1446 йил 25 жумадул аввал | 2024 йил 27 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Нур сураси -

Мадинада нозил бўлган. 64 оятдан иборат.

«Нур» сўзининг маъноси маълум ва машҳурдир. Ушбу сураи кариманинг номи ундаги «Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир» оятидан олингандир.

Нур Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан биридир. Нур моддий ва маънавий бўлади, шу билан бирга, у Аллоҳдандир. Зотан, ҳар бир нарсанинг вужудга келиши Аллоҳга боғлиқ. Бутун борлиқ Аллоҳ бор қилса, бор бўлади, бор қилмаса, бўлмайди. Кундузи қуёшдан нур таралиши ҳам Аллоҳдан, кечанинг ой нури билан ёруғ бўлиши ҳам Аллоҳдан. Аллоҳнинг Нур экани сурани ўрганиш жараёнида кенгроқ шарҳланади.

Бу сураи карима Мадинада нозил бўлган. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Мадинаи Мунавварада ҳижрий сананинг олтинчи йилида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги мусулмон лашкарлар Бану Мусталақ ғазотидан қайтиб келаётганларида нозил бўлган. Ўша пайтда ёш Ислом давлати энди қаддини тиклаб, бирин-кетин душманларни енгиб, олға қадам босиб бормоқда эди. Мусулмонлар Бадр урушида мушрикларни, Ҳандақ урушида мушрик-яҳудий-мунофиқларнинг қўшма кучларини мағлубиятга учратган эдилар. Ўн минг кишилик лашкари ила қақшатқич мағлубиятга учраган душман гуруҳлари мусулмонларга қарши турли услубларни қўллашга ўтдилар. Чунки улар бундан кейин мусулмонларни фақат қурол кучи ва лашкар билан енгиб бўлмаслигини тушуниб қолган эдилар.

Ҳақиқатда, мусулмонлар қурол-яроғ жиҳатидан жуда кучсиз эдилар. Сон жиҳатидан эса душманнинг ўндан бирига ҳам тенг келмасдилар. Шунингдек, иқтисодий томондан ҳам мусулмонлар жуда ночор аҳволда эдилар. Лекин мусулмонларнинг бирдан-бир устунликлари бор эди. У ҳам бўлса, иймонлари туфайли эришган маънавий устунлик эди.

Иймон туфайли мусулмонларнинг қалблари пок, ахлоқлари гўзал эди. Иймон туфайли покланган шахслардан пок жамият тузилган эди. Иймон туфайли мусулмонларнинг бирлиги, ички интизоми мустаҳкам эди. Шунинг учун ҳам улар ўзларидан кўра сон, иқтисод, куч-қувват жиҳатларидан бир неча ўн марта кўп бўлган душман устидан бирин-кетин ғалаба қозона бошладилар.

Ниҳоят, душман тараф ҳам бу сирни тушуниб етди. Мусулмонларни заифлаштириш учун уларга маънавий зарба беришни режалаштирди. Бунинг учун душман маънавий жиҳатдан кучли бўлишга урингани йўқ. Балки мусулмонларнинг маънавиятини ўзлариникига ўхшатиб, бузишга қасд қилди. Бу режани амалга ошириш учун мунофиқларни танлашди. Чунки мунофиқлар сиртдан ўзларини мусулмон кўрсатиб, мусулмонлар ичига кириб олган эдилар. Бузғунчилик қилиш улар учун жуда ҳам осон эди.

Бу қабиҳ режани амалга ошириш бешинчи ҳижрий сананинг зулқаъда ойида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланганларида бошланди. Мунофиқлар «Муҳаммад ўзининг ўғли Зайд ибн Ҳорисанинг хотинини яхши кўриб қолиб, уни талоқ қилдириб, ўзи уйланиб олди» деган иғво ва бўҳтонни тарқатишди. Бу ишда уларга яҳудий ва мушриклар яқиндан ёрдам бердилар. Орада катта фитна чиқди.

Бу борадаги иккинчи ва энг даҳшатли фитнани мунофиқлар Бану Мусталақ ғазотидан кейин уюштиришди.

Бану Мусталақ қавми Бану Ҳузофа қабиласидан бўлиб, Жидда билан Робиғ ўртасидаги Мурайсиъ деган жойда яшар эди. Олтинчи ҳижрий сананинг шаъбон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бану мусталақликлар мусулмонларга қарши уруш очиш учун куч тўплаётганининг хабари келди. Фитнани ўз ўчоғида ўчириш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг устиларига лашкар тортиб бордилар. Мусулмонлар орасида мунофиқлар ва уларнинг бошлиқлари Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳам бор эди. Ушбу сафарда айнан Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг ўзи иккита катта фитнани бошлади.

Йўлда сув бўйига етганларида, Жаҳжаҳ ибн Масъуд ва Синон ибн Вабар Жуҳанийлар сув талашиб қолдилар. Жуҳаний ўз қавмини, яъни ансорийларни, Жаҳжаҳ ҳам ўз қавмини – муҳожирларни ёрдамга чақирди. Орада ғала-ғовур бошланди. Мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай фурсатдан фойдаланиб, фитна қўзғади. У: «Ҳали шу даражага етишдими? Юртимизга келиб жойлашишди, кўпайишди, «Итингни семиртирсанг, ўзингни қопади», дегани шу экан-да, Аллоҳга қасамки, агар Мадинага қайтсак, азиз ундан (Мадинадан) хорни чиқаради», – деди («хор» деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни назарда тутди). Кейин атрофига одамларни тўплаб: – «Бунга ўзингиз сабабчисиз. Уларга юртингиздан жой ажратдингиз. Молу дунёнгизни тақсимлаб бердингиз. Аллоҳга қасамки, агар уларга бирор нарса бермай қўйсангиз, бошқа ёққа кўчиб кетадилар», – деб, ансорий мусулмонларни муҳожир мусулмонларга қарши гиж-гижлай бошлади. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганида, фитнани бостириш учун дарҳол йўлга чиқишни буюрдилар. Чунки ҳаракатда бўлган одамлар гап-сўзни тез унутар эди.

Йўлда Абдуллоҳ ибн Убай мусулмонларнинг бирлигини бузадиган фитнадан ҳам каттароқ фитнани қўзғади. Қазои ҳожат учун лашкар қароргоҳидан узоқлашган Оиша онамиз бўйинларидаги тақинчоқларини тушириб қўядилар. Уни излаш билан овора бўлиб, одамларнинг жўнаб кетганидан ҳам бехабар қоладилар. Қароргоҳга қайтиб келсалар, ҳамма кетиб бўлган. У киши нима қилишларини билмай, бир жойда қимирламай ўтирадилар. Охири ўша жойда кўзлари илинади. Кейин кимнингдир овозидан уйғониб кетадилар. У одам саҳобалардан биттаси экан. У киши Оиша онамизни туяга миндириб, йўлга тушади. Икковлари қўшинга етиб олишганда, Абдуллоҳ ибн Убай бошлиқ мунофиқлар Оиша онамизнинг шаънларига бўҳтон уюштирадилар. Фитна катталашиб кетади. Охири, ушбу сура нозил бўлиб, ҳамма нарса ўз ўрнига тушади.

Ислом душманлари мусулмонлар бирлигига футур етказмоқ ва уларнинг ахлоқий-маънавий ҳаётларини бузмоқ учун ҳаракат қилдилар. Бу икки масала ниҳоятда нозик масала эди. Айниқса, иккинчи масалада, хусусан, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига, у зотнинг энг яқин соҳиблари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва у кишининг қизлари, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари Оиша онамиз шахсларига катта бўҳтон бор эди.

Нур сураси ана шундай масалаларни муолажа этиш учун нозил қилинди.

Мадинада нозил бўлган бошқа суралар каби, Нур сурасида ҳам шариат аҳкомларининг қатъийлиги, одоб-ахлоқ масалаларига алоҳида эътибор берилган.

Нур сурасида мўмин-мусулмонларнинг шахсий ва ўзаро муомалалардаги одоблари, бошқаларнинг турар жойларига изн сўраб кириш, кўзни номаҳрамлардан тийиш, зинодан сақланиш, номаҳрамларнинг бир-бирлари билан аралашмаслиги каби масалалар хусусида ҳам сўз кетади. Шунингдек, мусулмон оила учун зарур бўлган иффат, поклик, шариатда мустақим бўлиш ҳақида гапирилади. Ички низолар ва ахлоқий бузуқликлардан қайтарилади.

Бу сурада шариатда жорий қилинган баъзи жазолар ҳам зикр этилади. Зинокорлик, бировни зинода айблаш каби жиноятларнинг жазоси баён қилинади.

Ушбу сурада оила масаласига кўпроқ эътибор берилгани учун ҳам ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Куфа аҳлига ёзган мактубларида «Аёлларингизга Нур сурасини ўргатинглар», – деганлар.

Суранинг аввалида унда нималар хусусида сўз кетиши ҳақида қисқача хабар берилади. Кейин эса «Зино нима?», «Унинг жазоси нимадан иборат?» деган саволларга жавоб қилинади, зинокор билан мусулмонлар жамоаси ўртасида ҳеч қандай алоқа бўлиши мумкин эмаслиги баён этилади.

Сўнгра бировни зинода айблашнинг жазоси қандай бўлиши, бундан эр-хотинлар мустасно экани, шунинг учун уларга «мулоъана» деб номланган чора қўлланиши сўзланади.

Сўнгра эса ифк – бўҳтон ҳодисаси ва унга алоқадор масалалар келади.

Зино ва унга оид масалалар баён қилиниб бўлгач, бу жиноятнинг олдини олиш учун қандай чоралар кўриш лозимлиги ҳақида сўз кетади. Уй-жойлардаги одоб қандай бўлиши керак, изн сўраб кириш қандай йўлга қўйилиши лозим, кўзни номаҳрамлардан тийиш, зийнатни номаҳрамларга кўрсатмаслик, турмуш қурмаганларни уйлаб қўйиш, аёл-қизларни фаҳш ишга ундашдан қайтариш каби масалалар муолажа қилинади.

Кейин эса сурада зикр этилган одоблар Аллоҳнинг нури билан боғлиқ экани айтилиб, пок оилаларнинг васфи келтирилади. Шунингдек, кофирларнинг амаллари сароб экани баён қилинади. Аллоҳ таолонинг нури бутун борлиқни ва ундаги нарсаларни қоплаб олгани ҳақида сўз кетади.

Шундан сўнг мунофиқлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш, у зотнинг ҳукмлари билан иш юритиш одобларига хилоф қилганлари, мўмин-мусулмонларнинг эса бу хусусда ихлос ила амал қилишлари баён этилади. Бу ихлослари учун уларни ер юзида халифа қилишга, динларига имкон яратишга ва кофирлар устидан нусрат беришга ваъда қилинади.

Суранинг охирларига келиб, оила, қариндош-уруғ ва ёру биродарлар орасидаги борди-келдилар, зиёфат чоғларида ўзини қандай тутиш кераклиги, мусулмон жамоасининг раҳнамоси бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатиладиган ҳурмат ва одоблар баён қилинади.

Ва, ниҳоят, Аллоҳ таоло осмонлару ернинг Молики экани, одамларнинг воқеълигини билиб туриши, охир-оқибат барчанинг Аллоҳга қайтиши, ҳисоб-китоб бўлиши яна бир бор эслатиб қўйилади.