1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳнинг суннати

19:00 / 24.12.2024 1907 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ

«Эй Расул! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар (шундай) қилмасанг, Унинг рисолатини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан сақлар. Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас» (Моида сураси, 67-оят).

Бу ояти карима Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб бўлиб, Аллоҳ таоло у кишига ҳар қандай шароитда, одамларнинг қабул этиш-этмаслигига қарамай, даъват қилавериш лозимлигини буюрмоқда:

«Эй Расул! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ».

Зотан, пайғамбарлик вазифаси ўзи шундан иборат. Бошқа оятларда одамларга Аллоҳдан нозил қилинган нарсани қандай етказишнинг таълими ҳам берилган. Жумладан, ҳикмат ва яхши мавъизалар билан етказиш таълими. Демак, нима қилиб бўлса ҳам, Аллоҳдан нозил қилинган нарсани етказиш вазифаси мавжуд.

«Агар (шундай) қилмасанг, Унинг рисолатини етказмаган бўласан».

Яъни «Агар Роббингдан нозил қилинган нарсани етказмасанг, Аллоҳнинг Пайғамбарлиги вазифасини адо этмаган бўласан. Аммо етказиш осон иш эмас. Ислом даъвати йўлида тўсиқлар кўп бўлади. Мусулмон даъватчининг душманлари кўпдир. Унга қарши турли иғво-бўҳтонлар уюштирилади, маломатлар қилинади. Обрўсига, молига ва жонига суиқасд қилинади. Аммо бу нарсалардан қўрқма». Чунки:

«Аллоҳ сени одамлардан сақлар».

Уларнинг ёмонликларидан асрайди.

Ривоятларда келишича, ушбу ояти карима нозил бўлишидан олдин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турар жойларини саҳобалардан баъзилари қўриқлаб туришар экан. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан сўнг, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларидан чиқиб: «Сизлар бораверинглар, мени Аллоҳ Ўзи сақлайдиган бўлди», – деганлар. Қуръоннинг мўъжизалигининг тасдиғига қарангки, шундан сўнг ҳеч ким у зотга катта зарар етказа олмаган.

Исломга даъват қанчалик кучли бўлмасин, баъзилар тўғри йўлга юрмасликлари мумкин. Бундай пайтда даъватчи тушкунликка тушмаслиги керак. Аллоҳнинг суннати ўзи шундай:

«Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас».

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади Имроннинг хотини .Роббим Албатта, мен қорнимдагини Ўзингга холис назр қилдим. Бас, мендан қабул эт. давоми...

2800 12:30 / 18.08.2021
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади quotСизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ою ўн кун кутарлар. давоми...

2800 16:00 / 01.03.2020
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .Ва батаҳқиқ, Биз дунё осмонини чироқлар билан зийнатлаб қўйдик ва уларни шайтонларга отиладиган нарса ҳам давоми...

4491 10:03 / 23.02.2019
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қалбларингиз касб қилган нарса учун тутадир. Ва давоми...

3424 11:08 / 08.02.2020
Аудиолар

211066 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130327 14:35 / 11.08.2021