1446 йил 21 жумадул аввал | 2024 йил 23 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Набаъ сураси -

Маккада нозил бўлган. 40 оятдан иборат.

«Набаъ» – «муҳим хабар» дегани бўлиб, суранинг ичида келган шу сўз унга ном бўлган. Бошланиш сўзини эътибор қилиб, бу сураи карима «Амма сураси» ҳам дейилади.

Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар қилиб юборилганларидан, у зотга Қуръони Карим нозил бўла бошлаганидан, у зот одамларга диний таълимотларни етказишни ўз зиммаларига олганларидан сўнг мушриклар ўзаро: «Нима келибди унга?», «Қиёмат бўлади, дейдими?» каби саволларни бир-бирларига бериб юришганда, Аллоҳ таоло ушбу сурани нозил қилган. Бу сурада қиёмат куни ҳақ экани, унга ишонганларнинг оқибати хайрли бўлиб, охиратда жаннатга тушишлари, ишонмаганлар дўзахий бўлишлари таъкидланади. Аллоҳ таолонинг қиёматни қоим қила олишига ақлий далиллар келтирилади.

Сураи карима қиёмат, қайта тирилиш ва ҳисоб-китоб ҳақидаги оятлар билан бошланади. Зотан, Макка мушриклари ҳам ўша пайтда айнан шу ҳақда сўрар эдилар.

Сўнгра Аллоҳ таолонинг қудрати чексиз эканига далиллар келтирилиб, ана шундай ажойиботларни қилишга қодир бўлган Аллоҳ таоло ўликларни қайта тирилтириши ҳеч гап эмаслигига ишора қилинади.

Кейин эса ўша қайта тирилиш қиёмат кунида бўлишига, унда аввалгилару охиргилар ҳисоб-китоб учун тўпланишларига оид оятлар келади.

У оятларнинг ортида эса Аллоҳ таоло кофир ва осийлар учун тайёрлаб қўйган жаҳаннам ва ундаги алвон азоблар ҳақида сўз юритилади.

Кофирлар ҳақидаги оятлардан сўнг Қуръони Карим услубига мос равишда, тақводорлар ва уларнинг оқибатлари ҳақидаги оятлар келади.

Суранинг охирида эса қиёмат куни даҳшатлари ва унда кофирларнинг ҳоли нима бўлиши ҳақида сўз кетади.