1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Қариндош моликлик ила озод бўлади. Бойнинг қолган ҳиссаси ҳам озод қилинади

17:00 / 30.10.2020 2243 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَا يَجْزِي وَلَدٌ وَالِدَهُ إِلَّا أَنْ يَجِدَهُ مَمْلُوكًا فَيَشْتَرِيَهُ فَيُعْتِقَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фарзанд ўз волидини қул ҳолида кўриб, сотиб олиб, озод қилсагина уни (ҳаққини) адо этган бўлади», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги «фарзанд»дан ўғил-қиз, набира ва чеваралар, «волид» лафзидан эса ота-она, бобо-момолар кўзда тутилган.

Ота-она ва аждодларнинг фарзандлардаги ҳақлари энг улуғ ҳақ эканлиги ҳаммага маълум ва машҳур. Фарзандлар ҳар қанча уринсалар ҳам, уларнинг ҳақларини тўла адо эта олишлари қийин. Фақат бир иш билангина бу ҳақни адо этиш мумкин. У ҳам бўлса, уларни қул ҳолида сотиб олиб, озод қилишдир. Ота-она фарзанднинг дунёга келишига сабаб бўлади. Ота-онанинг қулликдан озод бўлишига боланинг сабаб бўлиши ҳам дунёга янгидан келишга тенглаштирилмоқда.

Ушбу ҳадисдан уламоларимиз «Ким ўз қариндошига қул бўлиб тушса, ўша заҳоти ўз-ўзидан озод бўлади», деган ҳукмни олишган ва бу доимо татбиқ қилинган.

Бу ҳадис ота ва бола томонларга тегишли бўлса, келаси ҳадис барча қариндошларни ўз ичига олгандир.

عَنْ سَمُرَةَ بْنِ جُنْدُبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ مَلَكَ ذَا رَحِمٍ مَحْرَمٍ فَهُوَ حُرٌّ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.

Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ўзининг маҳрам қариндошига молик бўлса, у ҳурдир», дедилар».

«Сунан» эгалари ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Бу гапнинг маъноси шуки, агар бир киши ўзига қариндош бўлган кишини қул сифатида сотиб олса ҳам, ўша қул қариндошининг мулкига айланиши билан ўз-ўзидан озод бўлиб, ҳур кишига айланади.

Бу ҳол ҳам қулчиликка қарши курашишнинг ўзига хос услубидир. Қул эгаси хоҳ рози бўлсин, хоҳ рози бўлмасин, қариндошлик баҳонаси билан қулнинг озод бўлиб кетиши катта маъно касб этади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
8. Она бир опасингил.Она бир опасингилларнинг меросдаги ҳақлари ҳам худди ота бир акаукаларнинг меросдаги ҳақларига ўхшайди. Ота бир акаукаларнинг меросдаги давоми...

2212 11:00 / 16.03.2020
. ,. . Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидим. Бас, қачон давоми...

5078 10:26 / 13.05.2022
Фиқҳ китоблари ёзилиш шаклига кўра ҳам бир неча турга тақсимланади. Баъзиларида алоҳида бир мазҳабнинг, тўғрироғи муаллифнинг фиқҳий мазҳабининг фуқаҳолар давоми...

4409 05:00 / 18.01.2017
.Fусл, сўзи луғатда бирор нарсанинг устидан сув оқизишни англатади.Шариатда эса Аллоҳ таолога қурбат ниятида баданнинг ҳаммасига сув оқизишга .ғусл, давоми...

5738 13:01 / 13.08.2020