1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Усулул фиқҳ (дарслар)

Саккизинчи далил. Биздан олдингиларнинг шариати

22:02 / 18.04.2017 4496 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Шаръу ман қоблана» – «Биздан олдингиларнинг шариати»дан мурод, Аллоҳ таоло биздан олдин ўтган умматларга Иброҳим, Мусо, Довуд, Ийсо алайҳимуссаломга ўхшаш Ўз Анбиёлари орқали жорий қилган шариатларидир. Бу мавзуда ана ўша аҳкомлар бизнинг шариатимиздан бир бўлак ҳисобланадими, биз уни қилишимиз керакми ёки йўқми, деган масала ҳақида сўз кетади.

Шаръу ман қоблананинг қисмлари. 

Ўтган анбиёларнинг шариатлари икки қисмга бўлинади.

Биринчи қисм: бизнинг шариатимизда, Қуръонда, суннатда зикри келмаган ҳукмлар. 

Бу ҳукмлар бизга шариат бўлмаслигига ҳамма уламоларимиз иттифоқ қилишган.

Иккинчи қисм: Қуръонда зикри келган ўтган умматларнинг аҳкомлари бўлиб, улар уч турга бўлинади.

Биринчи тури, бизнинг шариатимиз томонидан насх қилинган аҳкомлар. 

Бундай ҳукмлар бизга шариат ўрнида бўлиши мумкин эмаслигига уламолар иттифоқ қилишган. 

Мисол учун, Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Анъом» сурасида айтади: «Ва яҳудий бўлганларга барча (бутун) туёқлиларни ҳаром қилдик. Мол ва қўйдан эса, уларга ёғларини ҳаром қилдик. Магар орқа ва ичакларидаги ёки суякка аралашган ёғлари (ҳалолдир). Бу, зулмлари учун уларга берган жазоимиздир. Албатта, Биз ростгўймиз» (146-оят). 

Оятда биз «(бутун) туёқли» деб таржима қилганимиз сўз «туёғи иккига ёки кўпга бўлинмаган ҳайвонлар», деган маънодадир. Бундай ҳайвонлар туя, туяқуш, ўрдак ва шунга ўхшаш, оёғидаги туёғи бутун (битта) бўлган ҳайвонлардир. 

«Ва яҳудий бўлганларга барча (бутун) туёқлиларни ҳаром қилдик.»

Ана шундай ҳайвонларни Аллоҳ таоло яҳудийларга ҳаром қилган. Шунингдек:

«Мол ва қўйдан эса, уларга ёғларини ҳаром қилдик. Магар орқа ва ичакларидаги ёки суякка аралашган ёғлари (ҳалолдир)».

Аллоҳ таоло яҳудийларга мол ва қўйларнинг оятда истисно қилинганидан бошқа ёғларини ҳам ҳаром қилган.

«Бу, зулмлари учун уларга берган жазоимиздир. Албатта, Биз ростгўймиз.»

Демак, бандалар томонидан содир этилган зулм уларнинг ризқи Аллоҳ таоло томонидан торайтирилишига сабаб бўлиши ҳам мумкин экан.

Аммо, бу оятдаги ҳукм бизнинг шариатимизда Аллоҳ таолонинг «Анъом» сурасидаги қуйидаги оят ила, Ўз каломи орқали насх қилинган: 

«Менга ваҳий қилинган нарсада таомланувчи учун ҳаром қилинган нарсани топмаяпман. Магар, ўлимтик ёки оқизилган қон ёки тўнғиз гўшти бўлса, албатта, у ифлос, ҳаромдир. Ёхуд фосиқлик ила Аллоҳдан ўзганинг номига сўйилган бўлса (ҳаромдир). Бас, киши музтар бўлиб, маза талаб қилувчи ва тажовузкор бўлмаган ҳолида (истеъмол қилса). Албатта, Роббинг мағфират қилгувчи ва раҳимли зотдир», деб айт» (145-оят).

Бу оятда бизга ҳаром қилинган нарсалар айтилмоқда. Аммо буларнинг ичида туёқ, чарви ҳақида ҳеч қандай гап йўқ.

Яна ўтган қавмларнинг бизнинг шариатимиз томонидан насх қилинган ҳукмларига мисол келтирадиган бўлсак, аввалги қавмларга уруш вақтида қўлга тушган ўлжалар ҳаром қилинган эди, аммо бизнинг шариатимизда ҳалол қилинди. 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Менга, мендан олдин ҳеч кимга берилмаган беш нарса берилди: Менга бир ойлик масофадаги кучли қўрқинч ила нусрат берилди. 

Менга ер масжид ва покловчи нарса қилинди. Бас, менинг умматимдан кимга намоз ўқиш етса, ўқисин. 

Менга ўлжалар ҳалол қилинди, мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди. 

Менга шафоат берилди. 

Набий ўз қавмига хос қилиб юборилар эди, мен барча одамларга умумий қилиб юборилдим», – дедилар». 

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдинги Набийларга душман билан бўлган урушда қўлга тушган ўлжаларни олиш, улардан фойдаланиш ҳалол қилинмаган эди. Улар ўлжаларга эга бўлолмас, улардан фойдаланмас эдилар. Баъзилари ўлжаларни бир ерга тўплаб, ўт қўйиб кетар эдилар. 

Кейинчалик баъзи Набийларнинг умматлари ўз дийнлари, Набийлари таълимотига хилоф равишда ўлжаларни олишган бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло бу масалада ҳам Ўзининг охирги Набийи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга лутфу карам кўрсатди. Ислом душманларига қарши олиб борилган шаръий урушларда тушган ўлжаларни ҳалол қилди. Бунинг ҳукми Қуръони Каримнинг «Анфол» («Ўлжалар») сурасида баён қилинган. Тушган ўлжаларнинг бешдан бири Аллоҳ ва Унинг Расули учун ажратилади. Қолгани эса, мужоҳидларга махсус тартиб асосида тақсимлаб берилади.

Шунингдек, ўтган умматларнинг баъзиларида биров тавба қилмоқчи бўлса, ўзини-ўзи ўлдириши керак эди. Бу ҳукм бизда насх қилинди. Бировнинг кийимига нажосат тегиб қолса, ўша ерини қирқиб ташлаши керак эди, бу ҳам бизда насх қилиниб, ювиш билан тоза ҳолга келадиган бўлди.

Иккинчи тури, бизнинг шариатимизда иқрор қилинган ҳукмлар. 

Бу биз учун шариат бўлади. Бу ҳақда хилоф йўқ.

Мисол учун, рўза. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади: «Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди» (183-оят). 

Демак, ўтганлар ҳам тутган, биз ҳам тутамиз. 

Шунингдек, қурбонлик қилиш ҳам аввал ўтган шариатларда бўлган.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ё Расулуллоҳ! Бу қурбонликлар нима?» – дедик.

«Отангиз Иброҳимнинг суннати», – дедилар».

Ҳоким ривоят қилган.

Яъни, бу амални Иброҳим алайҳиссалом қилганлар, улардан кейин ҳам қилишган, биз ҳам қилаяпмиз.

Учинчи тури, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бизга қисса қилиб берган ёки Расулуллоҳ алайҳиссалом тилларидан зикр қилинган, аммо инкор ҳам, иқрор ҳам қилинмаган аҳкомлар. 

Яъни, маълум ҳукм ҳақида хабар келган, аммо уни инкор ҳам қилинмаган, иқрор ҳам қилинмаган. Мана шу нарса тўғрисида хилоф бор. 

Мисол учун, яҳудийлар шариатининг қасос ҳукми тўғрисида Аллоҳ таоло «Моида» сурасида айтади: «Биз унда уларга жонга–жон, кўзга–кўз, бурунга–бурун, қулоққа–қулоқ, тишга–тиш ва жароҳатларда қасос вожиб, деб ёздик. Ким у(қасос)ни кечиб юборса, бу унга каффоротдир...» (45-оят).

Яъни, Биз Тавротда яҳудийларга жиноятчилардан қасос олишни вожиб деб ёздик. Жонга–жон, яъни, одам ўлдирганнинг ўзи ҳам ўлдирилади. Кўзга–кўз, яъни, бировнинг кўзини кўр қилгандан унинг ҳам кўзини кўр қилиш ила қасос олинади. Бурун, қулоқ, тиш ва бошқа аъзолар, шунингдек, етган жароҳатларга ҳам шунга ўхшатиб қасос олинади.

Бу оятда яҳудий шариатида жорий қилинган ҳукмнинг хабари бор, лекин бизга ўтадими, ўтмайдими, баёни йўқ. 

Аллоҳ таоло Солиҳ алайҳиссаломнинг «Қамар» сурасида келган қиссаларида айтади: «Ва уларга, албатта, сув ораларида тақсимланганининг хабарини бер. Ҳар бир ичишга (ўз вақтида) ҳозир бўлинар» (28-оят).

Бу оятда ҳам Солиҳ алайҳиссалом қавми шариати ҳақида хабар берилмоқда. Аммо, бу ҳам бизда шариат сифатида қабул бўлиб амал қилинадими, йўқми, ҳеч гап йўқ.

Шаръу ман қаблана(Биздан олдингиларнинг шариати)нинг худди шу тури ҳақида уламоларимиз турли фикрларни айтганлар. Бу масалани келгусида ўрганамиз, иншоаллоҳ.

Шаръу ман қаблана(Биздан олдингиларнинг шариати)нинг шариатимизда ҳужжатлиги.

Аввал айтиб ўтилганидек, ушбу масалада уламолар ва фуқаҳолар икки қисмга бўлинишган. 

Ҳанафийлар жумҳури, моликийлар, баъзи шофеъийлар ва имом Аҳмад, у кишидан қилинган рожиҳ ривоятга қараганда: «Ўзимиздан олдин ўтган умматларнинг шариати, агар саҳиҳ бўлса, бизга ҳам шариат бўлади», деганлар. 

Бу ҳақдаги тасдиқ Расулуллоҳ алайҳиссаломга ваҳий орқали хабар қилинган бўлсагина уларнинг шариати бизга ҳам шариат бўлади. Бошқа дийндагиларнинг ўзгариб кетган китобидаги ҳукмни олиб, ўзимизга татбиқ қиламиз, дея олмаймиз. 

Ўз Китобимизда ва Расулуллоҳ алайҳиссалом томонларидан айтилган бўлса, қабул қилинади ва унга амал қилинади.

Мисол учун, ҳанафийлар наздида, бир мусулмон зиммийни ўлдириб қўйса ёки бир аёл киши эркак кишини ўлдириб қўйса, қотилни ҳам ўлдирилади. Яъни, мусулмон зиммийни ўлдириб қўйди. Аслида, иккови тенг эмас. Лекин шундай бўлса ҳам, барибир, зиммийни ўлдирган мусулмон қотил қасос тарийқасида ўлдирилади. Эркак киши хотин кишини ўлдирди. Аслида, иккови тенг эмас. Қотил эркакни бу ҳолатда жинояти жазосига ўлдирмай, бошқа чора кўрилса ҳам, бўлаверади. Лекин, барибир, хотин кишини ўлдирган қотил эркак қасос тарийқасида ўлдирилади. 

Чунки, Қуръони Каримнинг «Моида» сурасида Тавротдан келтирилган қиссада: «Биз унда уларга жонга – жон, кўзга – кўз, бурунга – бурун, қулоққа – қулоқ, тишга – тиш ва жароҳатларда қасос вожиб, деб ёздик. Ким у(қасос)ни кечиб юборса, бу унга каффоротдир. Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар золимлардир» (45-оят).

Яъни, Биз Тавротда яҳудийларга жиноятчилардан қасос олишни вожиб деб ёздик. Жонга–жон, яъни, одам ўлдирганнинг ўзи ҳам ўлдирилади. Кўзга–кўз, яъни, бировнинг кўзини кўр қилгандан унинг ҳам кўзини кўр қилиш ила қасос олинади. Бурун, қулоқ, тиш ва бошқа аъзолар, шунингдек, етган жароҳатларга ҳам шунга ўхшатиб қасос олинади.

Ушбу ҳукм Ислом шариатида ҳам ўзгартирилмасдан қабул қилинган.

Оятда «нафс»ни «жон» дейилган, эркак жон, аёл жон деб ажратилмаган. «Шаръу ман қоблана шаръун лана» шу ерда зоҳир бўлади. 

Шофеъийлар ўзларининг рожиҳ қавлларида ҳамда ашъарийлар, мўътазилий ва шийъалар: «Шаръу ман қоблана лайса шаръан лана», яъни, биздан аввал ўтганларнинг шариати бизга шариат эмас, – дейишади.

Биринчи гуруҳнинг, яъни «шаръу ман қоблана шаръун лана» дейдиганларнинг далиллари.

 Биз айтаётган нарса, яъни биздан олдингиларнинг шариати Аллоҳ таоло нозил қилаётган шариатлардан бир шариатдир ва унинг насх қилинганига далил йўқ. Бу нарсаларни Аллоҳ таоло ҳикоя қилиб келтириши зимний – ишора йўли билан келтирилган далилдир. Шунинг учун ҳам унга амал қилиш керак, дейишади ва қуйидаги далилларни келтиришади:

1. Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида айтади: «Ана ўшалар Биз уларга китобни, ҳукмни ва Набийликни берган зотлардир. Агар анавилар буларга куфр келтирсалар, батаҳқиқки, Биз уларга куфр келтирмайдиган қавмни вакил қилиб қўйганмиз.
Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Бас, уларнинг ҳидоятига эргаш. Сен: «Мен сизлардан бунинг учун ҳақ сўрамасман. У оламлар учун эслатмадан иборат, холос», деб айт
» (89-, 90-оятлар).

Зикр қилинган Набийлар алайҳиссалом Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Аллоҳдан келган ҳидоят эса, доимо эргашиш зарур бўлган нарсадир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иқтидо қилишлари лозим ҳидоят ҳам шу ҳидоятдир. Кишилар даъват қилинадиган ҳидоят ҳам шу.

2. Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида айтади: «Сўнгра сенга: «Иброҳимнинг ҳаққа мойил миллатига эргаш. У мушриклардан бўлмаган эди», деб ваҳий қилдик» (123-оят).

Эй Муҳаммад, сенга юборган тавҳид дийни ҳам Иброҳимга юборган ҳаққа мойил дийннинг ўзгинасидир. У мушриклардан бўлмаган эди. Муваҳҳидлардан эди. Шунинг учун ҳам Иброҳимнинг ҳақийқий миллатига эргашинглар.

3. Аллоҳ таоло «Шууро» сурасида айтади: У зот сизларга дийн этиб Ўзи Нуҳга васият қилган ва Сенга (эй Муҳаммад) ваҳий қилган нарсамизни ҳамда Иброҳим, Мусо ва Ийсоларга васият қилган нарсамизни баён қилди. «Дийнни барпо қилингиз ва унда тафриқага тушмангиз», деди» (13-оят).

Ушбу оятдан самовий дийнларнининг асли бир эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ушбу оятда «сизларга» деб қилинаётган хитоб ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларигадир. «Васият» сўзи эса, ҳар бир таъкидлаб, уқдирилиб, аҳамиятли экани алоҳида англатилган гап маъносини билдиради.

4.    Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Сод сурасининг: «Довуд, Биз уни фитнага учратганимизни билди, Роббига истиғфор айтди ва рукуъга йиқилиб, тавба қилди» (24-оят) оятини ўқиб туриб сажда қилганлари собит бўлган экан. Кейин «Ўшаларнинг ҳидоятига эргаш» деган оятни ўқиб қўйган эканлар. Демак, у кишининг ўша амаллари Довуд алайҳиссаломга эргашганларини кўрсатган.

5. Уламолар фарз намози қазо қилинган бўлса, уни қазо қилиб ўқиш вожиблигига Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Ким намозидан ухлаб қолса, эслаганда ўқиб олсин», – дедилар ва орқасидан «Ва намозни Менинг зикрим учун қоим қил» оятини тиловат қилдилар», деган ҳадисларини далил қиладилар. Аслида, бу оят Мусо алайҳиссаломга бўлган хитобдир. Агар Набий алайҳиссаломдан ўзларидан олдинги Мусо алайҳиссаломнинг шариатларига эргашишлари талаб қилинмаганда, буни ўқимас эдилар. 

6. Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига яҳудий эркак-аёлни зинода ушлаб олиб келиб, ҳукм чиқариб бер, дейишганда, Тавротда нима ҳукм бор, деб сўраганлари ва ўша ҳукмни жорий қилганлари. 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Зино қилган бир яҳудий эркак ва бир яҳудий аёлни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келинди. Шунда у зот яҳудийларга қараб: 

«Зино қилган шахсга Тавротда нимани топасизлар?» – дедилар. 

«Иккисининг юзига қора суртиб, бир ҳайвонга тескари мингазиб, айлантирилади», – дейишди.

«Агар ростгўй бўлсаларингиз, Тавротни келтиринглар» – дедилар у зот.

Тавротни келтириб, қироат қилишди. Қачонки, тошбўрон ояти келганда, ўқиётган уни қўли билан тўсди. У ундан олдинги нарсани ва кейинги нарсани ўқиди. Шунда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга турган Абдуллоҳ ибн Салом: 

«Амр қилинг, қўлини кўтарсин!» – деди.

У қўлини кўтарган эди, остидан тошбўрон ояти чиқди. Ул зот амр қилдилар, икковларини тошбўрон қилинди. 

«Мен икковларини тошбўрон қилганлар ичида эдим ва эркакнинг ўз жасади ила аёлни тошлардан тўсаётганини кўрдим», – деди Ибн Умар».

Бешовлари ривоят қилишган. 

7. Фуқаҳолар шериклик молдан замонига қараб фойдаланиш жоизлигига иттифоқ қилишган. Бир муддатда тушганини сен оласан, ундан кейинги муддатда тушганини сен оласан, деб бўлиб бериш жоиз деганлар. Ана шу ҳукмни улар Солиҳ алайҳиссаломнинг қиссаларида келган тақсимдан олганлар.

Аллоҳ таоло «Қамар» сурасида айтади: «Ва уларга, албатта, сув ораларида тақсимланганининг хабарини бер. Ҳар бир ичишга (ўз вақтида) ҳозир бўлинар» (28-оят).

Бу оятда туя билан Самуд қавми ўртасида сувнинг кунма-кун тақсимлангани тўғрисида гап бораётибди. 

Эй Солиҳ, сен Самуд қавмига сув улар билан туя орасида тақсимланганини, бир кун улар, бир кун туя сув ичиши кераклигини айт. Ҳар томон ўзининг сув ичиш навбати келгандагина чашмага сув ичгани ҳозир бўлади.

8. Уламолар муайян бир иш учун мукофот беришга «Юсуф» сурасидаги қуйида оятни далил қилганлар: «Уни келтирган кишига бир туя юк. Мен унга кафилман», деди» (72-оят).

Яъни, хизматкорлардан бири ҳамманинг номидан, ким подшоҳнинг йўқолган идишини келтирса, унга мукофот тарийқасида бир туя юк бераман, деди.

9. Ҳанбалий мазҳабида маҳрнинг бир қисмини манфаат берадиган амал билан адо қилиш ҳам мумкинлигига ўтган умматлардан бири бўлмиш Шуъайб алайҳиссаломнинг шариатидан олинган маънони далил қилинади. 

Чунки, «Қосос» сурасида келган оятда Мусо алайҳиссаломга қизларнинг қари отаси қуйидагиларни айтган: «У: «Менга саккиз йил ишлаб беришинг шарти билан, шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман, агар ўн йилни тамомласанг, бу сенинг ишинг. Мен эса, сенга машаққат қилишни истамасман. Иншоаллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрасан», деди» (27-оят).

Демак, ўша шариат ҳукми бўйича маҳр иш бўлган. Буни ҳанбалий мазҳаби фақиҳлари аввалгиларнинг шариатидан қабул қилинган.

Иккинчи гуруҳнинг яъни, аввал ўтган қавмларнинг шариати бизга шариат бўлмайди деганларнинг далиллари.

1. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Моида» сурасида айтади:  Сизлардан ҳар бирингизга алоҳида шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа, ҳаммангизни бир уммат қилиб қўяр эди. Аммо, У сизларни Ўзи ато этган нарсада синамоқ истайдир» (48-оят). 

Мана бу ерда ҳар бир умматнинг шариати ўзи учун мустақил эканига оятдан очиқ далил келиб турибди. Бизнинг шариатимиз ўзидан олдин келган бошқа ҳамма шариатларни насх қилгувчидир. Фақат, шариатимиз иқрор қилган нарсалар қолади, бошқаси насх бўлади, дейишади «шаръу ман қоблана шаръун лана»ни инкор қилувчилар. 

Уларнинг айтган бу гапларига жавоб шуки, бизнинг шариатимиз ўзига хилоф нарсаларни насх қилади. Хилоф бўлмаса, насх бўлмайди. Бундай нарсалар бизга ҳам зимнан(ишора йўли Билан) шариат бўлади. Чунки, бу ҳам Аллоҳ таолонинг ҳукми. Зеро, Қуръони Карим ўзидан олдин келган Таврот ва Инжилни тасдиқловчидир. 

Яна мисол келтирсак, қасос аввалги шариатларда ҳам бўлган, бизда ҳам қолди. Зино ва ўғриликнинг ҳадди ҳам шундай бўлди.

Котибларнинг кўпчилиги биринчи фикрни қўллаб-қувватлашган, лекин доктор Ваҳба Зуҳайлий ва бошқалар иккинчи фикрга мойилроқдир. «Чунки, – дейишади улар, – аввал зикри келган ҳукмларни бизнинг шариатимизда Қуръоннинг ўзида зикр қилиш билан ёки Набий алайҳиссаломнинг суннатлари билан алоҳида, янгитдан жорий қилинган».

Мулоҳаза қилиб кўрсак, «шаръу ман қоблана шаръун лана» ўзи мустақил далил эмас. Балки Қуръон ва Суннатда келган амалга далолат қилади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ёки Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳадисларида айтмаган бўлсалар, «шаръу ман қоблана шаръун лана» бўлмайди. 

Демак, буни Қуръон ва Суннатда келган нарса сифатида қабул қилсак ҳам бўлаверади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло одамларни беҳуда яратгани йўқ, уларни бепарво ўз ҳолига ташлаб қўйгани ҳам йўқ. Балки Ўзи яратган оламда Ўзи яратган одамга икки дунё саодат йўлини давоми...

4579 16:54 / 18.04.2017
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин у зотнинг саҳобалари Қуръони Каримда ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам давоми...

4759 22:07 / 18.04.2017
Таърифи, арконлари, ҳужжатлиги, шартлари, иллат маслаклари ва қисмлари..Қиёс, сўзи луғатда .бир нарсани бошқаси билан ўлчаш,, яъни .бирон нарсанинг ўлчовини билиш, давоми...

5922 22:06 / 18.04.2017
1. Юқорида зикр этиб ўтилган ҳукмларни .амалий ҳукмлар, деб номланади. Яъни, шариатнинг бу ҳукмлари банданинг амал қилишига оид ҳукмлардир. 2. Буларнинг муқобилида давоми...

2574 21:52 / 18.04.2017