошкор ва пинҳон ҳолда қўрқиб сақланишдир”. 

Бу икки таърифнинг мазмун-моҳияти бирдир. Банда доим Аллоҳнинг назоратида эканини ҳис қилиши ва ҳаромдан четланиб, ҳалолга юзланиши лозим. Бу фикрни ҳазрати Умар билан Убай ибн Каъб (розийаллоҳу анҳумо) ўртасида бўлган воқеа қувватлайди. Умар ибн Хаттоб (розийаллоҳу анҳу) Убай ибн Каъбдан тақво ҳақида сўрадилар. Убай ибн Каъб: “Тиканли йўлдан юрганмисиз?” деб сўрадилар. Ҳазрати Умар: “Ҳа”, дедилар. Убай ибн Каъб: “Нима қилгансиз?” Ҳазрати Умар: “Шимариб, эҳтиёткорлик билан юрганман”. Убай ибн Каъб: “Ана ўша тақво”, деб жавоб бердилар. 

Қуръони каримнинг бир неча оятларида ҳам тақвога бую рилган: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзланглар!” (Аҳзоб, 70);

“Эй, имон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинг-лар! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Ҳашр, 18);

“...Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (ўлчов) қилиб қўйгандир” (Талоқ, 2-3).

Шунингдек, Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам тақво ҳақида жуда кўп ҳадислар ворид бўлган. 

Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади. У киши: “Ё Расулуллоҳ, инсонларнинг энг карамлиси ким?” деб сўрадилар. Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тақводорроғи”, дедилар (Муттафақун алайҳ); 

Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонларни энг кўп жаннатга киритадиган амал ҳақида сўрадилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга тақво қилиш ва ҳусни хулқ”, дедилар” (Имом Термизий);

Анасдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қилгин. Ёмон ишга яхшиликни эргаштиргин, уни ўчириб юборади ва инсонларга гўзал хулқ билан муомала қилгин” (Имом Аҳмад, Ҳоким, Термизий).

Фарзанд ота-она ва устозда кўрган хулқини олади. Агар уларда тақво бўлмаса, фарзанд ҳам залолат ва жаҳолат хулқи билан улғаяди. Тарбиячилар фарзанд ва шогирдлари баркамол бўлишини истасалар, ушбу ҳақиқатни тушуниб етишлари керак. Насиҳатлари фарзандга таъсирли бўлиши учун ўзлари ҳам сўзларига амал қиладиган тақводорлардан бўлсинлар. Фарзандни, шогирдни яхшиликка буюриш қийин эмас, лекин бу насиҳатларни, буйруқларни фарзанд қабул қилиш муҳим. 

Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳ (йўли) га даъват этган ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, “Мен мусулмонлардандирман”, деган кишидан ким чиройлироқ сўзловчидир?!” (Фуссилат, 33).

3. Илм. Тарбиячига хос гўзал сифатларнинг учинчиси илмдир. Тарбиячи ота-она ва устоз диний ва дунёвий тарбия илмларини билиши лозим. Ҳаром ва ҳалол, одоб ва ахлоқ илмини яхши ўзлаштирган бўлиб, тарихий воқелар ва бугуннинг лавҳаларидан фойдаланиши керак. Бундай савия тарбиячига ёрдам беради. Бу борада динимиздаги ибратли кўрсатмалар ва бой миллий қадриятларимизни ўзига дастур қилиб олсин.

Агар тарбияда бундай омиллардан фойдаланилмаса, илмсизликка йўл қўйилса, фарзанд умр бўйи ҳаётда ўз ўрнини топа олмайди. Сувсиз ҳовуздан сув олиб бўлмаганидек, ёқилғисиз чироқ нур тарата олмаганидек, илмсиз мураббий ҳам гўзал ахлоқли баркамол авлод етиштира олмайди. Илмсиз киши зиммасидаги масъулиятни ҳис этмайди. Шунинг учун динимиз ва миллий тарихимизда илмга катта эътибор берилган. Оятлар, ҳадислар инсонни илмли бўлишга буюради.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвадигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!) Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” (Зумар, 9).

“Эй, мўминлар, қачонки, сизларга (суҳбатларда): “жой берингиз”, дейилса, дарҳол жой берингиз, Аллоҳ сизларга ҳам (хоҳлаган ерингиздан) жой берур. Яна, қачонки, “турингиз” дейилса, дарҳол туринглар, Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Мужодала, 11).

Абу Дардодан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар:“Ким илм талаб қилиб, йўл юрса, Аллоҳ таоло унга жаннатга борадиган йўлини енгил қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмнинг қилаётган амалидан рози бўлиб, қанотларини қўйиб туришади. Олим кишига ҳамма нарса, ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиб туради. Олим кишининг обид, яъни, илми йўғу, лекин доимий ибодатдаги одамдан фазли Ойнинг бошқа юлдузлардан ортиқлигига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўридир. Пайғамбарлар

динор, дирҳамларни мерос қилиб ташлаб кетмаган, балки илмни қолдирганлар. Ким уни олган бўлса, насибасини тўлиқ олибди” (Имом Абу Довуд ва Термизий).

Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дейдилар: “Агар инсон боласи ўлса, унинг учта амалидан бошқа ҳамма амали тўхтайди. Улар – садақаи жория, фойдаланиб турилган илм ва унга дуо қиладиган солиҳ фарзанд” (Имом Муслим).

Мана шу қуръоний ва набавий кўрсатмалардан кейин ота-оналар ва устозлар тарбия йўналишларига оид манфаатли илмларни ўрганишлари лозим. Чунки миллат қаддини ростлаши ва юрт тараққий топиши учун илмли фарзандлар керак.

4. Ҳилм. Тарбиячига ёрдам берадиган сифатларнинг асосийси ҳилм, яъни ҳалимликдир. Шу сифат сабабидан тарбияланаётган фарзанд унинг сўзларини қабул қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳилм сифати билан саҳобаларни ўзларига жалб қилдилар. 

Аллоҳ таоло бу ҳақида Қуръони каримда шундай деган: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойим бўлдингиз. Агар дағал, тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон, 159).

Демак, Расули Акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўмин-мусулмонларга мулойим бўлишлари ўзлари учун ҳам, умматлари учун ҳам Аллоҳнинг раҳмати экан. Мулойим, ширин сўз бўлиш катта бахт ҳисобланади. Чунки одамлар бир оғиз бўлса ҳам, яхши сўзнинг гадоси. Киши яхши сўз эшитган жойига, мулойим муомала кўрган шахсига меҳр қўяди. Ўша шахс атрофида тўпланади. Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сифатлари бу жиҳатдан энг олий мақом эди. У зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг жозибадор кучлари ҳам шунда бўлган. Агар у киши (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қўпол ва қалби қаттиқ бўлганларида, атрофларида ҳеч ким қолмай, тарқалиб кетган бўлар эди.

Тарбиячи ҳилм фазилати билан ахлоқини безаб, ёмон ахлоқлардан йироқ бўлсин. Одамлар орасида тўлин ойдек кўриниб турсин. Шу сабабдан Қуръони карим ва ҳадиси набавия ҳилм сифатига тарғиб қилгандир.

Ҳилм хулқий ва нафсий фазилатларнинг энг буюгидир. У инсонни баркамоллик чўққисига олиб чиқади. 

Аллоҳ таоло бу ҳақида Қуръони каримда шундай деган:

“(У тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам эҳсон қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон, 134).

Ҳилм соҳиби билан суҳбатлашган киши унга муҳаббатли бўлади. Биз учун намуна бўлган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам, олдинги ояти каримада таъкидланганидек, ўзи тарбиялаётган саҳобаи киромларни ҳилм сифатлари билан жалб этдилар, муҳаббатли қилдилар. Агар У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўпол, қалби қаттиқ, дарғазаб бўлганларида, атрофларида саҳобалар тўпланмас эди.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Афвни ихтиёр этинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф, 199);

“Албатта, кимки (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир” (Шўро, 43);

“Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур” (Фуссилат, 34).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ашажж Абдул Қайсга шундай деганлар: “Сенда Аллоҳ яхши кўрадиган иккита хислат бор: Ҳалимлик ва бардошлилик” (Имом Муслим).

Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир киши келиб: “Менга насиҳат қилинг”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ғазаб қилма”, дедилар. У киши бир неча бор такрор сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал-

лам): “Ғазаб қилма”, дедилар;

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Осонлаштиринглар. Қийинлаштирманглар. Хушхабар беринглар. Нафратлантирманглар” (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:

“Ҳалимликдан мулойимлик келиб чиқади”:

Ойшадан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Албатта, Аллоҳ таоло рафийқ (мулойим)дир, ҳар бир ишда мулойимликни яхши кўради” (Муттафақун алайҳ).

Ойшадан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Албатта, мулойимлик бирон нарсада бўлса, уни зийнатлайди. Агар у бирор нарсадан суғуриб олинса, шармисор қилади” (Имом Муслим).

Демак, ота-она фарзандлари ҳидояти ва уммат ислоҳини истасалар, бардошли, мулойим ва ҳалим бўлишлари керак.

Бу фарзанд тарбиясида ҳар доим меҳрибонлик ва ҳалимлик йўли тутилсин дегани эмас. Ҳалимликдан мурод тарбиячи аччиқланмасин ва ғазабини ушлаб турсин. Агар сўкиш ёки уриш оқибатида фарзандга яхшилик келса, уни кечиктирмаган маъқул. Албатта, бу фазилат кимга берилса, унга кўп яхшилик берилибди.

Фарзандда бирор ахлоқсизлик сезилса, уни мураббий дарҳол тузатиши лозим. Бу фарзанд табиатига мос ҳолда аста-секин бажарилади. Баъзиларга ишора, баъзиларга яхши гап ва дўқ қилиш, бошқаларга эса жазо қўллаш керак бўлади.

5. Масъулият. Масъулиятни ҳис қилиш мураббийнинг ўз виждонидан келиб чиқади. Бу жавобгарлик фарзанднинг имони ва ахлоқи, ақли ва ижтимоий тарбиясида катта ўрин тутади. Фарзанд тарбиясида инсон ғофил қолса, оқибати яхши бўлмайди. Ота-она бу борадаги лоқайдлиги учун надомат чекиши, кўз ёш тўкиши фойда бермайди. Шу боисдан динимиз барча ота-она ва мураббийлар зиммасига фарзанд тарбиясини юклайди. Аллоҳга йўлиқадиган кунда бу ҳақда сўралишдан огоҳлантиради, қўрқитади. Омонатни адо қилганми? Диёнатни ўргатганми? Масъулиятни зиммасига олганми? 

Бунга оид оят ва ҳадислар бор: “Сўнгра ана ўша Кунда, албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсизлар!” (Такосур, 8).

Ҳадислар: “Киши (чўпон) жавобгар ва масъулдир ўз раъийятидан (аҳлидан)” (Муттафақун алайҳ);

“Аёл киши чўпон (жавобгар) ўз раъийятидан (аҳлидан)” (Муттафақун алайҳ);

“Албатта, Аллоҳ ҳар бир жавобгардан унга жавобгарлиги юклатилган нарса ҳақида сўрагувчидир. Муҳофаза қилдими, зое кетказдими? Ҳатто киши ўз аҳли байти ҳақида ҳам сўралади” (Ибни Ҳиббон).

Қуръоний ва набавий таълимотларни ўқиган ҳар бир мураббий сергак тортиши лозим. Агар лоқайдлик билан вақтни бепарво ўтказиб қўйса, Аллоҳнинг ғазабига гирифтор бўлишини, жаҳаннам азобига учрашини доимо ёдида тутсин. Чунки қиёмат кундаги сўроқ оғир, ҳисоб қийин, қўрқинч катта, жаҳаннам эса: “Яна қўшимча борми?” деб туради.

Фарзандлари ҳар томонлама баркамол бўлишини истаган ота-она ва мураббийлар аввало ўзларини, сўнгра фарзандларини миссионерлик ёки Ислом динига ёт оқимлар домига тушиб қолишдан асраши лозим.

Маълумки, ҳозирги кунда диёримизга кириб келган баъзи бузғунчи оқимлар таъсирига берилган ёшлар мусулмонлар ўртасида ихтилоф чиқишига сабаб бўлмоқда. Бу тоифалар кўтарган ғояларга диёримиз уламолари раддиялар берди. Ёшлар кимларга эргашмоқда? Кимларнингдир геосиёсий мақсадларини амалга оширишда тирик қуролга айланиб қолмаяптими?

Оилада бола тарбиясига ёшликдан сингдирилган сифат ларнинг аҳамияти муҳим. Шу ўринда: “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган ҳикматни эслаб ўтиш жоиздир. Ота-она шахси, уларнинг ҳаёт тарзи ва обрў- эътибори бола тарбиясига таъсир этади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз ҳадисларида: “Фарзанд ота-онанинг сири”, деганлар.

Президентимиз Ислом Каримов ҳам “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида: “Одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир”, деб таъкидлаган.

Дарҳақиқат, ҳар бир фарзанд шахси оилада шаклланади. Оила баркамол авлод учун пойдевор ҳисобланади. Шундай экан, оилада фарзандларни ахлоқий-ҳуқуқий жиҳатдан тарбиялаш, айниқса, адолат, бурч, ватанпарварликни шакллантириш ва шуурида она Ватанга муҳаббат уйғотиш ўта муҳим ҳисобланади.

Оилада фарзандларни бурчига садоқат руҳида тарбиялаш масъулият, онглилик, виждон каби фазилатлар билан чамбарчас боғлиқ. Бунда ота-онанинг ўзаро самимияти, фарзандлари билан яқин, дўстона муносабатда бўлишлари, орзумақсадларини тушуниб олишлари, зурриётлари соғ-саломат

вояга етишлари учун асос бўлади.

Оила кодексининг 73-моддасига му во фиқ, ота-оналар бошқа шахслар олдида болаларини шахсан тарбия қилишда устун ҳуқуққа эга ва болаларини қонунга асосланмаган ҳолда ушлаб турган ҳар қандай шахсдан қайтарилишини талаб қилишга ҳақлидир.

Шунингдек, суд ота ёки онанинг боласининг тегишлича тарбиясини таъминлай олиш имкониятларини, уларнинг бола билан ўзаро муносабатлари хусусиятларини, болани ўз қарамоғига олган шахсларга у қанчалик кўнгил қўйганлигини ва бошқа муайян ҳолатларни эътиборга олади. Агар ота-онанинг ҳам, бола ўз ихтиёрларига олган шахсларнинг ҳам тарбияни таъминлай олмаётганлари аниқланса, суд васийлик ва ҳомийлик органларининг ёки прокурорнинг даъвосига асосан болани шу органлар қарамоғига олиб беради. Бундай талаб қўйилмаган бўлса, суд ўзининг хусусий ажрими билан бу органлар эътиборини шундай даъво қўзғатиш зарурлигига қаратади.

Оила кодексининг 76-моддасига биноан, боласидан алоҳида турадигаи ота ёки она боласи билан кўришиш, унинг тарбия сида иштирок этиш ва тақдим олиш масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга. Ота-она боладан алоҳида яшайдиган ота (она)нинг ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби тўғрисида ёзма равишда келишув тузишга ҳақлидир.

Агар ота-она келиша олмасалар, низо ота-она (ёки улардан бири)нинг талабига биноан суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида ҳал қилинади.

Суд алоҳида турадиган ота ёки онанинг боласини тарбиялашда иштирок этиш тартибини белгилайди ва бола билан бирга турадиган ота ёки онага бунга қаршилик кўрсатмаслик мажбуриятини юклайди.

Ота-оналарнинг маҳрум қилиниши мумкин бўлган ота-оналик ҳуқуқи дейилганда, уларга боласини вояга етгунча тарбиялаш, унинг манфаатларини ҳимоя этиш ва унга вакиллик қилиш, боласини бошқа шахслардан талаб қилиб олиш, унинг фарзандликка олинишига розилик бериш ва ҳакозолар учун берилган ҳуқуқлар тушунилмоғи лозим. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-оналар болалари билан туришганлик фактига асосланган ҳуқуқларини вояга етган болаларидан нафақа олиш, улар вафот этган тақдирда нафақа билан таъминланиш, болаларининг мулкига ворис бўлиш ҳуқуқларини ва бошқа ҳуқуқларини ҳам йўқотадилар.

Васийни (ҳомийни) бола тарбиясига виждонан ёндашмагани учун ўз вазифаларини бошқаришдан четлатиш масаласи суд томонидан эмас, балки васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан ҳал қилинади. Васийлик (ҳомийлик) вазифасидан четлатилган шахс, болани беришдан бош тортса, унга нисбатан болани олиш ҳақида даъво қўзғатилиши мумкин.


Нафақа ҳақи

Ота гарданидаги вожиб амаллардан яна бири – фарзандлар нафақаси. Бу ишни бажармаса, ота гуноҳкор бўлади. Фарзандларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар жой билан таъмин этиш отанинг муқаддас бурчидир. Бу таъминот ҳалол-пок бўлиши шарт.

Ёш бола нафақаси отаси зиммасида бўлади.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “...Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир...” (Бақара, 233).

Фарзандни туққан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишига шубҳа қолмайди.

Ойшадан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Ҳинд бинти Утба: “Ё Расулуллоҳ, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга етадиган нарса бермайди. Фақат унга билдирмай олсам бўладими”, деди. “Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол”, дедилар у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (Икки Шайх ривоят қилишган).

Боланинг нафақаси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади. Унга бу нафақада ҳеч ким шерик бўлмайди. Гарчи ажрашиб, аёли бошқага тегиб кетганда ҳам, ота фарзандини балоғат ёшига қадар нафақа билан таъминлаши вожиб.

Оила кодексининг 81-моддасига му во фиқ, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани болаларини таъминлаш мажбуриятидан озод этмайди. Шу сабабли суд жавобгарни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишда, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 205, 207-моддаларининг қоидаларига асосланиб, ундан алимент ундириш тўғрисидаги масалани – бундай даъво қўзғатилган-қўзғатилмаганидан қатъиназар, бирга ҳал этиши шарт. Ҳатто ота-она ажрашиб, болалар она билан кетган тақдирда ҳам боланинг нафақаси ота зиммасида бўлади. Ота фарзанди вояга етганча алимент тўлаши қонунчилигимизда ҳам кўрсатиб ўтилган.

Ота ёки онадан бири ота-оналик ҳукуқидан маҳрум қилинганда ва болалар улардан иккинчисининг, васий ёки ҳомийнинг тарбиясига берилганда, алиментлар шу шахслар фойдасига ундирилади. Болалар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала ҳал этилгунга қадар болалар муассасаларига жойлаштирилган бўлса, алиментлар шу муассасаларнинг фойдасига ундирилиши керак. Болалар васийлик ва ҳомийлик органларининг қарамоғига топширилаётганларида алимент болалар топшириладиган шахслар ёки болалар муассасаларининг фойдасига ундирилади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота ёки онадан алимент, қоидага кўра, даъво қўзғатилган вақтдан бошлаб ундирилиши лозим.


Саломатлик ҳақи

Фарзандининг соғлом ўсишини таъминлаш ота-онанинг бурчи. Аввало ота-она ўзларига жуфт танлашда бир-бирларининг соғликлари ва қариндошликдан узоқлашиш томонларига эътибор беришлари лозим.

Фарзанд соғлиги бир қанча илмий-амалий изланишларни талаб қилади. Бу борада тиббиётнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади.

Яқин қариндошларнинг оила қуриб, бир-бири билан алоқа қилишлари наслга, яъни, туғилажак фарзанд соғлигига таъсир этади.

Ислом таълимотида яқин қариндошларнинг ўзаро оила қуришидан сақланишлари наслнинг соғлом бўлишига асосий восита экани таъкидланади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:

“Қариндошларга никоҳланманглар. Албатта, қариндошларга никоҳланишда бола нимжон, мадорсиз туғилади”.

Бу ҳадисдан кўзда тутилган мақсад фарзанднинг соғлом туғилишидир. Чунки инсон нафси янги нарсага мойил, эски нарсага бироз суст бўлади. Қариндош билан жинсий алоқада тортиниш, уялиш бўлади. Бу эса шаҳватни заифлаштиради. Шаҳватнинг заифлашиши боланинг озғин, нимжон ва кучсиз

туғилишига сабаб бўлади. Баъзи пайтларда нуқсонли туғилиш ҳоллари ҳам учрайди. Шунинг учун қариндошлар билан оила қуришдан қайтарилади. Бунга бир воқеавий далил ҳам мавжуд.

Оли Саиф қабиласига борганларида, қавм ҳазрати Умарга (розийаллоҳу анҳу) шикоят қилиб: “Эй амиралмўминин, бизнинг фарзандларимиз заиф ва нуқсон билан туғилмоқда”, дейишди. Шунда Умар (розийаллоҳу анҳу) бу ҳолатни ўрганиб: “Сизлар ўзаро оила қуришдан четланинглар. Ўзга қавмлар билан оила қуришни йўлга қўйинглар”, дедилар. 

Саломатлик юзасидан бугунги кундаги айрим ҳолатларга назар ташлаймиз. 2009 йилда Самарқанд вилоятида 33248 та никоҳ қайд қилинган. Бу 2008 йилга нисбатан уч марта кўп деганидир. Бир жиҳатдан бу ижобий ҳолат ҳисобланади. Лекин масаланинг бошқа жиддий томони ҳам бор. Вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармасидан

олинган маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда 10742 нафар ногирон бола рўйхатга олинган. Уларга жами 52 миллион 800 минг сўмлик жиҳозлар тарқатилган. Тиббий таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ногирон болалар аксарият ҳолларда қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ оқибатида туғилади.

Улар орасида ақлан заифлари ҳам кўп учрамоқда.

Тиббиёт тили билан айтганда, қариндош-уруғлар ўртаси даги никоҳ одам танасидаги ирсий хасталик келтириб чиқарувчи генларни қўзғаб юборади ва гўдакларнинг ногирон туғилишига олиб келади. Кўп ҳолларда бундай никоҳга аёллар сабабчи бўлади. Чунки келин-куёвнинг насл-насабини суриштириш сингари ўта ҳаётий масалалар билан одатда аёллар шуғулланади. Юқоридаги ҳолат биргина Самарқанд мисолида ўрганилди. Агар бир вилоятдаги аҳвол таҳлили шу бўлса, республика миқёсидаги ман зарани тасаввур қилиш мумкин. Демак, ислом чеклаган никоҳларга амал этмаслик натижасида содир бўлаётган бу каби салбий оқибатларни ўйлаб, тафаккур қилиб, тўғри хулоса чиқариш лозим.

Маълумотларга қараганда, асримиз бошида Ўзбекистонда туғилган ҳар минг боладан 350-420 нафари бир ёшга етмасдан вафот этар эди.

1919 йилнинг август ойида Тошкентда олий тиббий билимгоҳ ташкил қилинди. Ушбу олийгоҳда дастлаб болалар касалликлари кафедраси барпо қилинди. 1930 йилга келиб, институт таркибида она ва болалар соғлигини сақлаш факултети очилди. 1935 йилдан у педиатрия куллиёти деб атала бошлади. 1972 йилда Ўрта Осиё педиатрия институтига айлантирилди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди. 2009 йил 1 январда аниқланган рўйхатга кўра, юртимизда 27 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди. Шулардан 52 фоизини хотин – қизлар, 42 фоизини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади.

Ўзбекистонда 6 миллион 300 мингдан ортиқ оила мавжуд. Мамлакатимизда оналик ва болаликни ҳартомонлама муҳофаза этиш, давлат ташкилотлари амалга ошираётган ишларни бевосита жамоатчилик йўли билан қўллаб қувватлаш мақсадида халқаро, республика ва ҳудудий нодавлат жамоат ташкилотлари тузилди. Хусусан, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, “Болалар”, “Камолот”, “Маҳалла”, “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармалари, “SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмаси”, “Оила” илмий-амалий маркази – буларнинг барчаси мустақиллик йилларининг маҳсулидир.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 17-моддаси ижроси ҳамда соғлом оилани шакллантириш, ирсиятга боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олиш учун шарт-шароитлар яратиш

мақсадида 2003 йил 25 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 365-сонли қарори қабул қилинди. 2004 – 2008 йиллар давомида респуб лика бўйича 1989322 нафар никоҳланувчи шахс тиббий кўрикдан ўтказилган. Шулардан 369 нафарида гиёҳвандлик, 3989 нафарида руҳий, 371 нафарида ОИТС, 1417 нафарида сил, 489 нафарида тери-таносил касалликлари аниқланган.

Муҳтарам Президентимиз ўз асарида: “Оила жамиятнинг бир бўғинидир. Ушбу бўғин соғлом бўлса, жамият ҳам соғлом бўлади ва гуллаб яшнайди”, деб таъкидлаганлар.

Айтайлик, ота-она айби билан носоғлом бола она қорнида шаклланди. Халқимиз орасида бу каби ногирон ҳомила тақдирига боғлиқ саволлар талайгина. Она ҳаётига таҳлика туғилганда, ҳомиладорликнинг илк даврида абортга рухсат берилади. Бола аниқ шаклга кириб, унга жон ато этилгач, аёл ҳаёти учун хатарли бўлса ҳам, бунга йўл қўйилмайди. Баъзи дин одамлари бу охирги ҳолатда аборт жоизлигини эътироф этишган.

Ислом динида оила қуришга катта эътибор қаратилган. Бу муассаса ҳимояси ва соғлом фаолият олиб боришини таъминлаш йўлида эса бир қанча диний ва ҳуқуқий тадбирлар йўлга қўйилган.

Имом Муслим Ҳузайфа ибн Усаййиддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Нутфа (бачадонда ўрнашганидан сўнг) қирқ икки кеча ўтса, Аллоҳ таоло бир фариштани юборади, бас, у фаришта унга шакл, сурат, унинг қулоғи, кўзи, териси, гўшти ва суякларини беради”.

Ибн Ражаб Ҳанбалий “Жомеъул–улуми вал ҳикам” китобида қуйидагиларни айтади: “Бир гуруҳ фуқаҳолар аёл кишига қорнидаги болани олдириб ташлашга, агар унга ҳали жон пуркалмаган бўлса, рухсат берганлар ва уни азл (яъни, эркак киши, фарзанд бўлиб қолишидан эҳтиёт қилиб, ўз уруғини жуфтининг авратидан чиқариб ташлаши) ҳукмида бўлади, деб айтганлар. Лекин бу заиф қавлдир, чунки мазкур ҳолатда бола аллақачон яратилиш жараёнига кирган ва, эҳтимол, бирон сурат касб этишга ҳам улгурган бўлади. Азлда эса, бола ҳали мутлақо вужудга келмаган бўлади. Лекин гоҳида Аллоҳ таоло фарзандни яратишни ирода қилган бўлса, бу азл ҳам унинг вужудга келишини тўса олмайди”.

Имом Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ) “Иҳёи улумиддин” китобида бундай дейди: “Азл фарзандни олиб ташлаш ёки тириклайин кўмиш каби эмас. Чунки ҳомилани олиб ташлаш вужудга келган жонга нисбатан қилинган жиноятдир. Вужудга келишнинг бир неча поғоналари бор. Унинг биринчи поғонаси нутфа (сув) бачадонга тушиб, аёлнинг суви билан аралашиши ва ҳаётни қабул қилишга тайёр туриши бўлиб, бу ҳолатни бузиш жиноятдир. Агар нутфа лахта қон ҳолига келган бўлса, буни бузишнинг жинояти янада хунук лашади. Энди унга жон пуркалиб, хилқати тўла-тўкис яратилган бўлса, жиноят бундан ҳам баттарлашади. Жиноятнинг хунуги эса, алоҳида тирик жон бўлиб ажралганидан кейингисидир”.

Ислом ҳуқуқчилари ҳомила вужудга келишини тўсишга ижобий қараб, бунинг учун қилинадиган тадбирлар она рози бўлганда зарарсиз эканини таъкидлашади. Бу борада энг қадим ва кенг тарқалган усул азлдир. Азлнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) томонидан тақиқланмагани маълум (Бухорий, Никоҳ, 96; Муслим, Никоҳ, 125-1381).

Шунга асосланган ҳолда, Ислом ҳуқуқчилари аксари аёл розилиги олиниши шарти билан азлни динда мубоҳ, туғишни назорат қилиш усули сифатида эътироф этади. Аёл рози бўлмаганда ҳанафийлар ва мазҳабдаги оғир ҳукмга кўра, шофиъийлар макруҳ деб билади. Ҳанбалийлар жоиз эмаслигини таъкидлайди. Зоҳирий ҳуқуқчилардан Ибн Ҳазмга кўра эса, азл ҳаромдир.

Моликий мазҳабига биноан, қирқ кундан кейин аборт қилдириш ҳаром. Бу муддатдан олдин мубоҳ ёки макруҳ эканини айтганлар бўлса ҳам, аксарият бу ҳолатда ҳам ҳаром деган фикрда. Шофиъий мазҳабида жон киришдан олдин бунинг мумкин ёки мумкин эмаслиги борасида икки хил қараш мавжуд. Имом Ғаззолий қачон бўлса ҳам абортнинг жиноят эканини таъкидларкан, баъзи олимлар бунинг ҳаром эмас, макруҳлиги, лекин ҳомилаликнинг илк кунидан руҳ киришига борган сари танзиҳан, макруҳдан

ҳаромга ўзгариши, ҳомиланинг бир юз йигирма кунга яқинлашган вақтда туширилишини эса, ҳаромлик эҳтимоли кучайиши тарзида изоҳлаган. Руҳ кирганидан кейин аборт қилиш ҳаромлиги ва бунинг жиноят экани ҳақида Ислом ҳуқуқчилари ҳамфикрдирлар. Аллоҳ таоло бандаларининг қайси бирига фарзанд неъматини берса-ю, бандаси унга тажовуз қилса, агар бандаси била туриб, мусулмон ҳолида қилса, худди одам ўлдирган каби бўлади. Болага жон пуркалганидан сўнг уни олдириб ташлаш, яъни, ҳомила

она бачадонида ўрнашгани аниқ бўлгач, сунъий йўл билан чиқариб ташлаш ҳаром эканига уламолар иттифоқ қилишган.

Оиланинг мустаҳкамлиги дунёга келган фарзандлар саломатлигига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлиб, мамлакатимизда айнан мустақиллик йилларида бу борада кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди. Давлат дастурлари, ҳукуматнинг махсус қарорлари қабул қилинди.

Бу ҳуқуқий асослар, авваламбор, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, оилани мустаҳкамлаш, оилада соғлом турмуш тарзини шакл лантириш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, эр-хотин муносабатларини тўғри шакллантириш, яшаш шароитларини яхшилаш, фарзандларнинг ўқиш ва ижод қилишлари учун шарт-шароитлар яратиш, бир сўз билан айтганда, соғлом муҳит яратиш оила саломатлигининг асосий омиллари ҳисобланади.

Соғлом ва мустаҳкам оилани шакллантиришда ёшларнинг қачон оилавий ҳаётга қадам қўйишлари муҳим аҳамиятга эга. Оила кодексида оила қуриш ёши ўғил болалар учун ўн саккиз ёш, қизлар учун ўн етти ёш этиб белгиланган. Шундай бўлса-да, бу ёшда қизларимиз оилавий ҳаётга ҳам маънан, ҳам жисмонан тайёр бўлиши мумкин, лекин табиий жиҳатдан олиб қараганда, қизлар танаси она бўлишга тўлақонли тайёр бўлмаган ҳоллар ҳам учрайди. Бу ҳолат оила саломатлиги ва туғилажак фарзанд соғлигига салбий таъсир этади.


Меҳр кўрсатиш ҳақи

Анас ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Ойша (розийаллоҳу анҳо) ҳузурларига бир аёл келди. Унга уч дона хурмо бердилар. Аёл иккитасини ёнидаги икки фарзандига берди. Болалар еб бўлингач, онага қарашди. Она эса қолган хурмони ҳам болаларга бўлиб берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келгач, Ойша (розийаллоҳу анҳо) бўлган воқеани айтиб бердилар. Расулуллоҳ (сол лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сени нима ажаб лантирди. Фарзандларига раҳм кўрсатгани эвазига Аллоҳ унга раҳм қилсин”, дедилар”.

Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бир одам фарзанди билан келди. У фарзандини қучоқлаб эркалади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яхши кўрасанми?” дедилар. У эса: “ Ҳа”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ буни сендан ҳам яхши кўради”, дедилар”.

Болага меҳрибонлик кўрсатиш ҳам ота-онанинг вазифасидир.

Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз ҳузурларида Ақраб ибн Ҳобис Тамиймий ўтирганда Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Шунда у: “Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга назар солдилар ва: “Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас”, дедилар” (Бухорий, Абу Довуд ва Термизий).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўта болажон эдилар. У киши болалар ичида набиралари Ҳасан ва Ҳусайнларни жуда яхши кўрардилар. Ушбу ривоятда у зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳасанга (розийаллоҳу анҳу) кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирларининг бунга бўлган муносабати ва бу муносабатнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) томонларидан баҳоланиши ҳақида сўз кетмоқда.

Усома ибн Зайддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мени олиб, сонларига ўтқазар эдилар. Ҳасанни эса, бошқа сонларига ўтқазар эдилар. Сўнгра сонларини бир-бирига қўшиб туриб: “Аллоҳим! Иккисига раҳм қилгин, мен уларни раҳм қилурман”, дер эдилар” (Имом Бухорий).

Ойшадан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинади: “Бир аъробий Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келди ва: “Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз”, деди. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олар эдим”, дедилар” (Икки Шайх ривоят қилишган).

Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмалари бор. Сабаби, қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис улар тарбиясида кўпроқ эътибор, меҳр ва эҳтиёткорлик зарур бўлади.


Исм ҳақи

Фарзандга исм қўйиш ижтимоий ҳаёт тақозосидир. Ота-она миллий ва диний урф-одатлардан келиб чиқиб, фарзандларига исм қўядилар. Динимиз бу масалага алоҳида эътибор беради. Қачон исм қўйилади?

Самура ибн Жундубдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

“Ҳар бир гўдак ақиқаси билан гаровланади, еттинчи куни ақиқаси қилинади, исм қўйилади ва сочи олинади”, дедилар.

Анасдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Мен бу кеча фарзанд кўрдим. Отам Иброҳим номи билан исм қўйдим”.

Демак, туғилган куни ҳам, кейин ҳам исм қўйса бўлади. Туғилмаган болага ҳам яхши ният билан исм тайинлаб қўйиш жоиз саналади.

Болани “пакана”, “чўлоқ”, “қора” ёки “сариқ”, деб номаъқул лақаблар билан чақириш мумкин эмас. Чунки бу нинг оқибатида боланинг шаъни топталади. Ўзини ожиз, заиф ва айб-нуқсонли санайди. Баъзи ота-оналар фарзандла рини “ит”, “эшак” ёки “ҳўкиз” деб ҳақорат қилишади, бу асло мумкин эмас.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй мўминлар, (сизлардан) бир қавм (бошқа) бир (мўмин) қавмни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган қавм) улардан яхшироқ бўлсалар. Яна (Сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасинлар)! Эҳтимолки, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлсалар. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизни лақаблар билан атаманглар! Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир! Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар золимлардир” (Ҳужурот, 11).

Ота-она фарзандига энг кўркам, пурмаъно исмларни топиб қўйиши лозим. Абу Дардодан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Сизлар қиёматда ўз исмингиз ва оталарингиз исми билан чақириласизлар. Исмларингизни гўзал қилинглар”.

Албатта, исмлар борасида ҳам динимизда гўзал кўрсатмалар мавжуд.

Ибн Умардан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Ра сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: “Аллоҳ азза ва жаллага исмларингизнинг энг маҳбуби Абдуллоҳ ва Абдурраҳмон”.

Фарзандга маънодор, чиройли исм қўйиш ота-онанинг вазифаларидан саналади. Фарзанд учун эса, ота-онадан талаб қиладиган ҳақларидандир.

Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий ўзининг “Китобул бирри вас сила” номли асарида Абул Мўътамирдан бир ривоят келтиради: “Умар ибн Абулазизнинг ҳузурида масалаларни эслашди. Бас, бир киши: “Менга етиб келган хабарга қараганда, туғилган бола исм қўйилмай туриб ўлган бўлса, қиёмат куни отасига: “Мени исмимсиз тарк қилдингизку!” деб айтади”, деди.

Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор билан ёндашиши лозим. Фарзанд ката бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин, балки исми унга зийнат бўлиб турсин.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Исмларнинг яхшиси бандалик ва ҳамдни билдирувчисидир”, деганлар. Шунинг учун Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи “Абдуллоҳ”, “Абдурраҳмон”, “Абдуссаттор” ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи “Ҳамидуллоҳ” каби исмлар яхши исмлар ҳисобланади. Шунингдек, набийлар, саҳобалар ва солиҳ салафларнинг исмлари яхши исмлар саналади.

Қизларга ҳам ўтган аҳли имон момоларимиз, саҳобия аёллар ва умуман, эзгулик маъносини англатувчи исмлар қўйиш керак.


Ақиқа ҳақи

Фарзанд кўрган ота зиммасида, агар қодир бўлса, ақиқа қилиш бурчи бор. Ақиқа ҳам боланинг ота-онадаги ҳақи саналади. Жонлиқ сўйиб зиёфат қилинганда, қариндошлар ва оиланинг энг яқинлари жам бўлади. Борди-келди ришталари мустаҳкамланади. Фарзанд ҳаққига дуолар бўлади. Ақиқанинг фарзанд туғилганининг етти, ўн тўрт ва йигирма биринчи кунлари қилингани мустаҳабдир. Имкони бўлмаса, кечиктириш ҳам мумкин.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “...Ва динда сизларга бирор (ҳараж) қийинчилик қилмади...” (Ҳаж, 78).

Ўғил болага ҳам, қиз болага ҳам битта қўй сўйилади.

“Ақиқа” луғатда “ёриш” маъносини англатиб, аслида, янги туғилган боланинг сочига айтилади. Шариат таълимотларига мувофиқ, туғилганининг еттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирлигида кумушдан мискинларга садақа қилинади. Ана ўша соч бошдан ажратиб олиниши “ақиқа” дейилади.

Салмон ибн Омир аз-Зоббийдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандга ақиқа қилиш бордир. Бас, унинг учун қон чиқаринг ва ундаги нопокликни кетказинг”, дедилар” (Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган). Ҳадисдаги бу жумла “янги туғилган боланинг ақиқаси ўзи билан”, деб тушунилади. Яъни, ҳар бир янги туғилган болага ақиқа лозим, деганидир.

Ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳасан ва Ҳусайнга (розийаллоҳу анҳумо) биттадан қўчқор сўйиб ақиқа қилдилар” (“Сунан” эгалари ривоят қилишган).


Боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш

Мусулмон хонадонида туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон ва чап қулоғига такбир айтиш суннатдир. Рофеъдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фотиманинг (розийаллоҳу анҳо) туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айта ётганларини кўрдим” (Абу Довуд ва Термизий).

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтмоқ мандубдир. Аллоҳнинг зикри янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи садо бўлиши қандай ҳам яхши. Албатта, бу улуғ амалнинг ўзига яраша баракаси бўлади.

Ривоятлардан бирида: “Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтса, унга Умму Сибён зарар етказа олмас”, дейилган. Умму Сибён болаларга зарар етказадиган жин тоифасидир. 

Ҳасан ибн Алидан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Кимнинг фарзанди туғилса, ўнг қулоғига азон ва чап қулоғига такбир айтса, Умму Сибён зарар қилмайди”.


Танглай кўтариш

Боланинг танглайини кўтариш суннат амал саналади. Бунда тозаликка эътибор қилиш керак. Гўдакнинг жисми ожиз бўлади. Ҳар қандай микроб ва вируслар унга салбий таъсир қилиши мумкин. Қўлда хурмони эзиб, ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоғи билан боланинг танглайига сурилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бармоқни танглайнинг ҳар тарафига етказиш керак. Агар хурмо топилмаса, асал ёки шарбат каби ширинлик билан кўтарса ҳам бўлади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) деярли доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. 

Бу амал билан болага она сутидан бошқа егулик таъми тоттирилади; ризқи, тили ширин бўлсин деган тилак билдирилади. Қолаверса, табаррукан биз ҳавас қилган инсонларга ўхшаши умид қилинади.

Абу Мусо (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: “Фарзанд кўрдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига олиб бордим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Иброҳим” деб исм қўйдилар, хурмо билан танглайини кўтардилар, ҳаққига дуо қилдилар ва менга қайтариб бердилар”.

Абу Мусодан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Менинг ўғлим туғилганида уни Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига олиб бордим. Ул зот уни Иброҳим деб номладилар, хурмо ила танглайини кўтардилар, унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди” (Икки Шайх ривоят қилишган).

Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига олиб боришар эди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёш болаларни кўрсалар, ўта хурсанд бўлар эдилар. Янги туғилганларга Абу Мусонинг (розийаллоҳу анҳу)

ўғлига қилган муносабатни қилар эдилар.

Ана шу ишга тақлид қилиб, янги туғилган фарзандни солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориш мусулмонлар ҳаётида доимий одатга айланган. Биз ҳамиша ҳавас қиладиган аҳли фазл, олим ва муқтадо кишилар томонидан янги туғилган фарзандларга исм танланиши ҳам яхши ишлардан ҳисобланади.

Соч олиш

Фарзанд туғилганининг еттинчи куни сочини олиш ва сочнинг тахминий оғирлиги миқдорида кумушдан мискинларга садақа қилиш мустаҳабдир. Соч олишдаги ҳикмат – боланинг бошини енгиллатиш. Чунки она раҳмида пайдо бўлган ёпишқоқ соч бола бошини сиқади. Бу сочдан халос бўлгач, бола енгилликни ҳис қилади. Сочининг оғирлиги миқдорида садақа қилишдан ҳикмат шундаки, бу бола ҳам энди бир инсон саналиб, айнан унинг номидан мискинларга ёрдам кўрсатилади. Бир ночор одам уни бола но-

мидан қабул қилади. Шу билан бола жамиятга бир шахс сифатида қўшилади.

Абдуллоҳ ибн Абу Бакрдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳасанга бир қўй сўйиб ақиқа қилдилар ва: “Эй Фотима, сочини ол, оғирлиги миқдорида кумушдан садақа қил”, дедилар. Фотима сочни тортди. Унинг вазни бир дирҳам ёки озроқ чиқди”.

Бундан муайян миқдорда соч олинганида садақа бериш маълум бўлади.


Хатна ҳақи

Мусулмон отанинг ўғил фарзанди олдидаги бурчларидан яна бири хатна қилдиришдир. Ота бу вазифани нафақат бурч, балки Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмаси, динимизнинг улуғ шиори деб билиши керак.

Ота фарзандининг хатнасини амалга оширса, ўзи ва фарзанди катта шарафга эришади. Суннатни ижро этган мусулмон даражасини топади ҳамда фарзандини яхшиликка эриштиради.

Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Иброҳим (алайҳиссалом) саксон йилдан кейин Қадум деган жойда ўзларини ўзлари хатна қилдилар”.

Ўғил болаларни ақли кирмасдан хатна қилган маъқул. Хатна инсон саломатлигида қанчалар муҳим ўрин тутишини бугун ғарб табобати ҳам тан олмоқда. Закарнинг учидаги ортиқча эт ичида турли микроб ва тузлар йиғилиб қолиши мумкин. Бунинг оқибатида эркакнинг жинсий аъзосида саратон касаллиги вужудга келади. Этда яра ва тошмалар пайдо бўлади. Каналдан чиқаётган сийдикнинг маълум қисми эт орасида қолиб кетади. Бунинг оқибатида таҳоратнинг мукаммаллигига халал етади.

Баъзи уламолар: “Хатна қилинмаган кишининг имоматчилиги макруҳ”, дейишган. Ҳатто узрсиз хатна қилинмаган одамнинг гувоҳлиги инобатга олинмайди.

Халқимизда кўп йиллардан буён қўллари енгил деб танилган усталаримиз бу ишни амалга ошириб келганлар. Ҳозирда буни шифокорлар ҳам муносиб тарзда уддалашмоқда.

Баъзи фарзандлар онадан хатна қилинган ҳолида туғилади. Агар нуқсон ёки чала жойи бўлса, олиб ташланади. Инсон боласи туғилганининг еттинчи кунидан балоғат ёшига қадар суннат даражасида бўлади. Катта ёшдаги мусулмон ўз ҳолатига қарайди. У хатнага мажбурланмайди. Бу иш оқибатида акс ҳолат содир бўлиши мумкин. Уста балоғат ёшидан ўтган эркак авратига хатнани амалга ошириш зарурати юзасидан қараши жоиз.

Динимизда хатна муносабати билан хурсандчилик тадбирини ўтказишга рухсат бор. Бу тадбир “азира” деб аталади.

Икримадан қилинган ривоятда бундай дейилади: “Ибн Аббос ўғилларини хатна қилдирганда ўйинчи эркакларга даъват йўллади. Бас, Ибн Аббос уларга тўрт дирҳам берди”.


Фарзандликка олиш

Бир инсон бошқанинг фарзандини ўзига ўғил қилиб олиши “табанний” деб айтилади. Жоҳилият даврида араб жазирасида ота-боболаридан қолган урф-одатларга, ўзлари томонидан ўйлаб топилган бидъатларга кўр-кўрона эргашиш ва қатъий амал қилиш кенг тарқалди. Бу бидъатлар ичида энг кўзга кўрингани ва кенг урфга киргани “табанний” – ўғил асраб олиш эди. Бу арабларда бекор қилиш ёки ўзгартириш имкони бўлмайдиган даражада авлоддан-авлодга ўтадиган одатга айланиб қолди. Чунки бу каби ишларга улар ота-боболарнинг дини деб эътиқод қилишарди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайд ибн Ҳорисани, Хаттоб Омир ибн Робиъани, Абу Ҳузайфа қули Солимни жоҳилият даврида фарзандликка олган эдилар.

Қуръони карим бундай хабар беради: “(Эй Муҳаммад,) шунингдек, Сиздан илгари қайси бир шаҳарга огоҳлантирувчи (пайғамбар) юбормайлик, у жойнинг маишатпарастлари: “Албатта, бизлар ота-боболаримизни бир миллат (дин) узра топганмиз ва албатта, бизлар улар

нинг изларидан эргашувчидирмиз”, деганлар” (Зухруф,23).

Жоҳилиятда араблар бошқа бир кишининг ўғлини ўзига фарзанд қилиб олиб, унга: “Сен менинг ўғлимсан, мен сенинг, сен эса менинг меросхўримсан”, деб қўярдилар. Шундай қилиб, асраб олинган бола унга ўзининг сулбидан яралган ўғлидек бўлиб қолар ва мерос, никоҳ, талоқ масалалари ва ўз ўғлига бошқа қандай ҳукмлар алоқадор бўлса, барчаси бу болага ҳам татбиқ этиларди. 

Аллоҳ таоло ирода қилган ҳикмат сабабли Набийимиз Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Пайғамбар бўлишларидан олдин араблар одатига кўра бир болани асраб олиш илҳом қилинди. Кейин “табанний”, бола асраб олиш ҳукмини ниҳоясига етказишда ва араблар кўп замон амал қилиб келаётган номуносиб бидъатни ботилга чиқаришда бутун умматга қонун бўлиб қолишини Аллоҳ таоло ўзининг Ҳакимлиги ила мазкур йўл билан ҳал қилишни ирода этди. Шундай қилиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир болани асранди ўғил қилиб олдилар. Бу бола Зайд ибн Ҳориса эди. Ўша кундан бошлаб Аллоҳ таолонинг ояти нозил бўлгунга қадар инсонлар уни “Зайд ибн Муҳаммад” деб аташга одатландилар.

Аллоҳ таоло “табанний” нодурустлиги ҳақидаги оятини нозил қилди: “...ва асранди болаларингизни ўз болаларингиз қилган эмасдир. Бу сизларнинг оғизларингиздаги сўзингиздир. Аллоҳ эса ҳақиқатни айтур ва Унинг Ўзи йўлга бошлар. Уларни (асранди фарзандларни) ўз оталари (исми) билан чақиринглар. Шу Аллоҳ наздида адолатлироқдир. Бас, агар уларнинг оталарини билмасангизлар, у ҳолда (улар) сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир. Қилган хатоларингиз сабабли сизларга гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилинган нарсадагина (гуноҳкор бўлурсизлар). Аллоҳ кечиримли ва меҳрибон зотдир” (Аҳзоб, 4-5).

Имом Бухорий ва Имом Муслим ўзларининг саҳиҳ тўпламларида Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қиладилар: Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мавлолари Зайд ибн Ҳорисани Зайд ибн Муҳаммад деб чақирардик. Қуръони каримнинг “Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир” ояти нозил бўлганда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайдга: “Сен Зайд ибн Ҳориса ибн Шураҳбилсан”, деб айтдилар. Натижада ислом “табанний”ни ҳаром қилди ва унга тегишли барча асоратларни (мерос, никоҳ, талоқ ва ҳоказоларни) ботил этди.

Аммо Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жоҳилият одатларини жуда ёмон кўришларига қарамай, болани асраб олишларининг сабабига келсак, албатта, бу Аллоҳ таоло хоҳлаган бир ҳикмат ва Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари билан рўй берган ажойиб бир қисса сабабли бўлгандир.

Албатта, биз мўмин-мусулмонлар доимо бугунги ҳаётимизда ҳам содир бўлаётган фарзандликка олиш масала сида динимиз кўрсатмаларига риоя қилишимиз лозим. Ким бола асраб олса, юқорида айтиб ўтилган амрга итоат этиб, унинг насабини ўзига эмас, балки ҳақиқий отасига нисбат бериши шарт. Агар отасининг шахси номаълум бўлса, унда яна Аллоҳнинг амрига итоат қилиб, мавло (дўст) ёки диндаги қардошим, деб чақириши лозим. Бегона фарзанд насабини ўзига нисбат бермасдан, эркалаб, меҳр кўрсатиб “ўғилчам”, “ўғлим” деб чақиришнинг зарари йўқ.

Бу улуғ ҳикмат туфайли инсоният ҳақ-ҳуқуқлари ва насабини ўзгартириш ман қилинди. Натижада, меросдаги ҳақлар зое ёки ноқис бўлишидан сақланилди.

Адолат ҳақи

Болалари орасида адолат қилиш ҳам ота-онанинг вазифалари жумласига киради. Нўъмон ибн Баширдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Отам мени кўтариб Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига олиб борди ва: “Ё Расулуллоҳ, гувоҳ бўлинг, мен Нўъмонга ўз молимдан буни, буни бердим”, деди. 

“Ҳамма ўғилларингга шунга ўхшаш бердингми?” дедилар у зот.

“Йўқ”, деди.

“Бунга мендан бошқани гувоҳ қил”, дедилар ва сўнгра:

“Уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши сени хурсанд қиладими? ” деб сўрадилар.

“Ҳа”, деди.

“Ундоқ бўлса, йўқ!” дедилар”.

Бошқа бир ривоятда: “Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар”, дейилган (Бешовлари ривоят қилишган).

Ушбу ҳадисга биноан, мусулмон инсон молиявий масалаларда фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса, адолатсизлик бўлади. Болалари орасида ҳасад ва фитна кучаяди. 

Агар шаръий узр бўлса, ота-она ўз болаларидан бирига кўпроқ, бошқасига озроқ мол бериши мумкин. Масалан, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг болалари кўп, иккинчисиники оз бўлса.

Нўъмон ибн Башир (розийаллоҳу анҳу) Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади: “Фарзандларингиз ўртасида адолат қилинглар. Фарзандларингиз ўртасида адолат қилинглар. Фарзандларингиз ўртасида адолат қилинглар”.

Кийинтириш, эркалаш ва ҳадя улашишда адолат ва тенглик бўлиши лозим. Фарзандлар туғилганда адолатли муносабат лозим. Жоҳилият даврида ҳолат бошқача эди: “У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг “ёмон”лигидан (орият қилиб,) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, уларнинг бу ҳукмлари яроқсиздир” (Наҳл, 59).

Бундай муносабат имон заифлиги ва қисматга эътироздир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва Ўзи хоҳлаган кишини туғмас (бепушт) қилиб қўюр. Албатта, У (барча нарсани) билувчи ва (Ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир” (Шўро, 50).

Жоҳилиятда Абу Ҳамза исмли бир амир бўлиб, у хотинидан ўғил туғишни талаб қилар эди. Аёли қиз туғди. Эри ғазабдан уйни алоҳида қилди. Аллоҳ уни имон билан шарафлагач, хатосини тушуниб етди. Аёлининг пешонасидан ўпиб, розилигини олди.

Абдуллоҳ ибн Дукайн Касир ибн Убайддан эшитган: “Ойша ўз аҳлларида фарзанд туғилганда қиз ёки ўғиллигини сўрамас эдилар. “Бус-бутунми?” дердилар. “Ҳа”, дейишса, “Алҳамдулиллаҳи Раббил аламин”, дер эдилар”.

Дин кўрсатмасига биноан, қиз туғилганида, хурсандчиликни ўғил туғилгандагидан кўпроқ намойиш қилиш керак. Хуллас, Ислом дини инсонга адолатни, яъни, фарзанларга одил ота ва муносиб она бўлишни ўргатади.


Раҳимберди РАҲМОНОВ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Алий ва Оиша гилос дарахтигатирмашиб чиқволишиб қипқизил гилосларни ея бошлашди. Алий қараса шоҳларнинг учидаги гилослар яхшироқ пишган ва чиройлироқ экан. давоми...

3383 05:00 / 16.02.2017
Расули акрам ва ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ с.а.в. фарзандларни намозга ўргатиш борасида бундай деб марҳамат қилганлар quotБолаларингизни улар етти ёш давоми...

6414 05:00 / 15.02.2017
ТЎҚҚИЗИНЧИ САБОҚНАМОЗ НЕГА ЎҚИЛАДИАссалому алайкум, менинг жажжи кичкинтойларим Бугун сизларга қизиқ бир савол бермоқчиман. Диққат билан қулоқ солиб туринг. давоми...

2694 05:00 / 15.02.2017
Муаллимларнинг шарафли вазифаларини адо этиш жараёнида амал қилишлари лозим бўлган одоблари ҳам мавжуд. Уламолар қадимдан бу мавзуга алоҳида эътибор билан давоми...

4334 20:14 / 10.02.2018