1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Паноҳ сўраш калималари ҳақида ворид бўлган нарсалар (1-қисм)

19:06 / 12.03.2018 5665 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Сен: «Роббим, Сендан шайтонларнинг васвасасидан паноҳ сўрайман! Роббим! Сендан уларнинг менга ҳозир бўлишларидан паноҳ сўрайман», деб айт», деган («Муъминун» сураси, 97-98-оятлар).

Мўмин-мусулмон одам доимо ушбу оятда зикр қилинган нарсалардан Аллоҳ таолонинг паноҳини сўраб, ушбу оятни тиловат қилиб турмоғи лозим.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Улар: «Бизни мазаҳ қиляпсанми?» дедилар. У: «Жоҳиллардан бўлиб қолишимдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман» деди», деган (67-оят).

Демак, Аллоҳ таолодан жоҳил бўлишдан ҳам паноҳ сўраб турмоқ лозим.

Аллоҳ таоло «Ҳуд» сурасида:

«У: «Роббим, мен ўзимнинг илмим бўлмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ ‎‎тиларман. Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳим кўрсатмасанг, зиён ‎‎кўргувчилардан бўлурман», деди», деган (47-оят).

Аллоҳ таоло «Фалақ» сурасида:

«Тонг Роббидан паноҳ сўрайман», деган (1-оят).

Худди «Ихлос» сурасидаги каби, «Фалақ» сурасидаги хитоб ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зот орқали умматларига қаратилгандир. Турли-туман ёмонликлардан қандай қилиб паноҳ сўрашни Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатмоқда.

Мўмин-мусулмон инсон қачон ва қайси нарсадан паноҳга муҳтож бўлса, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидангина паноҳ сўрамоғи, Унинг паноҳгоҳига қочмоғи лозим экан.

Оятда тўғридан-тўғри «Роббимдан паноҳ сўрайман» ёки «Роббимнинг паноҳига қочаман», деб айт», дейилмасдан, «Тонг Робби паноҳига қочаман», дейишга амр қилинмоқда.

Нима учун? Чунки тонг доимо оғирлик, шиддатлардан қутулиш рамзи бўлган. Шиддатли ҳолга тушиб, паноҳ сўрашга мажбур бўлган инсон худди зулматли кечада адашиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган одамга ўхшайди. Унинг нажот кутиши эса худди тонгни кутишга ўхшайди.

«У яратган нарсаларнинг ёмонлигидан».

Бу оят дунёдаги барча ёмонликлардан паноҳ сўрашни тасвирлайди. Аллоҳ яратган нарсаларнинг фойдалиси ҳам бор, зарарлиси ҳам бор. Паноҳ тилаш ёмонликлардан бўлади.

Бунга инс, жин, ҳайвонот, ҳашарот ва ҳар бир нарсанинг ёмонлиги киради.

«Ва кириб келган қоронғи кечанинг ёмонлигидан».

Қоронғи кеча доим даҳшат, хафв-хатар солиб туради. Ўғриликлар, қотилликлар, ёмонликлар, турли ҳайвонот ва ҳашаротларнинг зарари доим кечаси юзага келади.

Шунинг учун Аллоҳ мусулмонларни Ўз паноҳига илтижо қилишга, қалбларини доим Аллоҳга боғлиқ қилишга чорлайди.

«Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан».

Сеҳргарлар кимнидир сеҳрлаб, зарар етказмоқчи бўлса, ип олиб, ўқийдиган нарсасини ўқиб, дам солиб, ипни бир тугиб, яна бир дам солиб, яна тугиб, охирига етказар экан.

«Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан», деб айт».

Ҳасад бир шахснинг бировга етган яхшиликнинг йўқ бўлиб, ўзига ўтишини орзу қилишидир. Чунки ҳасад қилувчи бировга ёмонликни орзу қилади. Лекин «Фалончига етган яхшиликка ҳавас қилдим, Аллоҳ менга ҳам шу нарсани берсайди», деса, бу ҳасад эмас.

Аллоҳ таолога осмонда ҳам, ерда ҳам биринчи исён ҳасад туфайли содир бўлган. Иблис Одам Атога ҳасад қилди, унга Аллоҳ берган мартабани кўра олмади. Аллоҳнинг амрига бўйсунмади. Одам Атога сажда қилмади, осий бўлди. Натижада Аллоҳ таоло Иблисни жаннатдан ҳайдади ва қиёматгача унга Ўз лаънатини ёғдиради.

Ердаги исён Қобил Ҳобилга ҳасад қилгани туфайли содир бўлди. Чунки Аллоҳ Ҳобилнинг қурбонлигини қабул қилиб, Қобилникини қабул қилмаган эди.

Ҳасад ниҳоятда катта гуноҳ ва халойиқ бошига тушган улкан мусибатдир. Ҳасад жамиятнинг ва унинг ҳар бир аъзосининг бошига кулфат солади. Одамлар орасидаги душманликлар, келишмовчиликлар ва барча ёмонликлар ҳасад туфайли келиб чиқади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръонда бошқа ёмонликларни жамлаб айтса ҳам, ҳасаддан паноҳ сўрашни алоҳида зикр қиляпти.

Аллоҳ таоло «Наас» сурасида:

«Одамларнинг Роббидан,‎ ‎одамларнинг подшоҳидан,‎ ‎одамларнинг Илоҳидан паноҳ сўрайман.‎ ‎‎Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг,‎ ‎одамлар кўксларида васваса соладиганнинг, ‎‎жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан», деб айт», деган (1-6-оятлар).

«Наас» сураси ояти карималари маъноларининг таржималари тушунарли бўлиши учун бирданига келтириб олганимиздан кейин, энди, Аллоҳ таолодан мадад сўраган ҳолда якка-якка тафсир қилишга ўтайлик:

«Одамларнинг Роббидан»

Яъни «Одамлар Роббидан паноҳ сўрайман».

Аллоҳ таолонинг Робб сифати ўзида кўп маъноларни мужассам қилгандир: Холиқ, Мураббий ва Мудаббир кабилар. У Зот одамларни йўқдан бор қилиб яратган Холиқ, турли неъматлар ила неъматлантириб ўстирган Мураббий ва доимо ишларни юритиб турувчи Мудаббирдир. Гарчи Аллоҳ таоло барча махлуқотларнинг Робби бўлса ҳам, бу ерда одамларнинг хос зикр қилиниши бандаларни шарафлаш ва икром қилиш учундир. Аллоҳ таоло борлиқдаги барча нарсаларни одамлар учун яратган, уларга ақл, илм, китоб ва шариат бергандир. Уларга фаришталарни сажда қилдиргандир. Бинобарин, одамлар махлуқотларнинг афзалидирлар.

«Одамларнинг подшоҳидан»

Яъни «Одамларнинг Подшоҳидан – Эгасидан паноҳ сўрайман».

Аллоҳ таоло ҳоким бўлсин, маҳкум бўлсин, ҳамма халойиқнинг Малик – подшоҳи ва эгасидир. Аллоҳнинг эгалиги тўлиқ, шомил ва комилдир.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларнинг ҳаётини тўла бошқариб, Ўз ҳукмини юритиб туради.

Демак, паноҳ тилаш фақат ўша Зотнинг Ўзидангина бўлиши лозим.

«Одамларнинг Илоҳидан паноҳ сўрайман».

Яъни «Одамларнинг ибодатига сазовор бўлган ягона Зотдан паноҳ сўрайман».

Ҳа, барча одамларнинг ибодатига сазовор бўлган ягона илоҳ, маъбуд Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бинобарин, одамлар У Зотнинг Ўзидангина паноҳ сўрашлари, фақат Унинггина паноҳига қочишлари керак.

Аллома Исмоил ибн Касийр ушбу уч оят ҳақида қуйидагиларни ёзадилар: «Ушбулар Робб жалла жалалуҳунинг сифатларидан уч сифатдир: Робблик, Маликлик ва Илоҳлик. У ҳар бир нарсанинг Робби, Эгаси ва Илоҳидир. Ҳамма нарсалар Унинг махлуқи ва мулкидирлар. Бас, паноҳ тиловчи ушбу сифатлар ила сифатланган Зотдан паноҳ сўрашга амр қилинди».

Энди эса келаси уч оятда мазкур сифатлар ила сифатланган Аллоҳнинг паноҳига ниманинг ёмонлигидан қочиш кераклиги баён қилинади:

«Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг»

Ушбу оятда зикр қилинган «беркиниб, кўриниб турувчи»дан мурод шайтондир. Чунки инсон Роббини зикр қилиб турганда у қочиб, беркиниб олади. Шунингдек, банда ўз Роббини унутса, шайтон дарҳол кўринади ва уни васваса қилишни бошлайди.

Ҳофиз ал-Мусилий ривоят қилган ҳадисда: «Албатта, шайтон бурнини одам боласи қалбига қўювчидир. Қачон у Роббини зикр қилса, шайтон беркинади. Қачон у Роббини унутса, қалбини ром этиб, васваса қила бошлайди», дейилган.

«Одамлар қалбларига васваса соладиганнинг»

Шайтоннинг васвасаси маълум ва машҳур. У инсон қалбига гуноҳ ишлар қилиш, ўзига эргаштириш, Аллоҳга осий бўлишни зийнатлаб кўрсатади.

«Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан», деб айт».

Ушбу оят шайтоннинг ҳам одамлардан, ҳам жинлардан бўлишига далилдир. Мўмин-мусулмон банда доимо ҳам инс шайтон, ҳам жин шайтон васвасасидан, ёмонлигидан паноҳ сўраб, Аллоҳга илтижо қилиб турмоғи лозим.

Жиндан бўлган васвасачининг иши осонроқ. Аллоҳдан паноҳ сўрасанг, дуоларни – ушбу сураларни ўқисанг, қайтади. Аммо одамдан бўлган васвасачи жуда ҳам хатарлидир.

Имом Бухорий Оиша онамиздан ривоят қиладилар:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъуузу бироббил фалақ» ва «Қул аъуузу бироббиннас» сураларини ўқиб, дам солиб, баданларига суртиб ётар эдилар».

«Фалақ» ва «Наас» суралари бир-бирларига узвий боғлиқдир. Уларнинг нозил бўлиши ҳам бирга бўлган ва доимо бирга зикр қилинади. Ушбу икки сура биргаликда қўшилиб, «муъаввизатайни» – «икки паноҳ тиловчи» деб номланади. Чунки иккаласи ҳам «аъузу» – «паноҳ тилайман» сўзи билан бошланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам икки «муъаввизатайни» биргаликда зикр қилинган:

Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон тоблари қочса, «муъаввизатайни»ни ўқиб, дам солар эдилар. У зотнинг дардлари оғирлашганда мен қироат қилиб, баракаси умидида қўлларини суртар эдим», деганлар.

Имом Муслим ва Имом Термизийлар Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Менга ушбу кеча нозил қилинган оятларни билдингми? Уларнинг мисли ҳеч кўрилмаган – «Қул аъузу бироббил фалақ», «Қул аъузу бироббиннас», дедилар.

Имом Абу Довуд ва Имом Насаийлар Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Сафарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини етаклаб борардим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Уқба, сенга энг яхши икки сурани ўргатиб қўяйми?» дедилар ва «Қул аъузу бироббил фалақ» ва «Қул аъузу бироббиннас»ни ўргатдилар.

Имом Абу Довуд ва Имом Насаийлар яна Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ал-Жуҳфа ва ал-Абваъ орасида юриб борар эдим. Бизни ёмғир ва шиддатли зулмат қоплаб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «муъаввизатайни» ила паноҳ сўрай бошладилар ва: «Эй Уқба, иккови ила паноҳ тила, ҳеч бир паноҳ тиловчи икковичалик нарса ила паноҳ тиламаган», дедилар. Сўнгра бизга имом бўлиб, намозда ҳам икковини қироат қилганларини эшитдим».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ алАздий асСижистоний ҳужжат билан ҳукм қилувчи, ҳуффозларнинг саййиди, ҳадисларни таҳлил этувчи .Китоби Саҳиҳ, деб тан давоми...

5616 14:10 / 17.04.2019
ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларини ўрганиш13қисмАЛЛОҲ УЧУН МУҲАББАТ.Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, давоми...

6088 17:44 / 07.04.2017
. .Ибн Аббосдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутилган ва мажбур қилинган нарсани давоми...

4955 13:35 / 18.03.2020
. Бани Абдул Ашҳаллик бир аёл деди.Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг масжидга борадиган йўлимиз сассиқ. Бас, ёмғирда қолсак, қандай қиламиз,..Ўшандан давоми...

2125 19:00 / 05.01.2023