Ал-Ақсода асрлар оша турли даврларга оид 600 та нодир Қуръон нусхаси сақланади.
Масжидул Ақсодаги Исломий музей дунёдаги энг бебаҳо Қуръон тўпламларидан бирига эга. У ерда турли даврлар давомида масжидга келиб тушган қарийб олти юзта нодир тарихий мусҳафи шариф сақланади. Бу тўплам Умавийлар ва Аббосийлар давридан бошланиб, Фотимийлар, Айюбийлар, Мамлуклар орқали Усмонлилар давригача етиб келган асарларни ўз ичига олади.
Ушбу бетакрор мусҳафлар халифалар, султонлар, амирлар, нуфузли уламолар томонидан қимматбаҳо туҳфа ҳамда вақф сифатида ҳадя қилинган бўлиб, ёзув турлари, безаклари ва ўлчамлари жиҳатидан ранг-барангдир.
Улар куфий, мағрибий, насҳ, сулс ва форсий хатларда битилган. Бу уларга алоҳида бадиий ва тарихий қийматни бахш этади.
Музейда сақланаётган машҳур мусҳафлардан султон Сулаймон Қонунийга мансуб «рубъа», Усмонли султони Боязиднинг «рубъаси», Мамлук султони Барсбойнинг улкан мусҳафи, қўлда кўчирилган ва тахмин қилинадиган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам авлодларидан бирига тааллуқли бўлган Қуръон нусхаси бор.
Шунингдек, музейда милодий саккизинчи асрга оид куфий хатида ёзилган мусҳаф ҳамда ўттиз қисмдан иборат «рубъа Мағрибийя» сақланади. Уни Марокаш султони Абуул Ҳасан Мариний ўнинчи асрда вақф қилган. Бу ўша даврда Макка, Мадина ва Қуддусга ҳадя қилинган уч нусхадан ҳозиргача сақланиб қолган ягона нусхадир.
Ноёб асарлар орасида яна, ўлчами катта бўлган мусҳаф ҳам бор. Унинг узунлиги бир метр, кенглиги тўқсон сантиметр. У милодий ўнинчи асрга тааллуқли бўлиб, Ислом цивилизациясида хаттотлик ва муқовалаш санъатининг ёрқин тимсолидир.
Манба: ахборот агентликлари
Изоҳ: «рубъа» (арабча: الرُّبْعَة) нима?
Энг кўп ишлатиладиган маъно: Қуръоннинг 30 бўлимдан иборат тўплами. Ҳар бир бўлим алоҳида жилд қилиб кўчирилган бўлади. Бундай тўпламлар масжид ва мадрасаларда бир вақтнинг ўзида бир нечта киши ўқиши учун вақф қилинган.
Яна бир маъно: Шу 30 жилдли тўплам сақланадиган махсус қути ёки сандиқ (кўпинча ёғоч ёки чармдан тайёрланган). Баъзан қутининг ўзи ҳам «рубъа» деб аталади.