1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Ҳанафийликдаги “эътиборсиз” фиқҳий манбалар ҳақида

16:11 / 28.03.2017 4100 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳанафийлик мазҳаби уламолари мазкур мазҳаб фиқҳидаги китобларнинг даражаларини ривоят қуввати, келтирилган масалалар кучи ҳамда муаллифнинг илмий салоҳиятига кўра таснифлаб берганлар. Уларни ўрганишнинг икки хил усули ишлаб чиқилган. Биринчисида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (699-767) шогирдлари ва уларнинг шогирдлари битган асарлар,

аниқроғи, XII асргача ёзилган фиқҳий манбалар қамраб олинади. Улар қуйидаги “табақот ал-масоил” деб аталувчи уч мартабага бўлиб ўрганилади [11: 16-17; 13: 168-169].
Усул ёки “Зоҳири ривоят” масалалари. Бу ерда “усул” сўзи “усул ал-фиқҳ” ёки “усул ад-дин” маъносида эмас, балки “ҳанафийликнинг асл масалалари”, “ҳанафийликка асос солинган масалалар” деган маънодадир. “Зоҳири ривоят” эса ривоят қилинган масаланинг даражасига қараб белгиланган. У “ҳанафийликда ривоят этилган масалаларнинг равшани, энг аниқлари, ишончлилари” маъносида тушунилиши мумкин. Шунинг учун уни манбаларда “зоҳири мазҳаб” деб ҳам аталади. Бунда Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбонийнинг (749-805) машҳур олтита китоби – “ал-Мабсут”, “аз-Зиёдот”, “ал-Жомеъ ас-сағир”, “ал-Жомеъ ал-кабир”, “ас-Сийар ас-сағир”, “ас-Сийар ал-кабир”да келтирилган масалалар назарда тутилади.
Наводир ёки “Зоҳири ривоят”дан бошқа масалаларда (“Наводир” нодир масалалар маъносида бўлиб, ноёб, кам учрайдиган ҳодисаларга унча ишончли бўлмаган ривоятлар орқали етиб келган фатволар тўпламларига нисбатан қўлланилади) Муҳаммад аш-Шайбонийнинг олтита машҳур китобидан ташқари асарларида зикр қилинган ривоятлар назарда тутилади. Улар ёзилган жойи ёки бағишланган кимсага кўра “ал-Кайсониёт”, “ал-Журжониёт”, “ар-Раққиёт”, “ал-Ҳоруниёт” деб номланган. Афсуски, мазкур фиқҳий манбалар ўрта асрлардаёқ йўқ бўлиб кетган ва ҳозиргача топилган эмас. Шунингдек, Абу Юсуфнинг (731-798) “ал-Амолий”, ал-Ҳасан ибн Зиёднинг (734-819) “ал-Мужаррад” каби асарлари, Ҳишом (ваф. 201/817), Муҳаммад ибн Рустам (ваф. 211/827), Муалло ибн Мансур (ваф. 211/827), Муҳаммад ибн Симоъа (747-848) каби фақиҳларнинг муайян масалалардаги айрим ривоятлари ҳам ушбу табақа таркибига киритилади.
Фатово ёки навозил ёхуд воқеот масалаларида (“Фатово” қатъий ҳукмлар маъносида бўлиб, муфтий чиқарган ҳукмларига нисбатан ишлатилади. “Навозил” ва “Воқеот” эса бошга тушган ҳодисалар ва воқеалар маъносида бўлиб, муаллифларнинг янгидан-янги ҳодиса ва воқеаларга муносабати акс эттирилган манбалар назарда тутилади) мутааххирин, яъни кейинги даврдаги мужтаҳидлар – Абу Юсуф, Муҳаммад ва Абу Ҳанифанинг бошқа шогирдларининг шогирдлари ва улардан кейинги фақиҳлар томонидан бирор бир воқеа ёки ҳодисага билдирган фикрлари, чиқарган фатволари назарда тутилади. Булар Абу Ҳанифанинг шогирдларидан ривоят қилинмаган, балки унинг шогирдларининг шогирдлари, асосан, IX аср ҳанафий уламолари – Абу Исмат ал-Балхий (ваф. 210/826), Ибн Рустам (ваф. 211/827), Муҳаммад ибн Симоъа (747-848), Абу Сулаймон ал-Жузжоний (ваф. 200/815), Абу Ҳафс ал-кабир ал-Бухорий (767-831) каби фақиҳлар томонидан “Зоҳири ривоят” ва “Наводир”да йўқ масалаларга чиқарган фатволардир.
Фиқҳий фатволар илк бор тўпланган китоб Абу-л-Лайс ас-Самарқандийнинг (ваф. 393/1003) “ан-Навозил” номли асаридир[21]. Шундан сўнг ан-Нотифий (ваф. 446/1054) ва Садр аш-шаҳид (1090-1141) ўзларининг “ал-Воқеот” номли асарларини ёзган[3; 11]. “Фатовойи Қозихон”, “Хулосат ал-фатово” каби китобларда ҳам Абу Ҳанифанинг чевара шогирдлари томонидан ривоят қилинган масалалар жам қилинган[3; 11]. Фақат уларда “Зоҳири ривоят” ва “Наводир” ҳамда “Навозил” масалалари ажратилмасдан зикр қилинган. Разиюддин ас-Сарахсий (ваф. 571/1175) ўзининг “ал-Муҳит” китобида уларни бирин-кетин келтирган[2: 232-235].
“Табақот ал-масоил” сифатида зикр этилган фиқҳий манбалардан кейин ҳам XII-XIX асрларда ҳанафийлик мазҳабида қанчадан-қанча фиқҳий асарлар яратилгани аниқ. Ушбу даврларда ёзилган фиқҳий манбаларни ҳанафий уламолари “эътиборли” ва “эътиборсиз” (“мўътабар” ва “ғайри мўътабар”)га бўлиб ўрганадилар. Фиқҳий манбаларни мана шу тарзда иккига бўлиш ўта нисбий бўлгани боис бир қатор баҳсларга сабаб бўлади. Шунинг учун мазкур мақола ҳанафийликдаги “эътиборсиз” фиқҳий манбалар масаласига бағишланди.
Ҳанафий мазҳабининг тадқиқотчи олимлари фиқҳий манбалар орасида “эътиборсиз” китоблар ҳам борлигини айтадилар ва улардангина фатво олиш, фақат улардаги фатво бўйича ҳукм чиқариш тўғри эмас, деб таъкидлайдилар. Шуни таъкидлаш лозимки, бу ерда уларни мутлақ эътибордан соқит қилиш, умуман муомалага яроқсиз, деб топиш маъносида эмас, балки муайян масалаларда улардан фойдаланишда эҳтиёт бўлиш, бундай китобларга танқидий ёндашиб иш кўриш кўзда тутилади. Фиқҳий манбаларга бу тарздаги ёндашув Мовароуннаҳрда, асосан, X асрдан бошлаб кузатилади. Абу-л-Лайс ас-Самарқандийдан: “Сиз Иброҳим ибн Рустам ал-Марвазийнинг китоби, ал-Хассофнинг “Адаб ал-қози” асари, Ҳишом ривоят этган “ал-Мужаррад” ва “ан-Навозил” китобларини эътиборли санайсиз. Улардан биз фатво олишимиз жоизми?”, деб сўралганда, у бундай жавоб берган экан: “Тўғри, улар эътиборли, мақбул, марғуб ва саҳиҳ манбалардир. Бироқ тушунилмайдиган, одамларга оғир келадиган нарсаларга фатво бериш керак эмас, деб ҳисоблайман. Агар масалалар шуҳрат қозонса, зоҳир бўлса, ишончлилиги равшан бўлса, унигина “ан-Навозил” китобимга киритганман”[20: 20]. XV асрга келиб фиқҳий манбаларга танқидий қараш шаклланиб бўлган эди. Чунончи, “ал-Ҳидоя”нинг машҳур шориҳларидан бири Камолуддин ибн ал-Ҳумом (1386-1456) ўзининг “Фатҳ ал-қадир” асарида бундай таъкидлаган: “Машҳур фақиҳларнинг кенг тарқалган, қўллардан-қўлларга ўтиб юрадиган шуҳратли асарларидан фатво олиш керак. Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбонийнинг мутавотир ёки машҳур саналган асарлари кабилардан фойдаланилади. Бизнинг диёр ва асримизда шуҳрат топмаган, наводир ҳисобланган асарлардан нақл қилиш жоиз эмас. Лекин “ал-Ҳидоя”, “ал-Мабсут” каби таниқли асарларда наводир масалалари келтирилса, улардан фатво олиш мумкин”[8: 456-457].
Демак, фатво олинадиган манбалар ишончли, улардаги фиқҳий қарашлар эса асосли бўлмоғи керак, деб ҳисобланган. Агар “эътиборсиз” манбадан фатво олинса, уни қувватлайдиган ишончли манба ҳам кўрсатилмоғи шарт бўлган[3: 11].
Ҳанафий уламолари фиқҳий манбанинг “эътиборсиз” бўлишига қуйидагиларни сабаб қилиб кўрсатганлар:
Фиқҳий манбанинг ўта даражада мухтасар (қисқа) бўлиши. Фиқҳий манбанинг муаллифи гарчи илмда, диёнатда таниқли шахс ҳамда бошқа асарлари жуда машҳур ва ишончли бўла-да, китоби ўта қисқа услубда ёзилган бўлса, фатво олишда “эътиборсиз” ҳисобланган. Чунки ўта қисқа ёзилган асардан ўқувчи муаллиф истаган маънони илғаб олиши қийин кечади, бинобарин, унгагина суяниб қолиш фатво берувчини тўғри йўлдан чалғитиши мумкин. Бунга Умар ибн Нужаймнинг (ваф. 1005/1597) “Наҳр ал-фоиқ би-шарҳи “Канз ад-дақоиқ” асари, Муҳаммад ибн Али ал-Ҳаскафийнинг (1616-1677) “Дур ал-мухтор шарҳи “Танвир ал-абсор” асари, Бадриддин ал-Айнийнинг (1361-1451) “Рамз ал-ҳақоиқ шарҳи “Канз ад-дақоиқ” асари ҳамда Ибн Обидин (1783-1836) фикрича, Ибн Нужайм ал-Мисрий (1519-1563) қаламига мансуб “ал-Ашбоҳ ва-н-назоир” асарини мисол келтирилади[3; 13].
Таъкидлаш лозимки, “Дур ал-мухтор” билан “ал-Ашбоҳ ва-н-назоир” асарлари фиқҳий масала ва қоидаларни ёритган, уларни шарҳлаган “эътиборли” манба сифатида ўндан ортиқ шарҳлар битилган. Ибн Обидиннинг ўзи ҳам бу икки асарга ҳошия боғлаган бўлиб, улар нашр қилинган[12; 14]. “Эътиборсиз” манбаларга шарҳ ва ҳошиялар битилиши улардаги масалалар хатоси тўғриланиши, изоҳланиб батафсил тушунтирилиши, масаланинг қаердан олингани – манбаси кўрсатилиши мумкин. Бинобарин, у шарҳ ва ҳошияси сабабли “эътиборли” манбага айланиб қолади.
Муаллифнинг таржимаи ҳоли ва фиқҳий савиясидан бехабарлик. Гоҳида бирон фиқҳий манбани фатво олишда “эътиборсиз” саналадиган китоблар жумласига киритилишига муаллифнинг ҳоли ҳам сабаб бўлади. Уламолар фиқҳий манбанинг эътибор топиши учун муаллифнинг фақиҳ эканлиги машҳур бўлиши, у таниқли фақиҳлардан таълим олган бўлиши лозим, деб ҳисоблаганлар. Шунинг учун Шамсуддин ал-Қўҳистонийнинг (ваф. 950/1544) “Жомеъ ар-румуз” ҳамда Абу-л-Макорим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ас-Самарқандийнинг (ваф. 907/1501) “Шарҳи Ниқоя” асарлари “эътиборсиз” деб топилган[13]. Хусусан, “Кашф аз-зунун”да айтилишича, Мавлоно Асомуддин ал-Исфароиний (1468-1538) “Жомеъ ар-румуз”га нисбатан жуда ёмон муносабатда бўлган[18: 1972; 3: 11]. Муҳаммад Шариф Садри Зиё (1867-1932) унинг бу муносабатини “ҳиқду ҳасаддан холи эмас” деб баҳолаган[15: 429]. Чунки “Жомеъ ар-румуз” соҳиби Шамсуддин Қўҳистоний билан Асомуддин ал-Исфароиний Ҳирот ва Бухорода бир даврда истиқомат қилганлар. Ўша вақтда уларнинг оралари бузилган бўлиши мумкин. Зотан, уламоларнинг ёмонлаши оқибатида Убайдуллахон (1487-1540) томонидан ал-Исфароинийни Бухородан чиқариб юборилгани маълум[17: 173]. Кейинги давр уламолари “Жомеъ ар-румуз” ва унинг эгаси ҳақидаги ал-Исфароинийнинг гапини такрорлаганлар, холос.
Муаллифнинг таржимаи ҳоли ўрганилиб, унинг фақиҳ эканлиги тасдиқланса, китобида заиф фиқҳий қарашлар илгари сурилмаган ва фиқҳдаги адолати маълум бўлса, кейинчалик китоби “эътиборли” бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам Мовароуннаҳрда яратилган тазкира ва тарихий асарларда “Жомеъ ар-румуз” соҳибини Бухорода бир неча йиллар давомида садр-муфтий бўлгани, қабри ҳам Бухоронинг энг эътиборли қабристонига қўйилгани, яъни муаллифи таниқли фақиҳлиги, китоби ҳам жуда кўп фиқҳий ривоятларни ўзида жамлагани сабабли бу асар Мовароуннаҳрда охирги тўрт аср давомида олим ва талабалар орасида энг кўп фойдаланилган “эътиборли” асарлардан саналиб келинган[10: 406 a]. Зайниддин Восифий (1485-1532) Шамсиддин Қўҳистонийни “Абу Ҳанифаи соний” деб тилга олади ва йилига 30 минг хоний (тилло) маош олишини қайд этади. Қаранг: [7: 369, 955, 1327;]. Ҳасанхожа Нисорий (1516-1597) “Музаккири аҳбоб”да уни “фиқҳда катта шуҳрати бор”, деб қабри Хожаи Бузругвор (Баҳоуддин Нақшбанд) мақбараси ёнида эканини қайд этади. Қаранг: [17: 150-151].
Муаллифнинг эътиқодига қараб ажратиш. Фиқҳий манбанинг эътибордан соқит бўлиб қолишига муаллифнинг эътиқоди ҳам сабаб бўлиши мумкин. Баъзи ҳолларда эътиқоди мўътазилийлик ёки шиъаликка мойил кимсалар амалиётда ҳанафийлик мазҳабида бўлгани ҳолда ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ фиқҳий манба ёзган бўлиши мумкин. Бунга мисол сифатида Мовароуннаҳрда шуҳрат қозонган “Қунийя” китобининг соҳиби – мўътазилий Нажмиддин аз-Зоҳидий ал-Хоразмийни (ваф. 658/1260) келтириш мумкин[2: 263]. Бироқ у ҳанафийлик мазҳабида шуҳрат қозонган фиқҳий манбалар соҳиби. Унинг асарлари ҳанафийлик фиқҳи устувор бўлган минтақаларда кенг тарқалиб, деярли кўплаб эътиборли фиқҳий манбаларда ундан фойдаланилгани ва иқтибослар келтирилганига қарамай, “Қунийя” ҳанафий уламолари томонидан номарғуб ва далиллари заиф асар деб ҳисобланган[16: 8]. Шунингдек, мўътазилийлик ва шиъаликнинг фиқҳий қарашлари аралаштириб юборилгани боис “Жомеъ ал-мутафарриқот” номли асар ҳам “эътиборсиз” топилган[10: 406b].
Эътиқоди мўътазилийлик ёки шиъаликка мойил бўлгани билан асарларида ҳанафийликнинг эътиборли китобларидан фойдаланилган ва мазҳабда рад қилинмаган фатволар чиқарилган бўлса, эътиқодга қаралмаслиги мумкин. Зотан, фиқҳ амалиётга боғлиқ бўлиб, эътиқодга алоқаси йўқ, деб қаралади. “Эътиборсиз” манбалар қаторида саналган “ал-Қунийя” китоби Мовароуннаҳрда энг эътиборли манбалардан экани қайд этилган, ҳатто, фиқҳ “ал-Қунийя” билан хатм бўлгани айтилган[10: 406 a-406b]. Асли мўътазилийлик эътиқодида бўлган Маҳмуд аз-Замахшарийнинг (1075-1144) ҳанафийлик билан шофеъийликнинг қиёсий ҳуқуқшунослигига бағишланган “Руус ал-масоил” номли асари ҳам шу кабидир.
Олимлар орасида кенг тарқалмаган фиқҳий манба. Агар биронта фиқҳий манба бир юрт олимлари орасида тарқалмаган, ишончлилигига умумэътироф қилмаган манба бўлса, ундай манбадан ҳам фатво олиш “эътиборсиз” ҳисобланади. Чунки маълум бир даврда кўпчилик билмаган ёки етиб келмаган, йўқолиб кетган фиқҳий манбанинг ишончлилиги мунозарали бўлиши шубҳасиз. Шу маънода, араб тадқиқотчилари Ибн Амир ал-Ҳож (1422-1474) ва Ибн Нужайм ал-Мисрий (1519-1563) “Муҳити Бурҳоний” асарини ўз диёрларида топилмаслигини айтганлар[2: 255]. Лекин бир юртда кенг тарқалмаган манба бошқа юртда шуҳрат қозонган бўлиши мумкин. Маълум бир вақтда эътироф қилинмаган асар вақт ўтиши билан кенг шуҳратга эришиши мумкин. Бинобарин, Абдулҳай ал-Лакнавий (1847-1886) эътирофича, араб диёрларида кенг тарқалмаган “Муҳити Бурҳоний” Ҳиндистон ва Хуросон диёрларида кенг тарқалгани учун “эътиборли”дир[2: 234-235 ва 255].
Уламолар орасида кенг тарқалмаган, умумэътироф қилинмаган бирор китобдан фатво олишда ниҳоятда эҳтиёт ва ҳушёр бўлиш кераклигини Бухорода бўлиб ўтган бир воқеа ҳам тасдиқлайди. Амир Музаффар (1860-1885) даврида саройда доимий ўтказиб туриладиган уламолар мунозарасида бир фиқҳий масала борасида ихтилоф юз беради. Барча олимларга Домла Мирзо Абдураҳмон аълам (ваф. 1284/1867) қарши чиқади ва “Муҳити Бурҳоний”дан далил келтиради. Амир Музаффар эртагача “Муҳити Бурҳоний”ни келтиришни амр қилиб, мунозарани тугатади. Аълам уйига бориб, мазкур фиқҳий манбани қараб кўрса, унда ўзи айтган масала йўқ, балки унда рақибларининг қарашлари ёқланган экан. Аълам қўрқув ва уятдан ночор тадбир ўйлаб топишга киришади: “Муҳити Бурҳоний”нинг бир варағини кесиб олади ва бошқа шундай вараққа ўзининг муддаосига кўра тузатиб, хаттотнинг равишига айнан ўхшатиб қайта кўчиради ва билинмайдиган қилиб ёпиштиради. Эрталаб амир бошлиқ уламолар даврасида фиқҳий манбани ўртага қўяди. Аълам далил сифатида келтирган масала унда борлигини кўриб, барча унга тан беради. Ҳеч ким ўзгартирилганини сезмайди. Ажабланарлиси, ҳеч кимда бошқа “Муҳити Бурҳоний” йўқ эди, бошқа нусхалари билан солиштириб кўришнинг ҳам имкони бўлмаган[6: CIV-CVI]. Таъкидлаш лозимки, мазкур воқеанинг аслида бўлгани бошқа манбаларда учрамайди. Бухоро уламолари “Муҳити Бурҳоний” йўқ бўлса-да, ундаги масалани бошқа манбалар билан солиштириб кўриши мумкин эди. Ривоятга ишонилса, уларнинг бундай қилмаганлиги, аъламнинг гапини тасдиқлаб, унга ишониб қўяверишлари, бу даврга келиб, Бухорода фиқҳий салоҳият пасайиб кетганини билдиради.
Заиф қарашлар кўп нақл қилинган фиқҳий манба. Тадқиқотчилар агар бирон асарда заиф қарашлар нақл қилинса, унга суянилмайди, фақат ундангина иқтибос келтириш ярамайди, деб ҳисоблайдилар. Муҳаммад Биркилийнинг (1523-1573) эътирофича, Абу Бакр ибн Али ал-Ҳаддодийнинг (ваф. 800/1397) “ас-Сирож ал-ваҳҳож”, Фахриддин Яҳё ар-Румийнинг (ваф. 864/1459) “Муштамил ал-аҳком” ҳамда Фазлуллоҳ Муҳаммад ибн Айюбнинг (ваф. 666/1268) “Фатовойи сўфийя” асарлари ана шундай фиқҳий манбалар сирасига киради [18: 1631, 1692, 1225].
Шунингдек, “эътиборсиз” китоблар жумласига Нажмиддин аз-Зоҳидийнинг (ваф. 658/1260) “ал-Ҳовий”, Ибн Нужаймнинг (1519-1563) “Фатово”, Муҳаммад ибн Ҳусайн ат-Турийнинг (ваф. 1138/1726) “Фатово”, Лутфуллоҳ ан-Насафийнинг (ваф. 749/1349) “Фиқҳи Кайдоний” каби асарлари ҳам киритилган[3: 12].
“Фиқҳи Кайдоний” Мовароуннаҳрда асрлар давомида энг кўп ўқилган китоблар сирасидан бўлиб келган, мадрасаларнинг бошланғич курсларида таълим берилган бўлса-да, унда ҳанафийлик мазҳабининг асосий ва “эътиборли” фиқҳий манбаларидаги масалалардан фарқли фатволар келтирилган. Рисоланинг ўзида ҳам бунга ишора бор. Жумладан, “Намоздаги ҳаромлар баёни” бобида келтирилган ҳаром амаллар “ал-Муҳит”да макруҳлар жумласидан саналгани қайд этилган[9: 52]. “Жомеъ ар-румуз” ҳам заиф нақллар, жумладан, қизил кийим кийишнинг зарари йўқлиги ҳақидаги ривоят сабабли “эътиборсиз” манбалар жумласига кириб қолган[19: 304]. Таъкидлаш лозимки, “Жомеъ ар-румуз” ёзилган пайтда муаллиф Ҳиротда бўлган. У ерга 1510 йили шиалар ҳужум қилади. Шу вақтда муаллиф китобини оққа кўчира олмайди, китоб тарқалиши бир неча йиллар чўзилиб кетади. Бу “Жомеъ ар-румуз”нинг муқаддимасида таъкидланган. Маълумки, шиалар қизил кийимни мақбул санайдилар, қизил салла ўрайдилар. Шунинг учун муаллиф қизил кийим кийишнинг зарари йўқ, деган масалани киритишга мажбур бўлган бўлиши мумкин.
Қўлёзмани чоп этиш асносида юз берган хатолари кўп фиқҳий манба. Қўлёзма манбани илмий-танқидий ўрганмасдан, тадқиқ этмасдан нашр этилиши ёки уни қасддан бузиб чоп этилиши нашрий манбанинг эътибордан соқит бўлиб қолишига олиб келади. Бунда манбани бошқа нусхалар билан солиштириш, эътиборли фиқҳий нашрлар билан қиёсий ўрганиш керак бўлади.
Тошкентда бир неча йил нашр этилган “ал-Ислоҳ” журналининг 1916 йил 6-сонида Домла Абдуллоҳ муфтий мударрис Хўжандийнинг “Иттилоъ” мақоласи эълон қилинган[5: 173-176]. Унда айтилишича, Ҳиндистоннинг “Навол Кишвар матбааси”да 1329/1911 йилда нашр этилган “Хулосат ал-фатово”нинг жуда кўп жойида таҳрифот ва ўзгартиришлар юз берган. Мақола эгаси ёзади: “...Аксар янги босма бўлган китобларға эътимод қилмасдан қадимаи мўътамад ва мусаҳҳаҳ қаламий мазҳаб китоблариға мурожаат қилиб, имтиҳон этсалар (яхши бўларди)! Хусусан, Ҳиндистон матбуъалари, чунончи, мазкур “Хулоса” ва ғайриҳо мақруъа китоблардан ва “Ҳидоя” ва “Шарҳи Виқоя” ва “Қозийхон”, ала ҳаза-л-қиёс (шунга ўхшаш) ғайри мазҳаб нуссох ва куттоблардан (мазҳабдан бошқа нусха кўчирувчилар ва котиблар) бўлган тағйирот (ўзгартириш) ва таҳрифот (бузиш) ва мулҳақотлар (қўшимча қўшиш) бордур!”[5: 175]. Мақолада шунга ўхшаш бир қанча огоҳлантиришлар батафсил баён этилган ва “Хулоса”нинг таҳрифот ва мулҳақотлари” номи остида ҳанафийликнинг мазкур мўътабар манбасининг Ҳиндистон нашридаги ўзгартиришлар бирма-бир келтирилган. Унинг қўлёзма нусхалари билан солиштириб чиқилган. Умуман, мақоланинг давоми яна борлиги ваъда қилинса-да, афсуски, журналнинг кейинги нашрларида чоп этилмаган.
Фиқҳий манбалардаги ҳадислар масаласи. Тадқиқотчилар орасида фиқҳий манбалар гарчи ўз соҳасида “эътиборли” саналса-да, аксариятининг соҳиблари муҳаддис бўлмаганлари учун уларда ривоят қилинган ҳадисларни танқидий қабул қилиш керак, деган қарашлар ҳам бор. Фиқҳий манбаларда машҳур ва эътиборли ҳадис китобларидаги ривоят қилинган ҳадислар келтирилган бўлса, албатта, олинади. Бироқ баъзи фиқҳий асарларда ўта заиф ҳадислар билан бир қаторда мавзуъ (тўқима) ҳадиссимон гаплар ҳадис деб келтирилганки, уларни асло қабул қилиб ҳам, ривоят қилиб ҳам бўлмайди, дейилган.
Жумладан, Али ал-қори (ваф. 1014/1605) “Тазкират ал-мавзуъот” асарида “Кимки рамазон ойининг охирги жумъасида бир фарзни қазо қилса, умри давомидаги етмиш йиллик қазолари ўрнига ўтади” деган гапнинг мутлақо асоси йўқлиги, бу гапнинг исноди йўқлиги боис “ал-Ҳидоя”нинг шарҳларидан “ан-Ниҳоя” кабиларда келтирилган бўлса-да унга суяниб бўлмаслигини таъкидлаган[4: 86].
Шунингдек, ўта заиф ва тўқима ҳадислар кўп зикр этилгани ва шуларга асосланиб фиқҳий масалалар айтилгани боис “Муштамил ал-аҳком”, “Канз ал-ибод”, “Муфид ал-мустафид”, “Матолиб ал-мўъминин”, “Хизонат ар-ривоёт”, “Ширъат ал-ислом”, “Фатовойи сўфийя” каби китоблардаги ҳадис дейилганларни эҳтиёт бўлиб ривоят қилиш керак бўлади[1: 12].
Хулоса. Ҳанафийлик мазҳаби фиқҳида битилган китобларнинг даражасини белгилаш, муаллифларнинг бир-бирларига бўлган шахсий муносабатлари, хусусан, бир юрт ҳанафийларининг ўзга диёрдаги ҳанафий уламолар ва уларнинг асарларига бўлган муносабатлари натижасида фиқҳий манбаларни “эътиборли” ва “эътиборсиз”га ажратиш ҳоллари кузатилади. Бу билан Мовароуннаҳрда битилган фиқҳий манбаларга ўзга юрт олимлари қандай қараганлари, қандай муносабатда бўлганларини билиб олишимиз мумкин. Шу тариқада мовароуннаҳрлик уламоларнинг бошқа диёрларда битилган ҳанафийлик мазҳабига оид асарларга бўлган муносабатларини ҳам белгилаш керак бўлади. Бир юрт олимлари томонидан “эътиборсиз” манба деб зикр қилинган китоб ўз юртида ёки муайян диёрда “эътиборли” ва “шуҳратли” китоб бўлиши мумкинлигини ҳам эътибордан қочирмаслик керак. Муаллифларнинг бир-бирига бўлган ғайирлиги ҳам бир-бирининг асарларини ёмонотлиққа чиқаришга сабаб бўлган.
Юқоридаги “эътиборсиз”га ажратиш ҳақида кўрсатилган сабаблар нисбий бўлиб, умумий маънода “эътиборсиз” деб топилган фиқҳий манбалардаги ривоятлар “эътиборли” китоблардаги ривоятлар билан мувофиқ бўлса, албатта улар ишончли ҳисобланган ва улардан фатво олиб амал қилинаверган. Шунинг учун кўпгина фиқҳий манбаларда кўрамизки, юқорида санаб ўтилган, “эътиборсиз” деб топилган китобларнинг барчасидан кези келганда “эътиборли” манбалар қаторида иқтибослар олинаверган, ривоятларидан фойдаланаверилган.
“Эътиборсиз” саналган манбаларда маҳаллий уламоларнинг фатволари келтирилиши, минтақавий фиқҳ мактабларининг фикрлари, бошқа юртда кўрилмаган нодир масалаларга жавоблар ҳам учраши мумкин. Шунингдек, фиқҳий манбаларнинг ҳар бирида муаллифнинг қайсидир маънода ўз қарашлари ҳам илгари сурилган бўлади. Чунончи, ҳанафийликдаги “эътиборли” манбалардан бири “Рад ал-муҳтор”да “Жомеъ ар-румуз” ва “Фиқҳи Кайдоний” асарларини “эътиборсиз” манбалар қаторида саналади, лекин шу билан бирга, унинг ўзида, аксар ўринларида бу икки манбадан иқтибос ва ҳаволалар олинган[13, 14].
Фиқҳий манбалардаги ҳадиси шарифлар масаласига келсак, улар муаллифнинг ўз юртида ёки ўз қарашига кўра саҳиҳ ҳисоблангани сабабли ривоят қилинаётган бўлишини назардан қочирмаслик кераклиги маълум. Чунки ҳадиснинг саҳиҳ, заиф ва мавзуълик даражаси уни ривоят қилувчиларнинг таржимаи ҳоли, илмий салоҳияти, эътиқоди, даврнинг унга бўлган муносабати билан ҳам боғлиқ.
Фиқҳий манбаларнинг “эътиборли” ва “эътиборсиз”га ажратилиши ҳанафий уламолари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг бир-бирига, даврга ва маконга бўлган муносабатини ҳам англатади. Бу борада ҳали илмий тадқиқотлар олиб борилмагани боис, биз ушбу мақоламизда бирламчи изланишларга ҳаракат қилиб кўрдик. Ҳали бу ҳақдаги изланишларни узоқ давом эттириш мумкин.

Х.А.Аминов

«Неавторитетные» источники по фикху в Ханафизме: отношение и размышления»
В статье освещены причины включения произведений по фикху, написанных в XII-XX веках в ханафитском мазхабах «неавторитетным» источникам. Раскрыто отношение духовенства к источникам по фикху, изменение их мнений к ним в зависимости от времени и места. На основании статьи можно получить представление об источниках по фикху, признанных в ханафитском мазхабе «неавторитетными».
Фойдаланилган адабиётлар
(1) Абдулҳай ал-Лакнавий. Нофеъ ал-кабир. Ҳиндистон, 1310.
(2) Абдулҳай ал-Лакнавий. ал-Фавоид ал-баҳийя фий тарожим ал-ҳанафийя. Қозон, 1902.
(3) Абдулҳай ал-Лакнавий. Муқаддимат “Умдат ар-риоя”. Лакнау, 1327.
(4) Али ал-қори. Тазкират ал-Мавзуъот. Истанбул, 1310.
(5) ал-Ислоҳ, 2-жилд. 1916 йил. 6-сон.
(6) Вохидов Ш., Чориев З. Садр-и Зия и его библиотека. Тошкент, 2007.
(7) Зайн ад-дин Васифи. Бадаи’ ал-вакаи’. Том II. / Критический текст, введение и указатели А.Н.Болдыпева. Москва, 1961.
(8) Камолуддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. V-жузъ. Булоқ, 1310.
(9) Лутфуллоҳ Насафий. Фиқҳи Кайдоний / Нашрга тайёрловчилар: Н.Насруллаев, З.Исломов. Тошкент, 2009.
(10) Мир Рабиъ ибн Мир Ниёз хўжа ал-Ҳусайний. Рисолат ар-Раҳмонийя. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 9060/XII.
(11) Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Обидин / Шарҳ ал-манзума Уқуду расм ал-муфтий // Расоил Ибн Обидин. Истанбул, 1320.
(12) Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Обидин. Нузҳат ан-навозир ҳошия ала “ал-Ашбоҳ ва-н-назоир”. Дамашқ, 1986.
(13) Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Обидин. Рад ал-муҳтор ала Дур ал-мухтор. I жилд. Байрут, 2003.
(14) Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Обидин. Рад ал-муҳтор ала Дур ал-мухтор. XIV жилд. Байрут, 2003.
(15) Садри Зиё. Мажмуаи Шарифжон махдум. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 2193.
(16) Қориев О. Ўрта аср қўлёзма манбаларида кўрсаткичлар масаласи // Тошкент ислом университети Илмий- таҳлилий Ахбороти. 2010, 2-сон.
(17) Ҳасанхожа Нисорий. Музаккири аҳбоб / Таржимон ҳамда сўзбоши ва изоҳлар муаллифи: Исмоил Бекжон. Тошкент, 1993.
(18) Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун. II жузъ. Байрут, 1941.
(19) Шамсиддин Қўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. III жузъ. Қозон, 1902.
(20) Шоҳ Валийуллоҳ ад-Деҳлавий. Иқд ал-жаййид // ал-Мактабат аш-шомила, 2006.
(21) Eyyup Sait Kaya. Hanefi mezhebinde Nevazil literatürünün doğuşu ve Ebu’l-Leys es-Semerkandi’nin Kitabu’n-Nevazil’i. (Yuksek lisans tezi). İstanbul, 1996.
Мазкур мақола нашр қилинган:
Аминов Ҳ. Ҳанафийликдаги "эътиборсиз" фиқҳий манбалар: муносабат ва мулоҳазалар // Шарқшунослик. – № 15. – Тошкент, 2011. – Б. 135-143.

Ҳамидуллоҳ Беруний


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фақиҳлар фиқҳга шундай таъриф беришади .Фиқҳ мукаллафларнинг амалларини ҳалол ва ҳаромлик, фасод ва саҳиҳлик жиҳатидан ўрганадиган илмдир,. Бу таърифни ҳам давоми...

193 11:50 / 22 декабрь
Али р.а. ҳақларида икки тоифа ҳалок бўлди ҳаддан ташқари яхши кўрувчи ва ҳаддан ташқари ғазабланувчи,. Бу ҳақ ndash рост калималар Абу Ҳанифага Аллоҳ у кишини Ўз давоми...

3564 15:32 / 28.03.2017
Фиқҳни ўрганишndashбу Аҳли сунна манҳажини ёки динимизни ўрганишдир, дейилса, кишининг хаёлига .Ўзи дин нима учун керак,, .Нима учун унга бунчалик эътибор қаратамиз,, давоми...

672 11:46 / 19 октябрь
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳда илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлбориш каби сифатлар ҳам мужассамлашган эди. У кишининг шахсий фазилатлари давоми...

2779 16:13 / 28.03.2017