Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни масжидга кирсалар, Абу Умома деган ансорий саҳоба ўтирган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Умома, намоз вақтидан бошқа пайтда масжидда ўтирганинг боиси нима?» деб сўрадилар. «Эй Расулуллоҳ, мени ғам ва қарз шу аҳволга солиб қўйди», дедилар. Шунда у зот: «Сенга бир дуони ўргатайми? Уларни айтиб юрсанг, Аллоҳ ғамингни кетказиб, қарзингдан халос этади. Агар тонг отса ва кеч кирса:
اللهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْهَمِّ وَالحَزَنِ وَأَعُوذُ بِكَ مِنَ العَجْزِ وَالكَسَلِ وَأَعُوذُ بِكَ مِنَ الْجُبْنِ وَالْبُخْلِ وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ غَلَبَةِ الدَّيْنِ وَقَهْرِ الرِّجَالِ
«Аллоҳумма инний аъузу бика минал ҳамми вал ҳазани ва аъузу бика минал ъажзи вал касали ва аъузу бика минал жубни вал бухли ва аъузу бика мин ғолабатид дайни ва қоҳрир рижал» ни айт»
Аллоҳим, Сенинг номинг ила ғам-ташвишдан, ожизлик ва дангасаликдан, қўрқоқлик ва бахилликдан, қарз эзиб қўйиши ва кишиларнинг қаҳридан паноҳ тилайман, деб буюрдилар.
Абу Умома: «Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларига амал қилдим. Аллоҳ менинг ғам-ғуссамни кетказиб, қарздан халос этди», деб айтадилар».
Имом Абу Довуд ривояти.
Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан