1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Муҳаммад сураси -

Мадинада нозил бўлган. 38 оятдан иборат.

Ушбу сураи карима бошқа маданий суралар каби, шариат ҳукмларига, ибодатга, одоб-ахлоққа, муомала ва шунга ўхшаш нарсаларга аҳамият беради. Бу сурада Набий алайҳиссаломнинг номларини абадийлаштириш, у зот охирги пайғамбар эканликлари, у зот ила набийлик тугагани, у зот омонатли ва содиқ эканликлари, у зотга эргашганлар тўғри йўлда бўлишлари, улар илоҳий ҳидоят соҳиблари эканликлари ҳақида сўз кетади. Шунинг учун ва суранинг иккинчи оятида «…ва Муҳаммадга нозил қилинган нарсага…» деган жумла келгани учун ҳам ушбу муборак сура Муҳаммад сураси деб номланади.

Бу суранинг иккинчи номи «Қитол»дир. Аллоҳнинг душманларига қарши саҳобалар олиб борган қитоллар (урушлар, жанглар) ушбу суранинг асосий мавзуси бўлгани учун ҳам, унга шу ном берилган.

Сура иймон ва куфрнинг ҳақиқатини баён қилиш ҳамда мўмин-мусулмонлару кофир-фожирларнинг сифатларини баён этиш билан бошланади.

Муҳаммад сураси Аллоҳнинг дини устун бўлиши учун жангларда қатнашиб, ер юзини ширкдан тозалашга ҳисса қўшганларни мадҳ этар экан, аслида, Аллоҳ бусиз ҳам ўч олиши мумкин экани, лекин кишиларни синаш учун шундай қилганлигини баён қилади.

Шунингдек, мўминларнинг Аллоҳнинг динига нусрат беришдаги вожиб амаллари, душманларнинг зиддига ҳаракат қилиш лозимлиги, агар Аллоҳнинг динига хизмат қилсалар, Яратганнинг Ўзи уларни собитқадам қилиб, бахт-саодатга эриштириши мумкин экани ҳақида сўз юритилади.

Сўнгра инкор этувчиларнинг оқибатлари ёмон бўлиши ҳақида гап кетиб, Макка аҳли ўзларидан аввал ҳалокатга учраганлардан ибрат олишга ундалади. Туғёнга кетганларни, саркаш қавмларни, динни ёлғонга чиқарувчиларни Аллоҳ таоло қандай аҳволга солгани эслатилади.

Сураи карима мўминлар билан кофирларнинг ният-мақсадларини тарозига солиб кўради. Мўминлар Аллоҳга ибодат қиладилар, Унинг розилигини қасд қиладилар, жаннати наъимга киришни орзу қиладилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларнинг талабларини қондиради.

Кофирлар эса ҳавойи нафсларига банда бўладилар, ҳаётнинг маъносини қорин тўйдириб, шаҳват қондиришдан иборат, деб биладилар. Шунинг учун ҳам уларнинг борадиган жойлари жаҳаннамнинг қаъри бўлади. Бу дунёда ўзларини ўзлари хор қилган эдилар, у дунёда ҳам хор бўладилар.

Мўминлар билан кофирлар ўртасидаги улкан фарқни таъкидлаш учун сурада жаннат неъматлари билан дўзах азоблари солиштирилади.

Ундан сўнг Исломга ва мусулмонларга энг ашаддий хатар бўлмиш мунофиқлар ҳақида сўз юритилади. Улар Мадинаи Мунавварада ўзларининг бошлиқлари Абдуллоҳ ибн Салул раҳбарлигида мусулмонлар билан бирга, ўзларини гўё мусулмон кўрсатиб, аслида эса Исломга, мусулмонларга, Расулуллоҳга, саҳобаларга кўп ёмонликлар қилиш мақсадида келар эдилар. Уларнинг яҳудийларга қўшилиб, қилган кирдикорлари бошқа маданий суралар қатори, Муҳаммад сурасида ҳам фош этилади.

Суранинг охирида мўминлар Аллоҳнинг дини йўлида бахиллик қилмасдан, жону молини сарфлашга даъват қилинадилар.