Ислом маданияти ва архитектурасининг унутилган саҳифаларини жонлантириш мақсадида юртимизда муҳим илмий-амалий лойиҳа бошланди. Шайбонийхон мадрасаси макети манбалар ёрдамида қайта тикланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази сайти хабар берди.
Бу мадраса XVI асрда Шайбонийлар сулоласи даврида барпо этилган бўлиб, ўз вақтида диний таълим эмас, балки маданият ва илм-фан тараққиётига ҳам хизмат қилган. Афсуски, бу меъморий иншоотнинг асл кўриниши вақт ўтиши билан йўқолган. Бироқ тарихий манбалар, меъморий ҳужжатлар ва археологик топилмалар асосида унинг тикланиши имконсиз эмаслиги маълум бўлди.
Макетни тайёрлаш жараёнида Ислом цивилизацияси маркази, меъморлик ва тарих соҳасидаги мутахассислар, шунингдек, Шарқшунослик ва археология соҳасидаги илмий ташкилотлар ҳамкорлик қилмоқда. Мақсад тарихий адолатни тиклаш, миллатнинг маънавий хотирасини бойитиш ва халқимизни буюк илмий ва меъморий мерос билан қайта таништиришдир.
Тайёрланаётган макет нафақат эстетик ва экспозицион аҳамиятга эга, балки таълим вазифани ҳам бажаради, ёшларимиз 16 асрдаги мадраса меъморчилиги, Шайбонийлар давридаги илм-фан муҳити ва Ислом цивилизациясининг Марказий Осиёдаги ўрни ҳақида визуал ва амалий тасаввурга эга бўлишади.
Тайёр макет келгусида Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида доимий намойишга қўйилади ва жамоатчиликка очиқ бўлади.